Бу гал эътиборингизга ҳавола этаётганимиз - афғонча кўфта палов

Жаҳонда турли-туман халқлар бўлгани каби, уларнинг миллий ўзликларини намоён қилувчи таомларнинг тури ҳам шунга яраша. Кимдир ўзбекнинг паловига ҳеч нарса етмайди деса, бошқасининг наздида француз таомларининг олдига тушадигани йўқ. Яна таоми бўладими, бутунбошли ошхонаси, ноёбу бетакрорлигини даъво қилиб, инсоният тарихида қолишни истаганларини айтинг. Буёғи хўрандаю ошпазлари қолиб, манаман деган давлат раҳбарлари ҳам баҳсу мадорага бош қўшиб турса. Инглиз ошхонасини ерга уриб, боши балога қолган собиқ француз президенти Жак Ширакми ёки миллий таомларини кўз-кўз қилиб, мамлакати обрўйини оширмоқчи бўлган Малайзиями ва ё ҳуммусни ўзиники қилишга уриниб, Гиннеснинг китобини рекордларга бойитган Фаластину Исроил, буёғини қўяверинг. Яна чаёндан пиширган кабобими, халтадаги палови, куракда пишган гўштию, пишмаган шиллиққурти билан ҳушингизни бошингиздан учирган ошхоналарни айтмайсизми...Хуллас, биргина таомнинг ўзи сиёсату иқтисод қолиб, бир қайнови ичидаги гапларни шууунча қайнатгандан кейин, биз ҳам уларнинг ўзига хосликларига тўхталиб ўтмасак ҳеч бўлмайдигандек. Янги "Жаҳон таомлари" рукнимиз худди ана шу мақсадни кўзда тутади. Дунё халқлари ошхонасининг танқис ва ғаройиб таомлари билан танишмоқчи, осмонга кўтариб мақталган ошхоналарнинг сиру синоатларидан бохабар бўлмоқчи бўлсангиз, рукнимизни кузатиб боришни унутманг.

Рукнимизнинг илк таоми дунёнинг деярли барча қитъасида бирдек танавввул этилувчи, аммо ҳамма кўкрагига уриб, “Энг зўри фақат бизда,” деб даъво қилувчи ПАЛОВдир. Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган. Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас. Пишириш услубига қараб, паловнинг турини айтмайсизми! Номи-чи, номи: “Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Палов”, “Бирёний”, “Пайелла”..буёғи кетаверади. Яна миллий ўзига хосликларига қараб, масаллиқларининг бир-биридан фарқланиши-чи. Майиз, нўхат, бодом, писта мағзи, қиёмга ботирилган норинж пўчоғи, беҳи, шолғом, лимон суви,..гўшту гуручга ўзига хос таъм ва кўриниш бериб турса. Шундай экан, ҳамма ўзиники билан керилувчи ҳар бир паловнинг ўзига хосликлари нимада? Бу гал афғонча кўфта паловга тўхталиб ўтамиз:

Афғонча кўфта палов

Лозим бўлган масаллиқлар (4 кишига мўлжалланган)

1. 450 грамм гуруч ("Басмати" каби узун навлиси бўлса, янада яхши)

2. 100 грамм ўсимлик ёғи

3. 2 дона ўртача катталикдаги бошпиёз

4. 450 грамм мол ёки қўй гўшти қиймаси

5. 2 ошқошиқ томат пастаси

6. 3-4 дона чеснок паллачаси

Таъбга қараб туз, туйилган кашнич уруғи, мурч ва зира лозим бўлади

Пишириш услуби

1. Энг аввало, кўфталаримизни тайёрлаб оламиз. Бунинг учун қиймани каттароқ идишга соламиз(аралаштириш осон бўлиши учун). Кейин 3-4 дона чеснок паллагини тозалаб, майда қилиб тўғраймиз ва қийманинг устидан соламиз. Кейин бир дона пиёзни майда кубик шаклида тўғраб, уни ҳам қиймага қўшамиз. Устидан бир чой қошиқ туйилган кашнич уруғи, бир чойқошиқ зира ва бир чойқошиқ туйилган қора мурч соламиз. Истасангиз, бирор хил кўкат туридан, яъни майда тўғралган кашнич ёки укроп ҳам солишингиз мумкин. Кейин қиймани 10 дақиқача яхшилаб мижғиймиз. Зираворларнинг мазасини олиши учун тайёр қиймамизни 5-6 дақиқа дам олдирамиз. Шундан сўнг, каттароқ патнисни енгилгина ёғлаб, кўфталаримизни ясашга ўтамиз. Ҳар гал қўлингизни сувлаб олсангиз, қийма қўлингизга ёпишмайди. Кўфтангиз ҳам силлиқ чиқади. Ўртача катталикда 8-9 тача кўфта ясаб оламиз. Тайёр кўфталарни патнисга териб чиқиб, устини енгилгина мато билан ёпиб, бир четга олиб қўямиз.

2. Кейин таги кенгроқ қозонга ёғ солиб, бироз қизитамиз ва паррак-паррак қилиб тўғралган пиёзимизни солиб, тўқ қўнғир тусга киргунча қовурамиз. Шундан сўнг, 2 ошқошиқ томат пастасини солиб, яна бироз қовурамиз. Оловни пасайтириб, қозонга қайноқ сув соламиз. Қозондаги соусимиз кўфталаримиздан баланд бўлмаслиги керак. Шунинг учун ҳам қозонга шуни мўлжаллаб сув солганингиз маъқул. Қозондаги соусингиз бир қайнаб чиққач, кўфталарини бир текис қилиб териб чиқамиз. Оловни баландроқ қилиб, қозондаги масаллағимизнинг яна қайнашини кутамиз. Четлари қайнай бошлагач, оловни пасайтириб, қозоннинг қопқоғини сал қия қилиб ёпганча, 40-45 дақиқа шу ҳолича газ устида қолдирамиз.

3. Бу орада гуручни оқиб турган сув остида эҳтиёт бўлиб бир неча марта ювиб ташлаймиз ва шундан сўнг, 20 дақиқа тузли илиқ сувда ивитиб қўямиз.

4. Кўфталаримизнинг пишишига 5 дақиқа қолганда, каттароқ қозонга бир ярим литр сув ва бир чой қошиқ туз солиб, қайнатишга қўямиз. Сув қайнай бошлаганда, ивитиб қуйган гуручимизни оқиб турган сув остида бир неча марта ювиб ташлаб, сувини яхшилаб силқитамиз. Кейин сув қайнаб турган қозонга солиб, бор-йўғи 2-3 дақиқа қайнатиб оламиз, бундан ошса, гуручингиз эзилиб кетади. Кейин қозондаги гуручни суви билан бирга остига тоғора қўйилган майда кўзли човлига ағдарамиз. Сувини яхшилаб силқитамиз.

5. Ўртача катталикдаги алоҳида чўян қозонни олиб, чала пишган ва суви яхшилаб силқиган гуручимизнинг ярмини соламиз. Устидан бошқа қозонда пишиб, тайёр бўлган кўфталарни бирма-бир териб чиқамиз. Кўфталарнинг устидан қолган гуручни солиб, устини текислаймиз. Кўфта пишган соусдан бир станканча (175 грамм) олиб, қозондаги масаллиқ устига айлантириб қуямиз. Устидан ўзингиз ёқтирган зираворлардан ҳам сепишингиз мумкин. Кейин узун дастали ёғоч қошиқ ёрдамида эҳтиёт бўлиб қозондаги масаллиқни енгилгина аралаштириб оламиз.

6. Шундан сўнг қозоннинг қопқоғини зич қилиб беркитиб, 45 дақиқа паст оловда дамга қўямиз.

7. Дам егандан сўнг, қозондаги паловимизни чиройли қилиб сузиб олиб, ўзимиз ёқтирган салат билан бирга дастурхонга тортамиз. Ёқимли иштаҳа.

Агар сизда палов пиширишнинг ўзига хос йўллари бўлса, уларни биз билан ўртоқлашинг. Биз уларни "Жаҳон таомлари" рукнимиз остида чоп этиб, бошқалар билан ҳам баҳам кўрамиз.

Бундан ташқари, Сиз паловнинг асли кимники, деб ўйлайсиз? Рецептларимиз билан танишиб бориш жараёнида бизга бу борадаги фикру мулоҳазаларингизни ёзиб юборишни унутманг:

Мактубингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг мактубингизни кутиб қоламиз!