BBC navigation

Би-би-си меҳмони - парижлик тасаввуфшунос олим Терри Зарконе билан суҳбат

Сўнгги янгиланиш 8 октябр 2012 - 10:41 GMT

Париждаги Дунёвий жамиятда дин гуруҳи катта тадқиқотчиси Терри Зарконе - Ислом ва Турк-Эрон минтақасида тузумлар тарихини ўрганган кам сонли ғарблик мутахассислардан бири.

У Усмонийлар империяси, Туркия, Марказий Осиё ва Шарқий Туркистонда сўфийлик ва ўша жойлардаги муқаддас қадамжолар тарихига оид изланишлар олиб борган.

"Мен Марказий Осиё тарихи, тасаввуф, муқаддас жойлар - авлиёлар, улуғ зотларнинг мазорларига диққат қаратганман. Сиз биласиз, Ўшда, Қошғарда - Шарқий Туркистонда, Бухорода муқаддас ерлар бор, тадқиқотларим ана шулар тўғрисида", дейди олим.

Терри Зарконе ўзи диққат қаратган мавзулар, жумладан, Туркия ва Марказий Осиёнинг яқин тарихига бағишланган қатор илмий мақолалар муаллифи ҳам.

Олимнинг 1993 йилда ёзган "Исломда сўфийлар, файласуфлар ва масонлар" китоби Франциядаги Ахлоқ ва Сиёсат академияси Сайнтур мукофотига сазовор бўлган.

Шунингдек, унинг "Бектоши тариқатида сўфий шоиралар" (2010 йил), "Қуддусдаги Марказий Осиё ва Ҳиндистондан келган сўфий зиёратчилар" (2009 йил) ва "Сўфийлик Исломнинг мистик йўли" (2009 йил) деб номланган яна бир қатор китоблари босмадан чиққан.

Айни пайтда Терри Зарконе Сибир ва Марказий Осиёда шамонийликка бағишланган китоб устида ишлаётганини айтади.

Олим қатор тиллар, жумладан, турк, ўзбек тилларида сўзлашади.

Тасаввуфшунос олим Терри Зарконе билан суҳбат

Би-би-си: Бу гали Би-би-си меҳмони парижлик тасаввуфшунос олим Терри Зарконе. Аввало, тасаввуфнинг замонавий кўриниши борасидаги фикрларингизни бўлишсангиз.

Терри Зарконе: Масалан, ҳозир яссавийлик тариқати, қодирийлик тариқати, нақшбандийлик тариқати бор. Улар ҳар жойда: Ўрта Осиёда, Шарқий Туркистон - Хитойда, Туркияда, яна араб мамлакатларида бор. Туркияда кўп улар. Бу одамларнинг сиёсий ҳаракатлари ҳам бор... Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистонда эса, тасаввуфчилар сони оз. Чунки, сиз биласиз, Совет империясидан кейин сўфийлар кам қолган.

Би-би-си: Масалан, Туркияда ёки Хитойда кўпроқ қайси тариқатлар сақланиб қолган?

Терри Зарконе: Ҳозир энг муҳим тариқат бу - нақшбандийлик тариқати. Чунки, нақшбандийлик тариқати ортодокс бир тариқат. Демак, Исломга кўп яқин.

Би-би-си: Мана Сиз Туркияда 10 йилдан ортиқроқ вақт яшагансиз, айнан Туркия мисолида гапирадиган бўлсак, у ердаги тасаввуф аҳли орасида қайси тариқатнинг таъсири кучли ва нима учун?

Терри Зарконе: Ҳозир Туркияда бир сиёсий партия бор. Бу АК партияси, ҳозир у ҳукуматда. 25 йил аввал бу партияни ташкил этганлар нақшбандийлар эди. Шундан, ҳозир ҳукуматдаги партияга нақшбандийликнинг бироз таъсири бор. Бу нима дегани? Менинг фикримча, бу Исломнинг анчайин очиқ, кўлами кенг, буюк бир қараши, яъни нақшбандийлик тариқати - замонавий бир тариқат. Фақат зикр билан шуғулланадиган тариқат эмас. Унда яхшироқ ҳаёт қуриш ғояси бор. Бошқа тариқатлар замонавий эмас. Масалан, яссавийлик замонавий бир тариқат эмас. Туркияда кўп бошқа тариқатлар ҳам бор, масалан, қодирийлик, бектошийлик...Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистонда фақат нақшбандийлик бор.

Би-би-си: Бизга маълумки, тасаввуфни Исломдаги барча оқимлар ҳам қўллаб-қувватлашмайди, яъни, тасаввуфнинг айрим жиҳатлари Исломга зид деган қарашлар ҳам мавжуд. Айнан мана шу баҳсталаб нуқталар қаерда?

Терри Зарконе: Масалан, ҳозир радикал Исломий гуруҳлар бор: ваҳобийлар, салафийлар...Улар тасаввуфга қарши. Уларнинг фикрича, тасаввуф бир бидъат. Масалан, энг баҳсталаб жиҳати бу - мусиқа. Чунки, баъзи тариқатларда мусиқа бор. Масалан, нақшбандийлик тариқатида рақс бордир, рақси самоъ. Аҳмад Яссавий тариқатида ҳам мусиқа бор. Радикал исломчилар бунга тамоман қаршилар. Кейин яссавийлик тариқатида аёл ва эркак баравар намоз ўқийди. Айнан мана шу нуқта ҳам Исломга зид кўрилади. Бундан ташқари, Қуръоннинг тафсири, зикр қилиш каби томонлардан ҳам келишмовчиликлар мавжуд.

Би-би-си: Тасаввуфда шариат, тариқат, ҳақиқат мақомлари мавжуд, шу даражаларга етишган, шариат, тариқат, ҳақиқат илмларини эгаллаган сўфийлар борми ҳозирда?

Терри Зарконе: Бор, бор. Чунки, тасаввуфнинг қоидалари - Шариат, Тариқат, Маърифат, Ҳақиқат. Биринчи шариат, яъни Қуръони Каримнинг қоидаси, кейин тариқат - сўфийлик амаллари, ундан кейин маърифат ва ҳақиқат... Булар ички, маънавий баркамолликка эришиш босқичлари...Энди яна тасаввуфга қарши фикрларга қайтадиган бўлсак, масалан, Ўрта Осиёда тасаввуф учун энг муҳим қадамжолар, авлиёлар мазорлари бор. Аҳмад Яссавий бир авлиё, Баҳовуддин Нақшбандий бир авлиё. Бу одамларнинг мазорлари жуда муҳим ҳисобланади. Одамлар зиёратгоҳ ўлароқ, бу жойларни зиёрат қиладилар. Ваҳобий ва салафийлар бундай ишларга қарши. "Исломда битта мазор бор, бу Мадинадаги ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)нинг мазорлари. Бошқа авлиёларнинг мазорларини зиёрат этмоқ маън этилган", дейди бу ваҳобийлар. Аммо, муҳим бир анъана. Масалан, Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида машҳур Тахти Сулаймон бор, Бухорода ҳазрати Баҳовуддин Нақшбанд, Туркистонда Аҳмад Яссавий мазорлари бор. Баъзи диний уламолар уларни зиёратгоҳга айлантиришни Исломга зид дейишади. Аммо, менинг фикримча, бу Исломга зид эмас. Аҳмад Яссавий улуғ бир зот, ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)га ўхшаш.

Би-би-си: Тасаввуфга қизиқиш нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам бор. Тасаввуф ҳақида ёки тасаввуф таъсирида ёзилган китоблар жуда кўп. Ғарб тадқиқотчилари, шахсан ўзингизни тасаввуфнинг қайси жиҳатлари мафтун этган?

Терри Зарконе: Ҳа, масалан, Англияда, Франция, умуман, Оврўпода тасаввуфга қизиқадиганлар кўп. Нима учун? Чунки, Исломий тасаввуф бу бир қалб каби... Яъни, ҳаётнинг қалби каби жуда муҳим бир назария. Шунинг учун, Оврўподаги тасаввуфга қизиққан баъзи кишилар Исломни қабул қилишди ва сўфийлик йўлини танладилар. Францияда, Англияда кўп улар. Сиз биласиз, Туркияда машҳур авлиё шоир ўтган - Юнус Эмро. Юнус Эмро: "Йўл 72та, Аллоҳ бирдир", деб айтган. Яъники, ё насроний бўлсин ёки яҳудий бўлсин ва ё мусулмон, уларнинг йўллари ҳаммаси бир жойга бориб тўхтайди. Мен ўзим тасаввуф тўғрисида кичик бир китоб ёзганман. Францияда чиққан. Айни мавзуда сўнгги ёзган китобимларимдан бири Қуддусдаги Марказий Осиё ва Ҳиндистондан келган сўфий зиёратчилар ҳақида. Чунки, Қуддус шаҳрида сўфийлар учун учта мусофирхона бор. Бири "Завия ал ўзбек", деб номланган. У ерга Ўзбекистондан, Ўрта Осиёдан Маккага кетаётган сўфийлар тунаб қолишади. Яна бири ҳиндистонликлар учун, бошқаси афғонлар учун. Шу уч мусофирхоналар ҳақида тадқиқот қилдим ва китоб чиқардим. Хитойнинг Қошғар шаҳрида машҳур бир муқаддас жой бор - Офоқ Хўжа. У ҳам нақшбандий сўфийлардан бўлган. 17-18 асрда яшаб ўтган сўфий подшоҳ. Ҳозир бир дўстим билан ана шу Офоқ Хўжа зиёратгоҳи ва Шарқий Туркистондаги бошқа муқаддас қадамжолар ҳақида уйғур тилида китоб ёзаяпмиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.