Омон Матжон ўз ижоди, ўзбек адабиёти ва Рауф Парфи ҳақида

Омон Матжон оиласи даврасида Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Омон Матжон оиласи даврасида

Ўзбек шеъриятининг забардаст вакили, Ўзбекистон Халқ шоири Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилояти Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида дунёга келган.

Ўрта мактабни тугатгач, у Самарқанд Давлат университетида таҳсил олади. Омон Матжон 1969 йил олийгоҳни якунлаганидан сўнг, 2002 йилгача Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, сўнгра "Ёшлик" журналида бош муҳаррир, "Чўлпон" нашриётида директор бўлиб ишлаган.

Омон Матжон болалагиданоқ шеърлар ёзишни машқ қилгани ва илк шеърлари эса, мактаб деворий газеталарию туман газеталарида чиқиб турганини айтади.

У ўзбек шеъриятига 1960-йилларда ўз йўли ва оҳангги билан кириб келади. 1970 йилда шоирнинг "Очиқ деразалар", деб номланган илк шеърий тўплами нашрдан чиқади.

"Кейин "Карвон қўнғироғи", "Қуёш соати", "Ярадор чақмоқ" каби китобларим, "Беруний" драматик достоним, Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги достоним, "Ҳаққуш қичқириғи" деган қирқ афсонадан иборат китобим, "Дарахтлар ва гиёҳлар китоби" деб номланган экологик мавзудаги китобларим кетма-кет босмадан чиқди", дейди шиорнинг ўзи.

Омон Матжоннинг шеърлари Евгений Евтушенко каби буюк рус шоирлари томонидан таржима қилинган.

Шунингдек, 1991- 2011 йиллар ўртасида шоирнинг "Иймон ёғдуси", "Эркин ҳаволарда", "Ардахива" ва "Халоскор Руҳ" каби китоблари чоп этилган.

Омон Матжон бугунгача ҳам фаол ижоддан тўхтамаганини айтади. Унинг "Дийдор Азиз" деб номланган янги китоби шу кунларда дунё юзини кўрган.

"Шайх Нажмиддин Кубро, Тўрабекахоним ҳақидаги қиссаларим,истиқлолимизнинг 20 йиллигига бағишланган шеърларим "Дийдор Азиз" номи билан шу кунларда чиқди. Суюкли рафиқам Мақсудахонимга бағишланган китобим бу", дейди шоир.

Омон Матжоннинг "Дийдор Азиз" китобига кирган шеърларидан намуналарни мана бу ерда тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шоирнинг "Умр ўтар...", "Табассум қил", "Эшигингдан ўтарман бир кун", "Менинг кимлигимни эл билса бўлди" каби қатор шеърлари таниқли ҳофизлар тарафидан қўшиқ қилиб куйланган.

Омон Матжон 1991 – 1993 йиллар Ўзбекистон Президенти Девонида давлат маслаҳатчиси, 1993 - 1998 йилгача Давлат Матбуот Қўмитасида раис муови лавозимларида ҳам фаолият олиб борган.

Шоир адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 2006 йилда Омон Матжонга Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон берилган.

Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжон билан суҳбат

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжон бўладилар. Ассалому алайкум Омон ака, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Омон Матжон: Ваалайкум ассалом!

Би-би-си: Олмониядан хат ёзган Шуҳратжон исмли тингловчимиз: "Шеърга таъриф берсангиз", деб сўрабдилар. Умуман, шеър ўзи нима?

Омон Матжон: Энди шеъри дилга солинадиган туйғу. Уни сатрларга тушиши, тузилиши энди касб-кордай сеҳри ҳам бор-да, сўзни билиш, тилни билиш...ҳаммаси ўша Ҳақ таоло тарафидан берилган...Нур томонидан илоҳий берилади, ҳар ким уни бир шаклларда қоғозга туширади. Менимча, шу нимаси...

Би-би-си: Бугунги ўзбек шоирлари кўпроқ қайси мавзуларда ижод қилишмоқда. Умуман, шоир мавзуни танлаб ёзиши мумкинми?

Омон Матжон: Энди бу - фақат шахсан шоирнинг иши. Ўзининг билими, руҳий дунёси, дунёқараши, эл-юртининг тарихини билиши, урф-одатларини билиши, ҳаммаси шу билан боғлиқ-да.

Би-би-си: Ўзингиз ҳозир, масалан, қайси мавзуларда ижод қиляпсиз?

Омон Матжон: Менинг асарларимда бир фахр туйғуси бор, бир нарсадан: жуда улуғ сиймолар ҳақида ёзганман. Паҳлавон Маҳмуд, Беруний ва яна келаверади...Янги китобим мана қўлимда турибди. "Дийдор Азиз" деган китоб. Бу истиқлолимизнинг улуғ байрами 20 йиллигига бағишланган шеърларим бор. Бу ерда Шайх Нажимиддин Кубро, Тўрабекахоним каби халқимизнинг тарихидаги улуғ сиймоларга бағишланган асарлар бор. Шайх Нажимиддин Кубронинг жасоратини икки бор аввалроқ ҳам ўқиб чиқиб, ҳозир яна бир ўқиб чиқиб, кўзларимдан ёш қалқиб кетди. Қандай буюк сиймолар бўлган бизнинг атрофимизда.

Омон Матжон шеърларидан бирини мана бу ерда тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Тарихий асарларим чиқди, деб айтаяпсиз. Кўп тарихий мавзуларга мурожаат қилаётганингизга сабаб нима?

Омон Матжон: Биздек, ўзбек халқидек бой, шундай буюк сиймолар ўтган ва бунга конкрет аниқ мисоллар бўлган миллатни айтиб беринг менга. Бунинг ёнида давлатимиз, юртимиз шунча, кўнглингга чиққунча маърифатни бериб қўйган бўлсаю, у тарихий сиймоларини билмай, уларни тарғиб қилмай, қандай яшаш мумкин?! Менинг мақсадим битта: ҳамма билган, кўрган, ўша буюк тарихий сиймолар ҳақида мен бир, майли, кичкина бўлсин, катта бўлсин асар ёзиб қўйсам, эртага, бугун, индинга келажак авлод биронтаси, биттасига назар қилиб, қизиқадику ахир. Бу катта тарихий жараён, адабий жараён, руҳий жараён, гўзалликнинг давом этиши, руҳий маънавиятнинг ривожланиши шундай бўладику ахир.

Би-би-си: Шуҳратжон яна сўраяптилар: "Бугунги ўзбек адабиётини кимлар мисолида кўрасиз?" Қаердан эканларини ёзмаган Жаҳонгир Эргашев ҳам: "Ассалому алайкум Омон ака. Бугунги ўзбек шеъриятига чақмоқ бўлиб кириб келаётган ёш шоирлар бўляптими?" дея савол йўллаганлар. Умуман, ўзбек адабиётининг бугуни ҳақида фикрингиз қандай?

Омон Матжон: Энди бу жуда узлуксиз, гўзал жараён. Адабиётимиз, улуғ адибларимизнинг гўзал давоми ҳам бор-да. Дейлик, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Ғофир Ғулом, Ойбек, Зулфия, Шуҳрат, Одил акалар, Пиримқул акаларнинг меҳнатлари кўз олдимизда туради. Кейинги ёшларни ҳам бу нафис воқеотга айтсам, дейлик, Акмал Тошев, Даврон Ражаб, Дилрабо, Насиба, Беҳзод, Бектемир, Аъзам...буни бир тимсолий айтсам, бу - гўзал бир камалакнинг товланишлари.

Би-би-си: Олмониядан хат ёзган Шуҳрат наср ва назмда - ўзбек ва жаҳон адабиётида кимни яхши кўриб ўқишингиз ҳақида сўрабдилар.

Омон Матжон: Мисол учун, биз ҳар куни гоҳ Алишер Навоий ҳазратларининг бирон китобларини, жилдларини ўқиб қўямиз, варақлаймиз. Мен яқиндагина яна бир марта, яна бир марта, яна бир марта азиз китобимиз Қуръони Каримни ўқиб чиқдим бир чеккадан. Алишер Навоийнинг "Муножат" китобларини яна қайта-қайта кўриб чиқаяпман. Болалагимда "Мюнхаузеннинг бошидан кечирганлари"дан тортиб, Даниель Дефогача, у ёқда Кабо Абенинг "Женщина в песках"дан тортиб, ўзимизнинг Чингиз Айтматов асарларини, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировнинг асарлари...Ҳозир сиз телефон қилган жойда мана ўзимнинг ички кутубхонамда ҳам дунё шоир, ёзувчиларининг китоблари тахланиб турибди. Қомусий китоблар, ўзбекча, русча...

Би-би-си: Айни пайтда Шуҳрат марҳум Рауф Парфига муносабатингизни билишни истаганлар ва саволга имкон қадар кенгроқ жавоб беришингизни илтимос қилиб қолганлар. Марҳамат!

Омон Матжон: Мен талабалик йилларимдаёқ Рауф Парфининг шеърларини ўқиб чиққанман. Жудааа ёққан менга. Уни кўргим келган ҳатто. Кейин Тошкентга Ғофир Ғулом нашриётига ишга келганимдан кейин Рауф Парфини топиб, унинг биринчи китобини нашриёт режасига киритиб, ўзим нашр қилиб берганман. У ниҳоятда бир гўзал, ниҳоятда лирик деймизми, ҳам фалсафий йўналишда ижод қилган. Ҳамда туркий дунё, бошқа дунё шоирларидан жуда кўплаб таржималар қилганди. Мен уларни чиқаришга қатнашганимдан хурсанд бўламан руҳан...

Би-би-си: Салим исмли тингловчимиз: "Мен сизнинг шеърларингизни бошқача овоз борлиги учун ёдлаб юраман, масалан, "Ёлғоннинг умри", "Мудом чиқмас ёдимдан" сингари...", деб ёзганлар. Омон ака, мана Сизнинг "Умр ўтар...", "Менинг кимлигимни эл билса бўлди" каби қатор шеърларингиз таниқли ҳофизлар тарафидан ижро этилган. Мана шу "Умр ўтар.." номли шеърингиз ҳақида гапириб берасизми, шеърнинг яратилиш жараёни ҳақида.

Омон Матжон: "Умр ўтар.." шеърим 80-йилларда ёзилган. Бу шеърнинг ёзилганига анча вақт бўлиб кетган, шунинг учун буни айтган ҳофизлар ҳам кўп. "Умр ўтар, вақт ўтар"ни ўзини 15-20га яқин ҳофиз айтган. Бир гуруҳ одамлар Ортиқ айтганини жуда севиб эшитишади, бирови Отажон айтганини, бири Ғуломжон Ёқубнинг айтганини, бирови бошқа-бошқа... Муяссарнинг овозлари бениҳоя улуғ. Лекин, биринчи уни, доим эслайман, ниҳоятда буюк овоз бор эди, Отажон Худойшукуров айтган. Менимча Отажонни билмайдиган одам йўқ. Ундан кейин яна мен буни эслаб, уни улуғлаб, унинг овозига, унинг шаънига бир шеър ёзганман, "Учинчи дарё" деб.

Гоҳи мен Сирдарë сайрига борсам, Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу, Гўë шу яқин жойдан ўтиб ëтгандай, Сирдарëдан кўра каттароқ бир сув. Шу ҳолга тушаман Хоразмда ҳам, Буюк Амударë бўйида туриб, Гўë Жайҳундан ҳам баҳайбат наҳр, Яқингина жойдан оқар ўкириб. Бу нима, қандайин сирли овоз бу, Ерданми кўкданми келар бу садо, Наҳот тупроғимда кўзга ташланмай, Оқиб ëтган бўлса учинчи дарë. Билмадим, мени кўп таъқиб этади, Шу сирли акс-садо, шу илоҳий ун, Руҳим жуда юксак бўлар шу кезлар, Вужудим заминга жудаям яқин.

Би-би-си: Катта раҳмат, Омон ака! Ўшдан Муҳаммадазим: "Ассалому алайкум! Домла, диний таълимни неча ёшингизда, кимдан олгансиз?" деб ёзибдилар. Омон Матжон: Менга ҳеч ким диний таълим берган эмас. Мактабда ўқимаган эмасман ҳам. Лекин, азиз китобларимизни кўз олдимизда, рўпарамизда қўйиб, уйда сақлаб ўтирамиз. Чунки, Ҳақ таоло берган дини иймон, руҳнинг гўзаллиги бебаҳо. Бу ниҳоятда олий хазинани асраш керак. Оллоҳ таолога шукримиз беададдир.

Би-би-си: Тошкентдан Абдуманноп сўрабдилар: "Нима деб ўйлайсиз, ҳамма нарсани ўз вақти бор шундайми, ёшлар китоб ўқимай қўйди дейишади. Лекин, ёшлар замон билан юришни яхши кўришади, вақтида китоб оммалашди, газета, телевидение, радио, ҳозир интернет, балки келажакда интернет ҳам қолар...бунга фикрингизни билмоқчи эдим, балки китоб ва шеърларни янги талқинда ишлаш керакдир?"

Омон Матжон: Техника, ҳалиги прогресс деган нарсанинг ҳар замонда, ўзининг турли, ранг-баранг йўллари бор. Айниқса, тинчлик замони, шундай имкониятлар яратилиб қўйилгани болаларимиз учун, бу жуда чексиз бахт. Мени куни кечагина бир мактабда болалар билан учрашувга таклиф қилишганда тарихий сиймолар ҳақида гапирганимда ҳам, ҳозиргилари ҳақида гапирсам ҳам, фантастик темаларда гапирсам ҳам, ҳаммаси ҳайрат билан, севинч билан, чуқур қизиқиш билан дилдан шунга эътибор қилишини сездим. Болаларимизнинг китобга, маърифатга бундай қарашининг ўзи биз учун катта бойлик, неъмат. Би-би-си: Салим исмли тингловчимиз ёзадилар: "Сиз ҳам Абдулло Орипов ва Эркин Воҳидовлар каби Каримов режимини қўллаб-қувватлайсизми?"

Омон Матжон: Эркин ака, Абдулло акаларим, булар менинг устозларим, акаларим. Уларни кўрсам кўнглимда шодлик доим мавж уради. Ҳар бир китобим, ҳар бир асаримни у кишилар билан ўртоқлашаман. Шунинг учун, булар адабиётимизнинг фахригина эмас бундай қараганда, элимиз, юртимизнинг фахри.

Би-би-си: Омон ака, Би-би-си тингловчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат!

Омон Матжон: Менга мурожаат қилган инсонларга Алишер Навоийнинг бир байти билан раҳмат айтиб, яхши истаклар тилаб қўймоқчи эдим.

Жумлаи ашёға бўлдум ошиқу ошуфта ҳол, Оламу одам юзин чун қилди миръот ул жамол.

Ҳаммага Ҳақ ёр бўлсин. Яхши кунларда гўзал Ўзбекистонимизда, дунёда учрашмоқ насиб этсин. Истиқлол шарафи муяссар бўлсин. Юртимизнинг улуғ байрамини кўрмоқ, эшитмоқ, тингламоқ ҳаммага насиб этсин! Омин.

Би-би-си: Би-би-си билан суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат!Яхши ниятларингиз ўзингизга ҳам ҳамроҳ бўлсин!