Ричард МакКейн қийноқлар, виждон маҳбуслари ва яна рубоийлари ҳақида

Image caption Ричард МакКейн Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ижодкорларнинг тақдиридан ҳам чуқур хавотирда экани, уларни ўйлаб, дуо қилишини ҳам айтади

Қарийб 10 йиллик умрини қийноқ жабрдийдалари билан ишлашга бахшида этган, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ижодкорлар тақдирига ҳам бефарқ бўлмаган Ричард МакКейн таниқли шоир ва уста таржимон ҳам.

Ричард МакКейн 1947 йилда Австралиянинг Мельбурн шаҳрида туғилган.

Британиянинг нуфузли Оксфорд Университетида таҳсил олган. Талабалик йилларидан бошлаб Рус адабиётига чуқур муҳаббат қўйган.

Ричард МакКейн Ўзбек-диссидент шоирларининг 2008 йилда нашрдан чиққан “Озодлик оҳанглари” шеърий тўпламини ҳам инглиз тилига таржима қилган.

У рус ва турк тилларидан таржима қилган китобларнинг сони эса, 20 дан ортади.

Ижодкор қатор шеърий асарлар муаллифи ҳам саналади ва унинг китоблари Лондондан ташқари, Нью Йорк ва Истанбулда ҳам чоп этилган.

Ричард МакКейннинг Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган бошқа ижодкорларга ҳам ёрдами катта. У бундай куйга тушган ёзувчилар ҳақида тинимсиз ўйлаши ва дуо қилишини айтади.

Халқаро "Пен" клуби аъзоси бўлган шоир яна Лондондаги Қийноқ жабрдийдалари учун Тиббиёт Жамғармасида 10 йилча таржимонлик қилган.

Ричард МакКейн у ердаги фаолияти чоғида фақат таржимонлик билан кифояланмай, қийноқ жабрдийдаларининг ҳикояларини қоғозга тушириб, бу каби ҳоллардан бутун дунёни огоҳ этишга ҳам муваффақ бўлган.

Ричард МакКейн ўқувчиларимиз саволларига жавоблари билан:

Би-би-си: Ричард, сизнинг ҳар уч соҳадаги фаолиятингиз ўқувчиларимиз ва тингловчиларимизни бирдек қизиқтирган. Айниқса, Лондондаги Қийноқ жабрдийдалари учун Тиббиёт жамғармасидаги фаолиятингиз билан боғлиқ саволлар анчагина. Шу сабабдан ҳам, суҳбатимизни айнан ана шу мазмундаги саволлар билан бошласак. Илк саволимиз ҳам Лондондан, Бунёддан. Бунёд энг аввало, "Сизни қийноқлар жамғармасида ишлашга нима ундаган, қўшимча пул топиш илинжими ёки қийноққа солинган инсонларнинг тақдирларими?" деб сўраяпти

Ричард МакКейн: Мени Ҳелен Бамбер (Helen Bamber) деган аёл ушбу жамғармада ишлашга таклиф этган. Ҳеленнинг ўзи ҳали жуда ёш экани чоғида омон қолганларга тасалли бериш ва қўллаб-қувватлаш учун олмонларнинг Иккинчи Жаҳон уруши тугаши ортидан озод қилинган Берген-Бельзендаги концентрацион лагерига ишлашга борган. Мен жамғармага ишга ўтган пайтимда 80-йиллар охири эди. Ўшанда Туркияда яшовчи кўплаб курдлар ўз мамлакатларидаги таъқиблардан қочиб, Буюк Британияга келаётган пайтлар эди. Мен ўз фаолиятимни ўшалар билан ишлашдан бошлаганман. Қийноқ жабрдийдалари учун чин кўнгилдан қайғураман. Шунинг учун ҳам, пул мен учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган.

Би-би-си: Бунёд яна, "Ричард, 10 йилча таржимон бўлиб ишлабсиз, сизни энг даҳшатга солган қийноқ ҳикояси қайси бўлган," деб сўраяпти...

Ричард МакКейн: Мен 16 йил қийноқ жабрдийдалари билан ишлаганман. Ҳозир ҳам қийноқ жабрдийдаларининг ҳикоялари руҳимга таъсир қилган пайтлар бўлиб туради. Ўз фаолиятим давомида мени энг даҳшатга солган қийноқ ҳоллари аёлнинг эркак томонидан бўладими ёки эркакнинг эркак томонидан, жинсий зўрланиши, таҳқирланиши бўлган. Мен жамғармадаги фаолиятим давомида шундай инсонларнинг ҳикояларига кўп қулоқ тутганман. Назаримда, жинсий зўрлаш – қийноқларнинг ичида энг ёмонидир.

Би-би-си: Ҳолландиядан Нодира ҳам қийноқлар билан боғлиқ бир нечта савол юборган. Нодира, "Аслида инсон шаънини ҳақоратлайдиган муносабатнинг бу шаклига чек қўйиш ҳақида йиллар оша тинимсиз бонг уриляпти. Аммо, шунга қарамасдан, аксар мустабидлик тузумларида қийноқлар қўлланилиши асло тўхтагани йўқ, билъакс, бу ўша давлатнинг ўз фуқароларини мутеъликда, қўрқув исканжасида тутиб туришнинг таъсирли воситаси сифатида амалда давом этяпти. Шундай экан, халқаро ҳамжамиятнинг аксар ҳолларда қоғозларда қолиб кетаётган резолюциялари охир-оқибат бирор натижага олиб келадими ёки бунинг учун яна қандай ҳаракатлар қилиш лозим, деб биласиз," деб савол юборган

Ричард МакКейн: Қадрли Нодира, юборган саволларингиз учун катта раҳмат. Биринчи саволингизга келсак, агар дунё бир кун келиб қийноқлар остида олинган иқрорлар, ҳаттоки, улар ёзилган қоғозга ҳам арзимаслигини англаб етса, мана шу олдинга қўйилган муҳим қадам бўлади. Агар яқинда айрим араб давлатларида инсонларнинг нималарга қодир бўлгани Шарқ ва Жануб халқларида ҳам умид уйғота олган бўлса, нимадир ўзгаришини кутиш мумкин бўлади. Демоқчиманки, ҳаммаси ана шу "агар"ларга боғлиқ, назаримда.

Би-би-си: Ричард, Нодира ўз саволларида давом этаркан, "Муаммога кенгроқ қарасак, мустабидлик ҳукмрон тузумларда инсонларнинг кундалик тирикчилик учун, бир бурда нон учун беомон курашлари, бунинг устига ҳали суяги қотмаган болаларнинг-да катталар билан ёнма-ён туриб, далаларда баробар заҳмат чекишлари, умуман шу каби мушкул ҳаётнинг ўзи улкан бир азоб, қийноқ эмасми?! Бундай манзарани ўзгартириш учун шу оддий одамлар нима қилишлари керак, деб ўйлайсиз?" деб сўраган

Ричард МакКейн: Мен Ўзбекистондаги пахта йиғим-теримидаги порахўрликлар ҳақида Ольга Седакованинг ниҳоятда таъсирчан шеърларини таржима қилганман. Ўзбекистондаги мазкур ҳолат менга доимо Американинг 20-асрдаги энг буюк инсонларидан бири Пол Робесонни эслатади. Ҳукуматлар унинг овозини ўчиришга қанча харакат килишмасин, у ўзининг адолат ва тинчлик учун курашини давом этдириб, тарихда қолишга муваффақ бўлган. Хушовоз хонанда, актер ва спортчи бўлиш билан бирга, Пол Робесон фуқаровий ҳуқуқларнинг ҳимояси йўлида озмунча иш килмаган. Адолатсизликка қарши кураши уни, ҳатто, собиқ Шўролар Иттифоқида ҳам машҳур қилган.

Би-би-си: Лондондан Бунёд эса, ўз ўрнида, "Қийноқ жабрдийдаларининг ҳикоялари ижодингизга қанчалик таъсир қилган, масалан, уларнинг ҳикоялари таъсири остида яратган бирор бир асарингиз борми?" деб сўраган

Ричард МакКейн: Мен қийноқ жабрдийдалари билан 16 йил ишлаганман. Уларнинг ҳикоялари таъсири остида кўплаб шеърлар битганман. Аввалроқ ҳам айтиб ўтганимдек, қийноқ жабрдийдаларининг тақдирлари мени ниҳоятда қайғуга солади. Тез орада чоп этиладиган китобларимдан бири ҳам "Иқрор" деб номланади. Китобдан 1969 йилдан бошлаб 1999 йилгача бўлган давр оралиғида битган шеърларим ўрин олган. Мен 70-йилларда собиқ Шўролар Иттифоқида Руҳий зўравонликларга қарши кампанияда ҳам иштирок этганман. Хуллас, қоғозга туширишим мумкин бўлган хотираларим озмунча эмас.

Би-би-си: Ўшдан Одилжон эса, "Муҳтарам Ричард жаноблари, Қирғизистондаги ўзбекларга нисбатан қийноқ ҳоллари ва тайзиқларга қандай қарайсиз?" деб савол юборган

Ричард МакКейн: Сўзсиз, бу каби ҳолатлар нафратга лойиқ. Минг афсуслар бўлсин, Ғарб ушбу қийноқлар ва тазйиқларга етарлича эътибор қаратмаяпти. Бошқа томондан, Қирғизистонни қўйинг, ҳатто, Ўзбекистоннинг ўзидаги инсон ҳуқуқларининг топталиш ҳолларини тўлиқ ўрганишнинг ўзи имконсиз бўлса...

Би-би-си: Олмониядан Саида эса, "Ҳурматли Ричард жаноблари, Ўзбекистон қамоқхоналарида ётган ижодкорлар анчагина, нега сизни айнан президент Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов бунчалар ташвишга солган? Уни шахсан биласизми? Кейин нега айнан унга атаб рубоий ёзишга қарор қилдингиз? Ким, қандай ташкилот ёки қайси давлат бу каби ижодкорларга амалда ёрдам бера олиши мумкин, деб ўйлайсиз?" деб сўраяпти

Ричард МакКейн: Саида, ёзувчиларнинг халқаро PEN клуби ўзлари Виждон маҳбуслари сифатида тан олган қатор ўзбекистонлик ижодкорларнинг тақдирларидан огоҳ. Мен Жамшид Каримовни шахсан танимайман, аммо Андижондаги қирғин билан алоқадор чиқишлари ортидан мажбуран руҳий касалхонага ётқизилганидан хабарим бор. Унинг ҳодисаси менга собиқ Шўролар Иттифоқи даврида қўлланган руҳий қийноқларни эслатади. Уларнинг тақдирларини назардан қочирмай, ҳақларига дуо қилиб, ёлғиз эмасликларини кўрсатиб, ҳамма уларга ёрдам бера олиши мумкин. Мен нафақат Жамшид Каримовга атаб, балки Ўзбекистонда конституцион тузумга тажовуз қилиш ва диний экстремизмда гумон этилиб ҳибсга олинган ва бир йилдан сўнг озод этилган журналист Собиржон Ёқубовга атаб ҳам кўплаб рубоийлар ёзганман. Бу каби инсонларга далда бўлсин деб, ўзим шахсан мактублар ёзиб тураман. PENга ўхшаш ташкилотлар эса, уларнинг тақдирларидан бонг уриб, ёрдам беришлари мумкин. Ўзбекистон мисолида бу жуда мушкул масала. Чунки Ўзбекистон ўзгача фикрда бўлган ижодкорларга нисбатан ўта шафқатсиз муносабатда бўлган дунёдаги саноқли тоталитар давлатлардан биридир. Ўзбекистонда мавжуд воқеълик очиб ташланиши, Бирлашган Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ихтиёрига ҳавола этилиши ва Ўзбекистонга халқаро ҳамжамият томонидан босим ўтказилиши лозим.

Би-би-си: Бундан кейинги саволларимиз эса, бевосита ижодий фаолиятингиз билан боғлиқ. Ҳолландиядан Нодира яна, "Рубоийлар ёзар экансиз. Аслида хос ва соф шарқий жанр бўлган бу шеърият бошқа Оврўпо тилларида, хусусан, инглиз тилида мутлақо "жарангламаса" керак. Бу фикримга қўшила оласизми?," деб ҳам сўраган

Ричард МакКейн: Менинг 40 дафтардан иборат рубоийларим бор. Ижодимнинг энг муҳим маҳсули бўлган ушбу рубоийларни ўзим ижодларини таржима қилиб, илҳомланган Рус шоираси Анна Аҳматованинг "тўртликлари" ва Фазил Ҳусну Даҳларжанинг "Ҳайда"сидан "мерос" қилиб олганман. Яна англиялик шоир ва таржимон Эдуард Фицжеральднинг Умар Хайём рубоийларидан қилган таржималаридан ҳам таъсирланганман. Ёзувчи дўстим Абдулҳамид Исмоил айтмоқчи, "мен янги шеърий жанр"ни яратишга муваффақ бўлдим.

Би-би-си: Агар малол келмаса, шу ўринда ана шу рубоийларингиздан бир парча ўқиб, эшиттира оласизми?

Ричард МакКейн: Марҳамат:

Help this man, he's not dying

but he's crying, crying, crying,

bout after bout after bout

and we all know what it's about.

Кейинги эса, Исус Ивановичга нолам:

Oh Lord, grant clarity where there's confusion,

dignity where there's indignity,

parity where there's unfairness

and equality where there's inequality.

Би-би-си: Раҳмат, Ричард. Андижондан Саиджаҳон ака эса, "Ҳурматли жаноб МакКейн, Сизга менинг икки саволим бор. Мен бир ҳаваскор шоир, Равоний тахаллусида ўзбек ва рус тилларида шеърлар ёзиб тураман. Таржималар билан ҳам шуғулланаман. Менга 19-аср инглиз шеърияти жуда ёқади. Айниқса, Томас Мурнинг романтикасига шайдоман. Лекин, қизиғи шундаки, Жорж Байрон, Роберт Бернсларни жуда осон таржима қилсам-да, Томас Мурнинг битта "Кечки жаранг" ("Those Evening Bells") шеъридан бўлак, бошқа бирор шеърининг таржимасини ўхшатолмаяпман. Балки, менга Томас Мурни ҳаддан зиёд ёқтиришим ҳалакит бераётгандир? Ижодингизда шунга ўхшаш муаммога дуч келганмисиз? "Ҳа" бўлса, уни қандай ечгансиз?" деб савол юборганлар

Ричард МакКейн: 19-аср Инглиз шеъриятига қанчалар шайдо эканингиздан мамнунман. Аммо, менинг назаримда, ана шу шайдолик бирор бир асарни таржима қилиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлайди ёки шоир ва таржимоннинг бир-бирларини тўлиқ англашга имкон беради. 19-аср инглиз шеъриятига бўлган муҳаббатингиз учун бошимдан дўппимни олиб, сизга таъзим қиламан.

Би-би-си: У киши яна, "Яна бир саволим, бу муаллифлиқ ҳуқуқига оид савол: Маълумки, таржима, вақти келса, эркин шеър ёзишдан қийинроқ. Масалан, Пушкинни ўзбек тилига эликка яқин катта ўзбек шоирлари таржима қилишган. Қийин бўлса-да, кўпроқ меҳнат талаб қилса-да, таржима, барибир, бошқа муаллифнинг асари. Лекин айтингчи, жаноб МакКейн, таржимани кимгадир бағишласа бўладими? Яъни, таржимани ўзини эмас, таржима қилганликни, демоқчиман? Муаллифлик ҳуқуқи бузилмайдими? Олдиндан раҳмат!" деб қолибдилар

Ричард МакКейн: Агар саволингизга қисқа қилиб жавоб берадиган бўлсам, мен буни муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши, деб ўйламайман. Сиз ҳар доим шоир ва таржимон сифатида қилган оғир меҳнатингизни сизни илҳомлантирган Илҳом Парисига, уни ўқийдиган ўқувчиларингизга бахшида этишингиз мумкин. Мен шундай деб ўйлайман. Чунки таржима шеър ёзишдан кўра 20-30 маротаба кўпроқ вақтингиз ва куч-қувватингизни олади.

Би-би-си: Жаноб МакКейн, сиз таржимонлик фаолиятингиз давомида кўплаб Ўзбек шоирларининг ҳам ижод намуналарини инглиз тилига ўгиргансиз. Сизга қай бир Ўзбек шоирининг услуби маъқул келган?

Ричард МакКейн: Мен турли услубда ижод қилувчи кўплаб Ўзбек шоирларининг ижодларини таржима қилганман. Аммо мен қилган шеърий таржималарнинг асосий мавзуси Андижон қирғини бўлган. Аммо олдинда тинч мавзуларда ёзилган ўзбекча шеърларни инглиз тилига ўгириш режам ҳам йўқ эмас. Шу сабабдан ҳам, Ўзбек шеърияти бир айсберг бўлса, унинг учигина менга маълум. Бундайин жасур шоирларнинг ичидан энг ёққанини танлаб, кўрсатишим учун ҳали вақт бор, деб ўйлайман.

Би-би-си: Энг сўнгги саволимиз Ҳабибуллоҳдан. У киши, "Ҳурматли Ричард МакКейн, бугунги адабиёт кенг бир шаклда тижоратга айлантирилган, бозори чаққон асарлар ёзиш урф бўлган ва табиийки, китобхонлик ҳам шунга яраша - supermarket literature дейиш балки тўғри бўлар...Одамзоднинг энг кўп ўқиладиган китоблари Harry Potterсимон асарлар бўлса, дунёмиз юпунлашиб кетмасмикан?" деб савол юборганлар

Ричард МакКейн: Ҳа, ҳақсиз, афсуслар бўлсинки, дунёмиз, адабиётимиз нафақат бу омиллар, балки инсонларнинг телевизор ва бошқа турдаги аудио-видео маҳсулотларига муккасидан кетишлари билан ҳам юпунлашади. Лекин Нобел мукофоти соҳиби Иосиф Бродскийдек кишилар ҳам вақти келиб шеърий асарларнинг ҳам оммавийлашуви борасида некбин эканлар, ҳали умид бор. Аммо лекини шундаки, бу нарса, менинг назаримда, ҳали-вери амалга ошадиган иш кўринмайди.

Би-би-си: Қадрли Ричард, мазмунли суҳбатингиз учун Сизга катта раҳмат.

Ричард МакКейн: Сизга ҳам раҳмат.