Абдураим Абдуваҳобов: 'юлдуз' бўлган тез ўчади, шунинг учун санъаткорнинг камтар бўлгани яхши

"Шум бола" бадиий фильмидан лавҳа
Image caption "Шум бола" миллионлаб томошабинларнинг қалбидан жой олган.

"Шум бола" бадиий фильми жаҳон киноси мумтоз асарлари рўйхатига ҳеч иккиланмай киритиш мумкин бўлган фильм, буни "Шум бола"ни томоша қилган кўплаб хорижликлар эътироф этишган.

Фильм машҳурлигини 10 яшар Абдураим Абдуваҳобовнинг ўзига юклатилган ролни маҳорат билан ижро этгани ҳам белгилаган.

"Шум бола" бадиий фильми ҳам, Абдураим Абдуваҳобов ҳам ўзбекистонликларнинг қалбидан жой олиб улгурган.

"Иннанкейинчи" деган мушкул саволларга жавоб топиб бера оладиган "шум бола" бирор актёрлик мактабида ўқимаган.

Абдураим Абдуваҳобов 1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

Ўзбекистонликлар уни "шум бола"дан ташқари "Суюнчи"даги "пропесор" сифатида ҳам яхши билишади.

У "Тожикфильм" студиясида тасвирга олинган "Жўра овчи" филмида ҳам рол ўйнаган.

Абдураим Абдуваҳобов Тошкентдаги театр ва рассомчилик олийгоҳини тугатган.

Жамиятда "театр ўлдими?" деган баҳслар бошланган пайтда драматург Эркин Хушвақтовнинг "Чимилдиқ" спектакли собиқ Ҳамза Академик театри, ҳозирги Миллий Академик драма театрида саҳналаштирилди, томошабин кўплигидан Тошкентда бу спектаклга чипта топиш қийин бўлиб қолди.

Абдураим Абдуваҳобов "Чимилдиқ"даги асосий образлардан бири куёв ролини ўйнаган.

У бугунги кунда ҳам кўплаб бадиий фильмларда роллар ижро этмоқда.

Би-би-си меҳмони Абдураим Абдуваҳобовнинг саволларга жавоблари

Бугунги Би-би-си меҳмони таниқли актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов. Абдураим ака, дастуримизга хуш келибсиз!

Абдураим Абдуваҳобов: Раҳмат!

Би-би-си: Келган саволларнинг кўпчилиги " Шум бола" филми ва шум бола образи ҳақида экан. Суҳбатимизни шундан бошласак. Сизни Қоравой образига қандай танлашган?

Абдураим Абдуваҳобов: - 1976 йилда жуда катта танлов бўлган, Ғафур Ғулом асари бўйича. Мингдан ошиқ бола қатнашган. Мен ҳам болалар каби драма тўгарагига қатнашардим ёшликда. Мени дастлаб Омон ролига тасдиқлашган. Охирида "Шум бола" ролида ҳам ўйнаб кўрсин, дейишган. Шунда Омонни ролини ўйнаган Саидкарим билан иккаламиз ҳам шум болани, ҳам Омонни ўйнаганмиз. Кейин мени шум болага тасдиқлашган, уни Омон ролида қолдиришган. Мен шу кино билан актёрлик пойдеворини қурдим десам бўлади. Илк бора ўйнаган ролим менга сен актёр бўлишинг керак, ижоднинг одамисан, деган фикрни тасдиқлаган филм бўлган. Ўзи ёшликдан актёрликка иштиёқ баланд бўлган, шу филмдан сўнг актёрликни танлаганман.

Би-би-си: Агар Омон ролини ўйнаганингизда филмнинг муваффақияти қай даражада бўларди, деб ўйлайсиз?

Абдураим Абдуваҳобов: - Энди унисини билмадим.Омонни ўйнамадимку. Мен қилмаган, ўйнамаган нарсамга баҳо беролмайман. Балки Омонни ўйнаганимда, Омонни яхши кўриб қолган бўлардими томошабин? Энди буям Яратганнинг меҳри-мурувватими? Актёрга берилган катта эътибордан биттасида. Ҳаётидаги битта рол кўп нарсаларга туртки бериши мумкин.

Қувасойдан Шарофиддин: Ассалому алайкум Абдураим ака! "Шум бола" филми афсонавий филм деб ҳисоблайман. Чунки кинони афсонавий қилган сиз. Ўша даврда бундай маҳорат билан рол ижро этиш бу илоҳий куч орқали бўлган бўлса керак деб ўйлаш мумкин. Чунки шундай кино санъати ривожланган даврда 10 ёшли бола тугул ўспирин ҳам бунақа рол ижро этолмаяпти. Ҳатто дубляжни ҳам қойиллатиб қўйгансиз. Фикримга ҳамма қўшилишига аминман. Филмда бир жой бор, эшагидан айрилган одам сизни қамчи билан роса дўппослагани худди реалга ўхшайди. Шу эпизод ҳақида айтиб беринг.

Абдураим Абдуваҳобов: - Раҳмат савол учун. Бу эпизод учун тўртта дубл олинган. Муқимий театрининг актёри Рихсивой ака Шокиров билан бирга ўйнаганмиз. Жуда забардаст актёр у киши. Хипчин билан ростакамига урганлар. Режиссёрнинг талаби шундай бўлган. Қамчининг зарбидан орқамда кўкарган жойлар ҳам қолган. Чунки ҳаққоний чиқсин дейилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи sahro.net
Image caption Абдурайим Абдуваҳобов кўплаб театр ва кино роллари билан ҳам танилган

Новосибирскдан Бахтиёр: "Шум бола" ни кўрган сарингиз кўргингиз келади. Бебаҳо филм, деб биламан.

Хоразмдан Искандар: Ижтимоий ҳаётнинг оғриқли нуқталари бола образи, унинг кулгули қилиқлари орқали очиб берилган. Шу филмдаги қўшиқни хиргойи қилиб бероласизми?

Абдураим Абдуваҳобов: - Энди у пайтда бола овози бўлган, тоза. Майли сазалари ўлмасин, озгина хиргойи қилиб бераман. Дарё тошқин, сувлар тўлқин ўтолмайман ёр-ёр, Отим ориқ манзилимга етолмайман ёр-ёр. Отгинамни ориқ қилган шу майда тошей Рангинамни сариқ қилган шу қалам қошей.

Би-би-си: "Шум бола" да томошабинни завқлантирадиган ҳолатлардан бири шум боланинг Сарибойга далда бериб, елкасидан қоқиб қўядиган саҳнаси бор. Шу ўзингиз қилган ҳаракатми ёки режиссёрнинг топганими?

Абдураим Абдуваҳобов: - Қайси, "бой ота бошингиз омон бўлсин" дейдиган жойими, ўзим беихтиёр қилганман. Қучоқлашиб, кўришиб қўясизлар, деганда режиссёр.

Би-би-си: Агар Ғафур Ғулом сизнинг шум болангизни кўрганларида сизнинг ролингизни қандай баҳоларди, деб ўйлайсиз?

Абдураим Абдуваҳобов: - Билмадим энди. Лекин қизлари, неваралари жуда яхши қабул қилишган. Суҳбатда бўлганимизда жуда илиқ, ҳурмат билан қарашган. Энди бобомизга ҳам балки ёқарди. Чунки одамлар ҳар сафар "филмни кўрдик. Мазза қилдик" деб айтганлари учун, халқчил бўлгани учун у кишига ҳам ёқарди, деб ўйлайман. Балки ёқмайдиган томонлари ҳам бўларди. Айтиш қийин энди.

Би-би-си: Сурайё исмли тингловчимиз ёзибдилар: ўзингиз қандай томошабинсиз? "Шум бола"ни томоша қиласизми оилангиз билан?

Абдураим Абдуваҳобов: - Албатта, мазза қилиб томоша қиламиз. Ким хоҳламайди, болалигини кўришни? Бу кинони олинганига 36 йил бўлаяпти. Ёшлигимда унча қизиқмаган бўлишим мумкин. Лекин ҳозир мириқиб томоша қиламан.

Би-би-си: Сизга энг ёқадиган, эслаб томоша қиладиган, кўнглингизга яқин жойи қайси филмнинг?

Абдураим Абдуваҳобов: - Ҳалиги, Ҳожибобо ноҳақ урганда, "нимага ҳақоратлайсиз", деганда "гумонинг кимдан, айт бўлмаса", дейдиган жойи бор. "Бировга туҳмат қилиш гуноҳ, яна қайдам, билмадим", - дейди шум бола. Ўша одамни билсада айтмайди. Лекин ноҳақ айблашаётганига юрак-юрагидан эзилади, йиғлагиси келади. Шу ҳар доим мени ўзимни ҳам қийнайди. Ноҳақсизликни кўрсам албатта дарров айтиб жойига қўяману, лекин филмда шу жойини кўрганда барибир бошқача ҳолат бўлади менда.

Би-би-си: Шум боланинг "айбим шуки, баъзида ёлғон гапириб қўяман", деган гапи бор. Сизчи, баъзида ёлғон ишлатасизми?

Абдураим Абдуваҳобов: - Йўқ, ҳеч қачон. Ёлғончиларни ҳам ёмон кўраман. Тарбиямиз шундай бўлган. Ота-онамиз ҳам, боболаримиз ҳам "рост гапир" дейишган ҳамиша.

Би-би-си: Машҳурлик касалига чалинганмисиз "Шум бола" экранларга чиққан пайтларда?

Абдураим Абдуваҳобов: - Менда бу нарса бўлмаган, бўлмайди ҳам. Саҳнада актёрлигимни қиламан. Ҳаётда оддий одам бўлишни хоҳлайман. Тўғриси, юлдузлик касалига чалинганларга раҳмим келади. Улар тез ўчиб қолади. Бу шуҳрат деган нарсани авайлаб олиб юриш керак. Сизни ардоқлайдиган эл. Агар манманликка берилса, эртага назардан қолади, ҳеч ким бўлмай қолади. Шуни айтаманки, агар ёнингиздаги одамда шу нарсани сезсангиз, тезда бартараф этишга ёрдам бериш керак. Санъаткор камтар бўлса, муомаласини аямаса катта этуқларга, ҳурматга эришади.

Би-би-си: "Шум бола"да ҳам, "Суюнчи"да ҳам катта, жуда машҳур актёрлар билан ёнма-ён туриб, рол ўйнагансиз. Қийин бўлганми ёки аксинча? Ҳозир кимлар билан бирга ишлашни ёқтирасиз?

Абдураим Абдуваҳобов: - Актёр ким билан бирга рол ўйнашини танлаши нотўғри. Лекин, албатта бирга ўқиган дўстларим, масалан, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Тоҳир Содиқов, Фотиҳ Жалолов, Фатхулла Маъсудовлар билан бир асарда йиғилиб ижод қилиш орзуда бор.

Би-би-си: Ҳозир "Шум бола" даражасидаги филмларнинг олинмаётганлигига сабаб нима?

Абдураим Абдуваҳобов: - Плёнкага филмлар камроқ олиняпти. Филмнинг руҳиятини бера оладиган нарса бу плёнка. Светни тўғри қўядиган операторларимиз камроқ ҳозир. Ман ўйлайман, барибир яна плёнкага суратга олишга қайтилади. Мукаммал филм бу плёнкага олинган филм деб биламан.

Би-би-си: Филм муваффақияти асарга, сценарийга ҳам боғлиқ бўлса керак, тўғрими?

Абдураим Абдуваҳобов: - Тўғри, яхши сценарийларимиз йўқ эмас, бор. Лекин, кинонинг ўз қонун-қоидалари борда. Плёнка, чироқ, операторлик иши, сценарий ҳам киради бунинг ичига. Шунинг учун кинода ҳар бир кишининг меҳнати алоҳида кўрилади. Режиссёрга алоҳида, операторга, ҳатто чироқ устасига алоҳида совринлар бор.

Би-би-си: Ўзингизда ҳам режиссёррикка қўл уриш нияти бўлганми?

Абдураим Абдуваҳобов: - Йўқ. Ҳозирча шу актёрлик.

Жиззахдан Самандар: Одамларни театрга қизиқтириш учун нима қилиш керак?

Абдураим Абдуваҳобов: - Ҳозирги ўзбек киноларини томошабин яхши қабул қиляпти. Театрда ҳам, мен ишлаётган Миллий театрда томошабин зали доим тўла. Ҳамма спектаклларимизга томошабин яхши келаяпти. Энди баъзида шунақа узилиш вақтлари бўлиб туради театрда, кинода. Томошабинлар театрни, жонли мулоқотни яхши кўради. "Икки соат вақт гўё эсингдан чиқиб қолади, кейин бошқача ҳолатда театрдан чиқасан", дейишади. Энди филм ҳам шунақа мукаммал яратилган бўлса, томошабинни қамраб олади. Шундай спектаклларимиз борки, актёрлар билан бирга йиғлаб, бирга қаҳқаҳа отиб куладиган, мазза қилиб дам оладиган томошабинлар кўп. Театрда ўйнаётган ролингизга ҳар сафар сайқал бериб борасиз. Шунда томошабин айтадики, мана бу ролни қийворган, ўзидай бўлиб қолган, деб.

Урганчдан Қуронбой: Абдурайим ака, сиз Тошкентда эмас Хоразмда кўп кўриниб қолганингизнинг сабаби нимада?

Абдураим Абдуваҳобов: - Урганчда "8-канал" бор. Раҳбари Улуғбек ака қадрдоним. Лойиҳаларда қатнашиб турамиз. Бўш вақтимда борганимда съёмка ҳам қилиб олишади. Кейин бўлиб-бўлиб намойиш этишганида, балки йил бўйи Хоразмда экан бу одам, дейишаётгандир.

Би-би-си: Ўзингизнинг кўнглингизга, руҳиятингизга яқин образлар қанақа образлар?

Абдураим Абдуваҳобов: - "Чимилдиқ" даги образ менга яқинроқ. Кўнгилчанлиги, инсонларга бўлган меҳри. "Муҳаббат синовлари"даги Маҳкамнинг самимийлиги, ҳурмати, дўстга вафоси, шу жиҳатлари билан кўнглимга яқин улар. Лекин инсон ўзи ҳақида бир нарса дейиши бироз нотўғри, ташқаридан туриб баҳо бериш керак унга.

Би-би-си: "Чимилдиқ" спектакли муваффақиятининг асосий сабаби, сизнингча нимада?

Абдураим Абдуваҳобов: - Ҳар бир инсоннинг ўз чимилдиғи бор .Одамлар ўзини кўради унда. Ҳақиқий миллий асар. Дунёнинг кўп халқида йўқ-ку чимилдиқ. 10 йил ўйнадик бу спектаклни. Бир кунда 5 марталаб ўйнаганмиз гастролларда. Халқ шундай яхши кўрди уни.

Би-би-си: Кўп тингловчиларимиз оилангиз, фарзандларингиз ҳақида сўрашган.

Абдураим Абдуваҳобов: - Отам тўрт ёшлигимда вафот этиб кетганлар. Онамиз бизни оқ ювиб, тараб ўстирдилар. Ҳозир мен билан бирга яшайдилар. Турмуш ўртоғим уй бекаси. Онамизнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб уйдалар. Уч фарзандимиз бор. Абдужаббор, Абдуғаффор, Дилдорахон.

Би-би-си: Кўпчилик актёрларнинг фарзандлари ҳам шу йўлни танлашган. Сиз маслаҳат ёки йўналиш бермаганмисиз фарзандларингизга?

Абдураим Абдуваҳобов: - Йўқ. Бу касбга олиб келиб касал қилиш керак эмас, шу касбга касал бўлиб туғилиш керак. Шунда бир нарса чиқади. Уларни мажбурлаш керак эмас. Ҳар бирининг ўз дунёси, ҳоҳиши бор. Мен актёрликни энг қийин касблардан бири деб биламан. Лекин мароқли томонлари ҳам кўп. Тўрт-беш ойлаб битта спектакл устида ишлайсиз, хаёлингиз ўшанда банд бўлади. Чиқади, чиқмайди, деб. Томошабинга ҳавола қилиб, ёққанини сезганингизнинг завқи бошқача энди. Томошабинларнинг битта қарсаги билан ҳамма чарчоғингиз чиқиб кетади.

Би-би-си: Актёрлик тақдирингиздан мамнунмисиз?

Абдураим Абдуваҳобов: - Албатта мамнунман. Мен фахрланаман актёрлигимдан. Шундай халқимга хизмат қилаётганимдан мамнунман.

Би-би-си: Кўп имкониятларим очилмай қолаяпти, деб ўйлайсизми?

Абдураим Абдуваҳобов: - Йўқ, режиссёрлар билан доимо бамаслаҳат иш қиламиз. Фикрларимизни билдирамиз. Аввало ўша ролга режиссёр сизни кўра олиши керак. Ҳозир роллар келаяпти. Мана куни кеча премьераси бўлди "Келганда келин 2 ёки андижонча муҳаббат" деган филм. Бош қаҳрамоннинг отасини ўйнадим. Отиям Пўлат, ўзиям ушлаган жойини кесадиган, бир сўзли, чапани, лекин ички дунёси чиройли одам. Ҳозир Нодира Маҳмудованинг шукр ҳақидаги спектакли устида ишлаяпмиз. Ҳар бир кунингга шукр қил деган гап бор унда. Мана шунақа ролларни ўйнаяпмиз. "Бевалар"ни кино қилганмиз. Саид Мухторовнинг "Банда" филмида ўйнадим. Улар чиқади яқинда. Спектаклларимиз турибди қатор. Режиссёрларимиз чақиришса, куч-қувватимиз бор. Худо хоҳласа, ҳали режалар кўп.

Би-би-си тингловчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат!

Абдураим Абдуваҳобов: Мен бир тилакни яхши кўраман. Инсон қилаётган ишида, юраётган йўлида, ўйлаётган фикрида, гапираётган сўзида ҳеч қачон тўхтаб қолмасин. Фақат олға бораверишсин. Чунки олға боришса, янгилик қилишади. Янгиликни ҳамма хуш кўради. Янгилик қилишдан чўчишмасин. Соғ-саломат бўлишсин. Ўзбекистонимиз тинч бўлсин. Бизнинг барча қилаётган яхши ишимиз азиз мухлисимиз учун.

Бу мавзуда батафсилроқ