BBC navigation

'Ҳаётдан буткул умидимни узиб қўйганман...'

Сўнгги янгиланиш 28 феврал 2013 - 09:50 GMT

Ҳиндистон аҳолисининг сони бир миллиарддан ошса, 300 мингдан ортиқроғининг камбағалликда яшаши айтилади. Бу - 70-йиллардан бошлаб 2004 йилгача ночорлар сонини ярмидан кўпроғига камайтиришга эришиш ортидан кузатилаётган рақам:

Ҳозир Ҳиндистон аҳолисининг қарийб учдан бир қисми қашшоқликда ҳаёт кечирса, улардан аксарияти қишлоқ ҳудудларида ҳаёт кечиришади. Яъни қишлоқ аҳолисининг ҳар учтадан биттаси сурункали ночорликдан азоб чекади. Шунда ҳам, қишлоқ одамлари орасида қуйи табақага мансублари орасида қашшоқлик ҳоллари ўта юқори экан. Камбағал аҳолисининг аксарияти мамлакатнинг ярим-чўл минтақаларида ҳаёт кечиришади. Сув тақчиллиги ва қурғоқчилик ҳоллари эса, уларнинг деҳқончилик орқасидан кун кўришларини қийинлаштирган. Бундан ташқари, сув тошқинлари ҳам Ҳиндистонда камбағаллар сонининг ортишига хизмат қилмай қолмаган.

Оиласи билан ўта ночорликда кун кечиришини айтаётган Муҳаммад Ҳафизул Ҳиндистоннинг шимолий Биҳар штатида ҳаёт кечиради. Мухбиримиз Маникант Тҳакур улар яшаётган уйга сафар қилиб, бугунги ҳаётлари билан қизиққан:

Мен Биҳар штатида жойлашган Патна шаҳри марказидаги харобазордаман. Харобазор бир бадавлат одамнинг эски қалъаси атрофида жойлашган. Бу ердаги аксарият оилалар қашшоқликда яшашади, эркаклари рекша ҳайдаб ёки ҳаммоллик қилиб, топиб келаётган уч-тўрт танга пулга тирикчилик қилишади. Аёллари эса, кўп ҳолларда бировларнинг уйини тозалаб, овқатини қилиб, шунинг орқасидан эрларига бироз ёрдам қилишади. Харобазордаги бир-бирига тақалиб кетган пастқам кулбалар пахсадан тикланган ёки турли ёғочлардан қўлбола қилиб қурилган. Бу ер ночорлик ва маиший зўравонликлар гирдобига ботган. Мен бугунги ҳаётларини билиш учун маҳаллий яшовчилардан айримларини суҳбатга чорлайман:

Менинг исмим Муҳаммад Ҳафизул, ота-онам асли қишлоқлик: Улар жуда ёшлигимизда ўлиб кетишган. Тирикчилик илинжида болалар ҳаммамиз ҳар ёққа сочилиб кетдик. Мен бу ерга келдим. Лекин қашшоқ эканим боис, чўнтагимда бир мирим ҳам йўқ. Бошим эса, ташвишга ботган. Ночорлигим сабаб, ҳатто, болаларимни ўқитишга ҳолим йўқ. Кўриб турганингиз мана шу кулба ҳам ўзимники эмас. Оилам билан уни ижарага олганмиз. Шу каталакдек ҳужрада аёлим ва болаларим билан 35 йилдан буён бирга яшайман. Ойига 800 рупий ижара ҳақи тўлайман. Бу - 8 фунт стерлинг дегани. Тирикчилигимизни амал-тақал қилиб ўтказамиз. Буни ҳаёт деб бўлмайди. Аммо бундан ўзга чорамиз йўқ. Тўрт болам бор, тўнғич ўғлимни уйлантирганман. Иккита набирам ҳам бор. Ҳозир шу ўғлим бироз пул ишлаб, ёнимга кирган. Ўзим тикувчилик қиламан. Кунига 50 рупийдан 200 рупийгача ишлашим мумкин. Бу кўп деганда 2 АҚШ доллари дегани. Шу пулга 8 кишини боқаман. Рўзғоримиз амаллаб ўтади. Шунинг учун ҳам, гарданимгача қарзга ботиб кетганман. Чунки олган қарзни фоизи билан қайтаришни айтинг. Шу сабаб, қарзларим чўзилгандан чўзилиб кетган. Кети кўринмайди. Ҳаётдан буткул умидимни узиб қўйганман. Ҳеч нарса кутмайман ҳам. Қарзимни тўлолмаганим учун, “Ўлдираман”, деган таҳдидларни айтмайсизми?..Ўз жонингга қасд қилгинг келиб кетади. Лекин оилангни ўйлайсан. Чидашдан ўзга чоранг қолмайди. Мен кўплаб ҳукумат идорларига бош уриб бордим. Аммо ҳеч ким қиё ҳам боққани, ёрдам ҳам бергани йўқ. Агар озгина кўмак беришганида оёққа туриб кетардик. Маҳаллий мулозимларнинг бир-икки юмушларига текин қарашиб ҳам бердим, хизматларини қилдим. Аммо инобатга олишмади – менга иш беришмайди. Ишсиз бўлганингдан кейин шўринг ҳам қуриркан...Хотиним аввал бировларнинг уйидаги хизматини қилиб, овқатини пиширарди. Ҳозир бу ҳам йўқ. Болаларимизни жуда катта қийинчилик била катта қилаяпмиз. Ўқитишга пулимиз йўқлигидан еттини ҳам тугатиша олгани йўқ. Уларнинг олий таҳсил олишларини қанчалик истардим. Ҳаммасига пул керак. Бир қарз олсам, тўлашимга уч-тўрт йил кетади. Шунчалик қашшоқ эканимга қарамай, ҳукуматнинг ёрдам дастурига ҳам тушолганим йўқ. Чунки қўлимда қашшоқлигимни исботловчи ҳужжат йўқ. Мен неча маротабалаб лозим формаларни тўлдирдим. Аммо биров эътибор бергани йўқ. Бунга бунга мулозимлар барчасининг порахўр бўлиб кетишгани сабабми, билмадим. Ота-онамдан ҳам ҳеч нарса қолмаган. Сотиб, тирикчилик қилай десам, бирор бир мол-мулким йўқ.

Жияни: Ҳаётимиз жуда оғир. Тўрт танга пул топиш учун дуч келган юмушни қиламиз: - сабзавот ҳам сотамиз, одамларнинг уйларини ҳам тозалаймиз, ҳаммоллик ҳам қиламиз, ҳеч қандай ишдан қочмаймиз. Доимий даромад манбаимиз йўқ. Агар ўз тижоратимизни бошлашимиз учун ҳукумат озгина маблағ берганида эди, жуда яхши бўларди. Лекин шу пайтгача улардан ҳеч қандай ёрдам ололганимиз йўқ. Уйимиздаги ҳамма қатори мен ҳам мактабни тугатолмаганман. Ҳаммасига айбдор – ҳукумат. Чунки улар бизнинг муаммоларимиздан бохабар бўлишлари, кўришлари керак. Аксинча, бойлар янада бойиб кетаяпти, қашшоқлар эса, куйин сайин ночорлашиб...Бойлар бизни менсишмайди, ҳатто, одам ўрнида кўришмайди. Биз яхши ҳаётга умид ҳам қилмай қўйганмиз. Нимамиз борки, умид қилсак...Фақат осмонўпар бинолар ва бойваччаларга қараб ҳавас қиламиз, холос. Бошқа чорамиз йўқ. Ночорлик – жиноятчиликнинг урчиши, ароқхўрлик ва бангиликка сабаб бўлмоқда. Яъни бизнинг ҳаётимиз ва муаммоларимиз ортидан ҳам кимлардир бойиб бормоқда. Яқин-атрофимизда бирорта ҳам мактаб йўқ, болаларнинг ҳаммаси бекорчиликдан кўча боласи бўлиб кетишган, шу боис, ўзларини ҳамма балога уришади.

Фарзона хотин (рафиқаси): Ҳаётимиз жуда оғир. Мен хизматкорлик ҳам, ошпазлик ҳам қилганман болаларимни боқиш учун. Кунига фақат бир маротаба ичиимизга иссиқ киради, холос. Бир тийин ҳам асраб қўйолмайман. Топган пулимиз топган кетади.

Муҳаммад Ҳафизул: Ҳаётимда лаззат нималигини билмайман, ҳатто, байрамлар ҳам бизга татимайди. Бунга сабаб - қашшоқлик. Хаста бўлсак, ҳаётимиз бундан баттар бўлади. Ҳаётим яхши томонга ўзгаришига умид қилмайман.

Мухбиримизга кўра, бу –Ҳиндистондаги миллионлаб қашшоқлар ҳикояси.

Сўнгги йилларда Ҳиндистон иқтисоди жадаллик билан ривожланаётган эса-да, қашшоқ аҳолисининг мамлакат молиявий ресурслари ёки йирик ширкатлар ҳиссаларига имкониятлари йўқ. Ночорлар орасида саводсизлик даражаси ўта юқори, тиббий ва турли ижтимоий хизматлардан деярли мосуволар. Қишлоқ ҳудудларига замонавий технология кириб келмаган. Ишсизлик даражаси ўта юқори. Ички муҳожирлик ниҳоятда кучайган. Ҳинд ҳукумати қашшоқлар ҳаётини бироз енгиллатиши мумкин бўлган кичик тадбиркорлик лойиҳаларига энди, энди эътибор қаратмоқда. Би-би-си Ҳинд Хизмати муҳаррири Ражеш Приядарши Ҳиндистонда қашшоқлик билан боғлиқ муаммо нега ҳануз ўз долзарблигини йўқотмаётгани сабабларини қуйидагича изоҳлайди:

ЖАВОБ: Ҳиндистонда ҳануз кенг қулоч ёйган камбағаллик муаммосининг асосий сабаби - мамлакат бойликларининг нотенг тақсимоти билан боғлиқ. Барча бойлик мамлакат аҳолисининг бир ёки икки фоизи қўлида тўпланган. Агар, таъбир жоиз бўлса, бугун бойлар янада бойиб бормоқда, камбағаллар эса, янада қашшоқлашиб бормоқда.

САВОЛ: Сизнинг назарингизда Ҳиндистонда нега бу каби вазият шаклланган?

ЖАВОБ: Бунинг сабаблари кўп. Ҳиндистон ҳукумати 1992 йилдан бошлаб ривожланишнинг капиталистик либераллашув йўлини танлади. Ва бунинг ортидан, ҳукумат ижтимоий таъминот тизимидан аста-секинлик билан воз кечмоқда. Ушбу тизим аҳолининг камбағал қатламини махсус дўконлар ёрдамида зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни кўзда тутарди. Энди эса, ҳукумат ҳаммани боқиш ўзининг вазифаси эмаслиги, бунинг ўрнига, одамлар ишлаб, ўзларини боқа олувчи иқтисодни яратиш истагида эканини айтмоқда. Шунинг учун ҳам, Ҳиндистон ҳозир ўзига хос ўтиш босқичини бошдан кечирмоқда. Марказлашган иқтисоддан тўлиқ капиталистик шаклидагисига ўтмоқда. Бу жараён эса, ўзига хос қийинчиликлар, мушкулотлар билан кечмоқда.

САВОЛ: Бу энди аҳолининг бойишига хизмат қилаяптими ёки қашшоқлашувига?

ЖАВОБ: Ҳиндистон ҳукуматининг айтишича, камбағалларнинг сони камайиб, одамлар бойиб боришмоқда. Мулозимлар ўртача миллий даромад миқдори ҳам ортиб бораётгани, олиб бораётган сиёсатлари тўғри эканини таъкидлашади. Аммо мамлакат кўлами ва аҳолиси сонининг қанчалик кўплиги назарда тутилса, бу - уммонга бир томчи...Чунки агар аҳолининг бир неча фоизи қашшоқ, дейдиган бўлсак ҳам, бу - Ҳиндистон мисолида бир неча миллион кишини англатади. Худди шунинг учун ҳам бугун Ҳиндистон аҳолисининг катта қисми қашшоқ десак, муболаға бўлмайди.

САВОЛ: Шундай экан, Ҳиндистон ҳукумати уларнинг оғирларини енгил қилиш учун бирор бир махсус дастурларни йўлга қўйганми?

ЖАВОБ: Тўғри, ҳукумат бир қанча дастурларга қўл урган. Агар бу хусусда вазирларга мурожаат этсангиз, қишлоқ аҳолисини иш, уй-жой билан таъминлашга қаратилган давлат барномаларини амалга ошираётганликларини айтишади. Лекин амалда уларнинг барчаси коррупцияга ботиб кетган, тўғри бошқарилмайди, лоқайдона муносабат қилинади ва кучли сиёсий истак-хоҳиш ҳам йўқ. Ҳукумат эса, кўпроқ мамлакатнинг йирик шаҳарларида яшовчи ўрта табақанинг сўзига, эҳтиёжларига қулоқ тутади. Агар улар кўчага чиқиб, ниманидир талаб этишса, ҳукумат буни бир неча соат ёки бир куннинг ўзида ҳал этади. Худди шундай манзарада аҳолининг камбағал қатлами ўзини ҳукуматнинг эътиборидан буткул четда қолгандек ҳис этади.

САВОЛ: У ҳолда ана шу камбағал аҳолининг бу каби вазиятга муносабати қандай? Уларнинг орасида бугун қандай кайфият ҳукмрон?

ЖАВОБ: Мамлакат камбағал аҳолисининг орасида ҳафсаласи пир бўлганлик, норозилик туйғулари кенг тарқалган. Бу Ҳиндистонда кечаётган турли намойишлар кўринишида ҳам акс этади. Лекин, шу билан бир қаторда, аҳоли орасида яхши кунга бўлган умид бор. Яъни камбағал аҳоли буткул умидсизликка тушиб олмаган. Қуйи ўрта табақа ва қуйи табақага мансуб одамлар вақти келиб, ўз аҳволларининг ўнгланишига ишонишади. Иқтисодий шароитларини яхшилаш учун қўлларидан келганча ҳаракат ҳам қилишмоқда. Кичикроқ бўлса ҳам, иш топиш умидида катта шаҳарларга кетишмоқда. Минглаб қашшоқлари эса, ҳар куни фақат қоринларига қандайдир егулик топиш илинжида Деҳли, Мумбай ва Бангалорга боришади. Аммо бу - осон иш эмас. Бошқа томондан, мамлакатда инфляция даражаси ҳам юқори.

САВОЛ: Шундай бир вазиятда уларнинг аҳволларини енгиллатиши мумкин бўлган самарали чораларни, дейлик, сиз нималарда кўрасиз?

ЖАВОБ: Биласизми, бунинг учун Ҳиндистонда ҳамма нарса мавжуд - сиёсат, ҳукумат тизимлари...Аммо улар амалда тўлиқ ҳаётга тадбиқ этилмаяпти. Камбағалликни аритиш учун ҳукумат янада қатъият ва самарали иш олиб бориши тақозо этилади, назаримда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.