BBCUzbek.com Ҳайит дастурхонингизга лаззатли қиймали пирогни тақдим этади

BBCUzbek.com таҳририяти Сизни муқаддас Рамазон Ҳайити билан қутлаб, Ҳайит дастурхонингизга мана бу лаззатли таомни тақдим этмоқчи:

ҚИЙМАЛИ ПИРОГ

Лозим бўлган масаллиқлар:

Хамир учун:

1. Бир катта косада олий навли ун

2. 250 грамм сариёғ

3. 300 грамм кефир (ёки уй шароитида тайёрланган суюқ қатиқ)

4. 2 дона тухум

5. Ярим чой қошиқ туз, бир чойқошиқ истеъмол содаси, бир чойқошиқ сирка ва бир чойқошиқ сув

6. Пирогнинг устига суртиш учун бир дона тухум сариғи ва бир чойқошиқ кефир аралашмаси

Қийма учун

1. 500 грамм қўй гўшти(сал ёғлироқ бўлса, янада яхши)

2. 2 дона йириккина бошпиёз

3. 1 дона ўртача катталикдаги картошка

4. Бир чойқошиқ зира, бир чойқошиқ мурч ва таъбга қараб туз

5. Агар гўштингиз ёғсиз бўлса, 2-3 ошқошиқ ўсимлик ёғи

Пишириш услуби:

Энг аввало хамирни тайёрлаб оламиз: 250 грамм сариёғни музлатгичдан олиб, қирғичнинг йирик тишидан ўтказамиз. Хамир қорадиган ўртача катталикдаги идишга қирғичдан ўтказилган сариёғ ва унни солиб, қўлимиз билан яхшилаб бир-бирига ишқаймиз. Сариёғ унга буткул ейилиб кетиши лозим. Идишдаги масаллиқ устига иккита тухумни чақиб соламиз. Унинг устидан кефирни соламиз. Кичкина чой пиёлачада истеъмол содаси, сирка ва сувни солиб, ҳосил бўлган аралашмани идишдаги қолган масаллиқларнинг устидан қуямиз. Ва юмшоқ қилиб хамир қориб оламиз. Агар идишдаги хамирингиз ўта юмшоқ бўлса, яна озгина ун қўшиб қоришингиз мумкин. Тайёр хамир қўлга ёпишмаслиги лозим. Шундан сўнг ҳосил бўлган хамирдан иккита зувала ясаб, устини салгина унлаб, сочиққа ўраб, 15 дақиқа дам олгани қўямиз.

Кейин қиймага ўтамиз: Гўштни худди сомса ёки мантига қилгандек қилиб, пичоқда майда кубик шаклида тўғраймиз. Картошканинг пўстини арчиб, уни ҳам кубик шаклида тўғраб оламиз. Пиёзни ўта нафис қилиб парраклаймиз. Тайёр бўлган масаллиқларни алоҳида бир идишга солиб, устидан зираворларни соламиз ва яхшилаб қориштириб оламиз.

Энди пирогни тайёрлашга ўтамиз: Духовкамизни 180 градусга мослаб, қизитишга қўямиз. Пирог пиширадиган листимизга эса, зарқоғоз тўшаб оламиз. Кейин биринчи зувалани листимизнинг катталигига мослаб ёямиз. Хамирнинг эни 5-6 миллиметрча бўлиши лозим. Кейин ёйилган хамирни ўқлоққа ураб, эҳтиётлик билан листнинг устига оламиз. Кейин унинг устидан қиймани бир текис қилиб ёйиб чиқамиз. Сўнгра иккинчи зувалани ҳам худди шундай шаклда ёйиб, яна ўқлоққа ўраб, қийманинг устини ёпамиз. Листнинг тўрт тарафидан ошиб қолган хамирларни эса, ўткир пичоқ ёрдамида кесиб, бир четга олиб қўямиз. Шундан сўнг, қийманинг остида ва устидаги хамир қатларини бирлаштириш учун пирогнинг четларини бир-бирига ёпиштириб, яхшилаб чимдиб чиқамиз. Устидан тухум сариғи ва кефир аралашмасини суртамиз. Пирогнинг четидан ортиб қолган хамирлардан ўткир пичоқ ёрдамида гуллар ва барглар ясаб, пирогнинг устини безаймиз. Нақшларнинг устидан ҳам тухум сариғи суртамиз. Истасангиз, пирогнинг устига озроқ қора мурч ёки кунжут доналари ҳам сепишингиз мумкин. Шундан сўнг, пирогни духовкага солиб, 50 дақиқа пиширамиз. Қарабсизки, хушбуй ҳидлари бутун ошхонангизга таралиб, қиймали пирог ҳам тайёр. Ёқимли иштаҳа!

Яна бир муборак Рамазон Ҳайити барчангизга муборак бўлсин!