Зулфиқор Мусоқов: кинодан даромад биринчи ўринга қўйилишини кўп танқид қилганман

Image caption Кинорежиссиёр Зулфиқор Мусоқов филмлари Ўзбекистонда ҳам, чет элда ҳам юқори баҳоланган

Ўзбек кинорежиссёри Зулфиқор Мусоқовнинг филмлари нафақат Ўзбекистонда танилган.

Зулфиқор Мусоқов ижоди унинг театр саҳнаси учун ёзилган пьесалар ижодкори, кинодраматурглиги билан ҳам кўзга кўринган.

"Абдуллажон" бадиий филмини илк бор Зулфиқор Мусоқовни машҳур қилган филм, дейиш мумкин.

Ёш кинорежиссёрнинг "Бомба", "Яратганга шукур", "Кичкина табиб" ва "Осмондаги болалар" филмларини ўзбек томошабинлари жуда яхши кутиб олдилар.

Зулфиқор Мусоқов япониялик, россиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликда ҳам қатор филмларни тасвирга олган.

Зулфиқор Мусоқовнинг филмлари халқаро киноанжуманларида ҳам юқори баҳоланган.

Май ойининг биринчи ҳафтасида Тошкентда Зулфиқор Мусоқов режиссёрлик қилган "Қўрғошин" бадиий филмининг премьераси бўлиб ўтади.

Зулфиқор Мусоқов билан суҳбат

Би-би-си: Даставвал кинога қизиқишингиз қандай пайдо бўлгани, кинога кириб келишингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Зулфиқор Мусоқов: Кинога кириб келишимга болалагимда раҳматли дадамнинг ишхонасидан бузуқ 8 миллиметрли кинокамерани олиб келгани сабаб бўлган. Мен бу камерани усталарга кўрсатиб, тузатганман. Секин-секин бу кинокамерада ҳовлидаги кучукларни, қўшниларни тасвирга туширганман, кейин киноҳаваскорлар тўгарагига борганман. Лекин кинога жуда жиддий қарашимга 7- ёки 8-cинфдалигимда ленинградлик буюк кинорежиссёр Алексей Германнинг биз яшаган Тошкентнинг Эски шаҳридаги маҳаллага яқин жойда - Қумлоққа етмасдан, Чувалачи кўчасида "Урушсиз йигирма кун" бадиий филмини тасвирга олганини кўрганим сабаб бўлган. Ўша съёмка пайти у пайтларда машҳур актёрлар Юрий Никулин билан Людмила Гурченкони кўриб қолганман. Менга ҳатто "болакай, орқадан ўтиб кетасанми" дейишиб, бир эпизодда кадр ортида, узоқдан ўтиб кетганим учун олти сўм ҳам беришган. Ўшан воқеадан кейин кинони суратга олиш жараёни мени жуда қизиқтириб қўйди. Ўрта мактабни тугатганимдан кейин мен ўша пайтдаги Тошкент Театр ва рассомчилик институтига кирдим. Бир йил актёрлик факултетида, кейин беш йил режиссёрлик факултетида ўқидим. Шу пайтнинг ичида ҳаваскорлик киномни ташламадим, бир тажриба сифатида иккита филмда рол ўйнадим. Институтни битиргандан кейин Ўзбекистон телевидениесида тўрт йил ишладим. Москвадаги Олий режиссёрлик курсларини тугатдим. Курслардан кейин "Ўзбекфилм"га ишлаш учун келганман, мана 22 йилдан бери "Ўзбекфилм"да бадиий филм кинорежиссёри лавозимида меҳнат қилаяпман. Жуда оддий биографиям.

Би-би-си: Сизга савол юборишларини сўраб Интернетда эълон берганимиздан кейин Facebook орқали ҳам сизга саволлар келипти. Хусусан, Миржалол Бекжонов ҳаётдан мамнунмисиз, деб сўрапти.

Зулфиқор Мусоқов: Худога минг қатла шукур, мен мамнун бўлмасам ким мамнун бўлади? Мен бахтлиман. Худога шукур, юртимиз тинч. Энг асосий ютуғимиз ва бахтимиз шу. Чунки, афсуски дунё нотинч. Ҳамма ёқда нималардир бўлаяпти, дунё алғов-далғов бўлиб кетаяпти. Ва бугун менинг ёшим ошиб қолди, бу ёшда болаларнинг келажагини ўйлайсан киши. Авваламбор, тинчлик бўлмаса, ҳеч нарса бўлмайди. Йиллар давомида яратилган иншоотларни ҳам, тинч ҳаётни ҳам бир минутда бузиш мумкин. Худо кўрсатмасин. Мен бирорта ҳам халқнинг бошига нотинчликни, урушни раво кўрмайман. Албатта, Худога минг қатла шукур, ўзимнинг касбим билан ҳалол нон топганимдан бахтлиман.

Би-би-си: Ирода Ўринова "Қўрғошин"ни кутаяпмиз, деб ёзипти. Ана шу филмингиз ҳақида гапириб берсангиз.

Зулфиқор Мусоқов: Филмнинг номидан билиниб турибдики, қўрғошин ўзи оғир, заҳарли металл. Юмшоқ бўлгани билан оғир металл. Бу филм, авваламбор, бизнинг буваларимиз, бувиларимиз бошидан кечирган қийинчилик вақти ҳақида. Лекин ўша даврда ҳам улар севишганлар, кулишган, меҳнат қилишган. Яхши одам яхшилигича қолган, ёмон одам ёмонлигича. Донолар айтишган-ку, ўтмишсиз келажак йўқ, деб. Келажакка қадам ташлашдан олдин яқин ўтмишни, узоқ ўтмишни яхши билиш керак, дейишган. Шунинг учун бу филм мени - 54 ёшга кирган ижодкорнинг ўша даврга, авваламбор, кинематографист сифатида ижодий бир назарим. Филмдаги воқеалар 1952-1953 йилда содир бўлади.

Би-би-си: Жуда кўп ўқувчиларимиз юборган саволларнинг мазмуни бугунги ўзбек филмларининг савияси ҳақида. Мисол учун, Сеулдан Алишер хатида шундай ёзади: нега ҳозирги кунда олинаётган ўзбек кинолари саёзлашиб бораяпти? Ким уларга бунақа саёз киноларни олишга рухсат бераяпти? Ёки ўзбек томошабинларининг савияси шу даражада пасайиб кетганми?

Зулфиқор Мусоқов: Авваламбор, ўша йигитларга раҳмат. Берилган савол мен учун эмас. Мен бутун ўзбек киноси учун жавоб бера олмайман. Тўғри тушунинглар мени. Мана шу саволни бериш керак бўлган аниқ, шунинг учун ойлик оладиган раҳбарият бор. Бу саволлар кўпроқ раҳбариятга тегишли. Бутун ўзбек киносининг савияси учун, қолаверса, томошабиннинг савияси учун масъул махсус давлат томонидан тузилган ўзбек киноси раҳбарияти бор. Мен ҳатто ўзимнинг филмларимнинг қайси бири яхши, эртага нима бўлади, шуни ҳам билмайман. Шунинг учун қисқача жавобим, менинг бу саволга жавоб беришим мен томондан нокамтаринлик, очиғини айтганда, беандишалик бўларди.

Би-би-си: Лекин мавриди келганда бир мулоҳаза юритсак: Мана мисол учун биз Болливудни биламиз, Ҳиндистоннинг улкан кино индустрияси. Айрим кинотанқидчилар айтишадики, хўп, маълум бир давр бўлди, 40 йилми, 50 йил давомида Болливуд кўп кинофилмлар ишлаб чиқарди, бу филмларнинг кўпчилигининг савияси паст бўлди. Лекин мана бугунги кунга келиб, Болливуднинг филмлари дунё кинотеатрларига чиқадиган сифатга кўтарилди. Мустақил ўзбек киносининг ҳам савияси кўтарилиши учун, сараги саракка, пучаги пучакка ажралиши учун ҳам маълум бир муддат, маълум бир давр ўтиши керак эмасми?

Зулфиқор Мусоқов: Сиз берган маълумотингиз сал ноаниқ-да. Биринчидан, Болливуднинг ишлаб чиқарган маҳсулоти бутун дунёни қамраб олмаган. Бу факт. Болливуднинг ўзининг бир ярим миллиарддан ортиқ аҳолиси - томошабини бор. Бу асосан Ҳиндистон аҳолиси. Ўзи кино дунёнинг иккитагина мамлакатида даромад келтирадиган санъат соҳаси ҳисобланади. Бу Голливуд Америка Қўшма Штатларида, ва Ҳиндистонда. Лекин бу мамлакатларда кино фойда келтиришининг сабаблари ҳар хил. Америкада филмлар жуда юксак технологик даражада ишланадиган ва жуда кўп маблағ талаб қилинадиган ва сарфланадиган ҳам санъат ва ҳам саноат тармоғи бўлса, Болливудда бу авваламбор Ҳиндистоннинг спецификаси билан боғлиқ. Яъни, уларнинг аҳолиси жуда кўп. Мен Ҳиндистонда бўлганман. Мамлакат аҳолисининг аксари қашшоқ, бу факт, буни инкор қилиб бўлмайди. Ўша бечораларни кўрганман, бир ҳафта овқат емайди Болливуд ишлаган "эртак"ни томоша қилиш учун. Овқат емасдан 10 рупийми, 20 рупийни йиғади Болливуд "эртаги"ни томоша қилишга интизор бўлиб. Кинода чиройли ҳаётни кўриш ниятида. Болливуднинг асосий даромади Ҳиндистоннинг аҳолиси кўплигидан. Йилига 800-1000 атрофида филм суратга олинади, асосан ўзининг аҳолиси томоша қилади. Шунинг учун мен Ҳиндистоннинг кинолари бугунги кунга келиб дунёни эгаллаб олди, деган фикрга қўшилмайман. Америка киноси, тўғри, бутун дунёга экспансия қилинган. Буни инкор қилиб бўлмайди. Шунинг учун айрим мамлакатлар Ғарб, Америка маҳсулотидан ўзининг кинематогафиясини сақлаб қолиш, ўз маданиятини, киносини сақлаб қолиш мақсадида фойдаланади. Масалан, Францияда ҳар бир чет элдан келган кинофилмнинг намойишидан 51 фоизини Франция киносининг ривожига йўналтирилади. Шунинг учун бизнинг киномиз дунёни қамраб оладими, деган саволга, очиқ гап, менинг бир нарса дейишим қийин. Бу жуда кўп поғонали ва мураккаб жараён. Қанийди, ўзбек кинофилмларини ҳам дунё мамлакатлари сотиб оладиган даражага чиқса. Ўзбек киноларини шу пайтгача кам сотиб олишган, бир-иккита, холос. Бу аниқ факт.

Би-би-си: Биз биламизки, кинорежиссёр олдида иккита қийинчилик бор. Биринчиси, кўп одам, омманинг савияси ҳар хил бўлади, ҳар доим ҳам баланд бўлмайди. Агар интеллектуал филм ишланса, уни кўпчилик қабул қила олмаслиги, оқибатда филмни тасвирга олишга сарфланган маблағ оқланмаслиги мумкин. Ҳам филм савияси баланд бўлиши ва ҳам сарфланган маблағини оқлаши учун режиссёр қандай йўл тутиши керак?

Зулфиқор Мусоқов: Биласизми, агар ҳар бир филм фойда келтирганда, ҳар бир одам кино олган бўларди. Кино анча таваккалчиликка асосланган иш. Бу биринчидан. Иккинчидан, давлатимизга раҳмат, бир неча йил олдин Ўзбекистон кинематографиясини, бадиий кинематографиясини, бунинг ичида ҳужжатли филмлар ҳам, мултипликацияни нафақат сақлаб қолиш, уни ривожлантириш мақсадига президент фармони билан пул ажратишга қарор қилган. Ўзбек кинофилмларини тасвирга олиш учун асосий манба мана шу ерда. Давлат кино ишлаш учун маблағ ажратиб, киночилардан "пулни қайтаргин" деб талаб қўяётгани йўқ. Масалан, давлат соғликни сақлаш соҳасига маблағ ажратади, бу соҳадаан пул талаб қилмайди, мактабларга, маорифга маблағ ажратади, лекин улардан пулни қайтаришни талаб қилмайди. Биз киночилар халқнинг руҳий соғлигини сақлаб турувчи бир воситамиз. Биздан кинога сарфланган пулни "бир кунда ё бир ҳафтада қайтар" деб ҳеч ким талаб қилмаяпти. Мен буни аниқ биламан. Тўғри, филмни томоша қилишга томошабин келса, жуда яхши. Демак, ўша режиссёр томошабиннинг дилини топибди. Лекин қайси йўл билан? Ҳар бир ижодкорнинг ўзининг савияси, ички маданияти, қолаверса, томошабинга бўлган ҳурмати бор. Ҳар бир ижодкорнинг ўз йўли бор. Тўғри, хавфли тенденциялар бор, "тезроқ касса қилай, бу нарса томошабинга ёқади-ку" деб савияни тушириб юборадиган, тарбияга салбий таъсир қиладиган филм олишга ҳаракат қилишдек нуқсонлар ҳам йўқ эмас. Мен бу нарсани олдин ҳам кўп гапирганман. Лекин бу ҳам бир жараён, тирик жараён. Балки аста-секин бу нуқсонлар йўқолар. Булар ўз-ўзидан чиқиб кетади. Мана Тошкентдаги Санъат саройида деярли ҳар ҳафта бир филмнинг премераси бўлади. Кўпларини танимайман ҳам. Ўйламайман, бу филмларнинг ҳаммаси фойда келтираяпти, деб.

Би-би-си: Бизга Филаделфиядан Муҳожир деб мактуб юборган ўқувчимиз шундай ёзипти: эшитишимизча "Ватан" филмини олишга 86000 доллар харажат қилинган ва филм жуда ажойиб ишланган. "Ватан"дан кейин нимага шундай ўта таъсирчан ва замонавий муаммони кўтариб филм яратмадингиз?

Зулфиқор Мусоқов: "Ватан" филмининг таннархи, менимча, 180 минг долларга яқин. Бу филм учун ўртача харажат. "Ватан" бошқа филмлар билан солиштирганда қимматга тушмаган. Бу, биринчидан, аниқлик киритаяпман. Иккинчидан, балки у йигитнинг хабарлари йўқдир, мен "Ватан" филмидан кейин иккита филм олдим. Биринчиси "Суиқасд" филми, кейингиси "Ой остидаги ҳовли". Агар видеотекадан топиб кўрилса, мавзуси жуда жиддий ва томошабинларга ёқади. Вақтингиз, имкониятингиз бўлса, "Қўрғошин" филмини томоша қилинг. Жуда жиддий мавзу ва бу мавзуга жуда жиддий ёндашилган.

SMS рақамимиз: +447786201124

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.