BBCUzbek.comдан шодиёна дастурхонингизга яна бир пишириқ - 'Атиргул'

Шодиёна дастурхонингизга яна бир пишириқ - 'Атиргул'

Лозим бўлган масаллиқлар

Хамир учун

1. Ошхамирингизнинг ўртача қаттиқликда чиқиши учун лозим бўлган миқдорда олий навли ун ( чунки мен чамалаб соламан)

2. 3 дона тухум

3. 50 грамм сут

4. 50 грамм шакар

5. 2-3 ошқошиқ ўсимлик ёғи

6. Ярим чойқошиқ туз ва ярим чойқошиқдан сал ошиқроқ истеъмол содаси

Устига сепиш учун:

Таъбингизга қараб, қанд упаси ёки буғли ванначада эритилган 100 граммча оқ ёки қора шоколад эритмаси лозим бўлади.

Қовуриш учун:

500 грамм ўсимлик ёғи

Пишириш услуби:

1. Хамир қорадиган ўртача катталикдаги идишга тухум, сут, шакар, истеъмол содаси, туз ва ўсимлик ёғини солиб, вилка ёрдамида шакар эригунича яхшилаб ийлаймиз. Сўнгра оз-оздан ун солиб, чучваранинг хамиридан сал юмшоқроқ қилиб хамир қориб оламиз. Тайёр хамирни иккига бўлиб, зувала ҳолига келтирамиз. Устидан сочиқ ёпиб, 20 дақиқа тиндиришга қўямиз.

2. Тиндирилган зувалани 2-3 миллиметр қалинликда ёямиз.

3. Ёйилиб, тайёр бўлган хамирдан четлари нозик қилиб ишланган рюмка ёки стакан ёрдамида доирачалар кесиб оламиз. Кейин ҳосил бўлган доирачаларни учта, тўрттадан қилиб, устма-уст тахлаймиз. Кейин улардан ҳар бирининг ўртасига кўрсаткич бармоғимиз билан қаттиқ босиб, уларни ёпиштириб оламиз. Сўнгра ўткир пичоқ ёрдамида, четларини кесиб, гулбарглар ҳосил қиламиз. Истасангиз, менга ўхшаб атиргуллар билан бирга, барглар ҳам ясаб олишингиз мумкин.

4. Тайёр "атиргул"ларни қизиб турган ёққа, ташлаб, олтинранг тусга киргунча, бир-икки айлантириб, қовуриб оламиз.

5. "Атиргул"ларимиз совигач, устига қанд упаси сепамиз ёки буғли ванначада эритиб, тайёрланган шоколад эритмасини ошқошиқ ёрдамида доирасимон ҳаракатлар билан устидан айлантириб қуямиз.

Қарабсизки, яна бир лаззатли пишириғимиз тайёр. Ёқимли иштаҳа:

Ҳозир айнан пишиқчилик мавсуми эмасми, кейинги гал бақлажон ва ёнғоқли ажойиб бир салатнинг рецептини эътиборингизга ҳавола этиш истагидамиз.