Би-би-си меҳмони - истеъдодли санъаткор Ботир Қодиров билан суҳбат амалга ошмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-сига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан таниқли хонанда Ботир Қодиров билан суҳбат режамиз амалга ошмайдиган бўлди.

Тингловчи ва ўқувчиларимиздан узр сўраймиз.

Истеъдодли санъаткор Ботир Қодиров 1981 йил, 6 майда Андижон шаҳрида туғилган.

Ботир Қодиров ижросидаги "Адашдим", "Дийдор учун", "Эй одам", "Келди баҳор" каби ўнлаб қўшиқлар мухлислар қалбидан чуқур жой топа билган.

Ботир "санъаткорлар оиласида ўсгани" ушбу соҳага меҳр қўйишига сабаб бўлганини айтади.

"Болалигимдан санъат муҳити таъсири остида катта бўлганман. Оиламизда ҳамма санъаткор. Бобом раҳматли, онамнинг адалари Набижон Қодиров бастакор бўлганлар. Ҳам чангчи, созанда...Бувим Тожихон Ахмеджонова Андижондаги Охунбобоев номли театрида актриса бўлиб ишлаганлар. Онам Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган актриса Зулхумор Қодирова бўладилар. Илк устозим деб ҳам бувимларни биламан. У киши менга кичкиналигимдан санъат ҳақида тушунчалар берганлар", - дейди Ботир Қодиров.

Ботир аввалига Тўхтасин Жалилов номидаги Андижон давлат санъат билим юртида, кейин эса, Тошкент Давлат Маданият институтининг ашула ва рақс эстрада бўлимида таҳсил олган.

"Онам мани андижонлик, мақом йўналишидаги қўшиқлар ижрочиси Азизбек Зайнобиддиновга шогирдликка берганлар. Ўша кишининг ёнларида юриб, ўрганиб, мумтоз қўшиқчиликка меҳрим янада ошган. Институтда Оролмирзо Сафаров, Раҳматжон Турсунов каби устозлардан таҳсил олганмиз. Кейинчалик бастакоримиз Мусахон Нурматовдан миллий эстрада йўналишидаги қўшиқчилик сирларини ўрганганман", дейди у.

Ботир Қодиров институтни 2005 йилда битирган.

"Ва ўшандан бери профессионал санъаткор сифатида телевидение ва радиода ўзимнинг илк қўшиқларимни ижро этганман", дейди Ботир.

Қўшиқчи илк концертини 2006 йилда берган ва ўшандан бери 4та мусиқий албомини чиқаришга муваффақ бўлган.

Ботир Қодиров оилали, 5 фарзанднинг отаси.

Кейинги меҳмонларимиз кимлар бўлишини истардингиз? Фикру мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.