Абдулазиз Карим: 'Ўзбекистонда маданий ислоҳотлар қилиш керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим 1973 йилнинг 23 ноябрида Тошкент шаҳрида туғилган.

У санъат соҳасига ёшлигидан кириб келганини айтади.

"Санъатга ёшлик давримдан кириб келганман, десам бўлади, чунки боғчага борган давримда ҳар хил мусиқалар ёзиб юрар эдим. Шунинг учун, отам В.А.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабига ўқишга берганлар", дейди у.

Абдулазиз Карим мусиқа мактабини 1991 йилда тамомлаганидан сўнг, 1991-1996 йилларда Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиция факультетида таҳсил олган.

У фаолиятини опера, симфония ва хор жамоаси учун асарлар ёзиш билан бошлайди.

"Ғарбий Оврўпо мусиқасига эҳтиёж кам бўлганлиги сабаб, 1998 йилдан эстрада жанрида ижод қила бошладим", дейди қўшиқчи.

Кейинроқ Абдулазиз Карим "Қурбон бўламан", "Узун армонлар", "Ягонам ўзинг", "Ёнарим" каби қатор қўшиқлари билан танилади.

"Устозим, композитор Тўлқин Умарович Қурбонов берган ўгитлари зое кетмаганидан хурсанд бўлгандим ўша кезларда", дейди у.

Абдулазиз Карим - ҳозиргача 7 та мусиқа албоми, 300га яқин қўшиқлар муаллифи.

"Давлат тадбирларида, хусусан, Наврўз, Мустақиллик байрамларида фаол иштирок этганман. 2000 йил август ойида ёш истеъдодлар учун президентимиз томонидан таъсис этилган "Ниҳол" мукофоти совриндори бўлганман".

2003 йилда Абдулазиз Каримга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилган.

Аммо, ҳозир у Ўзбекистонда эмас, Қозоғистонда ижод қилмоқда.

У ўзининг мамлакатдан чиқиб кетишини "оилавий" сабаблар билан бирга Ўзбекистондаги "реклама фаолияти"га таъқиқ қўйилгани билан изоҳлайди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим билан суҳбат

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Демак, бу галги Би-би-си меҳмони ўзбекистонлик таниқли қўшиқчи Абдулазиз Карим бўладилар. Ассалому алайкум Абдулазиз, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Абдулазиз Карим: Ассалому алайкум!

Би-би-си: Абдулазиз, мана шу санъат соҳасини танлашингизга сабаб нима бўлган?

Абдулазиз Карим: Авваломбор, ассалому алайкум, меҳмон сифатида чақирганларингиз учун ташаккур билдираман. Отам Сирожиддин Сафиевич Каримов 1971 йил Мухтор Ашрафий номидаги Тошкент Давлат консерваториясининг дирижёрлик факультетини тамомлаганлар. Бутун умр санъат соҳасида меҳнат қилган инсон. Қолаверса, Маданият вазирлигида 36 йил ишладилар. Шунинг учун, илк бор санъатга қадам қўйишимга сабаб, албатта, отам бўладилар. Ёшлик давримда ўзимча ҳар хил мусиқалар тўқиб юрардим, "боламда шу истеъдод бор экан, бу композитор бўлади", деб Успенский номли мактабига олиб борганлар. 7-8 синфда ўқиб юрган пайтларимда Исломий илмга қизиқдим-да, ўша пайтда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг раиси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эдилар, отам ўша кишининг олдиларига олиб бордилар. "Ман ўқишга кираман. Мир Арабга бораман, Ислом институтига бораман", деб жанжал қилавердим. Қизиқарли ҳолат-да, борганимизда, муфти ҳазратлари: "Ҳа, тақсир, нима иш қиласиз?" дедилар. Ман айтдим: "Шу мусиқа ёзаман". "Қандай қилиб мусиқа ёзасиз?" дедилар. "Билмайман, миямга келади, қалбимга келади ҳар хил мусиқалар. Шуларни ёзаман", дедим. Кейин ҳазрат бундооқ ёнларига қараб, муовинларига: "Тақсир, сизнинг миянгизга, қалбингизга мусиқа келадими?" дедилар. Улар:"Йўқ", дейишди. "Мани ҳам миямга, қалбимга мусиқа келмайди, боринг, ишингизни қилаверинг. Оллоҳни марҳаматини инкор қилманг", деб ҳайдаб юборганлар. Шу соҳада кетдим ва шу соҳада ўзимга етарлича кўп нарсани ўргандим. Шу соҳага кетганимга шу одам ҳам сабабчи бўлади деган маънода гапирмоқчиман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Абдулазиз Карим Салим Абдувалиевга айтган қўшиғи боис реклама фаолиятга тақиқ қўйилганини айтади

Би-би-си: Истанбулдан Асрориддин Алимов исмли тингловчимиз: "Ассалому алайкум Абдулазиз ака, нега Ўзбекистонни тарк этдингиз? Қозоғистонда ҳозир нима иш қиляпсиз?" дея сўрабдилар. Олмониядан Шуҳрат Ҳайдаров ҳам Қозоғистонда қандай ижод билан шуғулланаётганингизга қизиққанлар: "Агар куйлаётган бўлсангиз қайси тилда (рус, ўзбек ёки қозоқ тилидами?) ва буни қандай қабул қилишмоқда? Анча йиллар олдин "Саҳар" гуруҳининг ҳам Қозоғистонга чиқиб кетгани ҳақида эшитган эдик, мана шундай чиқиб кетиш ва ижод билан шуғулланиш қандай кечади?" деб сўраганлар. Марҳамат.

Абдулазиз Карим: Чиқишимни ижодий сафар деса ҳам бўлади. Чунки, баъзи бир сабабларга кўра, оилавий сабабларим бор у ерда. Ва "Ўзбекнаво", Маданият вазирлигидаги баъзи инсонларнинг ҳаракати туфайли ҳам чиқиб кетдим. Яъни, тўғрироғини айтганда, реклама фаолиятимга сал путур етиб қолди. Ҳеч қанақа сиёсий хафагарчилик ёки бир тушунмовчилик оқибатида чиқиб кетганим йўқ. Ман Ўзбекистон ватанимни жуда яхши кўраман, давлатимни ҳам яхши кўраман, Президентимни ҳам яхши кўраман. Чунки, Президент манга бир қанча унвонларни берган. Масалан, "Ниҳол" мукофотининг биринчи совриндори бўлганман 2000 йилда. 2003 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига эга бўлдим. Қозоғистонда ҳозир ишлаётганим сабаби - мани бир студияга таклиф қилишган. Бу студияда ман наинки бир ашулачи сифатида, балки композитор оранжировкачи сифатида иш олиб бораяпман.

Би-би-си: Сахалиндан Тадбиркор номи билан мактуб йўллаган мухлисингиз шундай ёзадилар: "Абдулазиз ака, мен ҳам сизнинг мухлисларингиздан бириман. Саволим: ўзингиз яратган қўшиқларингиз ичида энг ёққани қайсию қайси мавзуда етарлича куйлай олмаганман, деб ўйлайсиз? Тезроқ Ўзбекистонга қайтишингизни тилаб қоламан". Марҳамат.

Абдулазиз Карим: Авваломбор, саволларига раҳмат. Ман ҳар битта қўшиғимдан, нима дейди, тафтиш ўтказаман-да. Ҳар сафар қўшиғимни эшитганимда: "Бу ёғини нотўғри ёзиб қўйибман, бу ёғини яхши айтмабман. Оранжировкасида бунақа камчилиги бор экан, деган бир аламларим ичимда қайнаб ётаверда-да, шунинг учун ўзимнинг қўшиғимни ўзим эшита олмайман. Умумий қилиб айтганда, ҳамма қўшиғимдан қониқмаганман, тўғрисини айтсам. Энди, албатта, санъат профессоналлар учун эмас, уни тингловчи баҳолайди. Шунинг учун, шунчалик мухлисларим борлигига жуда хурсандман.

Би-би-си: Олмониядан Шуҳратнинг навбатдаги саволлари: "Ўзбек санъаткорлари орасида кимларни ҳақиқий санъат билан шуғулланган ёки шуғулланяпти, деб ҳисоблайсиз? Ҳақиқий санъат тушунчасини қандай тушунасиз (масалан, адабиётлар хослар адабиёти деган тушунча бор)?"

Абдулазиз Карим: Лев Толстой айтганидек, энг буюк санъаткор-Яратган Парвардигор. Биз унинг воситачисимиз, ҳаракатдамиз. Ўзбек санъатига келадиган бўлсак, жуда кўп уста моҳир санъаткорларимиз яшаб ўтишган. Ҳозирда ҳам ижод қилишмоқда. Манга кўпроқ Расул қори Мамадалиевнинг ижоди ёқади. Фаттоҳхон Мамадалиев, Юнус Ражабий, Ҳожи Абдулазиз Расулов ашулаларини маза қилиб эшитаман. Қолаверса, эстрада жанридаги илк етакчимиз Ботир Зокиров, "Ялла" гуруҳи ва ўзим Равшан Намозовнинг ашаддий мухлисиман. Чунки, Равшан ака ҳақиқатдан ўзбек халқ оғзаки ижодидан унумли фойдаланадиган ягона санъаткор. Чунки, фолклорни айтиб чиқиш бошқа, уни эстрада жанри билан уйғунлаштириш катта маҳоратни талаб қилади. Равшан Намозов шуни уддасидан чиққан инсон. Ундан ташқари, Муҳриддин Холиқов раҳматлининг ижодларини яхши кўраман. Уларнинг маъноли қўшиқлари бор. Овозлари жуда гўзал бўлган, Худо раҳмат қилсин. Уларникидек овоз ҳозирги санъаткорларимизда йўқ. Ботир Зокиров, Муҳриддин Холиқов, Муҳаббат Шамаеваларникидек овозлар, афсуски, ҳозир йўқ, минг афсус. Балки, бордир, лекин албатта, ҳамма нарса маблағга тақалади, тўғри тушунасиз. Кўпчилик мана шу муаммога келганда ижодини фаоллаштира олмай қолади.

Би-би-си: Катта раҳмат, Абдулазиз. Шуҳрат шунингдек, "жаҳон мусиқасидан кимларни тинглашингиз" билан ҳам қизиққанлар. Марҳамат.

Абдулазиз Карим: 16 йил мусиқа соҳасида ўқиганим учун, авваломбор, шу Успенский мактабида ўқиган пайтимда 11 йил давомида устозларимиз мани шу Ғарбий Оврўпо мусиқасига тарбиялаб қўйишган, деса бўлади. Шунинг учун, ман кўпроқ Ғарбий Оврўпо мусиқасини тинглайман. Бетховеннинг асарлари, Чайковский, Шостакович, янги классиклар - Шимановский, Пендерецкийлар бор, уларни мароқ билан тинглайман. Поп жанрида, рок жанрида гапирадиган бўлсак, албатта, "Битлз"ни, Стингни жуда яхши кўраман. Стив Уандер манга жуда ёқади, Жордж Бенсоннинг деярли ҳамма албомлари бор. Ҳаммасини кўчириб олганман. Манда мусиқада қанақадир чекланиш йўқ. Жазни ҳам, рокни ҳам, фолкни ҳам эшитаман. Рокнинг 28та услуби бўлса, ҳаммасини эшитаман...Ман жаҳон мусиқасига қизиқаман ва ҳар сафар қанақа янги албом ёки қизиқарли қўшиқ чиқса, албатта, уни маза қилиб эшитаман.

Би-би-си: Шунингдек, Шуҳрат: "Бобораҳим Машраб қаламига мансуб бир неча қўшиқлар яратган этингиз, шу қўшиқлар яратилиши борасида бироз тўхталсангиз, бу ғоя кимники эди?" дея билишни истабдилар.

Абдулазиз Карим: Раҳмат Шуҳратжон, шунчалик ижодим билан қизиқиб савол берганингиз учун. Композиторлик факультетида ўқиганингиздан кейин бевосита классик намояндалар билан ишлашингизга тўғри келади. Мани устозим, Худо раҳмат қилсин, Тўлқин Умарович Қурбонов айтган гаплари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди, яъни: "Бирон бир романс ёзасанми, хор асари ёзасанми ёки оддий бир қўшиқ ёзасанми, сўзига эътибор бергин. У сўзнинг маъноси бўлсин, уни ёзган одамнинг ўзи бир етук инсон бўлиши керак", деган ўгитлари ёдимда қолган. Ўша ўгитларига асосланган ҳолда ман иложи борича классик шиорларимизнинг асарларидан фойдаланаман. Ҳозирги шоирлардан асосан Бобур Бобомурод, Саодат Донобоевалар билан ижодий ҳамкорликда ишлаганман. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларига ҳам 70дан ортиқ акапелла жанрида хор асарларим бор. Бир хил санъаткорлар бор тайёр қўшиқ олади-да, кейин унга шоир қидириб юришади, "шу қўшиққа шеър ёздирсам", деб. Бу жуда нотўғри нарса. Қўшиқ шеърдан ёзилади. Яъни, бирон бир шеърни ўқиганингизда уни ритмикаси бўлади ўзига яраша. Ана шу ритмикасига таянган ҳолда мусиқий мавзу чиқиб келади. Ана ўшанда у чиройли қўшиқ бўлади. Албатта, шеъриятни жуда яхши билиш керак. Уни талқин қила олиш керак. Ҳозир жуда кўп шоирчалар кўпайиб кетган. "Тоғда кўрдим сани, армоним сан" деган сўзларни ёзишади. Жуда ҳам ачинарли ҳолат. Шунинг учун, хоҳлардимки, профессонал шоирлар билан кўпроқ ишлашса...

Би-би-си: Ўзбек эстрадасида енгил-елпи қўшиқлар кўпайиб кетгани борасида тез-тез гапирилади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

Абдулазиз Карим: Маданиятни реформа қилиш керак. Маданият, биринчидан, бу - мафкура. Мафкура бу жуда кучли нарса. 40 минут лекция эшитгандан кўра 2 минутлик қўшиқ билан ман-ман деган одамнинг мафкурасини ўзгартириб юборишингиз мумкин. Шунинг учун, маданиятга жуда катта эътибор бериш керак. Айтмоқчи бўлганимки, илгари бадиий кенгашлар бўларди, мана шу нарсани яна қайта тиклаш керак. Ҳозир ҳамма нарса тижорат бўлиб кетган. Телевидениега борасиз, пулини тўлайсиз, қанақа қўшиқ бўлиши, сифатига қаралмасдан қўйилади. Яъни, ҳамма нарса тижоратга айлантирилиб юборилган. Мана шуниси ачинарли ҳол. Иккинчидан, кино индустриямизни яхшилаб кўриб чиқиш керак. Айтмоқчи бўлганимки, бутун кинолар Тошкент шевасида олинмоқда. Бу жуда ҳам ачинарли ҳол. Агар Тошкент шевасида кино олинадиган бўлса, 10 йилдан кейин ҳозир Алишер Навоийни тушунмагандек, ёшларимиз Абдулло Қодирийни тушунмай қолади. Адабий тилимиз йўқ бўлиб кетади. Қайси кинони қўйманг:"Ҳов қаққа кетвоссан, бутга кемейсанми, борвоссанми", деган гапларни эшитамиз. Бу нарсаларни йўқотиш керак. Тошкент шевасини агар ишлатадиган бўлсак, бошқа шеваларда ҳам кино олайлик. Хоразм шевасида олайлик, унча-мунча одам тушунмайди. Наманган шевасида олайлик. Адабий тилимиз қани? Ундан ташқари бизда Бастакорлар уюшмаси бор, ўшани бир реформа қилиш керак. Қанақадир махсус грантлар ажратиш керак. Ҳар битта асарларга симфония бўладими, концерт бўладими, хор асарлари бўладими, қанқадир конкурслар эълон қилиш керак. Уларни қўллаб-қувватлаш керак, дунё миқёсига олиб чиқиш керак. Ўзбекнинг жази ҳам, роки ҳам, симфонияси, операси ҳам ҳамма жойда янграши керак. Фақатгина бир хил костюм-шимда, галстукда ёқдан бу ёққа 10та ўйинчини ўйнатиб қўйиб юрадиган ашулачилар керак эмас. Бунақада ривожланиш бўлмайди. Баъзи бир давлатлар ҳозир фонограмма ишлатганига штраф қилиб қўйган. Бизда ҳам шунақа бир нарса қилиш керак. Ана кўраман кейин эртага қанча артист қоларкан. Наби Раҳимов раҳматли айтганлар: "Артист бор, артис бор", деб. Бухорога борганда битта йигитни кетмон кўтариб юрибди. Шаляпиндан овози ками йўқ. Саттор Ярашевларга ўхшаб айтади. Қани, ўша бечора йигитлар, кўтарила олмайди. Бир тийин пули йўқ, чунки. Лекин, кечирасиз, Мирзабек Холметовнинг бир аскияси бор: "Ким эридан ажрашса, ашулачи бўлиб кетяпти", дейди, шунақа аҳвол бўлиб қолган. Лицензия тизимини кўриб чиқиш керак. "Ўзбекнаво" уюшмаси лицензия беришдан бошқа ҳеч қандай иш олиб бормайди. Лицензиясига миллионлаб пул тўйлайсан, санга бирон бир нарса керак бўлса, фестивал ёки конкурсга қатнашадиган бўлсанг, ҳеч қанақа ёрдам ҳам бермайди, ҳеч қанақа авторлик ҳуқуқида ҳам туриб бермайди. "Ўзбекнаво" йўқ қилиш керак, умуман керак эмас.

Би-би-си: Ҳамма нарса пулга бориб тақалади, демоқчимисиз? Яъни, бу маданият соҳасида ҳам коррупциянинг илдиз отганини кўрсатадими?

Абдулазиз Карим: Йўқ, биласизми, ҳамма нарса пулга бориб тақалади, демоқчи эмасман. Ман айтмоқчиманки, реформа қилиш керак. Яъни, бир тўғри йўсинга қўйиш керакки маданиятни, ана ўшанда бошқача ривожланиш бўлади. Миллийлик бўлиши керак. Миллатимизнинг мафкурасини баланд кўтариш учун ҳаракат қилиш керак. Унга керакли бир урғу бериш керак.

Би-би-си: Ҳозир Ўзбекистонда шундай бир ислоҳотлар қилиш имкониятлари бор, деб ўйлайсизми?

Абдулазиз Карим: Албатта, бор, албатта, бор. Нимага йўқ деб ўйлайсиз? Масалан, керакли одам билан керакли вақтда учрашиб қолсангиз, ўзингизнинг проектларингизни гапирсангиз, нимага бўлмасин? Албатта, бўлади. Ислоҳотларни бўлмайди, деб узиб ташлаш ҳам нотўғри.

Би-би-си: Бу ислоҳотларни қандай қилиб амалга ошириш мумкин, сизнингча? Мана ўзингиз "Ўзбекнаво"даги босимлар туфайли Ўзбекистондан чиқиб кетганингиз ҳақида айтдингиз...

Абдулазиз Карим: Ман "Ўзбекнаво"нинг босими туфайли Ўзбекистондан чиқиб кетмайман. "Ўзбекнаво" босим қиладими-йўқми, қўпол қилиб айтганда, бир тийинга олмайман. Агар илғаган бўлсангиз, асосий чиқиб кетишимга сабаб - оилавий шароит ҳам деб айтдим. "Ўзбекнаво" нима у, фақатгина шу лицензиясини бермаслиги мумкин.

Би-би-си: Айтмоқчиманки, мана "реклама фаолиятимга тақиқ қўйилди", деб айтдингиз. Буни бошқа йўллар орқали, масалан, қонуний йўллар билан тиклашга ҳаракат қилганмисиз?

Абдулазиз Карим: Қонуний томонлама тиклаш учун сиз қонуний "запрет" бўлишингиз керак, русча қилиб айтганда. Мани қонуний томонлама ҳеч ким "запрет" қилмаган. Бу оғзаки тақиқ қилинган, "қўйилмасин", дейди, бўлди, қўйилмайди. Агар бир қоғоз бўлсаки, мана ҳақиқатдан: "фалончи-пистончиев қўйилмасин", деса, судлашсанг, адвокат ёлласанг...Бу ерда бунқа нарса бўлгани йўқ. Баъзи бир ғаламислар "қўйилмасин, қўйилмасин", дегани учун безор бўлдим ман. Бу ёқда тайёр студияда мани чақириб, "албом ёзиб беринг, қўшиқ ёзиб беринг", деб илтимос қилгани учун чиқиб кетдим.

Би-би-си: Кўплаб тингловчиларимиз, мухлисларингиз Сизга, ижодингизга яхши тилаклар билдиришган. Масалан, Тожикистондан Зафаржон Маҳмудов: "Оллоҳим санъатингизга санъат қўшаверсин. Энг бахтли инсон бўлинг...Илоҳим соғ-омон бўлинг. Сизга санъат ишларингизга омад тилайман!!!" дея тилак билдирганлар. Шу билан бирга кўплаб тингловчиларимиз, Сизнинг Ўзбекистондаги реклама фаолиятингизга чекловлар қўйилишига сабаб бўлган қўшиғингиз ҳақида билишни исташган. Шокиржон исмли тингловчимиз ёзган мактубни ўқиб берсам: "Рус ҳофизи Юрий Шевчук бой оталар тўйларида отарчилик қилаëтган артистлардан нафратланишини айтган эди. Шу маънода, сизнинг: "Салим ака ҳаëтингиз бизга ўрнак ҳамиша", деб қўшиқ айтишингиз қанчалик аҳлоқли?" деб ёзибдилар. Абдулазиз Карим: Биринчидан, Салим Абдувалиевга айтган ашуламнинг сабаби, кўптомонлама бу инсонни кузатганман, яъни қилаётган ишларини кузатганман. Мана, масалан, спортни оладиган бўлсак, у кураш спортини Ўзбекистонга танитишга сабаб бўлган инсонлардан бири. Ундан ташқари бу инсон маҳалла-куйга қанча ёрдам беради. Ва классикада, ҳатто, Бетховен ёки Чайковский бутунбошли 1 соату 40 минутлик симфонияларини герцогларга, графларга бағишлаб ёзишган. Симфониянинг биринчи муқовасида ёзилган: "фалончи графга атаб ёзилган", "пистончи герцогга атаб ёзилган". 1 соату 40 минутлик мусиқани бутун симфонияни бағишлаб графларга ёзишган. Бу 3 минутлик қўшиқча нима бўлибди энди.

Би-би-си: Кореядан Комил: "Ассалому алайкум Абдулазиз ака! Салим Абдувалиевга бағишлаб айтган қўшиғингиз туфайли тўсиқ қўйилди. Бу тўсиқни олиб ташлаш йўлида Салим Абдувалиев амалий ёрдам кўрсатмадими? У кишининг фаолиятингизга чекловларга қандай муносабатда бўлди?" деб ёзганлар. Марҳамат.

Абдулазиз Карим: Биринчидан, бу қўшиқни Салим аканинг ўзи мандан илтимос қилгани йўқ. Унинг ён-атрофидаги дўстлари илтимос қилгани учун ўғилларини тўйида айтганман. Иккинчидан, бу қўшиқни ман прома қилганим йўқ, телевидиниедан кўрсатганим йўқ. Радио эфирлардан берганим йўқ. Бу битта инсонга бағишланган қўшиқ, бу туҳфа. Агар, масалан, сиз ўзингиз "Абдулазиз, манга атаб қўшиқ ёзиб беринг", десангиз, сизга ҳам атаб ёзиб бераман. Буни нимаси ёмон?

Би-би-си: Париждан Зебо Ҳакимова: Ҳурматли Абдулазиз Карим. Биз Ғарбий Оврўпода юрган ўзбеклар сизни ҳозирга қадар ҳам ҳурмат билан тилга оламиз ва куй-қўшиқларингизни тинглаймиз. Аммо...сиз нима учун мухлисларингиз билан боғланиш имкониятини бермайсиз? Сайт очиб, мухлисларингиз билан алоқа қилиб турсангиз", деб мактуб юборганлар. Абдулазиз Карим: ИншоОллоҳ, яқинда сайтимни очаман, ўша сайтни очиш жараёнида иш олиб боришяпти. Ҳозирча abdulaziz.karim2012@yandex.kz га бемалол қанақа таклифлар бўлса, мамнунлик билан жавоб бераман, хизматингизда ҳар доим бўламан.

Би-би-си: Ўшдан Одилжон Маҳдумий: "Муҳтарам Абдулазиз Карим! Сиз қўшиқларингида ўшлик шоир Ғанижон Ҳолматов (Муғанний) шеърларидан у кишининг рухсатисиз фойдалангансиз. Бу ҳақда мен у киши билан мулоқотда бўлганимда ўзлари айтганлар. Бундан келиб чиқадики, сиз у кишининг муаллифлик ҳуқуқини поймол қилдингиз. Бунга маънавий ҳуқуқингиз борми?" деб сўрабдилар. Абдулазиз Карим: Авваломбор, бу бўлмаган гап. Чунки, 2001 йил 25 майда Ўшда мани концертимни уюштиришганда Ғанижон аканинг шахсан ўзлари олдимга келиб, қучоқлаб, 4та китобчаларини берганлар. Ўша китобчалари ҳали ҳам уйимда турибди. "Абдулазиз укам, сизнинг овозингизни яхши кўраман. Мана шу китобларимдан бирон бир шеърни олиб, агар қўшиқ қилиб ёзсангиз, жуда ҳам хурсанд бўлардим. Илтимос, бир ўқиб чиқинг", деб берган китоблари бор. Бунга Самандар Ҳамроқулов деган ашулачи ҳам бунга гувоҳ. Чунки, у ўша пайти манда конферансье булиб ишларди. Муғаннийнинг фақат биттагина сўзига ашула айтганман, у ҳам айтилган ашула. Муҳаммадкарим Соипов "Вой аламжон" деган қўшиқни 1989 йил "Камолот" кўрик танловида айтганда, ман ёқтириб қолгандим. Ундан кейин Муҳриддин Холиқов раҳматли айтган. Жуда кўпчилик санъаткорлар айтган. Мана шу қўшиқни қайта сайқал қилиб, қайта оранжировка қилиб, айтиб чиққанман. Лекин, шунда ҳам, телевидинияда аҳамият берса шу йигитимиз, титрида сўз деган жойида Муғанний, мусиқа деган жойида Муҳаммадкарим Соипов деб ёзилган жойи бор. Шунинг учун, бу нарсани гапириш ноўринроқми, деб ўйлайман. Би-би-си: Ҳикматилло исмли тингловчимиз: "Яқин келажакда Ўзбекистонда ижод қила олшингизга кўзингиз етадими?" деб сўрабдилар.

Абдулазиз Карим: Биласизми, биз барибир бандамиз, кўзимиз етадими-етмайдими, беш секунддан кейин нима бўлишини Парвардигори олам ўзи билади. Авваломбор, ман ижодкор сифатида Америкада ҳам, Малайзияда ҳам, Хитойда ҳам ижод қилавераман. Чунки, бу - мани ноним. Лекин, Ўзбекистон учун ҳамиша ижод қилганман, бундан кейин ҳам ижод қиламан.

Би-би-си: Истанбулдан Зилола: "Абдулазиз Каримнинг "Қурбон бўламан" деган ашулаларини яхши кўрардим. Кейин кўп кўрмадик, нега, танаффус қилдиларми?" деб ёзибдилар. Шу билан бирга Зилола оилангиз ҳақида ҳам билишни истаганлар.

Абдулазиз Карим: "Қурбон бўламан" ашуласини ёзишимнинг тарихи жуда узун, лекин ҳақиқатда, ман ўзимни ашулачилик жанрида синаб кўриш мақсадида ёзиб, кўтарилиб кетдим, десам ҳам бўлади. Яъни, бу мани "ташриф қоғозим" бўлиб қолди. Бундан ман хурсандман, шунчалик мана халқимизнинг, давлатимизнинг назарига тушдим. Шунчалик ижодимга эътибор берганингиз учун раҳмат. Иккинчи саволингизга келадиган бўлсак, ҳозир ажрашганман, лекин учта қизим бор. Худо хоҳласа, болаларим ҳам отасининг касбида кетяпти. Иккита қизим мусиқа мактабида ўқийди. Ўйлайманки, улар ҳам келажакда ватанига, давлатига, халқига хизмат қиладиган етук инсонлар бўлиб етишишади.

Би-би-си: Абдулазиз, энди Би-би-си тингловчилари, мухлисларингизга тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Абдулазиз Карим: Би-би-си мухлислари ва тингловчиларга тилагим ҳамиша кўнглингиз ёруғ бўлсин! Ишингизнинг омадини берсин! Ҳамиша соғ-саломат юринглар ва ҳамиша яхши, сифатли мусиқа тингланглар!

Би-би-си: Абдулазиз, катта раҳмат! Сизга ҳам ижодий зафарлар тилаб қоламиз!

Би-би-сининг кейинги меҳмонлари ким бўлишини истайсиз? Фикру-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.