BBC navigation

Икки инқилобу-икки этник зўравонликни бошдан кечирган мамлакатда журналист бўлиш

Сўнгги янгиланиш 4 январ 2013 - 17:50 GMT

Америка Қўшма Штатларида журналист бўлиш осон эмас - бир томондан туҳмат қонуни, иккинчи тарафдан шахсий ҳаётга аралашишга қарши қонун. Ахборот талаб қилиш эркинлигини рад қилишлари мумкин, ёхуд иқтисодий сабаблар медиа ширкат ёпилишига олиб келиши мумкин.

Бир вақтлар америкалик репортёр ўзининг ахбороти манбасини очиқлашдан бош тортгани учун қамалганди. Бир марта эса қора танли мусулмонлар бизнеси ҳақида репортаж тайёрлаш жараёнида Чонсей Бейли ўлдирилган эди.

Келинг, журналистлар учун оғир шароит ҳақида суҳбатлашайлик...

Ўтган йили майида мен Қирғизистонда бўлдим. Мақсадим - матбуот аҳволи ҳақида журналистлар, сиёсий таҳлилчилар ва медиа экспертлари билан суҳбатлашиш эди. Айримларни аноним интервью қилишга тўғри келди. Ўшанда мен кам ҳақ тўланса-да, ўзларининг профессионал мажбуриятларини, ўз ҳаётларини таҳдид остига қўйиб бўлса-да, бажараётган жасоратли журналистлар билан Ўш ва Бишкекда учрашдим.

Тажрибали журналистлардан бири икки ғазабнок оломон ҳужумларига қандай учраганини ҳикоя қилиб берди. 2005 йилда дўппосланганидан кейин кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмаслик учун фотоаппаратини ишлайтмайдиган бўлган. Бироқ репортёр беш йиллик танаффусдан кейин камерасини яна қўлига олган, боиси "фактларни кўрсатиш муҳим"дир. Одамлар ёзилган сўзларга ишонмасликлари мумкин, аммо "фотосурат фактни аниқ кўрсатиб туради".

Иккинчи ҳужум мамлакат жанубида этник Қирғизлар билан Ўзбеклар ўртасидаги 2010 йил июнида рўй берган қонли ҳодисаларнинг 1 йиллиги арафасида бўлган. Расман 420 инсон ҳалок бўлган, деб айтилган, 400 мингдан ортиқ киши яшаб турган жойларидан кўчирилган ҳодисаларни Халқаро Инқироз гуруҳи "погром" деб атаган. Маҳаллий одамлар зўравонликларни "Июн воқеалари" деб аташади.

"Кўп одамлар ҳодисалар яна такрорланади, деб айтганлари учун таранглик кучайди", дейди репортёр. "Баъзилар менга вақтинча мамлакатдан чиқиб кетишни маслаҳат беришди. Мен айтдим: Нима учун?".

Иккинчи ҳужум журналист кўчадан кетиб бораётган пайтда юз берган: "Бир гуруҳ менга яқинлашиб калтаклаб кетди. Кейин улар полицияга менинг устимдан шикоят ёзишди. Мени биринчи бўлиб муштлашишни бошлади, дейишган. Улар менинг ким эканлигимни яхши билишган". Ўша пайтда журналист баҳсли сиёсий китоб устида ишлаётган бўлган.

Бошқа бир журналист сўзларига кўра, жисмоний хавфсизликни таъминлаш "катта муаммо бўлиб қолаяпти". "Полиция мени ушлаб полиция бўлимига олиб борган ва менга таҳдид қилган ҳолатлар бўлган", дея қўшимча қилади журналист.

"Мамлакатда оммавий ахборот воситалари шарафли ва ҳурматли ҳисобланади. Лекин айрим одамлар мамлакат қонунларига бўйсунмайдилар, улар менга пўписа қилишлари ёки мени калтаклашлари мумкин", дея сўзларида давом этади журналист.

Мамлакатдаги матбуот ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Журналистларнинг Оммавий Ассоциациясидан Бақит Ибраимов сўзларига кўра, "бизнинг экстремал вазиятда ишлашимизга тўҳри келаяпти. 2010 йил июнидаги ҳодисалар журналистлар қанчалар таҳдид остида қолишлари мумкинлигини кўрсатди".

Автократ президент Қурманбек Бакиевни қудратдан ағдарган 2010 йил апрел инқилоби Қирғизистон мустақил бўлган 20 йил мобайнидаги иккинчи инқилоб бўлди. Бунда ниҳоят мамлакат сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ва демократик бошқарувни қўлга киритди, деб мақталди. Конституцияга ҳам ўзгартириш киритилиб, парламентга сўнгги сайланган президент Алмазбек Атамбоевга нисбатан кўпроқ қудрат берилди.

Мамлакатда инқилоб юз берганидан ва 2011 йил 1 декабрида Атамбоев президентликни ўз қўлига олганидан буён матбуот фазосида қандай ўзгаришлар юз берди?

Журналистлар ва медиа экспертлар фикрича, аҳвол яхшиланган. Бироқ матбуотда ўз-ўзини цензура, жавобгарликка тортилиш ва туҳмат иши қўзғатилиши қўрқуви сақланиб қолмоқда. Бир ёқламалик ва ахлоқ қоидаларини бузиш кенг тарқалган, иқтисодий таъминот кучли эмас ҳамда омма ишончи сустлиги кузатилади.

"Инқилобдан олдин матбуот тизими инқирозда эди", дейди Бишкекдаги Марказий Осиё Америка Университетининг Журналистика ва Оммавий коммуникация бўлими раҳбари Гулнура Торалиева. Матбуот муҳити "инқилобдан кейин мутлақо яхшиланди. Ҳукумат ҳақиқатни ёзиш учун шароит яратди", дейди у.

Бироқ Торалиева хоним айтишича, Ўшдаги журналистлар кўпроқ ўзларини цензура қиладиган бўлганлар, сабаби улар "яна бир можарога улуш қўшиш ёки можаро келиб чиқишининг сабабчиси бўлишни истамайдилар".

Мамлакатда сўз эркинлиги келажаги учун таҳдидли аломатлар ҳам пайдо бўлган. Мисол учун, Атамбоев ҳукумати Марказий Осиёдаги коррупция, инсон ҳуқуқлари ва бошқа баҳсли мавзуларни ёритадиган Ferghana.ru веб-сайтини ёпди. Бақит Ибраимов савол қўяди: "Агар ҳукумат шунчалар шаффоф бўлса, Ferghana.ru га ўхшаган сайтлардан нима учун чўчийди?”

Шунингдек, икки телеканалнинг Ўзбек соҳиблари этник зўравонликларга гижгижлашда айбдор деб топилиб, уларга сиртдан ҳукм ўқилди. "Мезон ТВ" раҳбари Жавлон Мирзахўжаев ва "Ош ТВ" раҳбари Ҳалил Худойбердиев ҳибсдан кўра, мамлакатни тарк этишни афзал билдилар. Айни пайтда ҳукумат журналистик тадқиқотига алоқадор айбловлар билан умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш талабларини рад этиб келмоқда. Халқаро Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси ушбу ишни "адолатсиз ва қийноқли" дея таърифлаган.

Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси 2012 йил 13 июнида Президент Атамбоевга мактуб йўллади ва ундан сал олдин эълон қилинган ҳисоботдан иқтибос келтирди. Унда Асқаров тергови ва маҳкамаси "кўплаб процессуал қонун бузилишларига тўла бўлгани, жумладан, у ҳибсда қийноққа солингани ҳамда унга қўйилаётган жиноий фаолият исбот-далили йўқлиги" айтилади.

Ўшдаги Медиа Ресурс Маркази мувофиқлаштирувчиси Алла Пятибратова мамлакат мустақил бўлганидан буён икки инқилоб ва икки этник зўравонликлар рўй берганига эътибор қаратади.

"Қирғизистондаги ҳодисалардан хулоса шуки, келажакни режалаштириб бўлмайди. Мен келажак ҳақида ҳеч нарса дея олмайман", дейди у.

Эрик Фридман Мичиган Давлат Университети Журналистика Мактаби доценти. У Ўзбекистон ва Литвада Фулбрайт дастури тадқиқотчиси бўлган. У "Царлар ва Комиссарлардан кейин: Авторитар Посткоммунист Марказий Осиёда журналистика"(After the Czars and Commissars: Journalism in Authoritarian Post-Communist Central Asia (Michigan State University Press, 2011) тадқиқоти ҳаммуҳарриридир. Ушбу тадқиқотни Миллий Кенгашнинг Оврўосиё ва Шарқий Оврўпо тадқиқотлари ҳамда Мичиган Университетининг Мусулмон тадқиқотлари ва Журналистика Мактаби молиялаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.