BBC navigation

BBCUzbek.comдан байрам дастурхонингизга яна бир лаззатли таом

Сўнгги янгиланиш 8 март 2012 - 15:00 GMT
  • Байрам дастурхонингизга - 'ҚИЙМА'ЛИ ҚЎЗИҚОРИНЛАР

  • Лозим бўлган масаллиқлар:

    Тўртта йирик қалпоқчали қўзиқорин

    1 дона ўртача бошпиёз

    1 дона йирик помидор

    1 дона лимон

    Яримта бўлғор қалампири

    5- 6 дона саримсоқ бўлакчалари

    200 грамм яхши эрийдиган пишлоқ

    100 грамм бўлакланган ёнғоқ

    1 ошқошиқ талқон

    100 грамм ўсимлик ёғи

    Зираворлар:

    Таъбга қараб туз, мурч, зира ва қўлда туйилган гармдори керак бўлади.

  • Аввалига қўзиқоринларимизни эҳтиёткорлик билан ювиб, ўткир пичоқ ёрдамида "оёқчалари"ни кесиб оламиз. Сўнгра қалпоқчаларининг устидан бир сидра пўстини ҳам олиб ташлаймиз. Қалпоқчалар четигача 1 сантиметр қолдириб, ичидаги қатларини ҳам ўткир пичоқ ёрдамида олиб ташлаймиз. Қалпоқчаларни тешиб қўймаслик учун жуда эҳтиёт бўлинг.

    Сўнгра алоҳида идишга солиб, устидан 1 ошқошиқ ўсимлик ёғи, 2 дона парракланган саримсоқ бўлакчалари, ярим чойқошиқ гармдори соламиз. Идишимизни икки-уч марта яхшилаб силкитиб, устини ликоп билан ёпиб, 10 дақиқача бир четга олиб қўямиз.

  • 1 дона бошпиёз, яримта бўлғор қалампири, қўзиқорин "оёқчалари" ва уч дона саримсоқ бўлакчаларини майда кубик шаклида тўғраб оламиз.

  • Ярим стакан, яъни 100 грамм ёнғоқ бўлакларини ҳовончада йирикроқ қилиб туйиб оламиз.

  • Товага 2-3 ошқошиқ ўсимлик ёғиб солиб, бироз қизитамиз. Сўнгра майда кубик шаклида тўғралган масаллиқларимизни бирваракайига товага солиб, олтин ранг тусга киргунча пастроқ оловда қовурамиз.

    Сўнгра майдаланган ёнғоқ бўлакчалари ва бир ошқошиқ талқон солиб, яна 1-2 дақиқача қовурамиз. Таъбга қараб, туз, мурч ва зира солиб, таъмини ростлаб оламиз.

  • Духовкани 200 градусга мослаб, қизитишга қўямиз.

    Қўзиқоринларимизни маринадлаб қўйилган идишдан олиб, устидан ёпишиб қолган саримсоқ парракчаларини енгилгина сидириб ташлаймиз.

    Сўнгра четлари энлироқ листга териб чиқиб, ошқошиқ ёрдамида қалпоқчаларимизга сиққунича "қийма" солиб, устини текислаб оламиз.

  • Ҳар бир қийма солинган "қалпоқча" устидан нафис қилиб кесилган помидор паррагини қўямиз. (Узр, помидорларим кичикроқ бўлгани учун мен иккитадан қўйишга мажбур бўлдим).

    Устидан бироз қуритиб, майдаланган райхон сепамиз. Жуда яхши таъм беради.

    Сўнгра ҳаммасининг устидан қирғичдан ўтказилган пишлоғимизни қалингина қилиб сепиб, 20 дақиқага духовкага қўямиз.

  • 20 дақиқадан кейин қарабсизки яна бир лаззатли таомимиз тайёр бўлади.

    "Қийма"ли қўзиқоринларни ҳам иссиқ ва ҳам совуқ ҳолида дастурхонга тортишингиз мумкин.

    Мен гарнирига кус-кус крупасини танладим.

    Аммо сиз ўзингиз ёқтирган гарнир билан бирга яқинларингиз ва меҳмонларингизни сийлашингиз мумкин.

    Биздан эса сизга ёқимли иштаҳа тилаш қолади, холос.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.