BBC navigation

Навбаҳор Имамова буюртма ахборотлар, мухлислар муносабати ва журналистлар авлоди ҳақида

Сўнгги янгиланиш 27 декабр 2012 - 19:25 GMT

Навбаҳор Имамова бу ерга босинг "Америка Овози" телерадио тармоғи Ўзбек редакциясининг журналисти.

У Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қўшқўрғон қишлоғида зиёли оиласида туғилган.

Навбаҳор ўзининг журналистик фаолиятини 1996 йилда Ўзбекистон радиосининг "Халқаро ҳаёт" таҳририятида бошлаган.

У Тошкентдаги Жаҳон Тиллари Университетининг Журналистика факультетида дарс берган.

Оммавий ахборот воситалари бўйича бакалаврликни Ҳиндистондаги Майсур Университетида(University of Mysore), магистрликни эса Америка Қўшма Штатларидаги Бол Давлат Университетида(Ball State University) олган.

Навбаҳор Имамова "Америка Овози"нинг Ўзбек редакциясида 2002 йилдан буён ишлайди.

У Ўзбек таҳририятининг илк теледастурлар туркуми - бу ерга босинг "Америка манзаралари" асосчисидир.

Навбаҳор Имамова сиздан келган саволларга жавоб берди.

Muhtarama Navbahor xonim! Sizni mohir jurnalist (muhbir) sifatida bilaman. Kasbingiz faoliyatiga doir holis aytingchi, jurnalist kasbini e'gallagan shaxs undagi faoliyatni olib borish jarayonida uning yo'lida uchraydigan har qanday manfaatlardan qattiy nazar halqqa holis axborotni etkazishni o'ziga ulkan ma'suliyatli vazifa e'kanligini, javobgarligini aslida his qila bilishi kerak. Hozirda dunyoning aksar jurnalist ahli kimlarningdir, to'g'rirog'i ba'zi imperialistik davlatlarning manfaati uchun ma'lumotlarni subyektiv tarzda axborot berib "hizmat" o'tayotgani ko'pchilikka ayon. Bu holat, sizni jurnalist sifatida shaxsan vijdoningizni azobga soladimi?

Одилжон Махдумий, Ўш

Имамова: Йўқ, солмайди. Чунки, ўзингиз айтиб ўтгандек, журналистлик бу жуда юксак масъулият. Журналистман деган одам буни ич-ичидан ҳис қилиши бу табиий нарса. Журналист бўламан деган одам кучли ирода эгаси бўлади одатда. Шу сабаб, сиз қайси ташкилотга ишлаётганингиздан қатъий назар, қай давлатдаги қай ахборот воситасига ишлаётганингиздан қатъий назар, агар ўз вазифангиз ва масъулиятингизни билсангиз, менимча, қийин эмас. Бирор бир империалистик давлат деганда, қайси давлат назарда тутилаётганини сезиб турибман, ҳар ҳолда мен "Америка овози"га ишлайман, "Америка овози" АҚШ ҳукумати томонидан молияланади, Конгресс томонидан ҳар йили унинг учун маблағ ажратилади. Лекин, ишимда Америка ҳукумати ёки ҳатто ташкилотимиз раҳбарияти бизнинг фаолиятимизга ҳеч қачон аралашмайди. Аниқ миссия бор, у ҳам бўлса, хабар бериш ва ахборот узатиш. Ўз иш жараёнимда ҳеч қачон тўсиққа учрамайман. Яна бир нарса шуки, мен Ўзбекистонда катта бўлганман, Ўзбекистон давлат телерадиосида ишлаганман, цензура ё пропаганда нима эканини жуда яхши биламан. Агар Америкага келиб ҳам шу нарса билан юзлашишимни билганимда, мен "Америка овози"га ишламаган бўлардим. Шунинг учун, "Америка овози" журналисти сифатида фаолият юритиш мен учун қийин эмас. Ишимиз оғир, ишимизнинг табиати шу. Жуда мураккаб вазифа. Лекин, виждон азобига учрамайман.

Сиз яқинда Фейсбукда сизга келаётган танқидлар учун норозилик кўрсатдингиз. Нимага хафа бўлдингиз? Бу танқидлар Ўтунбаева билан интервьюнгиздан кейин келган, саволларингиз ўринли ва тўғри бўлган деб ҳали ҳам ишонасизми?

Скептик, Лондон

Имамова: Жуда ўринли савол бўлди. Раҳмат. Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Роза Ўтинбоева билан интервьюм борасида ўзимда ҳеч қандай шубҳа ёки гумон йўқ. Саволларим ўринли бўлди деб ишонч билан айтишим мумкин. Роза Ўтинбоевага Вашингтонда мукофот берилди. Мукофот тақдимотидан кейин биз озгина вақт имконият топдик ва тезгина ўтириб у билан суҳбатлашиб олдик. Берилган 5 дақиқалик вақтни мен сал чўзишга ҳаракат қилдим ва ўзимдаги энг муҳим саволларни беришга улгурдим. Энди, "Бу Рўза Ўтинбоева билан нима учун интервью қилдингиз, бу аёл президентлик даврида ўзбекларга нисбатан ноҳақликлар, адолатсизликлар қилинган, шунча ўзбеклар ўлиб кетди, лекин сиз у билан юзма-юз ўтириб гаплашдингиз" деган танқидга жавобим шуки, мен журналистман. Журналистлар ҳар ким билан гаплашади. Ахборот йиғиш, маълумот олиш, муҳим саволлар бериш бизнинг вазифамиз. Биз одам танламаймиз. "Нима учун интервью олдингиз ва видеосини сайтингизга қўйдингиз, нима учун у билан расмга тушиб Фейсбукка қўйдингиз" деган саволларга жавобим шуки, Роза Ўтинбоева, бизга ёқадими йўқми, қўшни давлат раҳбари бўлган. У юзма-юз биз билан ўтириб, саволларимизга конкрет жавоблар берди. Бу собиқ президент менинг ҳимоямга муҳтож эмас. Одамларнинг бу каби саволлари жуда ноўрин. Журналистни бемалол танқид қилиш мумкин. Танқидга чидаб берамиз, чунки бу касбимизнинг ажралмас қисми. Омма ҳар куни ишингизни баҳолайди ва, керак бўлса, қаттиқ танқид қилади. Лекин, шахсий ҳақоратлар, шахсий танқид - жуда ҳам ўринсиз. Фейсбукда, Одноклассникида, умуман социал тармоқларда бу нарса жуда кўп учрайди. Ўйлайманки, одамлар ҳали ҳам ўрганишаяпти, қандай фикр алмашиш кераклиги ва қандай муомала қилиш кераклигини. Фейсбукда доимо айтаман, "илтимос шахсий адоватга берилманг, шахсий танқид ё ҳақоратга ўрин йўқ" деб. Лекин, сўкинишларга, қарғишларга ва таҳдидли хатларга чидаб бўлмайди. Ўтинбоева билан гаплашганим ва суратга тушганим учун келган ҳақоратомуз гапларга охири чек қўйдим ва кўпини Фейсбукдан ўчириб ташладим. Чунки улардан ҳеч ким ҳеч нарса ўрганмайди. Кўп таҳдиларни ҳеч ким кўрмади, улар алоҳида мактуб тарзида келди. Лекин, ичи таҳдидга тўла эди. Сўнг мен ўз саҳифамга ёздим, "Мени қўрқита олмайсиз, илтимос, тўхтатинг бундай хатларни" деб. Ўттизга яқин одамни блокировка қилдим.

Би-би-си: Таҳдид дедингиз, демак, улар очиқчасига сизнинг ҳаётингизга таҳдид қилишди, хавф солишди, шундайми?

Имамова: Албатта, шундай таҳдидлар келди. Мен сизга баъзиларини айтишим мумкин. "Балки сизга ҳам Ўшда зўрланган аёлларга каби муносабат қилиш керакдир, сиз Ўшда бўлган воқеаларни тушуниб етишингиз учун", ёки "Балки сизнинг ҳам уйингизга ўт қўйилганда, бундай демаган бўлардингиз" деган қўрқинчили хатлар олдим. Мен тушунаман кўп одамлар ҳали ҳам азобда, яқин ўтмишни унутиш жуда қийин, даҳшатли воқеалар бўлди. Роза Ўтинбоеванинг ўзи ҳам буни интервьюда тан олди. "Қанчалар бўйнингизга оласиз икки йил олдин Ўшда бўлган воқеаларни?" деб сўраганимда, "Бўйнимга оламан", деди. "Биламиз қанчалар одамлар азоб чекканини, афсусдамиз, менинг ҳукуматим жуда заиф бўлган, бу ҳолатларнинг олдини ололмаганмиз", деб ўтди. Бунинг ўзи етадими одамларга? Албатта, етмайди. Чунки, адолат ҳамон таъминланмаган. Ўзбеклар ҳамон камситилаётганини кўрамиз. Лекин, айнан мана шундай мавзуни кўтарганим учун, менга бундай ҳақоратлар ёғдириш бу ноҳақсизлик.

Assalomu alaykum xurmatli Navbaxor Imamova, 1 yildan beri kursatuvlaringizni muntazam kurib kelyapman chunki xozir Uzbekistondan tashqaridaman. Avvallari esa kursatuvlarni faqatgina telefon orqali ko'rardim, maqolalarni uqib borardim, bu esa ayniqsa institutda uqib yurgan chog'imda 'Siyosatshunoslik' fanidan alo baxo olishimga anchayin qul keldi. Uzbekistondagi siyosiy axvol qachon yaxshilanadi degan global muammoga bir oz uzingizni fikrlaringizni bildirib utsangiz.

Зарифа

Имамова: Раҳмат, мен жудаям ҳурсандман агар ёшлар бизнинг дастурларимизда ўзларига яраша маънавий, интеллектуал озуқа олиб, уларнинг ҳаётида бу маълумот қўл келаётган бўлса. Чунки вазифамиз шу, мақсад шу. Лекин, журналист сифатида одатда шахсий фикримни билдирмайман. Чунки, агар объектив, холис ахборот узатиб, одамлар ишончини қозонмоқчи бўлсангиз, одатда сизнинг фикрингиз умуман муҳим эмас. Фактлар муҳим ва жамоатчилик фикри муҳим. Шунинг учун, одатда ўз фикримни билдирмайман... Ўзбекистон келажаги ҳақида узоқ гапириш мумкин. Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистоннинг бугуни унинг эртасини ҳал қилади. Бугунги муаммолар ҳал этилмаса, бугунги вазият давом этаверса, демак яқин келажакда ҳам шу муаммолар билан юзлашаверамиз. Сўз эркинлиги етишмаслиги, матбуот эркин эмаслиги, иқтисодий муаммолар, ижтимоий иллатлар... Агар келаси беш ё ўн йилда яхшироқ ҳаёти кечирмоқчи бўлсак, ҳозирги муаммоларни бартараф этиш керак.

Ўзбекистон ҳукумати сизга қандай қарайди? Сиз Ўзбекистонга бороласизми ёки сизниям кўнгилли равишда сургун қилишганми?

Ғани Шамсиев

Имамова: Сургунда эмасман. Ўзбекистондан талаба сифатида чиққанман. Америкага ўқишга келиб, бу ерда икки йил магистратурада ўқиб, кейин иш топганман. Лекин, Ўзбекистон журналистлар учун қанчалар оғир муҳит эканини унутмаслик керак. Эркин журналист бўламан, ўз вазифамни ҳеч қандай тўсиқларсиз бажараман деган одам учун Ўзбекистонда яшаш ва фаолият юритиш жудаям қийин... Ўзбекистон ҳукумати менга "Сен душмансан" деган эмас, лекин кўзга кўринмас ва кўзга кўринадиган кўплаб тўсиқлар бор журналистлар учун.

20 dekabr kuni Rossiya Prezidenti Putinning OAV bilan o'tkazgan muloqotidan so'ng, yana "Magnitskiy" va "Dima Yakovlev" qonunlari to'g'risida gap-so'zlar ko'paydi. AQSH hayoti bilan tanish inson sifatida aytingchi, AQSH fuqarolarining rus bolalarini asrab olishga bo'lgan qiziqishi nega bu qadar ortgan (2012 yilda jami 956 nafar bola asrab olingan). Bunga AQSHliklarning saxovatpesha va farzandsevarligidan boshqa yana qanday faktorlar sabab? Ular yana qaysi davlatlardan bola asrab olishadi xabaringiz bormi?

Дилшод Самарқандий, Самарқанд

Имамова: Жудаям ўринли савол. Бугун ҳам томоша қилиб ўтирибман, Америка матбуотида бу жуда қизғин муҳокама қилинаётган мавзу. Америкаликлар дунёнинг турли мамлакатларидан бола сақлаб олишади. Африка, Хитой ё бошқа Осиё мамлакатларидан, масалан. Мен айнан Россиядан, бошқа мамлакатларга қараганда, анча кўпроқ бола сақлаб олинади демаган бўлардим. Ҳозир аниқ рақамларни келтира олмайман. Лекин, бу ерда бирор сиёсий сабаб йўқ америкаликлар айнан Россиядан бола сақлаб олишаётганига. Бир сабабини айтиб ўтишим мумкин, ўзимиз ҳам бу ҳақида кўп материаллар берганмиз, бу масалани ёритганмиз, у ҳам бўлса, Россияда, болалар уйларида ногирон болалар жудаям кўп. Мана шу нарса Америка матбуотида кўп ёритилган мавзу. Оддий америкаликлар ҳам бу ҳақида билишади. Шунинг учун, назаримда, қизиқиш катта. Кейин, бу ерда Россияда сақлаб олинган болаларни кўпи қандайдир жиддий касалликлар азобда юрган, тузала олмаётган, имкониятлари чекланган ёшлар. Америкаликлар уларни сақлаб олишларини мен саҳоватпешаликдан, меҳр-муҳаббатдан деб биламан. Афсуски, мана қонун қабул қилинадиган бўлса, юзлаб оилалар болаларини олиб кела олмасликлари мумкин. Чунки, кўп нарса ҳужжатлаштириб қўйилган. Америкада юзлаб оилалар кутиб ўтиришибди Россиядан янги фарзандлари келишини.

Айтингчи журналист ва телебошловчи сифатида мустақилликка эришганимиздан кейин 20 йил ўтиб Ўзбекистондаги телевидение ва журналистика соҳасида эришганларимиз ва эришмаганларимиз нималардан иборат? Ўзбекистонда телевидение соҳасида қандай жиддий, прогрессив реформалар қилиш зарур дея ҳисоблайсиз?

Дилшод Самарқандий, Самарқанд

Имамова: Бу ҳақида кунлаб муҳокама олиб бориш мумкин. Ўзбекистонда журналистика соҳасида ўзига яраша, қандайдир даражада ижобий ўзгаришлар бўлди десак, менимча, хато бўлмайди. Мен ўзим Вашингтонда яшасамда, Ўзбекистон матбуотини яқиндан кузатиб бораман, ўзбек газеталарини ўқийман, ўзбек телеканалларини кузатаман. Қандайдир ғарбона кўринишга эга бўлиш, айниқса, студияларнинг кўриниши, мухбирларнинг турли жойлардан маълумот узатаётганлари, албатта 20 йил олдинги услублардан фарқ қилади. Ўзларини тутишлари, ўзига ишончлари бошқача. Тез гапиришади, рус каналларига тақлид қилишади кўп ҳолларда. Ёшлар жуда кўп журналистлар орасида. Лекин, Ўзбекистондаги халқни қийналтирадиган муаммолар ёритилмаяпти. Мана шу нарса ҳали ҳам ўзгармаган. Бу 20 йил аввал қандай қийин бўлган бўлса, бугун унданда қийин. Чунки кўп ахборотлар буюртма асосида узатилаётганга ўхшайди. Қайсидир корхона фаолиятини ёритиб бериш, ё бир бизнесни ёритиш, ҳаммаси буюртма ё рекламадек кўринади. Ваҳоланки, журналист янгилик нима эканини тушунтириб бериши керак. Мен бунинг йўқлиги сезаман ва "Нима учун?" деб кўп сўрайман. Энди, бунинг сабабларини ўзимиз ҳам яхши биламиз. Чунки, эркинлик йўқ, назорат кучли. Журналист микрофон ва камерани кўтариб, бориб истаган жойидан истаган мавзуни ёрита олмаслиги бу аниқ. Ҳукумат буни рад этиши мумкин ва, ҳаттоки, журналистларнинг ўзи ҳам буни рад этиши мумкин, лекин бу аччиқ ҳақиқат, афсуски. Ўзбекистон телевидение ва радиоси ўтган 20 йил ичида жудаям кўп талантли журналистларидан айрилди. Мен жуда кўп журналистларни биламан ҳозирда Россия, Европа, Шимолий Америкада юришибди. Улар фақат чет элга кетишни хоҳлаганлари учун ёки бирор бир имконият кетидан чопгани учун эмас, кўплари ўз ишини астойдил бажара олмагани учун, имкониятлар йўқлиги учун, коррупциядан тўйганлари учун чиқиб кетишган. Бу Ўзбекистон журналистикаси учун жуда катта йўқотиш дегани. Журналистлар авлодма-авлод ўзгарадиган нарса, бир авлод ўзидан янги бир авлодни қолдиради. Бу янги авлод янгича иш олиб бориши мумкин, лекин олдинги авлоддан ниманидир ўрганади. Ўша нарса Ўзбекистонда бир узилиш бўлган, ҳозир Ўзбекистонда журналистлар авлоди ҳақида гапириш жуда қийин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.