Беҳзод Муҳаммадкаримов: орзуим Амир Темурнинг етуклик даврини ўйнаш

Таниқли театр ва кино актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов 1964 йил Тошкентда туғилган.

1984 йилда Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомчилик институтининг (ҳозирги М. Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъати институти) актёрлик бўлимини тугатган.

1986 йилда ҳарбий хизматни тугатганидан сўнг Ҳамза номидаги, ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида актёр сифатида ўз фаолиятини бошлайди.

Кинодаги илк роли "Оқ бино оқшомлари" филмидаги Аваз образи билан мутахассислар ва томошабинларнинг эътиборини қозонади.

"Ўтган кунлар"да Отабек, "Амир Темур"да Амир Темур, "Шайтанат"да Элчин, "Абдуллатиф"да Абдуллатиф ва бошқа қатор турли характердаги бош ролларни ижро этган актёр бу борада омади келганини, ўша пайтларда ёши шу қаҳрамонларнинг ёшига мос бўлганини айтади.

Беҳзод Муҳаммадкаримов театр ва кинода ўттиздан ортиқ образларни яратган, дубляжларда қатнашган.

Тақдир тақозоси билан маълум муддат хорижда бўлиб қайтган актёр яна ўзи учун қадрдон бўлган Миллий театрда ишламоқда.

Айни пайтда бир нечта филмларда суратга тушаётганини, театрда "Яраланган оққуш нидоси", "Имкон" каби спектаклларда банд эканини айтади.

Беҳзод Муҳаммадкаримов оилали, уч фарзанднинг отаси.

Би-би-си меҳмони Беҳзод Муҳаммадкаримовнинг муштарийлар саволларига жавоблари

Би-би-си: Суҳбатимиз бошида оилангиз, болалигингиз, актёрликка етаклаган шароитлар ҳақида тўхталсангиз. Марҳамат!

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Энди ҳамма нарса аввало оиладан бошланади. Менинг ота-онам санъатга қизиққан одамлар, отамнинг соҳалари адабиётчи, энди санъат ва адабиёт чамбарчас нарса, раҳматли онам ҳам журналистикани битирганлар, адабиётдан дарс берганлар. Икковлари ҳам санъатни севишган, ҳурмат қилишган. Балки уларнинг орзулари бўлгандир, санъаткор бўлиш, ушалмагандир. Кўпинча шундай бўладику, ота-она ушалмай қолган орзуларини фарзандлари орқали ушалишини хоҳлайди. Шу сабабли бўлса керак, менинг исмимни Беҳзод бўлишининг ўзи ҳам адам ўрта асрларда ўтган Камолиддин Беҳзод каби рассом бўлармикан, ёки санъатнинг бошқа соҳасини эгаллармикан, деб орзу қилиб қўйганлар. Болалигимдан турли тўгаракларга қатнашишимга имкон яратишган. Рассомчилик билан ҳам шуғулланганман. Глиер мусиқа мактабида ўқиганман. Шунда орада ё мусиқачи ё рассом бўлиш туриб қолган эди. Кейин бундай қарасам, музика бўйича ҳам жуда зўр эмасман. Рассомлик бўйича ҳам мен тенгиларнинг орасида мандан зўрлар бор. Уларнинг кетидан қувганим билан, улар ҳам бир жойда тўхтаб турмайди, ўз устида ишлайди. Кейин ўйладимки, шу иккала соҳа ҳам қўл келадиган соҳа актёрлик экан. Театр ва рассомчилик институтига борганимда қабул қилишган. Албатта тайёргарлигим ҳам бор эди. Институтга қабул қилишда қўлидан кўпроқ нарса келадиганларда имконият кўпроқ бўлар эди. Шу ерда рассомчилик ва мусиқадан хабардорлигим қўл келган, ўтиб кетганман. Мана ўшандан буён шу соҳадаман.

Би-би-си: Раҳмат! Яна оилангизга боғлиқ савол тошкентлик Камоладан. Эшитишимча, фарзандларингизга ўзингиз ўйнаган қаҳрамонларнинг отини қўйган экансиз. Нимага?

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Аслида, тескариси бўлган. Мен фарзандларимга исм қўйганимдан кейин ўша ролларни ўйнаганман. Буям бир қизиқ воқеалардан бири. Тўғри, биринчи фарзандим шу театрга биринчи келган йилим туғилган. Ўзбек Миллий театри Ҳамза номидаги театр деб номланарди. Ўшанда фарзандимга Ҳамза деб ном берганман. Кейинги фарзандимиз қиз бўлган. Исмини Кумуш қўйганман. Менга Кумуш исми ёқарди. "Ўтган кунлар" асаридан, кейин жуда жарангдор исм. Қолаверса, кумуш металининг олижаноблиги, тозалик-софлик билан боғлиқлиги учун шу исмни танлаганман. Орадан олти-етти йилдан кейин "Ўтган кунлар"да Отабекни ўйнадим. Кичкина ўғлимнинг исми Темур. Ўша йили Ўзбекистонда Амир Темур йили, деб эълон қилинганди. Отам ўғлингни исмини Темур қўй, деганлар. Икки ойдан кейин эса "Амир Темур" филмига таклиф қилишган. Хуллас, исмларни ролларни ўйнаганим учун қўймаганман. Қўйганимдан кейин тасодифан насиб қилиб қолган ўша роллар бор киноларда ўйнаш.

Би-би-си: "Амир Темур" филми билан боғлиқ савол Собиржон исмли тингловчимиздан. Аввал бир ўқигандим, "Амир Темур" ролини ўйнаётганингизда қандайдир воқеалар юз берган экан.Шу ростми? Умуман, шу ролингиздан кўнглингиз тўлганми, деб сўраган.

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Шу ролдан кўнглим тўлганми, деган саволдан бошласам. Биринчидан унча-мунча актёрнинг унча-мунча ролидан кўнгли тўлмайди. Айниқса, кинодаги ролларимдан юз фоиз кўнглим тўлган, деб айтолмайман. Кинонинг ичида кичкина-кичкина жойлари бўлиб қолиши мумкин. Мана шу жойида тўғри ишлабман, деган. Мен ўзга кўпроқ танқидий қарайдиган ижодкорларданман. Ишларим ўзимга ёқавермайди. "Амир Темур" филмига келадиган бўлсак, бошланишида сценарийни ўқиб кўрганимда кўнглим унча тўлмаган. Чунки бироз шошиб олиб қўйилган бу филм. Қайси маънодаки, филм ўша йили чиқиши керак эди. Ажратилган вақт эса бундай катта филм учун етарли эмас эди. Шунинг учун кўп жиҳатдан мени ўзимни унча қониқтирмайди. Бундан яхшироқ қилиш мумкин эди, дейман доим. Филм Амир Темурнинг 34 ёшигача бўлган даври ҳақида эди. Мен умид қиламанки, Амир Темурнинг улкан, оламшумул ишлар қилган ҳаётининг кейинги даврлари ҳақида филм қилинса, тўлақонли, ҳозирги талабларга жавоб берадиган филм бўлиб қолар деган орзуим, ниятим бор. Яна бир орзуим Амир Темурнинг етуклик даврини ўйнаш. Энди албатта бу орзу. Орзуга эса айб йўқ. Энди воқеаларга келадиган бўлсак, Амир Темур буюк шахслардан. Унинг ўзининг ҳаётидан бошлаб, ҳозирги кунгача унга боғлиқ ишларда сирли воқеалар ҳам кўп. Бугун Россия каналларидан бирида Темур қабрининг очилиши ва уруш бошланиши ҳақидаги воқеалар ҳикоя қилинган ҳужжатли филм берди. Бу ҳақда албатта кўпчиликнинг хабари бўлса керак. Энди "Амир Темур" билан боғлиқ филмга келадиган бўлсак, режиссёрларимизнинг айтишича, кинокамеранинг бузилиши съёмка жараёнида камдан-кам юз берадиган ҳодиса. Чунки у жуда мустаҳкам, кейин операторлар ҳам камераларни жуда асрашади. Мендан олдин Амир Темур ролига икки актёрни синаб кўришган. Биринчисида камера бузилиб қолган, актёр ҳам қандайдир сабаблар билан ўтмаган. Иккинчи актёр синовида яп-янги камера олиб келишганида у ҳам бузилиб қолибди. У спортчи бўлган экан. Кейин мени таклиф қилишган. Энди режиссёримизнинг айтишича, мен борганимда камера ишлаб кетган эмиш. Билмадим энди, бу воқеалар мен ишни бошлашдан олдин бўлган, режиссёримиз доим шундай дейди. Балки савол берган одам ҳам шу суҳбатларни эшитгандирлар.

Би-би-си: Жавоҳир сўраган: "Оқ бино оқшомлари"даги Авазбекни ҳақиқатдан зўр ўйнагансиз. Кўп марта мазза қилиб томоша қилганман.Шу ролни осон ўйнаганмисиз?

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Энди "Оқ бино оқшомлари" кинодаги энг биринчи ролим. У пайтда кинога кириб олишнинг ўзи жудаям қийин бўларди. Ҳозир анча енгил бўлиб қолди. У пайтда кинолар кам олинарди ва ёшларга тўғри келадиган роллар ҳам кам бўларди. Кўпчиликка бу филм ёққанлигининг сабаби ҳам деб ўйлайман, бу бўлган воқеа асосида ёзилган асар. Демак ҳаётга яқин. Томошабинга ҳам бўлаётган ҳар бир воқеа танишдек туюлади, қизиқ бўлади. Ўзим учун ҳам бу кинодаги биринчи ишим бўлгани учун ёққан бўлса, иккинчидан асарнинг ўзи менга ёққан. Ҳамма бошқача иштиёқ билан ишлаган. У ерда кўпчиликнинг биринчи иши эди. Сабаби, режиссёрнинг мақсади шунақа бўлганки, асар бўлган воқеа асосида ёзилгани учун, томошабин ҳам кино кўраётгандек эмас, бўлган воқеани кўраётгандек ҳис қилсин ўзини, деб фақат янги актёрлар ишлатилган. Умуман экранда кўрилмаган, танилмаган актёрларнинг қатнашиши асарни янада ҳаётий қилган. Энди таниқли актёр чиқса бўлган воқеадек қабул қилмаслиги мумкин, деган фикр бўлган. Шу баҳона мен, Фотиҳ Жалолов, Лола Эргашева кинога кириб келганмиз. Бу нафақат биз актёрларнинг, режиссёрнинг, операторларнинг, ҳамманинг дебют иши бўлган, ҳаммамиз жуда тўлқинланиб ишлаганмиз. Муҳаббат билан олингани учун ҳам бу филм ҳақида ҳали ёмон гап эшитмаганман. Албатта мен режиссёр бўлганимда яна кўпроқ нарсани ичига киргизишим мумкин эди, чунки асар яхши ёзилган. Лекин вақт масаласи ҳам бор .

Би-би-си: Тошкентдан Алсу шундай сўраган: Яратган образларингиз характерингизга қанчалик яқин?

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Мен энди ўзимни ташқаридан кўрмайманку. Ҳар ҳолда ташқаридан яхшироқ кўринади. Одамни ўзининг камчилиги ўзига билинмайди. Режиссёрларимиз ўша ролларга мени таклиф қилганми, демак қанақадир томонларим билан умумийликни ўша образ билан бирга кўрган бўлса керак. Ҳар бир одамнинг яхши - ёмон томонлари бўлади. Фақат яхши томони бўлган одамнинг қизиғи унча бўмаса керак. Масалан, биз актёрлар образга ёндашган пайтда ўзимиздан унинг хислат-камчиликларини қидира бошлаймиз ва образга жон, суякка гўшт бита бошлайди. Агар ижобий рол бўладиган бўлса, барча ижобий томонларимизни ишга солишга ҳаракат қила бошлаймиз. Энди салбий образда камчиликларимизни эслаб, энди ҳаммада ҳам нафс бор. Нафсни тийиш бор. Салбий образга ёндашганда, ўйлайсан, ўша нафсни тиймаганимда мен қанақа одам бўлардим, деб ёндашилади. Бундай ёндашишларнинг актёрликда турлари жуда кўп. Лекин мана бу ролдаги характер менга тўғри келади, ёки ана униси менга кўпроқ ўхшайди, дейолмайман. Буни мени билган ва ролларимни таққослаган одам кўриб айтиши мумкиндир. Лекин кўп ролларимда ўзимга тўғри келадиган жойлари бўлади, албатта.

Би-би-си: тошкентлик Алсунинг кейинги саволи: Отабекни ўйнаганингизда Кумушни хаёлан севганмисиз?

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Хаёлан эмас(кулади). Мисол учун ўйнаётган партнёрим. Дейлик, Кумушни ўйнаётган актрисамиз. Унинг ижро этаётган Кумушини мен Отабек образига кирган ҳолда севишга ҳаракат қиламан. Албатта партнёрингиз сизга умуман ёқмайдиган бўлса, ҳаётда хушламасангиз, масалан менда шундай, рол табиий чиқмайди. Масалан, севги саҳнаси. Ёнимдаги актрисани севишим шарт эмас. Лекин инсон сифатида, актёр сифатида ҳурмат қилишим керак. Энди мен тирик жон актриса билан рол ижро этяпманки, Отабек образига кирган ҳолда партнёрим яратаётган Кумушни севаман, севишга ҳаракат қиламан.

Би-би-си: Четдан қараганда Кумуш ва Зайнаб, улардан қайси бирининг тақдири сизда ачиниш ҳиссини уйғотади?

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Мен "Ўтган кунлар"нинг янги версияси олина бошлаганида қарши бўлганман тўғриси. Нимага кераги бор. Биринчи версияси яхши чиққан. Ўша Ўлмас Алихўжаев, Гулчеҳра Жамиловалар ўйнаган эски "Ўтган кунлар" филмида катта бўлганман. Энди ундан зўр қилиб бўлмайди, деганман режиссёримиз Мелис Абзаловга. У киши айтганларки, бу бизнинг шоҳ асарларимиздан. Мисол учун Шекспирнинг асарларини бутун дунёда неча юз марталаб кино қилинган. Нега биз "Ўтган кунлар"ни иккинчи марта олишимиз мумкин эмас. Аввалгиси олинганда совет даври бўлган, кўп нарса қисқартирилган. Фақат Отабек ва Кумуш образининг қирралари ёритилган. Романни 20-30 сериялик эпопея қилса бўлади, биз тағинам сал кенгайтирмоқчимиз, деганлар. Ҳақиқатдан, сценарийни ўқиганимдан сўнг кўп нарсалар киргани, айниқса Зайнаб образи очилганини кўрганман. Зайнаб қотил бўлиб туғилмаган, уни бу ишга олиб келган омиллар очилган. Исломда тўртта хотини бўлса, ҳаммасига бир хил муносабатда бўлиш кераклиги айтилади, тўғрими? Бу кинода Отабек Зайнабга умуман эътибор қилмагани кўрсатилган. Албатта Зайнаб айбдор эмас-ку. У Тошкентнинг биринчи гўзалларидан, обрўли оиладан бўлади. Ўз бахтига хақли бўлади. Зайнаб фожеасига етиб келиши очилган янги "Ўтган кунлар"да. Кумуш ҳам жуда камчиликсиз эмаслиги берилган. Томошабин Зайнабга ҳам ён босади. Лола Элтоева маҳорат билан ижро этган. Мен ҳам ўз ўрнида иккала қаҳрамонга ачинаман. Замоннинг, тақдирнинг қурбони бўлишган.

Би-би-си : Ўшдан Одилжон Маҳдумий Муҳтарам Беҳзод ака, 1989 йил Қирғизфильмда суратга олинган "Ногдаун" филмида бош рол боксчи образини яратгансиз. Ушбу филмга таклиф этишганидан мақсад, юз кўринишингиз қирғиз миллатига ўхшаб кетишиданми ёки қадди-қоматингиз спортчиларга ўхшашлигиданми?

Беҳзод Муҳаммадкаримов: 1988 йил "Оқ бино оқшомлари" эфирга кетгандан сўнг Қирғизфиьмдан таклиф тушган. Ўша пайтларда бутун Союз бўйича актёрлар бошқа республика киноларида тушиб юраверарди, таклифлар бўларди. Мамлакат битталиги учун. Энди боксёр ролига мени танлашганига сабаб иккаласи ҳам бўса керак. Ҳам юз тузилишим, ҳам қоматим, ҳам ижроим режиссёр, авторга маъқул бўлгандир. 30-40 тача актёрлар орасида танлов бўлган ўўшанда.

Би-би-си: Россиядан Рамазон Жўра: Саломларим сизга! "Ўтган кунлар" да Отабек ролини қойилмақом қилиб ўйнагансиз. Бунинг учун сизга катта раҳмат! Энди саволим бугунги ўзбек кинолари ҳақида, уларнинг келажаги қандай? Қачон бизда ҳам ҳам Голливуддаги каби кинолар олинади, деб ўйлайсиз? Ўзбек актёрлари гонорар ҳисобига яшай оладиларми?

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Раҳмат, яхши фикрлар учун. Энди ўзбек киноларига келадиган бўлсак, ҳозир йилига тахминан 60 тача кино олиняпти. Илгари умуман, 6-7 та бадиий фильм олинган бўлса, ҳозир хусусий кинолар ҳисобига ҳам кинолар кўпайган. Сифатига келадиган бўлсак, аввал бир йўналишда филм олинарди. Кинода ҳам ўзига яраша оқимлар бўлади. Ҳинд филмларига ўхшаш, шу йўлда кинолар олина бошланди. Бу янгилик бўлди томошабинга. Бу томошабинни кинотеатрга қайтарди, бу яхши бўлди. Томошабин айтади, кинолар бир хил бўлиб кетди, деб. Мен қўшилмайман. Ҳозир турли мавзуда филмлар олиняпти. Кинонинг кўпайгани актёр учун иш кўпайгани дегани, яъни яшаш шароити яхшиланишига олиб келади. Ҳозирги актёрларимиз, мисол учун бош қаҳрамонларни ўйнаб юрган актёрларимиз нолишаётгани йўқ, менимча. Ҳозир бир-биридан яхши актёрлар чиқиб келяпти. Масалан, Улуғбек Қодиров, Дилноза Кубаева, Алишер Узоқов, Адиз Ражабов каби актёрлар чиқиб келишяпти. Режиссёрларимиз, Аюб Шаҳобиддинов, Ёлқин Тўйчиев, Зулфиқор Мусоқов каби кўп режиссёрларимиз хорижда ҳам эътироф этилган филмларни суратга олишди, олишяпти. Мен бундан хурсандман албатта. Томошабинда доим танлов ҳуқуқи бор нимани кўриши учун.

Би-би-си: АҚШдан Равшан сўраган, Бир неча муддатли ҳориждаги ҳаётингиздан бир оз гапириб берсангиз. Нималар ўргандингиз, нимадан сабоқ олдингиз? Бошқаларга ҳам хориж ҳаётини тавсия қилган бўлармидингиз? Аввалдан раҳмат!

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Энди актёрда, айниқса киноактёрида шундай пайт келади, ёш, ўлдим-куйдим, уйланаман, деган йигитларнинг ролига ёши ўтиб кеч бўлади, уларнинг отасини ўйнашга ҳали ёшлик қилиб қолади. Шунақа давр бўлади актёрда. Асорат даври бўлади, иш камайиб кетади. Менда ҳам шундай бўлди. Ўша пайтда бекор кетгизмай деб, дунё кўрай деб АҚШга бориб келдим. Дунё кўриш ҳар бир одамга фойда. Бу қўшимча ҳаётий тажриба. Юрт кўрдим, тил ўргандим. Ҳолливудга ҳам бориш ниятим бор эди. Чунки кино энг ривожланган жой. Актёрдан кучимни синаб кўрсам, деган фикр ўтади. Мен ҳам қизиқдим танишлардан сўраб-суриштириб, Ҳолливудга қандай кириб борилади, деб. Тилсиз ҳеч нарса қилиб бўлмас экан. Тилни ўргангач эса, ҳамма нарсани нолдан бошлаш, яъни оммавий саҳналарда ўзимни синашни негадир ўзимга эп кўрмадим. Кейин совудим. Тилни яхши ўрганганимда ҳам шу ерда туғилган актёрлардек бўлолмайман, яъни бу дегани катта роллар насиб қилмайди, дегани. Ҳолливудда овоз актёрнинг ўзиники бўлади кинода. Демак тилни яхши билиш жуда муҳим. Лекин хориж ҳаёти кўп нарсани ўргатди. "Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан" деган мақолни аввал ҳам тушунардиму, бунинг тўғрилигига юз фоиз амин бўлдим, ўзимда синаб кўргим ҳам келди. Лекин вақтим бекор кетмади. Дунё кўрдим, тил ўргандим, дўстлар орттирдим. Ҳаётий тажрибаларни ошириб, мана қайтиб келдим, ижодга қайтдим. Соғиниб келгандим. Мени яхши кутиб олишди. Режиссёрларимиздан таклифлар бўляпти. "Имкон", "Яраланган оққуш нидоси" спектаклини томошабинларга тавсия қиламан. Вақтларига ачинишмайди. Ўзим ўйнаганим учун эмас, дарди бор, муаммолар кўтарилган. Дардли комедия ва драма асарлари булар. Ота-фарзандларнинг муносабатлари кўрсатилган. Эркин Аъзамов асари асосида "Паризод" филмида ўйнадим. Фалсафий, яхши асар. Хуллас, бўш вақт йўқ, ишлаб турибмиз, дубляж дегандек. Бизнинг соҳада, ҳамманинг ўз ўрни бўлади, дейилади актёрликда. Яна ўз ўрнимга қайтиб келдим. Лекин хориждалигимда Миллий театрда устоз Турғун Азизов томонидан Шекспирнинг "Гамлет"и қўйилди. Шунда юрагим бир жиз этган. Агар бу ерда бўлганимда балки Гамлетни ўйнардим. Лекин яна айтолмайманки, аниқ ўйнардим, деб. Шундай бўлсада, кўпчилик эркак актёрларнинг орзуси бўлган Гамлетни ўйнаш менинг ҳам орзуим бўлган эди. Гамлет энди актёрнинг қанчалик поғонага чиққанини белгилаб берадиган бир мезонлардан саналадида, театрда. Мен кетганимда аниқ нима бўлишини билганимда солиштира олардим. Лекин бир нарса учун бир нарсани йўқотилмаса бўлмайди. Бу ҳаёт қонуни. Гап борку,

Насиб қилса келур Шому Ироқдин Насиб қилмасагар кетур қошу қароғдин, деб.

Шундай экан, насиб қилгани, пешонада ёзилгани бўлади.

Би-би-си: Кореядан Ўктам: Турмуш ўртоғингиз шунча йил ҳорижга кетишингизга қандай рози бўлганлар.

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Энди рози бўлмаган... Лекин турмуш ўртоғим менинг актёрлигимга рози бўлганку бошида. Шунга ўхшаб ўзимни актёр сифатида синаб кўриш ниятимни тушунган, буни тўғри қабул қилган.

Би-би-си: Ўзбекистондан Бек: Бир хиллар тез ўзгаради бир-иккита роли, қўшиғи билан. Сиз нима деб ўйлайсиз шуни?

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Энди бу ўша одамнинг савиясига боғлиқ. Агар тарбияси шунга мос бўлса, у ўзгаради. Тарбияси, савияси юқори одамни ҳеч нарса ўзгартирмаса керак. Лекин баъзида актёр ёки артистларнинг ростдан ҳам вақти бўлмаслиги мумкин. Чунки таниқли одамнинг вақти ҳам белгиланган бўлади. Шунга қараб, гоҳида одамларга бурни кўтарилгандек туюлиши мумкин. Аслида, унинг ростдан ҳам гаплашишга вақти бўлмаслиги мумкин ўша пайтда. Лекин ўзини йўқотиб қўйган одамлар ҳам бўлади. Бу энди унинг савиясидан, деб биламан.

Би-би-си : Суҳбатимизга рози бўлганингиз учун катта раҳмат! Тилакларингиз бўлса марҳамат!

Беҳзод Муҳаммадкаримов: Вақтларини аямай савол йўллаган тингловчи ва мухлисларга катта раҳмат! Хурсанд бўлдим. Соғлик-саломатлик тилайман. Ишларини ривожини берсин, яқин одамларининг ҳам яхши кунларини кўриб юриш насиб қилсин ҳаммаларига!

Таниқли театр ва кино актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов билан суҳбатнинг 1-қисми

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Беҳзод Муҳаммадкаримов билан суҳбатнинг 2-қисми

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ