BBC navigation

"Ўзбек" спектакли муаллифи Талгат Баталовга савол йўлланг

Сўнгги янгиланиш 29 октябр 2012 - 10:39 GMT

Талгат Баталов бугунда Россияда яшаб ижод қилади. "Санъаткор ҳеч қачон тинч бўлмаслиги керак, уни шаҳрида, мамлакатида бўлаётган воқеалар ташвишлантириши керак", - дейди у.

Би-би-си меҳмони - "Ўзбек" спектаклининг муаллифи ва ижрочиси Талгат Баталов.

Баталов Тошкентда марҳум режиссёр Марк Вайлнинг "Илхом" театрида таълим олган, Тошкентда Ab incunabulis видеоарт лойиҳаси аҳлоқ мезонларини бузгани учун ёпилиши ортидан Ўзбекистонни тарк этган. Бугунда Россияда яшаб, ижод қилади.

Талгат Баталов 1987 йилда Тошкентда туғилган. У Тошкентдаги театр ва рассомчилик институтининг кино, театр ва телевидение режиссураси факультетини тамомлаган. Бу йил у иштирок этган "Алангамни ёқ" номли спектакли "Олтин ниқоб" мукофотига сазовор топилди.

Унинг Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари аҳволи ҳақидаги ҳужжатли спектакли "Ўзбек" дея номланган бўлиб, муаллифнинг Россияда янги ҳаёт қуриш интилишларига боғлиқ қизиқ воқеаларга асосланади.

"Ўзбек" спектали аввало апрел ойида Москвадаги Сахаров номли марказнинг кўргазмалар залида намойиш қилинди. Бугунда у Россия пойтахтининг Йозеф Бойс исмли театрида ижро этилмоқда.

"Мен бошиданоқ билардим Марказий Осиёдан келган муҳожирлар мавзуси билан шуғулланишимни. Мен ўзига хос бир бошловчи ролини ўйнай олишимни англадим. Чунки, мен Тошкентда рус эдим, бу ерда эса ўзбекман", - дейди актёр.

Ўзбекнинг ҳикоясига "ашёвий далиллар" ҳамроҳлик қилади. У ҳам бўлса, паспорт, рухсатномалар, справкалар - ҳар бир парча қоғознинг ортида кунлар, ойлар ва йиллар давом этган идорама-идора югуришлар, ҳақорату ерга уришлар ва қоғозбозлик ҳикояси туради.

Баталов учун муҳожирлик мавзуси нафақат ижтимоий, балки психологик мавзуга айланган. У ўз таҳлили билан, ўзини "ўзиникилар орасидаги бегона"дек сезганидан сўз юритади.

Спектакль нафақат ижтимоий ва психологик, балки сиёсий жиҳатга ҳам эга. Унда кабоб сотувчи ўзбек ҳикояси билан бир қаторда, тожик муҳожирларининг лидери, Ўзбекистонга ҳатто онасини дафн этишга бора олмаган сиёсий қочқин ва инсон ҳақлари фаоли, ҳамда Владимир Путин ҳақидаги ҳикоялар ўрин олган.

Муаллиф спектаклда ички дунёси ва энг шахсий ҳиссиётларини тўкиб солади. У интернетни тан олмайдиган ва адабий сўзлар билан мактублар йўллайдиган отасининг хатлари ҳамда онаси билан скайпда бўлган суҳбатининг ёзувларини томошабинга тақдим қилади.

Талгат Баталовнинг ҳикоялари кўплаб муҳожирларнинг миннатдорчилигига сабаб бўлган бўлса, бошқа кўпларнинг ғазабини ҳам қўзғаган. Унинг "ўзбеклар - хавфли миллат" каби чиқишлари ҳаммага ҳам ёқмаган.

Баталов "Ўзбек" спектакли билан муҳожирларнинг оғир ҳаётига эътибор қаратишни истаган.

"Мен билан суҳбатлашган инсон ҳақлари фаоли Баҳром Ҳамроев "ўзбеклар - хавфли миллат" дейди. Чунки улар 20 йилдирки диктатурада яшаб келаяптилар, қуллардек, даҳшатли коррупция ичида. Ўз мамлакатларида ҳеч нима ҳал этилмаслигига ўрганганлар, улар учун муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли бу пора бериш. Россияга улар ўша одатларини олиб келадилар. Баҳром, масалан, баъзи милиционерлар билан гаплашган экан, улар унга "Кимни тўхтатманг, ораларидаги энг қўрқоғи - бу ўзбеклар. Ҳамма ҳужжат жойида бўлса ҳам, пора беришни истайдилар", - деб айтишган. Ментлар бунга ўрганган, шундан озиқланадилар. Домодедово аэропортида портлашлар бўлганида, бутун милиция ўзбек учоғининг тагида бўлган экан, аэропортга киришни ҳеч ким назорат қилмаган, чунки ҳаммаси тирик пул ташувчи гастарбайтерларни овлаш билан машғул бўлган", - дейди Баталов суҳбатларидан бирида.

Баталов ўз устози Марк Вайлнинг асл қотиллари номаълум қолаётганидан норози. "Балки бу энди муҳим эмасдир, муҳими шуки, у Марказий Осиёдаги ҳурфикрлиликнинг таянчи эди", - дейди у.

Талгат Баталов сайтимиз ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Талгат! Сиздек юртошимиз борлигидан фахрланаман. "Мен Тошкентда рус эдим, бу ерда эса ўзбекман", деган сўзларингиз юртошлар тақдирига бефарқ эмаслигингиздан далолат. Сиз "Ўзбек" спектаклида жуда сиёсий нозик масалани кўтариб чиққансиз. Яъни бундай саҳна асарининг намойиш қилиниши Ўзбекистон ҳукуматига ёқмаслиги тайин. Энди Россиянинг Ўзбекистон билан "ўзига хос" алоқаларини ҳисобга олганда бу спектаклнинг намойиш этилишига Россия давлат органларидан ҳеч қандай қаршилик сезмадингизми? Раҳмат
Абдулла, АҚШ

Баталов: Йўқ, ҳеч қандай қаршилик бўлмади, чунки мен ишлайдиган театр давлатга тегишли эмас, у мустақил ва хусусий театр. Давлат идоралари бизга бир нима дея олмайди. Унинг устига, менинг бу лойиҳам Оврўпо Иттифоқи қўллаб-қувватлови билан амалга оширилди.

Биринчи ўринда "Олтин ниқоб" мукофоти билан табриклайман. Биринси саволим: Спектаклни тайёрлаш ва репетиция жараёнида қандай қийинчиликлар ё муаммоларга дуч келдингиз?
Рашид Шадат, Лондон

Баталов: Мен юз тутган ягона муаммо шу бўлдики, Россияда яшаётган ўзбеклар, Ўзбекистондан шунча йироқда бўлишларига қарамай, ким биландир гаплашишдан қўрқишар экан. Улар интервью беришни, ё ўзлари ҳақида сўзлашишдан қўрқишади. Жуда кўп одамларни ишга солиб, қўрқмайдиганларини қидиришимга тўғри келди. Масалан, менинг спектаклимда бир тожик инсон ҳуқуқлари фаоли, бир ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли ва бир шовурма ошпазининг суҳбатларидан иқтибослар келтираман. Бу уч суҳбатни қилишимга бир ой кетди. Лекин, Москвадаги кундалик ҳаётимда ҳам кўп ўзбекларга дуч келаман. Масалан, таксида. Такси ҳайдовчиси бўлган ўзбеклар жуда гапга чечан бўлишади ва гурунглашишни яхши кўрадилар, лекин уларнинг гапларини қандайдир лойиҳа учун ишлатмоқчи эканимни билишса, муносабат ўзгаради. Баъзиларини қўрқмасликка ишонтира оламан, лекин ўзбекларнинг ўз-ўзига цензура қўйиш даражаси жуда юқори. Мисол учун, бир таржимон билан учрашдим, у Ўзбекистонда жуда катта ҳурматга сазовор одам, лекин кўп йиллардан бери Россияда яшайди. У анча кескин баёнотлар қилди, лекин диктофонимни ёқишим билан, режимни мақтаб кетарди - Ўзбекистонда ҳаёт фаровонлиги, қанча иморатлар барпо этилгани ва ҳоказолар ҳақида. Диктофонимни ўчиришим билан, яна ҳақиқатга қайтарди. Бу ўз-ўзини цензура қилиш одати одамларнинг миясига сингиб кетган.

Спектакль билан гастроль қилиш нияти ва имконияти борми? Келажакда қандай материал ва жанрда ишлаш истагидасиз?
Рашид Шадат, Лондон

Баталов: Келажакка режаларим кўп, фақат муҳожирлик мавзуси билан ўзимни чекламайман. Қатор замонавий спектаклларни қўйишни ўйлаб қўйганман. Гастроллар ҳам режаланган, "Ўзбек" спектаклимни келгуси йил сентябрида Польшада намойиш қилишим мўлжалланган.

Марк Вайлни ким ўлдирган деб ўйлайсиз? Бу кимга керак эди? Эшитишимча, унинг ўлими ортидан "Илҳом" театри актёрларини кўп сўроқ қилишган ва ҳатто уришган ҳам экан. Сизни ҳам тергов қилишдими? Қандай муносабат қилишди?
Здешний, Лондон

Баталов: Биласизми, буни батафсил шархлай олмайман, чунки "Илҳом"да унча узоқ давр ишламадим. Мен қатнашган охирги спектакль ортидан Марк Вайлни ўлдиришди. Сабабларини билмайман. Қандайдир одамларни топиб, жазога тортишди. Ўша даврда "Илҳом" театрида ишлаган ҳаммани бирма-бир сўроқ қилишди. Мени ҳам сўроққа тутишди. Милиция ҳар доим милиция, жуда мулойим эмас, ва жуда қаттиққўл ҳам эмас. Қотиллик куни қаерда бўлганим ва нималар қилганимни сўрашди. Бу қотиллик кимга керак эди, деган савол жуда катта савол... Милиция мени сўроқ қилганда устимдан кулди, ва Марк Вайлнинг шаънига уятсиз сўзлар айтишди, жинсий қарашларига боғлиқ сўзлар. Балки улар мендан қандайдир реакцияни, ўзимни йўқотиб қўйишимни кутишганди. Улар милиционер-ку, нима ҳам дердим. Яхши милиционерларни камдан-кам учратганман... Лекин, "Илҳом" театрида ҳеч қачон атайлаб провокацион спекталлар яратиш фикри бўлмаган. У ерда санъат, тадқиқот билан машғул эдилар. Марк Вайль ҳеч қачон кимнингдир ҳиссиётларига таъсир қилиш ёки гижгижлаш мақсадани ўз олдига қўймаган. У ҳақиқий санъаткор одам эди. Масалан, унинг диний мавзудаги спектаклларини олсангиз, у Ўзбекистонда туғилиб ўсган ва шу юрт дини ҳақида очиқча гапиришга ҳақли эди. Ахир Ўзбекистон дунёвий давлат-ку... Менга "Илҳом"да ишлаш жуда ёққан, у ерда профессионал ва ижодий муҳим ҳукм сурарди. Мен ундай муҳитни фақат Москва ва Оврўпо театрларида кўрдим. Репетициялар тартиб билан ўз вақтида ўтарди, кечқурун муҳокама қилинарди, баҳсу мунозаралар қизиб, тунги 2-3ларда ишдан уйга кетардик.

"Ўзбеклар - хавфли миллат" дегани нима? Ўзбеклар шундоқ ҳам кўп қийинчиликларни кўрган, энди улар хавфли бўлдими? Сиз барибир ҳеч қачон тушунмасангиз керак, чунки сизни, кечирасиз-у, "қора танли" деб сўкишмаса керак у ерда. Мен Россияда яшаб кўрганман ва биламан ўзбекларга муносабат қандай эканини.
Алия, Манчестер

Баталов: Мен Алияга жавоб бера туриб, шуни айтмоқчиманки, бу жумла бироз контекстдан ҳоли тушунилган. Бу жумла менга эмас, инсон ҳақлари фаоли Баҳром Ҳамроевга тегишли. У мен билан суҳбатда шу гапларни айтган ва мен уни ўз спектаклимда қўллаганман. Бошқа газета кейин уни мен билан суҳбатнинг сарлавҳаси этиб танлаган. Ҳамроев "Ўзбеклар - хавфли миллат" деганида, ўзбеклар 20 йилдирки қўрқув остида, коррупция ичра яшаб келишаётгани, ва Россияга келганларида ўзлари билан ана шу қўрқув ва коррупцияни олиб келишларини назарда тутганди. Яъни, ўзбеклар порахўрчилик каби иллатларни ташигани билан хавфли, чунки улар ҳамма ҳужжати жойида бўлса ҳам, милицияга пул беришга тайёрлар демоқчи эди... Лекин, ўзбек ё ўзбек эмаслигимга келсак, менга барибир аён ўзбеклар билан нималар бўлаётгани, ҳамма келгиндининг тақдири ўхшаш. Албатта, осиёлик кўринишга эга бўлган ёки кўча супураётган ўзбеклардек қийинчиликларга дуч келмагандирман, лекин жуда кўп ўзбеклар билан мулоқот қилганман театрдаги фаолиятим доирасида. Чунки мен ишлаётган театр.дос театри ҳужжатли драма билан шуғулланади ва шунинг учун одамлар билан мулоқот қилишимизга тўғри келади. Шундай экан, Алия, агар сиз мени ўзбеклар ҳаётини билмайди деб ўйлаган бўлсангиз, янглишасиз.

Би-би-си: Сиз Тошкентда рус, Россияда ўзбек эканингизни айтгансиз. Бу билан нима демоқчи эдингиз?

Баталов: Бу сўзларимнинг тарихи шуки, мен Тошкентда яшаганимда мени рус деб ўйлашарди, чунки русийзабонларнинг деярли ҳаммасини рус деб ўйлашади. Мен асли татарман. Бу ерга келганимда эса, менинг паспортим яшил бўлгани учун ҳамма жойда ўзбек деб қабул қилинардим. Масалан, паспорт идорасида ҳужжатларимни кўриб, "Ўзбекистонликми, демак ўзбек" деган гаплар янграган. Кўп ҳолларда кимларгадир кимлигимни тушунтиришим керак бўлган... Шундай экан, Алия, спектаклимни келиб кўринг ва ҳаммасини тушунасиз.

Ўз ички ҳаётингизни жамоатчиликка очиқча ҳикоя қилиб беришдан қўрқмайсизми? Ёки театр сиз учун бир қуролми?
Нодира Мюррей, Британия

Баталов: Нимадан қўрқай, ҳеч хавфли ё қўрқинчли гапни гапираётганим йўқ, Россия фуқаролигини қандай олганим, қандай кўчиб келганим, умуман ўз ҳаётим ҳақида гапираман, онам ё отамнинг сўзларини эшиттираман, лекин ман қилинган мавзулар йўқ... Бизнинг театр замонавий театр ва мен танлаган жанр стэнд-ап жанри бўлгани учун ижрочи қандайдир ролни ижро этмайди, балки ўз ҳаёти ва кўрган кечирганларини ҳикоя қилади. Менда ўз бошдан кечирганларимни шу жанр орқали айтиб бериш зарурати туғилганди.

Россия театрларидаги "ҳаёт учун кураш" сизга қандай таъсир қилаяпти? Ахир сиз "ЎЗБЕК"сиз-ку?
Йўлдош Жўрабоев, Лондон

Баталов: Авваламбор, мен ишлаётган театр, ҳали айтганимдек, замонавий, ўзига хос театр ва мен ҳеч қачон Чехов ё бошқа адиблар асарларини саҳналаштирадиган театрларга ишга киришга уриниб кўрмаганман. Аслида, ҳаёт учун курашни кўрмаяпман ҳам, чунки, ўйлашимча, агар жуда-жуда қаттиқ хоҳласангиз, истаган театрингизга ишга киришингиз мумкин. Бошқа масалаки, Москвадаги ҳаёт осон эмас.

Би-би-си: Сизнинг Тошкентдан кетишингизга бир видеоарт лойиҳаси сабаб бўлган экан. Бу қандай лойиҳа эди?

Баталов: Мен Тошкентдаги замонавий санъат биенналесида қўйган инсталляциямни олиб ташлашган. Менга у Ўзбекистонда қабул қилинган ахлоқ мезонларини бузгани айтилган, чунки унда яланғоч аёллар баданлари акс этганди. Галерея директори мени ўз олдига чақириб, инсталляциям фақат бир кун кўргазмада турганини айтган. Бу воқеа юз беришидан бироз олдин Марк Вайлни ўлдиришганди. Умуман, бу икки воқеа деярли бир вақтда содир бўлди. Шунда Ўзбекистонда қолишни истамаслигимни англаб етдим. Бутун муҳитдан ҳафсалам пир бўлганди. Мен ижодий ривожланишни истардим, Маркнинг ўлими билан "Илҳом" театрининг менсиз ҳам бошоғриғи етиб турганди. Кетганимдан ҳеч афсусланмайман. Кулгили жиҳати шуки, мен Тошкентда таниган ижод аҳлининг деярли бари Москвага кўчиб келган. Деярли бари. Саноқлиси Тошкентда қолган, лекин уларда ижодий ўсиш йўқ. Шунинг учун, ҳамма Ўзбекистондан кетишни хоҳлайди. "Илҳом" театрида ҳам шу ҳақида бир спектакль қўйгандик - унда бутун ўзбек ёшлари қаергадир кетишни исташлари ҳақида гап кетади. Аслида бу тенденция ҳамма жойда бор, масалан Оврўпода ҳам кам ривожланган мамлакат аҳли бадавлат юртга кўчишга уринади. Масалан, Олмониядаги турклар, ё Франциядаги арабларни олинг. Лекин, Россияда муаммо муҳожирлик сиёсатининг йўқлигида. Муҳожирлар қандайдир имтиҳон топшириб, қонуний ишлашлари керак. Тилни билишлари керак, иш ҳужжатларини олишлари керак. Бу ердаги миллионлаб ўзбекларнинг аксари ноқонуний муҳожирлар, шу туфайли уларни қийнаш ва пулини олиш кимгадир қўл келади. Бу ҳам бир бизнес.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.