BBC navigation

Экология, ахлат, санъат: Қирғизистонда 'Nomadic art camp' кўргазмаси

Сўнгги янгиланиш 8 март 2013 - 19:18 GMT

Ерда биз киммиз - соҳибларми ё вақтинчалик келиб-кетувчиларми: келдик, бўлиб турдик, бизга ўтмиш ҳам керак эмас, келажагимиз ҳам йўқми? Валентин Распутиннинг "Матёра билан видолашув" қиссасидан

Иссиқкўлда дам олиш мавсуми бошланиши билан Қирғизистондаги таниқли ахборот агентлиги Акипресс ҳар ҳафта кўлнинг ифлосланиши ҳақидаги хабарларни эълон қилишни бошлади. Ифлосланишда ҳамма иштирок этди: дам олаётганлар ҳам, дам олиш уйлари эгалари ҳам, ҳайдовчилар, савдогарлар, уй ҳайвонлари, ҳоказо ва ҳоказо.

Сиз Қирғизистонда яшайдиган ҳар қандай одамдан Иссиқкўлнинг аҳамияти ҳақида сўрасангиз, турли шаклларда унинг муқаддас эканлиги, унда тоғдан келиб тушган қувват билан бирга шифо хусусиятига эгалиги ва бошқа жавобларни оласиз. Хўш, одамлардан шундай жавоб олар экансиз, нега "Қирғиз денгизи" ҳар йили ахлатга тўлиб кетади?

Экоонг қирғизлар учун қуруқ гап эмас. Осмон Тенир деб, Табиат Умай деб, шу билан бирга Олов, Сув муқаддас кўрилади, Балбал таштар қоясига сиғиниш ҳам маданиятнинг таркибий бир қисмига, миллий ўзликнинг асосига айланган. Афтидан, ҳозирга келиб нималардир ўзгарган, нималардир узилган, ўтмишга ғарқ бўлган.

Азалдан сиёсатчилар экологияни эксплуатация қилиб муаммо пайдо бўлишига ҳисса қўшиб келган бўлсалар, санъат жамиятдаги экология муаммолари ҳақида бонг уриб келган. Яқин-яқинда, Шўролар замонида ҳам табиатни бўйсундириш муҳим вазифа ҳисобланарди. Табиат ҳам (худди инсон сингари) шиддатли модернизациянинг бир ресурсига айлантирилди. Бошқача айтганда инсон билан табиатнинг ўзаро муносабати Тургенев қаҳрамони Базаровнинг формуласига солинган эди: "табиат ибодатхона эмас, устахона, инсон эса бу ердаги уста". Экология мазуси узоқ вақт ёддан кўтарилди, Совет санъатининг энг машҳур персонажлари "табиатни жиловладилар" ёки ўзгартирдилар(аср қурилишлари, Транссиб, БАМ, қўриқ ерларни ўзлаштириш, ўрмонларни кесишни саноат даражасига чиқариш, урбанизациянинг тезлаштирилиши ва бошқалар)

Қирғизистонда экология мавзуси ижтимоий муҳокамалар, сиёсий платформаларда бўлгани сингари маданият учун ҳам четки мавзу деб кўрилади. Мамлакатда Чингиз Айтматов асарлари, Г. Базаровнинг филмларини ҳисобга олмаганда санъат намояндалари томонидан эътиборни ўзига тортадиган экочақириқ янграгани йўқ.

Экология мавзусини Қирғизистондаги бугунги санъат ҳам ёддан чиқарганини кўриш мумкин, уни кўпроқ ўткир сиёсий мавзулар қизиқтиради. Бу "постреволюцион" жамиятнинг ҳаддан зиёд сиёсийлашгани оқибати бўлса керак. Жамиятда оммавий истеъмолчилик маданияти гуркираб бораётган бир пайтда табиатни асраб-авайлаш мавзуси кўпчилик учун долзарб ва қизиқарли туюлмайди. Экоонгдаги муаммолар юзага чиқишида социал дезинтеграция ҳам ўз ҳиссасини қўшмай қолмаган. Чунки бизнинг жамиятимизда инсонларни шимолликлар ва жанубликларга, саяклар ва сари-бағишларга, титуллилар ва келгиндиларга бўлиш одатий ҳолга айланиб қолди. Бундай қутблашиш натижасида, албаттаки, Иссиқкўлнинг ифлосланиши иссиқкўлликларнинг муаммоси, Мойлисув уран қолдиқлари омборининг муаммоси жалолободликларнинг муаммоси деб кўрилади.

Табиатни муҳофаза қилиш ва асраш чақириғини тўғри шакллантириш ва изҳор этиш осон иш эмас. Шунинг учун ҳам Б'Арт замонавий санъат ташкилоти томонидан жорий этилган "Nomadic Art Camp" лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш нафақат долзарб, балки замонавий тараққиётнинг чуқур муаммосини ҳал этишга қаратилган масала деб кўрилади. Бунинг натижаси қандай бўлди?

Шаксиз, ушбу лойиҳа ўтган йили августида Бишкекда бўлиб ўтган симпозиум доирасида интеллектуал фикр алмашишга кенг йўл очди. Бундай муҳокамани Айтиев номидаги Тасвирий санъат музейида ташкил этилган якуний кўргазмада ҳам кўриш мумкин бўлди. Бироқ кўргазмадан шу нарса аён бўлдики, барча санъаткорлар ҳам ўз муждасини томошабинга етказишга интилганлари йўқ. Менинг назаримда, кўргазмага қўйилган асарлар рассомнинг экоонги алоҳида бир муҳокама мавзуси эканини намойиш этди. Халқаро амалиётда биз қудратли таъсир кучига эга лойиҳаларнинг гувоҳи бўламиз. Бу лойиҳалар нафақат кишини ўйлантиради, қандайдир амалларга қўл уришга ундай олади. Бу кўргазмадан шуниси аён бўлдики, маҳаллий ижодкорларнинг инъикоси - муаммо/ҳодисани қайд этиш ва у ҳақда ҳикоя қилиш билангина чекланади. Яккам-дуккам персонаж/сюжетлар фокусга олинган, уларнинг ижтимоий аҳамияти ва ижтимоий тараққиётнинг янада кенг ва таъсирли масалаларига боғлиқлиги эътибордан четда қолган.

Менимча, кейинги қадам мана бундай бўлиши керак. Санъаткор рассомнинг экоонгни уйғотишдаги роли, мисол учун, юқорида тилга олиб ўтилган Иссиқкўлдаги информацион хроникага жавоб топиб беришда бўлмоғи лозим. Умид қиламизки, бу лойиҳанинг давом этиши бизнинг экоонгимизнинг бузилишига олиб келган ўзгаришлар ҳақида бонг урадиган янги асарларнинг пайдо бўлишига туртки беради. Чунки бизнинг онгимизга нимадир бўлгани аён, биз худди "ўтмишнинг ҳам кераги йўқ, келажагимиз ҳам йўқ" келгиндиларга ўхшаб фикрламоқдамиз.

Саяклар ва сари-бағишлар - қабилалар номлари

Мойлисув - Жалолобод вилояти шаҳар

Асел Мурзакулова - М. Карасаев номидаги Бишкек Гуманитар Университетининг доценти. "МДҲдаги парламентлараро институтлар: постсовет ҳудуддаги интеграция муаммолари", "Замонавий Қирғизистонда фуқаро ва давлат" деб номланган монографиялар муаллифи.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.