Би-би-си меҳмони - таниқли актёр Жавоҳир Зокировга савол йўлланг

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Истеъдодли актёр ва қўшиқчи Жавоҳир Зокиров Би-би-си мухлислари саволларига жавоб беради.

Таниқли санъаткорлар - Зокировлар сулоласидан бўлган Жавоҳир Зокиров 1972 йил Тошкент шаҳрида туғилган.

У санъат соҳасини танлашига энг асосий ролни оиласи ўйнаганини айтади.

"Яқинларим, бувим, додам, ойим, дадам ҳаммалари санъатда бўлишган...Додам Карим Зокиров опера солисти эдилар. Бувим Шоиста Саидова лапарчи бўлганлар. Биринчи бўлиб, ашула билан рақсни боғлаган ўзбек аёли мани бувим бўладилар. Аммо, кейинчалик фарзандлари туғилганидан сўнг, санъат соҳасидан кетиб, уйда болалар тарбияси билан шуғулланганлар", дейди Жавоҳир.

Жавоҳирнинг кинодаги илк фаолияти "боғча боласи бўлган пайтидан" бошланган.

"5-6 ёш бўлсам керак, ўшанда болалар учун олинган "Эртага кўчага чиқасанми" деб номланган филмда кичкина бир сюжетда ўйнаганман. Лекин, биринчи катта ролни 14 ёшимда "Тирналган" ("Царапина") филмида ўйнаганман", дейди у.

Жавоҳир Ўзбекистонда "Болалар" гуруҳининг етакчи хонандаси ва ташкилотчиларидан бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Безори" бўлганим учун 46-мактабдан ҳайдаб юборишган. Кейин уйимизга яқин жойдаги мактабга қатнай бошлаганман. У ерда дўстлашган Баҳодир Пўлатов исмли ўртоғим мени Тоҳир Содиқовга таништирган. Кейин ман уларнинг ҳаммасини Руслан Шариповнинг олдига олиб бориб, "Болалар" гуруҳини тузишга аҳд қилганмиз", дея эслайди Жавоҳир Зокиров.

Аммо, гуруҳ "Ҳаммага салом! Сизнинг хизматингизда Тошкентнинг энг зўр гуруҳи "Болалар!" деб номланган илк албомини мухлисларга тақдим этганидан кўп ўтмай, у Москвага таълим олиш учун кетади. Жавоҳир Зокиров 1990-1994 йилларда Москва Давлат кинематография институтида таҳсил олган.

Жавоҳир ҳозиргача "Катта урушдаги кичик одам" (таниқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов олган), "Воиз" (режиссёр Юсуф Розиқов), "Тоҳир ва Зуҳра", "Буюк Амир Темур", "Тўйлар муборак-2", "БоБаБу" (режиссёр Али Ҳамраев), "Кўргулик" каби ва яна қатор филмларда муваффақиятли образлар яратган.

У яқинда Қозоғистондаги киноижодкорлари билан ҳам ҳамкорликда ишлагани ва у ерда филмда суратга тушгани ҳақида айтади.

Жавоҳир Зокиров ТВ Марказ хусусий канали учун авторлик дастурлари тайёрлаган.

Санъаткор бир неча йил олдин Би-би-сининг "Соғлиғингиз ўз қўлингизда" деб номланган лойиҳаси учун мусиқалар ёзган.

У ҳозирда ашулачилик соҳасига яна қайтгани, марҳум Ботир Зокиров ижро этган қўшиқларни янги талқинда қайта ишлаб, куйлаётганини айтади.

Жавоҳир Зокировга саволларингизни қуйидаги форма орқали bbcuzbek.com га йўлланг.

Бу мавзуда батафсилроқ