Би-би-си меҳмони - машҳур рок қўшиқчиси Даврон Ғойиповга савол йўлланг

Даврон Ғоипов Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Даврон Ғоиповга савол йўлланг

Даврон Ғойипов 1961-йил 7-октябрда туғилган. Мактабни битирганидан кейин 1978 йилда у "Ялла" гуруҳига бас гитарачи сифатида таклиф қилинади. 1980 йилда Даврон Ғойипов бошчилигида Ўзбекистондаги илк рок гуруҳи - "Оригинал" тузилади.

Гуруҳ собиқ Шўролар Иттифоқида тезда машҳур бўлиб кетади.

Айниқса, 1980 йиллар бошларида ижро этилган "Бу нима бу?" қўшиғи "Оригинал" гуруҳига мисли кўрилмаган шуҳрат келтирганди.

Қўшиқ асосида кейинроқ филм ҳам ишланган. Филмда бош ролни Даврон Ғойипов ижро этган.

Бундан ташқари "Қайдасан", "Керак эмас шаҳло кўзларинг", "Открытое окно" каби қўшиқлар ҳам мухлислар кўнгилларидан жой топа билганди.

Ўша пайтлар рок-н-рол услубидаги қўшиқлар нафақат Ўзбекистон, балки-да, бутун Совет Иттифоқида янги бир нарса бўлган.

Шу боис Даврон Ғойипов ижросидаги қўшиқлар гоҳ довдираш, гоҳида эса, ҳайқириқлару олқишлар билан кутиб олинарди.

Аммо, 1984 йилга келиб, "Пахта иши" деб номланган жараён кўплаб республикадаги партия аъзолари фарзандлари ва яқинлари каби Қашқадарё вилояти ҳокими ўғли бўлган 23 ёшли Даврон Ғойипов ҳаётига ҳам кўнгилсизликлар олиб келади.

Маълум вақт ўтиб, у яна санъатга қайтади. Даврон Ғойипов ҳозирда "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасида фаолият олиб боради.

"Ҳозир ҳам ижод билан, янги мусиқалар ёзиш билан машғулмиз", дейди Даврон Ғойипов.

Таниқли рок қўшиқчиси Даврон Ғойиповга саволларингизни қуйидаги махсус форма орқали қолдиришингиз ёки uzbek@bbc.co.uk га йўллашингиз мумкин.