Мунаввара Ойматова: Исломни билмай туриб Румийни ўрганиш-таҳоратсиз намоз ўқишга тенг

Мунаввара Ойматова 1970 йилнинг 9 февралда Душанбе шаҳрида туғилган.

1990-1995 йиллар Хўжанд Давлат университети ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган.

1995-98 йиллар университет аспирантурасида билимини оширган ва 1999 йил номзодлик ишини Тошкентда ҳимоя қилган.

Мунаввара Ойматова 1999 йилдан бугунга қадар Хўжанд Давлат университетида фаолият олиб боради.

Олима "Румий ва ўзбек адабиёти"мавзусида илмий ишни давом эттираяпти.

Унинг 2010 йили "Мозаика"шеърий тўплами "Хуросон" нашриётида чоп этилган.

Ўтган икки йил асносида Мунаввара "Табу" романи, "Ғусса марсияси" шеърий тўплами, "Соҳилдаги битиклар" шеърий китобларини ўқувчиларига тақдим этди.

Жорий йил эса, унинг "Дадамга мактублар" насрий китоби босмадан чиқди.

Мунаввара Ойматова ўзини форсий шеърият шайдоси эканини айтади. Икки фарзанди бор.

Тожикистонлик таниқли ўзбек шоираси ва румийшунос олима Мунаввара Ойматова билан суҳбат

Би-би-си: Бу галги Би би си меҳмони Тожикистондаги таниқли ўзбек шоираси ва румийшунос олима Мунаввара Ойматова бўладилар. Ассалому алайкум Мунаввара, дастуримизга хуш келибсиз:

Мунаввара Ойматова: Ассалому алайкум. Раҳмат, Гулсевар. Аввало, каминани меҳмонликка таклиф этганингиз учун ташаккур. Фақат сал хижолатлик жойим бор. Мен таниқли шоира эмасман. Ўзим учун ёзиб юрган одамман. Кейин забардаст румийшунослар олдида чивинча ҳам эмасмиз. Румийшунослигим "Маснавий" мутолааси ва уни ўзбек адабиётига таъсирини ўрганиш доирасида. Умрининг салкам қирқ йилини Румий ижодини ўрганишга бағишлаган Рейналд Никольсон олдида румийшунос деб аталиш анча ноқулай.

Би-би-си: Аввало ўзингиз ҳақингизда айтсангиз, қачондан ижод қила бошлагансиз? Бу йўлни танлашингизга сабаб нима бўлган?

Мунаввара Ойматова: Мен тўла маънода маърифатли оилада тарбия олганман. Отам ҳуқуқ мутахассиси эдилар. Онам чиройли диний тарбия олган муслима аёл. Ақлимни таниганимдан десам ёлғон, ўқишни ўрганганимдан десам рост бўлар, китоб ўқишни бошлаганман. Дадамнинг шаҳарма шаҳар саргашта ҳаётларидан ёдгор бир сандиқ китоб ҳозиргача менинг дўстларим. Қизиғи, халқ достонларини ўқиш билан мутолаа бошланган мен учун. Биринчи ўқиган нарсам "Ёзи билан Зебо" достони эди. Кейин мактаб таҳсили тугади. Аммо омадсизлик йиллари бошланди. 80- 90-йилларда ўзбек филологиясига ўқишга кириш жуда қийин йиллар эди Хўжандда. Дадам раҳматлик менинг руҳсизлигимни кўриб, барибир ўқийсан деб руҳимни кўтарганлар. Ижод эса 7-синфдалигимда бошланган. Бу йўлни мен танламаганман. Бу йўл мени танлаган. Билмадим, арзийдиган бирор нарса ёздимми, йўқми, аммо Шеърнинг сеҳрли олами сирларига шеърхон сифатида ошно бўлишлик насиб этганига шукур қиламан. Уёғи Навоийдан буёғи Шавкат Раҳмону Усмон Азимгача бўлган дилбар шеърият дўст, ҳамдам.

Би-би-си: Уйингизда бутунбошли кутубхона бор дейишади. Асосан кимларнинг асарларини севиб ўқийсиз?

Мунаввара Ойматова: Йўқ, жуда унақа катта эмас. 2000дан сал кўпроқ китоб бор. Мен ўзбек насри, ўзбек шеъриятини севиб ўқийман. Аммо жаҳон адабиёти сара асарлари жону дилим. Севиб ўқийдиганларим кўп. Қайси бирини айтай. Достоевскийни севаман. Толстойни. Лермонтовни. Набоков. Мережковский. Ахматовани. Цветаевани. Бунинни. Гумилёвни. Бодлерни. Рембони. Зошченкони. Бабельни. Довлатовни. Бродскийни. Ремаркни. Памукни. Маркесни. Фуэнтес. Кортасарни. Борхесни...19-аср француз адабиётини ва дилбар форс шеъриятини. Айниқса, Мавлоно, Мирзо Ғолиб, Муҳаммад ИҚБОЛ ва Бедилни ўқиш ҳузур! Биласиз, университетда дарс бераман. Китоблардан китобни севувчи, ардоқловчи талабалар фойдаланишади. Чунки бугунги кунда ўзбек тилида чиққан китоблар бизда ноёб. Раҳматлик Озод Шарафиддинов ташкил қилган "Жаҳон адабиёти"нинг мендек содиқ мухлиси кам бўлса керак. "Жаҳон адабиёти" таржимонларига раҳмат. Ажойиб сара асарлар таржима бўлиб, ўзбек халқи бадиий мулкига айланмоқда. Шу журнални ҳам йиғаман. Буям талабаларим учун.

Би-би-си: Тингловчиларимиздан бирининг мактубини ўқиб берсам. Мадинаи Мунавварадан Абу Абдуллоҳ ёзадилар: "Ассаламу алайкум Мунаввара. Маълумки, ўтмишда бизга аждод бўлган ижодкорлар барчаси динимиз аҳкомларига тўлиқ амал қилиб яшашган...Жумладан, Румий ҳазратлари ҳам. Яъни, ижод қилиш учун ҳам мададни АЛЛОҲдан олишган.Шу боис асарлари умрбоқий бўлиб қолгандир...Ҳозирги замондош,диндош ижодкорларимизчи?! Умуман, ижодкор, шоира ўлароқ Сизнинг ИСЛОМга, диний эътиқодга муносабатингиз қандай?! Илмий ишларингизда,ҳаётдаги барча муаммоларингиз ҳал бўлишида АЛЛОҲ мададкор бўлсин..." Марҳамат, Мунаввара.

Мунаввара Ойматова: Аввало, дўстимизга савол учун ташаккур. Исломга, диний эътиқодга муносабат ҳақида бизнинг минтақада яшайдигандан сўраш сал эришроқ туюлади. Алҳамдуллилоҳ мусулмонмиз. Ижодкорликдан олдин фарзлар ижроси муҳимлигини англаймиз, Худога шукур. Аллоҳ буюрганларини имкони қадар бажармоқдамиз. Адабиётга келсак. Бу масала ўзбек адабиётининг оғриқли нуқтаси бўлса эҳтимол. Мен катта ўзбек адабиёти қаршисида ҳеч кимман. Бу катта адабиёт номидан гапиришга маънавий ҳаққим йўқ. Аммо ўқувчи сифатида фикр билдиришим мумкин. Ҳақиқий талант Аллоҳдан. Агар Яратган ўзи марҳамат этмаса, оддийгина мисол: ёмғир ёғмайди. Наинки шеър ёхуд насрий асар. Лекин диний аҳкомларга тўлиқ амал қилиш дегани ижодкорни, қайси бир маънода, чегаралаб ташлайди деб ўйлайман. Инсонда эътиқод устувор бўлиши керак. Ҳар қандай ижодкорда иймон ва эътиқод устувор бўлса, у албатта инсониятга нафи тегадиган асар ёза олади. Аммо шу ўринда, мен Мавлонони ёрдамга чақирай. Ҳазрат айтадилар: Ҳазорсола раҳест аз ту то мусулмони, Ҳазорсоле дигар то ба ҳадди инсони. Ёки То нақши хаёли дўст бо мост, Моро ҳама умр худ тамошост. Шарҳга ҳожат йўқ. Қисқаси, инсонийлик мусулмонликдан ҳам баланддир. Дарҳақиқат, барча динлар асосида эса Комил инсон ғояси ётади. Шундай экан, масалага бир томонлама ёндашмаслик керак. Масалан, май ҳақида Румий жанобларининг устозлари Бурҳониддин Муҳаққиқ айтган эканлар: "Бода кўтарганга ҳалол, кўтармаганга ҳаром". Бу сўз маъноси шуки, мастлигини кўтарган ичсин. Мастлигини кўтаролмаган ичмасин. Бу билан май ичилсин дейилмаган. Лекин таъқиқ ҳам йўқ бунда. Шу ўринда яна бир гап. Ҳазратга кўра, намознинг жони(руҳи) иймон. Иймонсиз намоз бўлмайди. Намозсиз иймон бўлиши мумкин. Иймон намоздан устундир. Намоз бир кунда беш маҳал фарз, иймон эса ҳамма вақт фарздир. Ўтмишдаям ижодкорлар юз фоиз диний аҳкомларни тўлиқ ижро этишган дейиш сал нодурустдай. Алмаий деган шоир Бухоройи шарифда таҳсил олиб, чинакам бир олим даражасига кўтарилган. Аммо бирор хил шариат буюрган ишларни қилмаган. Нозик табъ шоир, закий олим эди у киши. Ислом жуда улуғ дин. Аммо Айтматов қаҳрамони Авдий айтганидек, динлар замонага сал пал мослашиши керакмикан. Шунингдек, Расули акрам динда чуқур кетмасликни ҳадисларида айтганлар. Ер чуқур ҳайдалиб, айни ўша ерга уруғ тушса, табиийки, бу уруғ униб чиқиши гумон. Барча юмушда, хусусан, динда ҳам мўътадил йўл тутмоқ афзал бўлса керак. Лекин ижодкорда диний илм бўлса, нур алан нур. Чунки бундай ижодкор яратган асардан чинакам маърифат нафаси келади. Аллоҳ барча эзгу ишда ҳаммамизга ҳам ҳамроҳ бўлсин. Савол учун раҳмат!

Би-би-си: Прагадан Олмос ҳам: "Ассалому алайкум, мумтоз адабиётни, айниқса, Румий ҳазратларини ижодини Исломий билим ва маданиятсиз тўла маънода англаш қийин, шу фикрга муносабатингиз", дея сўрабдилар.

Мунаввара Ойматова: Раҳмат,Олмос. Албатта, мумтоз адабиётни исломий яъни маърифий билимсиз ўрганиш мушкул. Навоийшунос олимларнинг қайси бири исломий билимдан ташқари? Мен ёш улуғ адабиётшуносларни назарда тутаяпман. Хусусан, Иброҳим Ҳаққул, раҳматлик Нажмиддин Комилов, Ёқубжон Исҳоқов, Султонмурод Олим, Рафъиддин Сайфиддинов, Мирзааҳмад Олимов ва бошқалар. Бусиз мумкин эмас. Румий жанобларини ҳатто номларини таҳоратсиз тилга олиш мумкин эмас, дейди бизнинг юртдошимиз, шоир ва таржимон Абдулла ЗУҲУР. Шундан билиб олаверинг. "Маънавий Маснавий"да 831 та Қуръоний оят ва 531та ҳадис бор. Уларни таҳоратсиз ўқиш мумкинми? Йўқ. Аммо афсус, бугунги кун ахборот узатиш ишлари ривожланган бир пайтда кўпчилик китоб ўқимай қўйди. Натижада, нафақат исломий маданият, балки оддийгина маданиятдан узоқлашиш кўзга ташланади. Энди Румий Ҳазратлари ижодларини исломни билмай туриб ўрганиш бу таҳоратсиз намоз ўқиш билан баробар.

Би-би-си: Лондондан Шоҳрух: "Румийни ўрганиш қанчадар муҳим", дея савол қўйган.

Мунаввара Ойматова: Румий жанобларининг барча асарлари замирида Комил инсон ғояси ётади. Бас шундай экан, Мавлоно асарлари барча замону маконга тааллуқлидир. Уларни ўрганиш муҳим масала. Чунки Инсон руҳини айни маърифий асарлар тозартиб боради. Ўз замирига ирфоний, инсоний маънони сингдирган аллома асарларини, ижодини ўрганиш ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайди.

Би-би-си: Германиядан Зоҳид сўраяпти: "Румий асарлари таҳлили ва фалсафаси ҳақида юзлаб китоблар, минглаб мақолалар асарлар ёзилган... Бугунги кун билан уйғун томонлари нимада? Бугунги дунёда қандай аксланади?"

Мунаввара Ойматова: Жаҳон адабиёти тарихида юзлаб китоблар битган адиблар бор. Аммо улар ёзган асарлари ўз давридан ўтиб бизгача етиб келмаган. Аммо биргина асари билан дунёни лол қолдирган ижодкорлар ҳам бор. Жумладан, Румий Ҳазратлари адабий мерослари бешта асар билан кифоя қилган."Маънавий Маснавий", "Девони кабир", "Мажолису сабъа", "Фиҳи мо фиҳи", "Мактубот" . Аммо, биргина "Маснавий"га ёзилган шарҳлар саноғи юздан ошиб кетади. Гап ёзилган асарлар сонида эмас экан. Румий асарларини Америкада ўрганиб, ғазаллари қўшиқ қилиб куйланаётгани Мавлононинг бугунги кунга уйғун асарлар яратганларининг далили. Россияда "Маснавий" тўлиқ таржимасини амалга оширилиб, нашрдан чиқди. Ўзбекистонда истеъдодли шоир ва таржимон Жамол Камол томонидан тўлиқ таржима амалга ошди. Марҳум шоир Асқар Маҳкам томонидан "Маснавий" шарҳли таржимаси қисман румийхонлар эътиборига ҳавола этилганди. Бугунги кунда Асқар Маҳкам ишини тожикистонлик истеъдодли шоир Абдулла Зуҳур давом эттираяпти яъни "Маснавий"нинг шарҳли таржимаси давом этаяпти. Таржимон Одил Икром томонидан "Маснавий" иккинчи дафтари таржима қилиб бўлинди. Мавлоно ижоди бир уммон дейишади. Бизда Мавлоно дейилса бас, юзларга нур ёғилган каби бўлади. Тожикистонда румийшуносларимиз анча яхши ишларни амалга оширишди. Мавлоно таваллудлари 800 йиллиги муносабати билан "Девони кабир" кирилл ёзувида Али Муҳаммад Хуросоний томонидан тайёрланиб, тўлиқ нашр этилди. Касбдошим, тожик адабиётшуноси Тожибой Келдиёров "Маснавий" шарҳлари устида илмий иш олиб бориш билан бирга, ўзи ҳам "Маснавий"га шарҳ ёзаяпти. Ўзбекистондаги румийшунослар иши ҳам таҳсинга сазовор. Абдумурод Тилавовнинг Румийни ўзбек халқига танитиш йўлидаги заҳматлари, журналист Хайрулло Қосим ишлари таҳсинга лойиқ. Асрор Самад талқинидаги "Маснавий" ҳикоятлари насрий талқини эътиборга лойиқ ишлардан. Закий инсон, файлусуф Жаъфар Муҳаммад ишлари ҳам шулар жумласидан. Санасак, бу борада анча ишлар амалга оширалаяпти. Ишонаманки, қадимдаги каби румийхонликлар ҳадемай бошланиб кетса. ажабмас. Шу ўринда, бир гап. Бизда, Тожикистонда, Рўдакийхонлик, Фирдавсийхонлик, Румийхонлик, Бедилхонлик, Хайёмхонлик кечалари бўлиб туради. Унда ёш йигит-қизлар улуғлар ижодидан минглаб мисраларни ёддан айтиш мусобақасини қилишади. Бу каби яхши анъаналар ҳали икки томон ҳамкорлигида, албатта, бўлишидан умид қиламиз.

Би-би-си: Жаҳонгир исмли тингловчимиз: "Салом, Мунаввара опа. Тожикистондаги ўзбек адабий муҳити ҳақида нима дея оласиз? Мустақилликдан сўнг, давлатлар орасида тортилган чегаралар бу адабий муҳитга қандай таъсир қилди? Жавобингиз учун катта раҳмат", дея хат йўллабди. Марҳамат

Мунаввара Ойматова: Жуда ўринли савол учун Жаҳонгирга раҳмат. Тожикистонда ўзбек адабий муҳит бор ва бўлади. Фақат узилиш бор. Жанубий Тожикистонда ўз-ўзича ўзбек адабий муҳити мавжуд. Шимолий Тожикистонда ўз ҳолича. Жуда сара асарлар яратилаяпти деб даъво қилишдан йироқмиз. Аммо асарлар яратилаяпти. Масалан, Ҳуснинисо Аҳмедова деган адибамиз ёзган ҳикоя ва қиссалар, чегаралар бўлмаганда, ўзбекистонлик китобхонлар учун ажойиб совға бўларди. Шуҳрат Шокир деган талантли ёш шоиримиз, ишонаманки, албатта, Ўзбекистонда ҳам ўз шеърхонларига эга бўларди. Ўринбой Усмон драмалари ўзбек театри саҳналарига ярашиб тушарди. Исмоил Қаюмов ва Ҳабибулло деган йигитлар яқинда шеърий машқларини олиб келишди. Уларни ўқиб кўнглим қувончга тўлди. Мавж ортидан янги мавж келаяпти экан. Катта ўзбек шеъриятига бу кичик жилға бориб бир кун қўшилажак. Шундай кун келади. Шу масалага бир нарсани, албатта, қўшиб айтиш керак. Бизда, Тожикистонда ўзбекистонлик тожик ижодкорлар қадрланади, иттифоққа ҳеч қандай тўсиқсиз аъзо бўлишади. Бу ижодга бўлган самимий муносабат биз ўзбек ижодкорларга нисбатан Ўзбекистон томонда йўқ. Давлатлар орасидаги чегаралар бу вақт саволи. Кун келади ҳамма нарса яхшиликка юз буради. Фақат ҳозирча бу чегараларни муҳитга таъсири бор. Йўқ десак, хато бўлади. Сиёсат оғир масала. Аммо адабиётга ва маданиятга чегарани аҳмоқ қўяди. Адабиёт бир қуёш. У ҳаммага баробар. У барча чегараларни бузиб ўтишга қодир ягона қудратли КУЧ. Тожикистондаги ўзбек адабий муҳити ҳам ўзига хос муаммолари бор. Уларга ечим топиш учун якдиллик етишмаяпти. Тожикистондаги ўзбек мактаблари учун дастур ва дарсликлар ёзиш масаласида бирёқламалик кўзга ташланади. Жануб ва шимол томонидаги бошбошдоқчиликдан келиб чиққан бу муаммо оқибатини бугун ақл кўзи кўрлар тушунмаяпти. Қўлида пули, талант деган сўздан асар ҳам йўқлар дастурга ўзини тиқиштириб, буюклик даъвосини қилиши маърифат дарахтига урилган қаттиқроқ зарбадир. Соясидан қўрққанлар бу муаммоларга панжа орасидан қараб туришибди. Халқнинг кўчада қолган боласи борми, адабиётдан "а" деган асар йўқ савияси паст асарларни ўқиб, ўрганса? Энг ёмони, "чегара" мана шу ерда қўйилган. Симтўрлардан наридагилар асарларини дастурларга киритиш чекланиб бораяпти. Болтаям ўзимизники, сопиям.

Би-би-си: Бугунги даврда адабиётнинг жамиятда тутган ўрни ҳақида нима дея оласиз?

Мунаввара Ойматова: Адабиёт жамиятнинг маънавий пойдевори. Унингсиз ҳаёт бўлмаган, бўлмайди. Бу аксиома. Фақат бугун техника ривожи сал ёшларни катта адабиётдан чалғитдимми деб ўйлайман. Китоб ўқиш йўқолиб бораяпти. Олди-қочди кинолар, интернет, яна "сариқ матбуот" маънавиятга ёмон таъсир ўтказмоқда. Лекин булар ўткинчи ҳодисалар. Вақт келиб ҳақиқий адабиёт яна ўз қонуний ўрнини яна эгаллайди. Шу ўринда интернетнинг баъзи яхши жиҳатлариям айтиш керак. Ажойиб шоиримиз Хуршид Даврон сайти биз учун том маънода маънавий озуқа. Ёки Даврон Тожиалиевнинг "Зиё истаган қалблар учун" электрон саҳифалари ҳақиқий Зиё сочувчи вазифасини бажараяпти. Раҳмат шуларга. Ўзини билган зиёли одам адабиётдан нафас олаяпти ҳозир ҳам. Адабиёт жамиятдаги ёзилмаган одоб кодексини барибир жамиятга тадбиқ этаверади. Унинг жамиятдаги ўрни одамларнинг бир бирини тушунишида, ўзаро ҳурматларда зоҳир бўлаверади. Зеро, бетакрор ва беназир ЧЎЛПОН айтганидек, "Адабиёт яшаса - миллат яшар".

Би-би-си: Тошкентдан Ҳожиаҳмаднинг мактубларини ўқиб берсам: "Ассалому алайкум Ҳурматли Мунаввара опа! Илтимос, мени асосий қийнаётган саволимга жавоб берсангиз, халқларимиз ўртасида 1000 йиллар давомида бир қон, бир жон, бир дин ва ҳоказо уйғунлик касб этган. Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги кундаги ҳалқларимиз орасидаги муносабатлар қаёққа олиб бормоқда? Жавоб учун олдиндан раҳмат".

Мунаввара Ойматова: Мавлоно айтадилар, "Зиндаги омад барои бандаги, Зиндаги бе бандаги шармандиги". Биз ҳам Яратганнинг бандаси эканмиз, умидворлик қалбимизда устувор бўлиши табиий. Яхши кунлар умидворимиз. Биз ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам бир жон, бир танмиз. Халқлар орасида муносабатлар асли яхши. Атрофга яхшилаб бир қаранг. Биз бир дарахтмиз. Дарахтни ҳеч вақт тиккасига кесмайдилар. Тагидан кесишади. Иншооллоҳ, муносабатлар фақат яхшиликка томон боради. Масалан, бир воқеани айтиб берай. Унда икки давлат орасида виза муносабатлари йўқ эди. Тожикистон халқ шоираси Фарзонахоним ва опаси профессор Хожаевалар билан қўшни давлатга ўтишга тўғри келди. Чегарада бизни тўхтатишди. Шоиранинг табъи ўта нозиклигини опаси иккимиз чуқур тушунган ҳолда, вазият яъни чегарачиларга хос салгина қўполликни юмшатишга уриндик. Шоирани таништиришга тўғри келди. Шунда бир чегарачи йигит бехос шеър ўқишни бошлади: "Гули зардолу мерезад..." Бу шоирамиз шеъридан эди. Қаранг, бу йигит чегаранинг нариги томонида яъни Ўзбекистон томонида эди. Кўнгилларга қувонч дориди. Шеър чегараларни бузди. Тошкентга етгунча Фарзонахоним шеър ўқиб борди. Бандасини умиддан айирмасин. Иншооллоҳ, Яратган меҳрибондир. Меҳр қуёш. У ҳаммага баробар нур сочади.

Би-би-си: Ўшдан Салмон Алиев ёзади: "Ҳурматли М.Ойматова "Табу" романингизга қизиқдим, аммо қидириб тополмадим, ўқиганлар эса, ўзбек адабиётига ёт бўлган очиў(порно) саҳналарга бой асар дейишди. Мени назаримни тортган нарса эса, романнинг номи (бу сўзнинг луғавий маъноси ва келиб чиқиши ажойиб-ку, ахир) эди, аммо бирор сайтдан тополмадим. Ўзингиз романингиз ҳақида нима дейсиз?"

Мунаввара Ойматова:"Табу" адади кам миқдорда нашр қилинган. Кўп нарса назарга боғлиқ. Сиз музейга кирдингиз дейлик. Яланғоч аёл суратини кўрдингиз. Сиз унда юксак санъат асарини кўрдингиз. Ёнгинангизда турган санъатдан узоқ, музейга шунчаки адашиб кирган киши яланғоч аёлни кўрди. Унинг кўзидаги ҳайрат билан сизнинг ҳайрат орасида фарқ борлигини ўзингиз ҳам яхши тушунасиз. Гап қабул қилишга боғлиқ. Кеча бир файлусуф суҳбатига чорлади. "Табу"ни ўқиган экан. Ҳайратларини ўртоқлашиш учун кўришиш ҳоҳишини билдирган экан у киши. 23йил олдин у киши менга дарс берган устоз эди. Кеча биз аксинча мақом билан учрашдик. У киши мухлис, мен эса ёзувчи. Рости, сал хижолат бўлдим. Ахир нима қилсаям устоз. "Табу" ҳақида нима дейишим мумкин? У порно асар эмас! Очиқ саҳна деганлар бир умр очиқ саҳнада яшаганлардир балки. Аммо гап ўша очиқ саҳнани қандай беришга боғлиқ. Сиз бир ўқиб кўринг. "Минг бир кеча", "Декамерон"ни ҳазм қилган ўқувчи "Табу"ни албатта тушунади ва қабул қилади. Мен "Табу"ни зўр асар дейишдан йироқман. Аммо ким ўз фарзандини ёмон дейди? Бу ўринда Шайх Саъдийдан бир байт билан кифояланаман. Мушк он аст, ки худ бибуяд, На он, ки аттор бигуяд.

Би-би-си: Бир қатор тингловчиларимиз ўз ижодингиздан намуналар ўқиб беришингизни сўрашган, марҳамат.

Мунаввара Ойматова: Албатта, шоира деган сўз тургандан кейин шеър ўқиш керак.

Кўнглим харобаси - Дил сардобаси, Хаёлинг йўқлайди номимни бот-бот. Кўксимга сиғади озод нафасинг, Кўксимда ёнади Исминг умрбод.

Овозинг нохуни чертар Дилимнинг Узилган торларин, куй чиқар маҳзун. Эртаклар ўқийман битта Исмингдан, Эртаклар Ишқимиз умридек узун.

Сен Нурлар шаҳрида нурона бўлдинг, Масофа, манзиллар нурларга тўлди. Макону замонни унутдим сен-ла, Энди Ишқсиз онлар мангуга ўлди.

Қўлим узатарман, етмайди қўлим, Йўлларим узанар, етмайди йўлим. Тахайюл шамоли элтар Руҳимни, Нурлар ёғилмоқда, Нур ўнгу сўлим.

Хаёлинг - нурларга чулғанган йўлим…

***** Кузда ҳам гулларми Гул бўлмаган Дил, Кузимга баҳорлар келди ахтариб. Исмим топди Сени нурга айланиб, Сен бир мусофирсан, мен ҳам бир ғариб.

Овоз…Овозингдан уйғонди Руҳим, Азонга чорлаган муаззин Овоз. Кул остида қолган Қақнусинг эдим, Мана хаёлингга этяпман парвоз.

Маҳрами асрорим, маҳрами Руҳим, Жойнамоз ичинда Ишқинг ўқирман. Оятлар, суралар аро мен ёниб, Ишқингдан тўкилган сатрим тўқирман.

Саждада Ҳу дерман, Ё ҳу, чорлагин, Сени танитганга мени элт, эй Ёр. Нурлар сочилади ҳар бир сўзингдан, Самодан инган СЎЗ - Нури Биру Бор.

Кузда ҳам гуллайди гуллолмаган Дил...

Би-би-си: Қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Би-би-си ўқувчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Мунаввара Ойматова: Манга саволлар берган ҳар бир дўстимизга каттадан-катта ташаккур. Би-би-сини тинглаётган барча мухлисларига, бизни тинглаганларга Тожикистондаги ўзбеклар, айнан, Хўжанддан ўз саломларимни айтаман.

Бу мавзуда батафсилроқ