Би-би-си меҳмони - кинорежиссёр ва ёзувчи Абдулазиз Маҳмудов

Шу кунларда кинорежиссёр ва ёзувчи Абдулазиз Маҳмудовнинг "Жоҳиллар" деб номланган ҳужжатли филми Интернетда эълон қилинди.

Бу филм 1990 йилдаги Ўш хунрезлиги ҳодисаларига бағишлинган.

Абдулазиз Маҳмудов 1980 йилдан ҳужжатли филмлар устидаги ижодий фаолиятини бошлаган, 1980-1990 йиллардаги кўпгина тарихий воқеалар кинорежиссёрнинг филмларида муҳрланиб қолган.

Абдулазиз Маҳмудов 1980 йиллар охирида Ўзбекистонда кенгайган норасмий ташкилотлар фаолиятини изчил тасвирга туширган.

Ижодкор Ўзбекистондаги сиёсий мухолиф ҳаракатлар тарихига бағишланган ҳужжатли филмлари туркуми устидан ишлашда ҳамон давом этмоқда.

Абдулазиз Маҳмудов 1950 йилда туғилган.

У Горкий номидаги Туркман университети ҳамда Москвадаги сценаристлар ва режиссёрлар Олий курсида таҳсил олган.

Абдулазиз Маҳмудов 60 дан ортиқ ҳужжатли, илмий-оммабоп ва ўқув филмларини суратга туширган.

Бу филмлари орасида "Тўғрисини айтганда", "Қайтиш", "Замондошлар", "Ер эгаси", "Паркентдаги қон тўкилиши", "Ўзбек иши", "Фарғона фожеаси", "Жоҳиллар" ва "Норасмийлар" ҳужжатли филмлари машҳур.

Кинорежиссёрнинг "Қуёш билан қайт" филми 1995 йил Париж кинофестивалида намойиш этилган.

2000 йил Москвадаги "Золотой Витяз" халқаро фестивалида "Хонадонингизга тинчлик тилаймиз" филми қўйилган.

2001 йилдаги экологик кинофестивалда Абдулазиз Маҳмудовнинг "Раҳм-шафқат қилинг" филми юқори баҳоланган.

Би-би-си меҳмони Абдулазиз Маҳмудовнинг саволларга жавоблари

Би-би-си: Даставвал ўзингиз, оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.

Абдулазиз Маҳмудов: Менинг онам Ибодатхон томон - боболарим Йўлдош полвон, Қўлдош полвон, Мирзааҳмад бойлар - ХХ асрнинг 20-йилларида Фарғона водийсининг машҳур курашчилари бўлганлар. Улар Андижон вилояти Избоскан тумани Пойтуғ шаҳри ва унинг ёнида жойлашган Тўрткул ва Туячи қишлоғларида яшаб, ўз ерларида деҳқончилик қилишган. Дадам томондан боболарим Қўқон хонлиги расмий идораларининг майда амалдорлари бўлишган. Бобом - Маҳмуд қори Бухоро мадрасасида таълим олганлар, Исфара шаҳрининг Навгилем маҳалласи масжидининг имом–хатиби вазифасини бажарган. Ўтган асрнинг 30-йилларида она томон ва дада томон боболаримнинг еру-мулклари мусодара этилиб "халқ душмани" айби билан сургун қилинганлар. Дадам Абдулҳақ 18 ёшда Иккинчи Жахон урушига кетиб, 1941 йилнинг ўзидаёқ миллионлар қатори асирга тушиб қолган. Уни Оврўподаги фашистлар концлагерига ташлашган. Немисларнинг мағлубиятидан сўнг "халқ душмани" сифатида бир неча йил Кавказда жойлашган НКВД қамоқхоналарида ушланган. Буларни хотирамдан кечириб, "нима учун", дейман? Нима учун ота-боболаримнинг ҳаётлари хазон бўлган? Албатта бундай таржимаи ҳол билан дадам қанча уринмасин, бирор бир олий ўқув юртига ўқишга кира олмаган ва бутун умр оддий қурувчи бўлиб ишлаган. Онам эса оддий уй бекаси, тикувчилик қилган, кийим-кечак, дўппи тикиб, бозорга олиб чиққанлар. Етти болани боқиш осон бўлмаган. Мен 1950 йилнинг декабр ойида Қирғизистоннинг Ўш вилояти Мойлисув шаҳарчасида туғилганман. Ўша пайтлари дадам билан онам Андижонни тарк этиб, Мойлисувга бориб ишлашган экан. Олти йилдан кейин дадам билан онам Пойтуғнинг "СССР 50 йиллиги совхозига" қайтиб, умрларининг охиригача шу совхоз далаларида ва пахта заводида ишлашган. Мен эса совхознинг Киров номли рус мактабида ўқиганман. Мактабимиз болалари билан пахта, пилла териб, далаларни ягана қилиб, шолипояларни ўтлаб, катта Фарғона каналида чўмилиб, балиқ тутиб, ёнғоқ ўйнаб, қўй боқиб, эшакларда пойга қилиб катта бўлганман. Ўзимнинг бир ўғил, икки қизим, невараларим бор. Улар Москва шаҳрида яшашади. Ўғлим геолог. Кенжа қизим институтда кинотасвирчиликка ўқияпти, каттаси тележурналист.

Ҳужжатли кинога қизиқишингиз қачон бошланган? Бунга нима сабаб бўлган?

Абдулазиз Маҳмудов: Ёшлигимдан кўп китоб ўқиб, ижодкор ёзувчи бўлишни орзу қилардим. Ҳатто ҳарбий хизматни ўтаган давримда газеталарга мақолалар ёзардим. Шунинг учун бўлса керак, мен Ашхобод шаҳрида икки йиллик ҳарбий хизматни ўтаганимдан кейин "вақтни йўқотмайин" деган ниятда Туркман давлат университети тайёрлов гуруҳида ўқидим ва бир йилдан сўнг Рус филология факультети талабаси бўлдим. Университетни битиргач, 1978-1979 йилларда Россиянинг Амур вилоятидаги Байкал- Амур темир йўли қурилиши олиб борилаётган Тайга ҳудудидаги Лапри қишлоқчаси ўрта мактабида рус тили ва адабиётидан дарс бердим. Ва ижод қилишга уриниб шуни англадимки, табиатнинг гўзаллигини, ранг-баранглигини оддий сўз билан ифодалаб бўлмас экан. Шу фикр мени кино соҳасига етаклаган. Мен "Ўзбекфилмда" режиссёр сифатида кино қилишга аҳд этдим. Лекин тақдирнинг тақозоси билан устозим машҳур кинодокументалист Малик Қаюмов билан учрашиб қолдим. У киши менинг мақолаларим, ҳикояларимни ўқиб, Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли филмлар студиясига режиссёр ассистинти сифатида ишга қабул қилди ва ярим йилдан сўнг менга ишониб кинорежиссёр сифатида мустақил ишлаш учун шароит яратиб берди. Кейин Москва шаҳрида икки йиллик сценарий ёзувчилари ва кинорежиссёрлар Олий курсини битирдим ва шу бўйича ҳужжатли кино соҳасида қолиб кетдим. Демак, мени пешонамга ёзилгани, мени тафдирим шу жабҳада экан.

Бугунги Ўзбек ҳужжатли киноси ҳақида қандай фикрдасиз?

Абдулазиз Маҳмудов: Бугунги ҳужжатли кино аҳволига маймунлар йиғлайди, деб таъриф берса бўлади. Собиқ иттифоқда тўртинчи ўринда бўлган Ўзбекистон ҳужжатли филмлар студиясида ҳозирги пайтда ўзининг касбининг устаси ҳисобланган мутахассис қолмаган. Ва шунинг учун ҳам бугунги жамиятимизда ҳужжатли кинонинг савияси, аҳамияти ва олдинги ўрни йўқолган. Бу аҳвол бадиий киноларга ҳам таалуқли. Ҳақиқий кино санъати барча ривожланган мамлакатларнинг маънавият ва маърифат соҳасидаги қудратли қуроли, кино бозорларида сотиладиган қимматбаҳо молидир. Лекин минг афсуслар бўлсинким, бизнинг амалдорларимизнинг бугунги "бошқарув санъати" кино каби нозик соҳаларга тўғри келмайди.

Odiljon Maxdumiy, Osh: Muhtaram Abdulaziz aka! 1.Janubiy Qirg'iziston o'zbek aholisi qatlamini o'zlariga nisbatan bardavom bo'layotgan abgor vaziyatdan chiqib ketish sababini birdan bir chorasi nimada deb bilasiz? 2.Qirg'iziston degan mamlakat yaqin kelajakda parchalanib ketish holati mavjudmi?Agar parchalansa qay holatda namoyon bo'ladi?

Абдулазиз Маҳмудов: 1.Инқироздан чиқиш Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари сиёсий раҳбарларининг энг долзарб вазифаси. Бунинг учун дипломатия санъатини ишлатиб, керак бўлса, ўзимизга хос анъанавий хушомадларни қўллаб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳақиқий халқаро мустақил текширув гуруҳини тузиш ва барча жиноятчиларни жазолашга эришиш керак. Бугунги жоҳиллик 20 йил илгаригидек жазосиз қолиши асло мумкин эмас. Агар бордию Ўш геноциди иштирокчилари ва раҳбарлари бугун ҳам жазодан қутилиб қолишса, ўзбек ҳукумати ҳам, қирғиз ҳукумати ҳам ўз лавозимларига нолойиқ деб топилиб истеъфога чиқишлари лозим.

    2. Қирғизистоннинг парчаланиши хавфи, албатта бор. Лекин бу парчаланиш ва буни атрофидаги тўқнашувлар Марказий Осиё мамлакатларига фақат зиён келтиради. Парчаланишни олдини олиш ҳам жиноятчиларни топиб жазолаш билан боғлиқ масала. Парчаланишни қандай ҳолатда намоён бўлишини кўрмасдан қўяверайлик. Бу аҳвол қирғизларни ҳам, ўзбекларни ҳам бахтли қилмайди.

    Bahodir, O'zbekiston: 1. Sizning O'zbek muxolifati faoliyatini hujjatlashtirishga qaror qilishingizga nima sabab bo'lgan? 2. Bu faoliyatingiz uchun muammoga duch kelganmisiz? 3. O'zbek muxolifatining bugungi ahvoli haqida qanday fikrdasiz?

    Абдулазиз Маҳмудов: 1. Жамиятдаги сиёсий ўзгаришлар, киноҳужжаткор учун олтин кони каби нарса. Мен бахтли одамман, чунки воқеаларни гувоҳи бўлиб, тасвирга тушириб сақлаб қолдим. Архивларим бир неча юз соатдан иборат. Мен олган кадрлар келажак авлодларларга, тараққиётга хизмат қилади, деган умиддаман.

    2. Муаммолар ҳам бўлди. Киностудиядан ишдан ҳайдашди. Бир неча марта калтаклашди, 10 сутка, 15 суткага қамашди, судлашди ҳам. Оилам, болаларимдан ажралдим. Қийинчиликлар хотинимни ўз ватани Москвага, ота-онаси ёнига кўчиб кетишга мажбур қилди. Менинг киноларимга маблағ топиб бўлмади. Кўп йиллар қарзларга ботиб бўлса ҳам киноларни ўз ҳисобимдан қилишга мажбур бўлдим. Ҳозир хам бойиб кетганим йўқ, 95 минг сўм пенсия пули оламан. Имкон бўлганда тўйларни, юбилейларни видеотасвирга олиб тирикчилик қиламан.

    3. Ўзбек мухолифати ҳали ўз йўлини топа олгани йўқ... Ўзбек мухолифатининг аксар вакилларига сиёсий маданият, савия етишмайди. Ўзбек мухолифати ёш кадрларга муҳтож. Ўзбек мухолифати лидерга муҳтож. Шу тезислар, менимча, Ўзбек мухолифатининг бугунги кундаги аҳволини ифодалаб бериши мумкин.

    Би-би-си: Сиз ўзингизнинг мақолаларингиздан бирида Беҳбудийнинг халқимизга оид қусурларни бундан 100 йил олдин танқид қилганини, ўша қусур-камчиликлар бугун ҳам бизда борлигини, замонавий кийим-кечаклар ҳам ўзбек халқининг тараққиётига халақит бераётган камчиликларни яширолмаслиги ҳақида ёзгансиз. Биз ўзбекларга хос бу камчиликлар 100 йиллик замондан кейин ҳам йўқолмаганининг сабаби нимада, сизнинг назарингизда?

    Абдулазиз Маҳмудов: Менинг назаримда 100 йил олдин ҳам анъанавий тафаккур ҳукмронлик қилган, ҳозир ҳам ўша анъанавий тафаккур ҳукмронлик қилаяпти. Ваҳоланки, Африка давлатларида бўлаётган ҳозирги инқилоблар нафақат ўзларининг диктаторларига қарши зарба, балки қолоқ анъанавий тафаккурга ҳам бўлган зарба. Чунки бу мамлакатларни фақат диктаторлар бу аҳволда ушлаб тургани йўқ. Бунинг сабаби бизнинг замонага тўғри келмайдиган урф-одатларимизда ҳам. Нега шундай? Чунки биз қадриятларни саралаб, ўзимизга мос, тараққий қилишимизга хизмат қиладиган қадриятларни танлаб била олганимиз йўқ ҳаливерича. Бизнинг нуқсонларимиз ҳақида гапирадиган шоир-ёзувчиларимиз, сатрикларимиз йўқ. Қачонки биз ўз нуқсонларимиз ҳақида гапириб, бутун дунёга ўзимизнинг салбий томонларимизни қўрқмасдан кўрсата билсак, ана шунда биз ўзимизни ўзимиз даволаб бошлаймиз. Биз ҳали кўп нарсани ўрганишимиз керак. Ўқишимиз керак, кўп меҳнат қилишимиз керак.

    Акбар, Санкт-Петербург: Мен яқинда "Жоҳиллар" деган филмни кўрдим, сизга ўша машъум ҳодисаларни ҳужжатлаштирганингиз учун катта раҳмат. Мен сизнинг бир-иккита мақолангизни "Янги дунё" сайтида ўқигандим. Кейинги пайтларда мазкур сайтда ғалати, чалкаш маълумотлар кўп берилаяпти. Сиз Ўзбекистонни ичидаги саноқли мухолифатчилар сирасидан бўлганингиз учун сиздан хориждаги ўзбек "мухолифлари" орасидаги иллатлар ҳамда шу иллатларни акс эттираётган сайтларга нисбатан фикрингизни билмоқчи эдим.

    Абдулазиз Маҳмудов: Саволингиз учун раҳмат. Албатта "Янги дунё" сайтида сиз ўқиган иллатлар мавжуд. Мен "Янги Дунё" редактори Юсуфжон Расул билан шу ғалати иллатларни муҳокама қилганман. Бундай иллатлар бўлмаслиги учун сайтни шаклланган олий эзгу мақсади бўлиши керак. Ва энг муҳими ўзини 5 - 7 одамдан иборат қудратли ва ҳурматга сазовор редакцияси ҳам бўлиши керак. Ушбу редакция билан сайтнинг мақсадини, мафкурасини белгилаб иш олиб бориш керак... Ва сайт маърифатга хизмат қилиб, мухолифатни бирлашишга ундаб ҳозирги сиёсий жараёнларни муҳокама қилиб мухолифатдаги инқирозни енгиш йўлларини излаш керак. Мухолифатнинг ҳозирги аҳволини чуқур сиёсий, маънавий ва ғоявий инқироз деб тушуниб, шундан чиқиб кетиш йўлларини излашимиз керак... Афсус, ёш мухолифатчиларни кўпчилиги бирон бир жиддий ишга ярамайди. Ҳатто бирон бир мақтанишга сазовор касблари ҳам йўқ. Ўзининг касбининг устаси бўлмаган одам сиёсатда халқимизга нималар ҳам килиб берарди?

    Би-би-си: Бугунги Ўзбек интеллигенцияси, зиёлилари аҳволи ҳақида сиз қандай фикрдасиз? Абдулазиз Маҳмудов: Ўзи Ўрта Осиё зиёлилари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу маъно, бу тушунчадаги зиёлилар бизда йўқ. Биз зиёли деб олган интеллигенция тушунчаси бизга руслардан келган. Лекин бизда ҳам зиёлиларни шакллантириш уриниши бўлган. Бу ишларни Жадидлар қилишган ва Жадидлар бизнинг зиёлиларимиз бўлганлар. Улар энди ўсиб келаётган зиёлилар бўлганлар. Уларнинг ҳаммаси қирилган, сиз буни биласиз. Аммо минг афсус, Жадидларнинг озодлик туйғулари, уларнинг маърифатпарварлик йўлидаги ҳаракатлари бизнинг амалдорларимизга, яъни ўзбек болшевистик амалдорларимизга юқмади. Жадидлар "халқим, ватаним деб, миллий кадрларни яратамиз", "миллий кадрларнинг сонини кўпайтирамиз, кейин халқимизга ёрдам берамиз", деб ҳукумат доираларига ишга кирган эдилар. Уларнинг ҳаммасини қиришди. Жадидлар кейин уларнинг ўрниларига келганлар фақат Москва учун ишлаб, фақат Москвага сажда қилишди. Ўзбекистоннинг ҳозир ривожланмагани сабабларидан бири ҳам бугунги Ўзбекистоннинг Жадидлар билан, уларнинг ғоялари билан маънавий боғлиқлиги йўқлигида. Булар миллий ғоя излаб юришипти. Миллий ғоя Жадидларнинг ҳатти-ҳаракатларида ётипти-ю - маърифат, ислоҳотлар, тадбиркорлик, қонуннинг устуворлиги...

    Би-би-си: Яқин Шарқ мамлакатларидаги воқеа-ҳодисалардан ҳар ким ўзича хулоса чиқараяпти, у мамлакатлардаги реаллик билан Ўзбекистондаги аҳвол солиштирилган мақолалар кўп эълон қилинди. Шундан кейин Ўзбекистон раҳбарияти ўзгаришлар беқарорликларсиз, қон тўкилишисиз бўлиши учун ислоҳотларга борадими?

    Абдулазиз Маҳмудов: Бу ўзгариш бўлиши учун бизда асосий ислоҳотчи давлатнинг ўзи бўлиши, давлат ана шус ислоҳотларни амалга ошириши керак. Коррупция билан курашиши керак, янги кадрлар тайёрлаши керак. Маърифатга урғу бериш керак. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги бўлиши керак. Ҳукуматнинг ўзи мухолиф партияларнинг шаклланишига ёрдам бериши керак. Ҳатто ўзлари шаклантириши керак, ҳатто моддий-маънавий кўмак бериб. Ўзбекистон ҳукумати мухолиф партияларни ўзининг душмани сифатида эмас, келажак смена сифатида қабул қилиши керак.