'Андижонда давлат Акромийлар тижоратига дахл қилгач, улар қаршилик кўрсатишди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Алексей Волосевич - Андижон хунрезлиги шоҳиди ва Ўзбекистонда қолаётган кам сонли мустақил журналистлардан бири

Ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич - Андижон хунрезлиги шоҳиди.

Унинг Андижон воқеалари ва ундан кейин бир неча ҳафта давомида ўз кўрганлари асосида ёзган хабарлари ўша пайти аслида нималар содир этилгани ҳақида ташқи дунёни хабардор этган эди.

Алексей Волосевич ўз фаолияти туфайли Ўзбекистонда бир неча бор қўлга ҳам олинган.

Масалан, 2010 йили Ўш қирғини пайти Қирғизистондан келган ўзбек қочқинлари аҳволини ўрганмоқчи бўлганида, Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари уни қарийб уч кун Андижонда ҳибсда ушлаб туришган.

Алексей Волосевич Би-би-си Ўзбек Хизмати радиотингловчилари ва вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб берди:

Би-би-си: Ўзини Инсон дея таништирган ўқувчимиз Ўзбекистонда демократия бўлишига умид қилиш мумкинмикан, дея савол йўллаган?

Алексей Волосевич: Тўғрисини айтсам, яқин 10 йил ичида демократияга ҳеч қандай умид қилмаса ҳам бўлади. Президент Каримов ҳар вақт Ўзбек халқи учун ҳали демократия вақти етилмаган, деб такрорлайди. Масалан, демократия нимага олиб келади, деган масалада 90-йиллари фуқаролар уруши гирдобига тушган Тожикистонни кўрсатарди. Кейин Афғонистонни мисол қилиб келтира бошлади. Хуллас, демократия , шаксиз, урушга етаклайди, деган бир фикр бор бу ерда. Президент Каримовни қанча танқид қилмайлик, лекин айтганларида бироз жон бор. Чунки демократия шароитида энг яхши ташкиллашган ва уюшган гуруҳгина ҳокимият тепасига кела олади. Ўзбекистон шароитида эса бундайин гуруҳ ҳозир фақат исломий шаръий тузум ўрнатиш ниятидаги одамлардир. Улар ҳозир ўзларини кўз-кўз қилмай, жимгина юришибди. Бироқ демократия бўлса, жамият очилади. Ана ўшанда бу гуруҳлар ҳам юзага чиқади ва Саудия Арабистони, Покистон ва Афғонистондан дастак ола бошлашади. Саудия Арабистони бу йўлда пулни аяб ўтирмайди. У ҳолатда Ўзбекистон халқи зеҳниятидан келиб чиқсак, одамлар қудратга келган ҳар қандай исломий партияга қўшқўллаб овоз беради. Кейин ҳатто янада радикалроқ гуруҳ келса, унга ҳам овоз бераверади.

Би-би-си: Сиз Андижон воқеалари шоҳиди бўлганингиз учун ҳам бу воқеа борасида кўплаб саволлар келган. Мўъмин исмли ўқувчимиз Андижон воқеаларига нима сабаб бўлган, ўргандингизми, деб сўрамоқда?

Алексей Волосевич: Мен бу мавзуни жуда чуқур ўрганганим йўқ. Лекин интернет саҳифаларида чиққан кўплаб материалларни ўқиб, муайян тушунча ва тасаввурларга эга бўлганман. Кўрганларим билан солиштирганман. Биласизми, Ўзбекистонда кўплаб Исломий гуруҳлар бор ва ҳукумат уларга босим ўтказиб келади. Андижонда ҳам Акром Йўлдошев 90-йиллар шундай гуруҳлардан бирига асос солади. Бир журналистнинг айтишича, улар ўзаро қариндош-уруғ бўлишади, қиз олиб, қиз беришади. Бу гуруҳ ёки Акромийларнинг тарафдорлари Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида, Тошкентда ҳам бўлган. Акромийлар Андижон ҳокимияти вакиллари билан яхши иш олиб боришган. Хуллас, улар ҳоким билан тил топишганлар. Кўпчилиги мебелсозлик, қурилиш тижорати ва ишбилармонлик билан шуғулланишган. Аммо ҳокимиятга келган янги одамлар уларга босим ўтказишган ва уларни тижоратдан чиқариб ташлашга ҳаракат қилишган, дейилади. Акромийлар эса ўз мулк ва тижоратларини бериб қўйишни исташмаган. Қаршилик кўрсатишган. Улардан 23 киши маҳкамага тортилган. Қолганлар пикетлар ташкил эта бошлашган. Аммо ҳокимият вакиллари жуда нотўғри йўл тутиб, уларнинг машиналарини тортиб олишган. Сўнгра улар маслакдошларини қамоқдан чиқаришга аҳд қиладилар. Ички ишлар бошқармаси, Хавфсизлик Хизмати ва ҳокимият биноларига ҳужум қилишади. Бошида яқинлари ва қариндошлари, кейинроқ эса оддий халқ вакиллари ҳам бу норозилик намойишига қўшиладилар.

Би-би-си: Агар улар қурол билан турли давлат идораларига ҳужум қилишган бўлса, демак Ўзбекистон ҳукумати қуролсиз, тинч намойишчиларга қарата ўт очган, деган хабарлар нотўғри бўлиб чиқади. Бу ерда зиддият йўқми?

Алексей Волосевич: Бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ. Ҳукумат ҳам, мухолиф тараф ҳам ўзиникини ҳақиқат қилиб кўрсатишга интилмоқда. Яъни ўзларини оқлаб, нариги тарафни қоралашмоқда. Энг аввалида, давлат Акромийларга жуда кучли босим кўрсатиб, уларнинг тижоратларига дахл қилган. Кейин улар ҳам ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, қурол-яроғларни қўлга киритишган. Бироқ учинчи босқичда, давлат ҳарбий машиналарни келтириб, қимирлаган ҳар нарсага қарата ҳужум қилиб, қаттиқ куч билан ғалаённи бостирган. Ҳарбийлар огоҳлантирмасдан одамларга қарата ўт очишганди. Бу эса уруш жинояти бўлиши мумкин ва шу боис ҳам ҳукумат мустақил текширувга йўл қўймади. Намойишчилар орасида баъзи қуролли одамлар бўлган тақдирда ҳам, барибир, аксар қуролсиз намойишчиларга қарши ўт очилмаслиги керак. Ким ўт очишга фармойиш берган? Буни очиқлашни исташмаяпти. Ўшанда ҳукумат ҳарбий кучлари кўчадаги енгил автомашиналарга қарата ўт очишган. Ахир аввал текшириб, кейин бирон амалиёт қўлланиши керак-ку? Улар эса бундай қилишмаган. Кейин эса бу ишларнинг ҳаммасини Акромийларнинг елкасига ағдариб, Акромийлар отишганди дейишди.

Би-би-си: Ўзини Темурий, деб атаган самарқандлик тингловчимиз эса балки майдондаги оломон ҳукуматнигн огоҳлантириш ва гапларига қулоқ солишмагандир, дегандек мушоҳада билдиради. Бу фикрда жон борми?

Алексей Волосевич: Айнан ўша отишма пайтини кўрмай қолганман. Телефоним батареяси тугаб қолгани учун мен батарея сотиб олайин, деб бир соатга дўконга кетгандим. Худди ана шу пайтда ҳужум бошланган. Аммо у пайтда мен билган камида беш нафар ғарблик журналист майдонда эди. Улардан кимдир ерга ётиб олган, кимдир ўзини ариққа ташлаган. Лекин БТРлардаги ҳарбийлар ўт очишганми, юк машиналарида келтирилган қўшинларми ва ё томда ўтирган аскарларми - фикрлар бир хил эмас. Ҳамкасбларим юк машиналари шунчаки ёнимиздан ўтиб кетмоқда, деб ўйлашган. Бироқ ҳеч бир огоҳлантиришсиз, одамларга қарата ҳукумат кучлари ўт очишган. Кўпчилик расмийлар тикучарда келиб, майдонни бўшатинг, деб овозкучайтиргичдан гапиришса керак, деб кутиб ўтирган эди. Аммо давлат бундай йўл тутмади ва ҳеч кимни огоҳлантирмади.

Би-би-си: Самарқанддан Умид исмли тингловчимиз сиз агар Андижон воқеаларини тасвирга туширган бўлсангиз, аслида ўшанда нима бўлганини кўриш мумкинми, деб сўрайди.

Алексей Волосевич: Гап шундаки, кўп журналистлар фотоаппаратсиз келишган. Шамил Байгин Рейтер агентлиги учун расмлар олган ва ҳозир уларни интернетда кўриш мумкин. Бошқа бир журналист олган суратларни эса эртаси куни расмийлар тортиб олишган. Ассошейтед Пресс мухбири олган расмлар кўп. Ҳозир Андижон бўйича интернетга қўйилаётган 90% расмларни ана шу журналист олган. Лекин Акромийлар ўзлари воқеаларни видеога олишганди. Ўзбекистон телевидениеси кейинчалик улар олган тасвирларни намойиш этган. Бироқ одамларга қарши ҳукумат ҳарбий машиналардан ўт очган саҳналарни кўрсатишгани йўқ. Кўплаб тасвирлар ҳукумат қўлига тушган.

Би-би-си: Бухородан Муслимбек исмли ўқувчимиз Андижон воқеаларининг олдини олиш имкони бормиди, дея савол қўяди.

Алексей Волосевич: Менимча, ҳукумат ваҳимага тушиб қолганди. Назаримда, фақат қонхўр бўлишгани учун эмас, балки талвасага тушиб қолишгани учун ҳам шундай йўл тутишди. Улар жуда нотўғри иш қилдилар. Ўйлаб кўринг, кўчадан ўтиб кетаётган енгил автомобилга қарата ҳе йўқ, бе йўқ ўт очишни яна нима деб атаса бўлади?! Олий қўмондонлик бундайин ҳатти-ҳаракатларга чек қўйиши керак эди. Лекин бундай бўлмади. Менимча, воқеалар бундай ривожланиб кетишини на ҳукумат, на Акромийлар кутган.

Би-би-си: Бухоролик тингловчимиз Андижон воқеаларидан Ўзбекистон ҳукумати керакли сабоқ чиқармадими, деган масалада фикрингизни билишни истайди.

Алексей Волосевич: Қанақа сабоқ ҳақида гапириш мумкин? Андижондан фақат битта сабоқ чиқди: Бироз ўққа тутасиз, бир неча юзта жасад йиғилади, сўнг ҳаммаси тинч ва осойишта бўлади. Олган сабоғимиз ана шу бўлди.

Би-би-си: Россиядан мактуб юборган Рамазон Жўра эса нега Андижон хунрезлиги ҳақида кўп гапиришади, бироқ Ўш воқеалари ҳақида кам ёзишади. Ахир Ўшда ҳам хунрезлик содир этилган-ку, деб айтади.

Алексей Волосевич: Бу жуда қизиқ савол. Қурбонлар сони бўйича Ўш воқеалари Андижон воқеаларини сояда қолдирди. Андижонда қурбонлар сони 200-300 нафар одамдан бошланади. Ўшда эса ҳатто расмий маълумотлар бўйича ҳам ярим мингга яқин инсон ўлдирилди. Қирғизистон ўзбеклари бу хунрезлик борасида жим ўтиришгани йўқ. Улар интернетда кўплаб мақолалар ёзишмоқда. Аммо негадир Ўзбекистон ҳукумати номаълум сабабларга кўра қарийб Қирғиз ҳукумати мавқеини қўллаб-қувватламоқда. Мана ҳозир ҳатто Ўш воқеалари ҳақида фильм олган Абдулазиз Маҳмудовни Ўзбекистон ҳукумати таъқиб қилмоқда. Тасаввур қилинг, бу ерда уни Қирғиз ҳукумати эмас, айнан Ўзбек ҳукумати воқеаларни бир томонлама ёритишда айбламоқда. Биласизми, ҳатто россиялик бир журналист "ваҳобийлар уя қурган минтақага қирғизлар ҳужум қилганидан Ўзбекистон ҳукумати аслида жуда хурсанд" деган радикал фикрни айтиб чиққанди. Ҳозир минтақада бу каби мисоллар кўп. Мана Тожикистонда ҳам ўзбеклар босим остида қолишмоқда. У ерда ҳатто асил туркий (ўзбекча -таҳририят) жой номларини қайта номлаб чиқишаяпти. Менимча, бу - жуда жирканч иш.

Бу мавзуда батафсилроқ