Би-би-си меҳмони - Муҳаммадбобур Маликовнинг саволларга жавоблари

Таниқли Ўзбек давлат арбоби Муҳаммадбобур Маликов 1948 йилда Тошкентда туғилган.

У Ўзбекистон Олий Кенгаши раиси Йўлдош Охунбобоевнинг невараси.

Муҳаммадбобур Маликов 1967 йилда Тошкентдаги Авиация техникумини битирган ва ТАПОИЧ заводида ишлаган.

1972 йилда Тошкент Давлат университетининг Юридик факультетини тамомлаган.

Қатор йиллар мобайнида Прокуратура ва Адлия органларида фаолият юритган.

Муҳаммадбобур Маликов 1983 йилдан Ўзбекистондаги маҳкама тизимида иш бошлаган.

1989 йилда Ўзбекистон Олий Судининг раиси этиб сайланади.

У Ўзбекистонда "Пахта иши" деб аталган жиноий ишларнинг қайта кўриб чиқилиши ташаббускори бўлган.

Бу ишлар қайта кўрилиши натижасида Москвадан Ўзбекистонга юборилган Гдлян ва Иванов раҳбарлигидаги терговчилар гуруҳлари айбдор деб топган 3500 дан ортиқ инсон номини оқлашга эришилади.

Муҳаммадбобур Маликов 1991 йилда Ўзбекистон Адлия вазири этиб тайинланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Ўзбекистоннинг АҚШдаги биринчи элчиси Муҳаммадбобур Маликов АҚШ президенти Билл Клинтон ва ўзининг оиласи аъзолари билан бирга

У Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги биринчи элчиси бўлган.

1993 йилда Ислом Каримов ҳокимиятини "фашизм" деб айблаган Муҳаммадбобур Маликов АҚШдан сиёсий бошпана сўраган ва ҳозирги кунгача АҚШда истиқомат қилади.

"90 ёшга тўлган онамни 18 йилдан буён кўрганим йўқ", дейди у.

Би-би-си меҳмони Муҳаммадбобур Маликовнинг саволларга жавоблари

Ботир Норбой: "Бирлик халқ ҳаракати" рўйхатга олингандан кейинги ҳужжат топшириш маросимида кўп "бирлик"чилар қатори мен ҳам қатнашганман. Сизнинг гапларингиз, ўзингизни тутишингиз шахсан менда яхши таассурот қолдирган. Сизни "Бирлик халқ ҳаракати"ни рўйхатга олишда қай даржада хизматингиз борлигини сўрамоқчи эдим.

Муҳаммадбобур Маликов: Бу савол қай даражада хизматингиз борлиги ҳақида. Менинг «Бирлик”ни рўйхатдан ўтказганимнинг ўзи хизматнинг бир тури, хизматнинг катта бир қисми бўлар эди. Лекин биргина рўйхатга олиш билан менинг хизматим тугамаган. Гап шундаки, «Бирлик” Халқ ҳаракатини рўйхатга олишда мен жуда катта кураш олиб борганман. Биз шахсан Ислом Каримов билан бу борада жанжаллашишгача борганмиз. Каримов ўз вақтида “Бирлик” партиясини рўйхатдан ўтказишга рози бўлган. Лекин Абдураҳим Пўлатов оёғини тираб олиб, “йўқ, халқ ҳаракатини рўйхатдан ўтказасиз”, деб туриб олгандан кейин мен ўзимнинг Адлия вазирлигидаги хонамга “Бирлик»нинг ўша пайтдаги раҳбариятидан Абдураҳим Пўлатовни, Бек Тошмуҳамедовни ва яна икки-уч одамни чақириб, улар билан суҳбатлашганман. Уларга тушунтирганман: мен «Бирлик” партиясини рўйхатдан ўтказсам, у ҳолатда «Бирлик” номзоди президентлик сайловида қатнашишга ҳақли бўлади. Ва сизлар ўз номзодларингни кўрсатишларинг мумкин. Партияни рўйхатдан ўтказиш менга ҳам осон бўлар эди, деб очиғини айтдим. Лекин Абдураҳим Пўлатов оёғини тираб олди, ҳозир Абдураҳим ака “мен ҳаётимда ҳеч қандай хато қилмаганман”, деб юрипти, майли гапираверсин, нима деймиз. Лекин оқибатда мен шу масала бўйича Каримовнинг олдига бориб, Каримов билан то жанжалашишгача бордим. Ва оёғимни тираб, Ўзбекистонда қонунга сиз қўл қўйган бўлсангиз, қонуннинг ижросини мен бажаришим керак. Қонунда қандай айтилган бўлса, мен ана шундай ижро этаман, деб уни «Бирлик» Халқ ҳаракатини рўйхатдан ўтказишга мажбур қилганман. Қайси маънода? Унинг розилигини олганман. Шу менинг хизматим. Шунинг оқибатида мен ҳам келгусида сургунга – Америкага элчи қилиб юборилиб, оқибатда мен ҳам сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлдим. Эсларингдан чиқарманглар: Ўзбекистоннинг тарихида иккита мухолифат ҳаракати, биттаси “Бирлик” Халқ ҳаракати, иккинчиси “Эрк” партиясини рўйхатдан ўтказган ягона Адлия вазири мен бўлганман. Ботир ака, раҳмат саволингизга. Мана шу сизнинг саволингизга жавоб.

Eldor, Hollandiya: Assalomu alaykum Муҳаммадбобур Маликов siz davlat tizimining kop sohalarida ishlagan ekansiz .Siz ishlagan davir va hozirgi davir farqlari qanday. Hozirgi sistemani kelajagi qanday bolishi mumkun?

Муҳаммадбобур Маликов: Мен ишлаган давр билан ҳозирги даврнинг фарқи жуда катта. Биз қанчалик Горбачёвни танқид қилмайлик, шундай улкан мамлакатнинг “бошини единг”, деганимизга қарамасдан, унинг даврида ошкоралик, очиқлик, эркинликнинг биринчи нурлари пайдо бўлган эди. Биз анча эркин ишлаб бошлаган эдик. Ана шу ўзгаришлардан руҳланиб мен Горбачёв даврида “пахта иши”ни кўтарган, Москванинг Гдлян-Ивановлар бошчилигидаги «жаллодлари”га қарши минбарлардан гапира олганман. Судимиз анча эркин бўлган эди Горбачёв ҳукмронлигининг охирги 4-5 йилида. Ўзбекистон суди анча кучли ва мустақил бўлиб қолган эди. Биз прокурорлардан, терговчиларнинг «кирдикорларидан” қўрқмасдан, иш олиб борган эдик. Ҳозирги ҳолатда мен билишим бўйича на суднинг мустақиллиги бор, на қонунийлик бор. Ундан ташқари, ҳозирга келиб Ўзбекистон жуда кўп нарсани йўқотиб бўлди. Ижтимоий ривожланиш – бир, иқтисодий риқожланиш – икки, сиёсий риводланиш – уч. Ўзбекистон ривожланмасдан, аксинча орқага кетаяпти. Манна, демократия йўқ, эркин иқтисодиёт йўқ, мана мисол учун ижтимоий ҳаётда ҳам жуда катта салбий ўзгаришлар бўлаяпти. Шунинг учун сизнинг “ҳозирги системанинг келажаги қандай бўлиши мумкин”, деган саволингизга мен, афсуски, ижобий жавоб беролмайман. Ва айтаманки, бу система давом этса, Ўзбекистоннинг келажаги вой.

Bankir, London: Muhammadbobur aka, siz taniqli shaxs, 80-90yilardagi o'zbek siyosiy elitasinig faol a'zosi bo'lgansiz. Ya'ni Sovet sistemasining bo'lagi bo'lgan, Karimov rejimini juda yaxshi bilgansiz va ulkan yutuqlarga erishgansiz. Lekin, shunga qaramay, uni 'fashist' deyishingizning va siyosiy boshpana so'rashingizning sabablari nima bo'lgan?

Муҳаммадбобур Маликов: Бизга савол юборган Мадинахон ҳам шу ҳақда сўрапти. Мен сизларга фашизм нималигини эслатмоқчиман. Сизлар ҳам Google орқали рус тилида ёки инглиз тилида “фашизм” деб ёзиб қидирсангиз, жавобини топишингиз мумкин. Фашизм – бу, авваламбор, авторитар, миллатчи, сиёсий ғоя. Тоталитар, бир партияли ҳукуматни қуриш фашизмнинг асосий ғояси бўлади. Фашизм бутун миллатни, бутун халқни бирлаштириш учун тарбия орқали, жисмоний тарбиядан, оилавий тарбиядан фойдаланилади. Фашизм даврида энг асосий нарса – ҳукуматнинг, нима десак, етакчисими, доҳийсими, бўлади. Ва уни, авваламбор, корпоратив кучлар қўллаб-қувватлайди. Энг қизиғи, уни шу мамлакатдаги касаба уюшмалари қўллаб келади. Нимага деганда, фашизм – социализм деганидир. Фашизм ҳукмрон бўлган мамлакатда на иқтисодий эркинлик бўлади, на ижтимоий ва на сиёсий эркинлик бор. Фашистларнинг фикрига кўра, халққа кучли раҳбарият керак. Бу раҳбарият керак бўлганида куч ишлатиб, зўравонлик ишлатиб, халқни мажбурлашга боришга ҳақлидир. Бу фашист давлати, фашист ҳукуматининг асосий ғоялари. Ҳар қандай фашистик мамлакат, фашистик давлатда фашистлар ичкаридан ва ташқаридан ўзига душман ахтаради. Ҳамиша душман ахтариб, улар билан кураш олиб боради. Мухолифатни мутлақо йўқ қилади. Дунёвий мухолифатни йўқ қилиб ташлайди, ва албатта, диний оқимларга ўзининг зарбасини ўтказади. Мана энди қаранг, Ўзбекистонда диний оқимларга ҳукумат ўзининг зарбасини ўтказиб, одамларни қамайди. Бугун ташқи душманлари ҳам бор Ўзбекистоннинг. Ташқи душманлари атрофдаги мамлакатлар. Шунинг учун мен Ислом Каримов ҳукуматини, Каримов режимини фашист режими, фашист ҳукумати деб атаб, Ўзбекистонни тарк этганман. Менинг дунёқарашим ҳеч қачон фашист дунёқарашидаги кишилар билан бирга ишлашга тўғри келмайди. Бунга виждоним йўл қўймайди. Шунинг учун мен Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганман.

Bankir: Oradan 10-11 yil o'tgach, 'Serquyosh O'zbekistonim' harakati orqali siyosatda yana muhim rol o'ynashga haqiqatdan ishongamisiz?

Муҳаммадбобур Маликов: Биринчидан, мен ҳеч қачон “Серқуёш Ўзбекистоним”нинг на аъзоси, на фаоли бўлганман. “Серқуёш Ўзбекистоним” мен ўзимнинг мамлакатдаги сиёсий фаолиятимни бошлаганимдан кейин юзага келган. Мен ўзимнинг сиёсий фаолиятимни 2003 йилда, “Озод деҳқонлар” партияси билан бошлаганман. Сабаби, мен бу ердаги мухолифат гуруҳларининг фаолиятини ўрганиб, уларнинг ҳеч қандай перспективаси йўқлигини кўрганимдан кейин “Озод деҳқонлар” партиясининг фаолиятини жонлантиришга ҳаракат қилганман. Менинг “Серқуёш Ўзбекистон”га ҳеч қандай алоқам йўқ, ваҳоланки, бу ҳаракатга менинг муносабатим ўта салбий. Нимага деганда, мен ўз вақтида бу ҳаракатни, бу одамларни “фрондёр” деганман. Бу фронда сўзидан. Фронда, бу Францияда қирол даврида қирол атрофида юрган яқин одамлари номига қиролга норозилик изҳор этганлар, ўзларининг мухолифликларини кўрсатишга ҳаракат қилганлар. Лекин қиролнинг барча имтиёзларидан, қирол уларга берган барча имкониятлардан фойдаланганлар. Шунинг учун мен уларни “фрондёрлар” деганман.

Ассалом алайкум Муҳаммадбобур ака. Мен Тожикистоннинг Суғд вилояти Спитамен ноҳиясидан, исмим Равшан. Тожикистонлик бўлсамда Ўзбекистондаги вазият бу ердаги кўплаб ўзбеклар сингари мени ҳам қизиқтиради. Аввало бобомиз Бобур сингари она ватандан мажбурий узоқдалингиз учун хазин кўнглингизга Аллоҳдан нур истаб қоламан. Сизнинг борада кўп ва хўп эшитганман. Лекин хорижда ўзини сиёсий фаол кўрсатишни истаётган ва бунга ҳаракат қилаётган ўзбеклар қаторида номингизни учратмадим. Хорижда айни ҳукуматга мухолиф турган ўбек ёшлари ҳам талайгина. Нега сиёсий фаолликни тарғиб қилаётганлар сафида эмассиз? Эътиборингиз учун раҳмат. Фарзандларингиз кўрки кўзингизга нур бўлсин.

Муҳаммадбобур Маликов: Мен Санжар Ёқубдан ҳам савол олдим. У нега қийноқларга қарши фаолият кўрсатмадингиз. Ахир ўзингиз Ўзбекистондан қийноқлардан қочиб кетган эдингиз-ку, дегандай савол берилган. Авваламбор, саволларинг учун катта раҳмат. Мен бир нарсани тушунтирмоқчиман. Ўзбек тилида ошкор инсон ёки очиқ жамият инсоними, дея қабул қилиш мумкин ибора бор. Рус тилида "публичний человек" деган гап бор. Мен ҳеч қачон ўзимнинг номимни чиқармаганман ва ҳар хил баёнотлар билан чиқиб овоза қилмаганман. Шунинг учун сизларнинг кўпларингиз менинг қилган ҳаракатларим ҳақида мутлақо бехабарсизлар. Балки менинг қилган ишларим мана шундай очиқ гапирилган гаплардан муҳимроқдир. Нега деганда мен ишлаган жойларимда жуда "катта" одамлар билан, мансабдор шахслар билан учрашиб, жуда катта масалалар ҳақида гаплашиб келганман. Ва бу ҳақда мен билан бу ерда бирга юрган, менинг сафдошларим қаторида Жаҳонгир Маматов, Абдураҳим Пўлатовлар унча-мунча хабардорлар. Мисол учун мен қийноқлар ҳақида ҳам конкрет шахслар билан гаплашганман, уларга тушунтирганман, "қулоғига қуйганман". Бақириқ-чақириқ қилганим йўқ-ку, лекин менинг ишим кабинетда иш олиб бориш. Яна бир томони бор, мана Ўзбекистонни тарк этганимга 18 йил бўлиптики, мухолифатчилар мени жуда яхши билишади ва танийди. Мисол учун, мана менинг фикримча, келажаги яхши бўладиган, тўғри сиёсат олиб бораётган "Бирдамлик" ҳаракатининг етакчиси Баҳодиржон Чориев мен билан ҳар вақт суҳбатлашиб, ҳар вақт мен билан маслаҳатлашади. Нима учун? Сабаби, керакли вақтда керакли жойда менинг тажрибамдан фойдаланиш учун. Ундан ташқари, менинг ишлаётган жойим ва ишим. Айтганча, баъзи саволлар менинг ҳозир нима иш қилаётганим ҳақида эди. Шу жойда айтиб кетай: Мен ҳозир АҚШ Давлат департаментининг чет эллар тиллари институтида ўзбек тилида дарс бераман. Аҳамият беринг! Ўзбек тилида Америка дипломатларига дарс бераман. Албатта, улар қайси дипломатлар эканлигини сиз яхши тушунасиз. Шунинг учун менинг ўзимнинг фаолиятим, менинг имкониятларим бошқа мухолифатчилардан фарқланади ва мен ўзимнинг ўрнимни, ўзимнинг жойимни ва фаолиятимни яхши тушунаман ва биламан.

Shuhrat, Myunxen, Germaniya: Siz ko'p yillar mobaynida davlat organlarida ishlagansiz, prezident bilan yonma-yon bo'lgansiz, bugungi O'zbekiston Respublikasini umumiy planda tasvirlab bera olasizmi? Ya'ni Prezident xalqni qay tomonga boshlayapti va bu qanchalik o'zini oqlaydigan qadamlar, O'zbekistonda "Klanlar" (agar bo'lsa) davlatda qay darajada mustaqillikka ega, buni prezident qay darajada boshqaradi? O'zbekistonda poytaxt va viloyatlarda bo'layotgan barcha qonunbuzarliklardan prezident qay darajada boxabar bo'ladi?

Муҳаммадбобур Маликов: Шуҳратжон, энг аввало, ўзбек халқининг жуда ҳам дон мақоллари бор. Бири шуки, "Шаҳар бедарвоза бўлса, ҳоким ишдан кетиши керак". Мисол учун Ўзбекистонда коррупция, товламачилик, порахўрлик ва ҳоказо бўлса, бунга йўл қўйган одам, энг авваламбор, президент. Ҳар бир ишга аралашган инсон наҳотки Ўзбекистонда бўлаётган жараёнларни билмайди? Мана мисол учун ўтган ойда мен ўқидим: вилоят прокуратурасида ишлаётган бир оддий ходимнинг уйидан ўғри 200 минг доллардан ортиқ пулни ўғирлаб кетган. Мана сизга ҳолат. Қандай қилиб оддий прокуратура ходимининг уйидаги сейфида бунча кўп пул бўлади? Энди ўғрининг бу ўғирлигидан мамлакатда жиноятчиликка қарши кураш қай аҳволда эканини ҳам ўзингиз тушуниб олаверинг! Энди менинг билишимча, афсуски мен Ўзбекистонда 18 йилдан буён бўлганим йўқ, данғиллама саройлар, ҳашаматли уйлар ва машиналар оддий кучишлатар органларнинг ходимларига тегишли. Бу ўша милиция ходимлари, прокурорларнинг судьяларнинг уйлари. Ахир булар очиқдан-очиқ далил-ку. Бу ўша одамнинг пора олаётганининг далили-ку. Бундан ортиқ яна нима керак? Бу ўйин. Каримов буларнинг ҳаммасини билади. Бу одамларнинг ҳаммасининг Каримовнинг олдида тили қисиқ. Бу сиёсат ҳеч яхшиликка олиб бормайди. Оқибати жуда ёмон бўлади. Ва Ўзбекистоннинг иқтисодиёти ҳам, сиёсий ҳаёти ҳам ўпирилиб тушиши мумкин. Яқинда жуда катта тантаналар билан Тошкент билан Самарқанд ўртасида янги темир йўлни очишди, Испаниядан олиб келинган янги поездни ишга туширмоқчи бўлишди. Поезд дарҳол ишдан чиқипти. Нима учун? Поезддаги машинист испан экан, Ўзбекистон ҳолатини билмаганидан, темир йўлларнинг ҳали тайёр эмаслигини билмаганидан поездни оддий режимда ҳайдай бошлаган экан, поезд ишдан чиқипти. Бу темир йўл учун рельсни Бекобод атрофидан, Фарғонага қатнайдиган темирйўлдан олишипти, ҳозир Фарғонага ҳам темирйўл йўқ эмиш. Тожикистонни кесиб ўтиш учун темир йўл ҳам йўқ. Чунки Тожикистон билан алоқа буткул бузилиб кетди. Энди Фарғона водийси темир йўлсиз қолган. Мана сизга ҳолат. Бундай ҳолатларнинг мингтасини мисол қилиб келтириш мумкин ва шу кетишда давом этаверса, Ўзбекистоннинг аҳволи вой.