Салом, Олмония ёки Ҳессен Федерал ўлкасини 10 кун ичида ўзгача кашф этганим ҳақида

1 - қисм

Ўзбекистоннинг жазирама кунларидан бирида Олмониядан электрон хат олдим. Ўтаманми, йўқми, деб, бир ўзим учун нотаниш бўлган янги бир лойиҳага ҳужжатларимни юборган эдим. Бу лойиҳа Олмония, жумладан, Ҳессен Федерал ўлкаси билан таништириш ва шу билан бир қаторда, унинг жозибали ютуқларини бизга ўхшаган хорижий журналистлар томонидан ёритилишини кўзда тутади. Буни қарангки, 60 та журналист орасидан танлаб олинган 20 нафарнинг ичида мен ҳам бор эканман. Қувончим ичимга сиғмай кетди – ахир, Марказий Осиёдан фақат мен. Шундай экан, Олмония сари олға! Ўз ўрнида шуни ҳам айтиб қўймасам бўлмайдики, шу кунлардан эсдалик дея, мени олдинда кутиб турган ана шу 10 кунлик сафаримни кундалик сифатида қоғозга тушириб боришга аҳд қилдим:

1 – кун

А-330 учоғи Франкфурт осмони бўйлаб қўнишга чоғланар экан, қандайдир ўзимга нотаниш бўлган бир ҳаяжон қоплаб олди мени...Олмония уйларининг қип-қизил томлари ҳам кўрина бошлади – ана. Ва қачонлардир кўзларим кўникишга улгурган ям-яшиллик. Ҳамма жой. Бу Олмонияга хос табиат. Ёзнинг жазирама қучоғидан чиқиб келмаяпманми, бундан тоза ва ғуборсиз табиатни фақат Оврўпода учратиш мумкин, деб ўйладим. Режалаштирилганидек, мени кутиб олишди. Анчагина бўйчан, кулиб турадиган олмон қизи Ивонне эканини дарров пайқадим (ахир, расмини кўрган эдим-да).

-Ҳозир яна Аргентинадан келаётган Томасни кутиб олайлик. Меҳмонхонада бизни Америкадан келган Роберт, хитойлик Жанг ва намибиялик Лейтаголар кутиб туришибди. Кейин ҳаммамиз бирга тушлик қиламиз, деди. Аммо, “бирор нима ичасизми?”, деб қўшиб қўйишни ҳам унутмади. Менга таклиф этилган сувни бажонидил ичаётиб ўйладим: “Бутун дунёдан келадиган журналистлар сафида бўлиш учун одам жуда ҳам омадли бўлиши керак!”Овқат таклифини эса, рад этдим. Мен бирпас мизғиб олишим лозим. Бўлмаса, ҳали олдимизда, эҳ-ҳееей, қандай кунлар турибди. Менга куч керак.

2-кун

Жума. Куни бўйи ўзим тушган меҳмонхона йўлакларида, яқин-атрофдаги кўчаларда жомадонини ғилдиратиб келаётган йигит-қизларни учрата бошладим. Маҳаллий вақт билан кеч соат олтиларда FrankfurtRheinMain уюшмасида йиғилдик. Ана энди кимлар борлигини яққол кўрса бўларди. Ҳар хил чеҳралар, лекин ҳамма бир-бирига қизиқиш билан қарайди. 20 та журналист – яна турли миллатдан бўлганлари бир жойда йиғилса, зўр бўларкан. Уюшма раиси жаноб Ҳейко Кассекерт (Heiko Kassekert ) бизни самимий қутлади. Кейинги кунларимизда омад тилади. Ҳаммамизга XPLORE (лойиҳамиз номи) рамзли сумкалар топширилди. Ана энди ҳаммамиз бир хил одамларга айлангандик. Биринчи қилган ишимиз – Франкфурт шаҳри билан танишиш бўлди. Кечга яқин ҳаммамизни шаҳарнинг энг лаззатли таомлари ва маҳаллий олма шароби тортилувчи ресторанга олиб боришди. Ресторан олмонча услубда безатилган. Узун-узун ўриндиқларга жойлашиб олиб, ҳаммамиз бир-биримиз билан эски қадрдонлардек гапга киришиб кетдик. Менюда фақат гўштли таомлар борлиги кўриб, ташкилотчиларга секингина чўчқа гўштни емаслигимни қистириб ўтдим. Эҳтиёт шарт, чунки чўчқа гўшти Олмонияда кенг истеъмол қилинади. Албатта, менинг илтимосим инобатга олинди ва ўзим учун алоҳида мол гўштидан тайёрланган сосиска тортилди. Ёнида соуси билан. Айтмоқчи, бу – олмон миллий таомларидан бири ҳам саналади. Таомдан сўнг ҳамма чарчаган, аммо кўтаринки бир руҳда меҳмонхонага қайтдик.

3 – кун

Шанба. Олмонияда “Wochenende”, яъни ҳафта сўнгги ва кўплар ҳали уйқуда маҳали биз Вейсбаден шаҳри сари йўлга тушдик. Шаҳар салқин, лекин ўзига тўқлиги сезилади. Мен олдин кўрган янги “бундесландлар”, яъни, собиқ ГДР шаҳарлари эмас. Назаримда, йил сайин ўзининг иқтисодий тамал тошини мустаҳкамлаб бораётган шаҳар. Сезгим алдамаганди. Биз кирган ҳашаматли биноларнинг бирида казино бор экан. Казино бу - пул дегани.

Тушдан кейин шаҳарнинг Нероберг қисмида жойлашган ортодокс черковини бориб кўрдик. Герцог Адольф фон Нассау ўтган асрда Россия билан яхши алоқаларда бўлиб, ҳатто, соҳибжамол рус қизига уйланган, аммо афсусларки, рафиқаси ва туғилажак фарзанди касалликдан вафот этишган экан. Чуқур қайғу аламда қолган герцог уларнинг хотирасига ана шу черковни қурдирган экан. Умуман олганда, Олмонияда тарихий Рус черковларини кўплигини кўриб, ҳайратландим. Чунки Дармштадтда ҳам яна бир рус черковини бориб кўрдик. Кечга яқин эса, Гайзенхаймдаги шаробни тадқиқ этиш илмий институтига бордик. Шанба кунлиги учунми, одам кам эди. Бизни профессор Лоехнерц кутиб олди.

Биз бу ерда ҳар хил шароб турларини синовчи ичувчи сифатида татиб кўришимиз керак экан. Мен учун бу – ғайриодатий ҳолат эди-да, ўзим байрамларда ҳам шаробни 1-2 ҳўплаб қўйсаму...Хуллас, шаробнинг саккиз туриши татиб кўрдик. Қизиқ, мен уларнинг таъмида ҳеч бир фарқ сезмадим. Буни ҳақиқий шаробхўрлар тушунишмаса, oenologiya(шаробни тадқиқ қилиш йўналиши) менинг соҳам эмас экан, деб ўйладим. Қайтишда кўпчилик автобуснинг ўзида ухлаб қолди. Чарчоқ ва шароб элитган эди бизларни...

4-кун

Бугун якшанба. Бундай кунларда Олмония кўчаларида эрталаблари деярли ҳеч бир зоғни учратмайсиз. Ҳамма том маънода дам олади. Аммо бизнинг олдимизда адо этишимиз керак бўлган турли вазифалар ва ажойиб томошалар турарди. Яъни, бугунги режага мувофиқ, Сенкенберг Табиатни ўрганиш Музейи ва “Тенденс” ярмаркасини бориб кўришимиз керак эди. Табиат музейида ҳаммамизни лол қолдиргани – динозаврларнинг ҳақиқий скелетларини кўриш бўлди. Мен эса, “Ўғлим кўрса эдими шуларни”, деб ўйладим. Ўғлим 1-синфга боради. Динозавр деса, ўлиб қолади...Йўқдан кўра, ҳеч дея, ўғлим учун бу антиқа скелетларни суратга тушириб олдим.

Тушдан кейинги дастуримизда бизни машҳур Франкфурт ярмаркаси бош менежерларидан бири – жаноб Детлев Браун билан суҳбат кутарди. Касбимга хос қизиқиш биланми, бу ерга келмасимдан аввал унинг таржимаи ҳолини ўрганиб чиққандим. Мени унинг Олмониянинг машҳур Joop! ширкатидаги бош раҳбарлик фаолияти қизиқтирарди. Суҳбат жараёнида жаноб Браундан, “Ярмаркада ишлаш афзалми ёки Joop!дами, деб?”, сўрадим.

-Албатта, ярмаркада, деди.

“Гарчанд, ҳозир ҳам бошдан-оёқ Joop!дан кийинган бўлсам ҳам, аммо ҳозирги фаолиятимни мароқли деб биламан”, деди.

Суҳбатдан сўнг, биз ўша пайтда уйни безашга мўлжалланган жиҳозлар намойиш этилаётган “Тенденс” ярмаркасини бориб кўрдик. Ёрқин ва эсда қоларлик дизайнлар. Фақат уй бўлса, бас...

Кечки сайримиз вокзал кварталида бўлди. Бизга йўлбошловчилик қилган “4 fuer Texas” уюшмаси вакилларининг айтишларича, дунёнинг ҳеч бир шаҳридаги бир кварталда Франкфуртнинг Вокзал қисмидачалик кўп меҳмонхона йўқ экан. Яна шаҳарнинг ана шу вокзал қисмида “Қизил фонарлар кўчаси”, деб номланувчи кўча ҳам бор – узр, яъни кўнгилхушлик қилинадиган кўчалар. Ҳа, Оврўпо бу...

Давоми бор...