Миржалол Қосимов жаҳон чемпионати, тан берган мураббийи ва жамоанинг ўйини ҳақида

Image caption Ҳозирги пайтда Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби бош мураббийси

Би-би-си: Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ливанга қарши сўнгги учрашуви ортидан, Бразилия сари муҳим қадам қўйган ва ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишида иккита энг муҳим учрашуви қолган бир вазиятда Бош мураббий Миржалол Қосимовни хосан меҳмонимиз этиб, рукнимизга таклиф этдик. Ўқувчиларимиз ва футбол ишқибозларидан у кишига келган саволлар ҳам озмунча бўлмади:

Би-би-си: Миржалол ака, узр, оддий бир футбол ишқибози сифатида ўзимнинг ҳам сиздан сўрайдиган айрим саволларим бор эди. Девид Бекҳэмни оламизми ёки Марио Балотелли, юлдуз футболчиларнинг ўз мураббийлари билан чиқишмай қолган пайтлари кўп бўлади. Мана, сиз ҳам юлдуз футболчи сифатидаги порлоқ карьерангиз ортидан мураббийликка ўтдингиз. Агар, гапнинг ростини айтадиган бўлсак, футболчи бўлиш осонроқ эканми ёки мураббий бўлиш?

Миржалол Қосимов: Футболчилик билан ҳозирги мураббийлик пайтимни таққослайдиган бўлсам, менимча, мураббийлик қийинроқ. Нимагаки, футбол ўйнаган давримда фақат ўзим учун, ўзимнинг ҳаракатларим учун жавоб берардим. Мураббийлик пайтингизда эса, бутун миллий терма жамоага бош мураббий жавоб беради. Шунинг учун ҳам, менимча, мураббийлик сал қийинроқ. Яхшигина фарқи бор.

Би-би-си: Кейинги саволим эса, агар жаҳон футбол оламига назар ташлайдиган бўлсак, бутун дунё тан олган юлдуз футболчилар ҳам, донгдор мураббийлар ҳам бармоқ билан санарли бўлади, тўғрими. Миржалол ака, сиз дунёнинг энг сара футболчиси ва энг моҳир мураббийси, деб кимни тан оласиз?

Миржалол Қосимов: Ҳар бир даврнинг ўзига яраша ўйинчилари бўлган, ўзига яраша мураббийлари бўлган. Агар, ҳозирги пайтни назарда тутиб айтадиган бўлсак, Жозе Моуриньо кучли мураббий. Дель Боскени ҳам жуда ҳурмат қиламан, кейин сэр Алекс Фергюсонни. Энг зўр футболчи масаласига келсак, ҳозирги пайтда Лионель Мессига етадиган ўйинчи дунёда йўқ бўлса керак, деган фикрдаман. Яъни ҳозир жаҳондаги энг кучли футболчи – Месси, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Яна бир саволим, Марадона бўладими, Хосеп Гвардиола, Рууд Гуллит ёки мана, ўзингиз мисолингизда Миржалол ака, юлдуз футболчилик ортидан, мураббийликка ўтгансиз. Футболчилик сир-синоатидан бохабар экани ўша юлдуз футболчининг мураббий сифатидаги муваффақиятини ҳам кафолатлай оладими?

Миржалол Қосимов: Мен йўқ, деб ўйлайман. Агар, шунақа бўлганида, ҳамма юлдуз футболчилар мураббийга айланган бўлишарди. Жаҳонга машҳур мураббийлар орасида собиқ юлдуз футболчилар ҳам, ўртамиёна ўйинчилар ҳам бор. Бошқа соҳадан кириб келган инсонлар ҳам бўлади. Мана, ҳамма билади, Жозе Моуриньо ҳам мураббийликдан олдин таржимон бўлган. Шунинг учун ҳам, нафақат спорт, балки бошқа соҳаларда ҳам бунинг бирламчи замини – меҳнат, деб ўйлайман. Инсон тинмай ўз устида ишласа, келажакда ёмон бўлмайди, ўз олдига қўйган мақсадига эришади.

Би-би-си: Абдулбосит Манноповнинг саволлари эса қуйидагича. У киши “Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сиздан аввалги Бош мураббийи Вадим Абрамов ҳақида нима дея оласиз? Улар ҳозир қаерда фаолият олиб бораяптилар”, деб сўраган

Миржалол Қосимов: Ҳақиқатан ҳам, малакали мураббий. Малакали бўлмаганида, масалан, у кишига миллий ва Олимпия миллий терма жамоалари ишониб топширилмасди. Шунинг учун ҳам, ҳозир Ўзбекистон Футбол Федерациясида ўз ишини олиб бораётир, ўйинчиларнинг селекцияси билан шуғулланмоқда.

Би-би-си: Фарруҳ Сатторов эса, “Миллий терма жамоамизнинг охирги вақтлардаги ўйинлари менга жуда ёқди. Лекин, менимча, жамоага гол урадиган одам етишмаяпти, тўғрироғи, Миржалол Қосимовнинг ўрнини босадиган одам етишмаяпти”, деган фикрларни изҳор этибдилар. Миржалол ака, сиз у кишининг фикрларига нима дейсиз?

Миржалол Қосимов: Энди, яхши тўпурар ҳужумчилар ҳамиша етишмайди. Бор гап бу. Агар, ўзимга келадиган бўлсак, Миржалолнинг ўрнини босадиган одамни излаш бўлиши керак эмас. Мен тўп сурган пайтларимда Игор Шквирин каби ҳужумчи, Азамат Абдураимов, Мақсудовга ўхшаш ўйинчилар бор эди. Ўшалар билан ўйнаш менга ҳам осон ва ҳам қизиқарли бўлган. Афсус, тўғрисини айтсак, ҳозир шунақа ҳужумчиларимиз етишмаяпти. Нимагаки, агар, тарихга қарайдиган бўлсак ҳам, Ривальдолар ўйнаган пайтдаям ҳужумчиларга қараганда, ярим ҳимоячилар кўпроқ тўп уришарди. Тез орада шунақа яхши ҳужумчилар етишиб чиқишига умид қилиб қоламиз.

Би-би-си: Фарруҳ Сизга раҳмат айтиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Бразилияга боришига ишонишларини айтиб қолибдилар. Фазлиддин Кулбоев эса, “Миржалол ака, нега шундай кучли Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликларига ютқазиб, Ливанни аранг ютди. Негадир ишонган ўйинчиларнинг ўйинлари ўхшамади”, деб савол юборибди

Миржалол Қосимов: Кўрсатган ишончлари учун, албатта, раҳмат. Буни ҳаммадан кўра кўпроқ биз – миллий терма жамоа аъзолари исташаётганига ҳам ишонишларини хоҳлардим. Агар, кейинги саволга келадиган бўлсак, Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ёмон ўйин кўрсатганимиз йўқ. Олдин 1:0 га ютиб тургандик, 2-бўлимда ҳам жудаям яхши вазиятларга эга эдик, лекин ўшаларни голга айлантира олмадик. Агар шундай қила олганимизда, ўйинни ютишимиз ҳам мумкин эди. Ливанни ҳам “аранг ютдик” эмас, Худога шукр, ютдик. Миллий терма жамоа ўз олдига шу мақсадни қўйган эди. Агар, эсингизда бўлса, бу учрашувда ҳам ёмон ўйин бўлгани йўқ. Иккинчи бўлимда жудаям кучли ўйин кўрсатдик. Битта ўша Фарҳод Тожиевнинг ўзида гол урадиган вазиятдан учта-тўрттаси бўлди. Сервер Жепаров ҳам уриши мумкин эди. Шунинг учун ҳам, ёмон ўйин кўрсатдик, аранг ютдик, деб ўйламайман. Бундан кейин ҳам шу йигитларга, шу болаларга ишонаман. Кейинги учрашувларимизда бундан ҳам кучли ўйин кўрсатишади, деб ўйлайман.

Би-би-си: Аврангзеб Тарағай эса, “Ўз кучларингизга ўзларингиз ишонасизларми? Қачон бир маромда(стабильний) ўйин кўрсатишга ўтасизлар”, деб сўраган.

Миржалол Қосимов: Жуда қизиқ савол бўлди-ку, агар биз ўз кучимизга ишонмаганимизда, менимча, ҳар бир очко учун жонимизни жабборга бермас эдик.

Би-би-си: Жанубий Кореядан Ўзбек номи остида мактуб юборган ўқувчимиз эса, “Сизга бир илтимосим бор, Александр Гейнрихни миллий терма жамоага қайтарманг. Одил Аҳмедов, Темур Кападзе ҳам керак эмас. Четдан қараганда, худди миллий терма жамоада “дедовшина” ҳукм сураётганга ўхшаяпти. Чунки ёшлар югуришади, эскилар ақл ўргатишади. Кейин Турсуновнинг стимулянтлиги ҳам доғ тушираяпти, хунук кўринаркан”, деганлар. Миржалол ака, у кишининг бу фикрларига муносабатингиз...

Миржалол Қосимов: Миллий терма жамоада ҳеч қандай “дедовшина”, деган нарса йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Саволда санаб ўтилган ўша “эскилар” фақат югуриш билан натижага эришиб бўлмаслигини аллақачон тушуниб етишган ва уларнинг йиллар давомида тўплаган тажрибалари бу ерда асқотади. Энди, учрашув пайтида ўйинлари сифатли бўлмай, ўхшамай қолган ҳоллар бўлиши мумкин. Лекин мен йигитларга ишонаман. Улар майдонга чиққан пайтларида ҳаммасини эсдан чиқариб, чиройли ўйин кўрсатиб, мухлисларимизни ўз маҳоратлари билан хурсанд этишади.

Би-би-си: Нурматжон Холматов эса, “Миржалол ака, нега Темурхўжа Абдухолиқов терма жамоага олинмайди, ишқибозлар орасида Қосимов ва Темурхўжа уришиб қолишган, деган гаплар юради. Ҳозир Темурхўжа жуда яхши ўйнаяпти, Фарҳод билан яхши тандем бўларди”, деб сўраган

Миржалол Қосимов: Жуда кулгилию...Мен Темирхўжа билан нега уришишим керак. Ўғлим тенгги бола билан қанақа қилиб тортишишим мумкин. Темирхўжа жуда яхши ўйнаётган бўлса, нега у ҳолда ўз клубида фақат захирадан майдонга тушаяпти. Яъни, майдонда озгина вақт ўйнаяпти. Билмайман, яна қандай далил керак. Энди, бошқа томондан, ҳар бир инсон сўраган ўйинчи майдонга туширилавермайди. Бунинг учун иш олиб борилади, кўрилади, жисмоний тайёргарлиги, ўйин амалиётига қараб туриб, ўтириб, ўшани тарозига солиб, ўйинга қўйилади. Мен ўзимнинг оёғимга ўзим болта урмайман. Бу ерда халқ манфаати турибди, ҳаммамизнинг мақсадимиз- миллий терма жамоанинг яхши ўйин кўрсатиши. Яхши ўйнаса, вақти-соати билан ҳаммага миллий терма жамоанинг эшиги очиқ.

Би-би-си: Аббос Ёрматов эса, “Миржалол ака, нега Улуғбек Бақоевнинг ўрнига бошқа яхшироқ вариантларни синаб кўрмайсиз”, деб савол юборибди

Миржалол Қосимов: Нега синамас эканмиз. Мана, Бирлашган Араб Амирликларида Александр Гейнрих тушди. Кейин, мана, охирги ўйинимизда Фарҳод. Яна захирада Камолиддин Мурзоев ўтирган эди. Улуғбек Бақоев кам гол ургани билан, майдонда жудаям катта ҳажмда ҳаракат қилади. Мухлислар эса, ҳақиқатат ҳам, мухлислик қилиб, фақат гол исташади. Лекин жамоага қарши чиққандаям, Бақоев жудаям катта ҳажмда иш қилади. Керак бўлса, ҳимояга ўтиб ҳам ҳимояланади, ҳимоячиларимизга ёрдам беради.

Би-би-си: Хуршид Шералиев эса, “Футболчиларнинг жисмоний ҳолатига салбий таъсир қилувчи ёмон одатлари (чекиш, ичиш ва ҳоказолар) мураббийлар томонидан назорат қилинадими? Мана, Арсен Венгер марокашлик дўсти билан Лондондаги пабларнинг бирида чилим чеккани учун Марвен Шамахни қаттиқ жазолаганди. Бизда бундай масалаларга қандай қаралади? Футболчиларимизнинг одатлари ҳақида жуда кўп эшитамиз”, деб сўраяпти

Миржалол Қосимов: Бу нарсага жудаям, жудаям қаттиқ турамиз. Ҳар бирининг орқасидан камера ёки кузатувчи қўйишнинг иложи йўқ ва бунга ҳожат ҳам йўқ, деб ўйлайман. Болалар ўзларининг онгида бўлиши лозим, бунақа нарсалардан узоқроқ юришлари керак. Акс ҳолда миллий терма жамоага чақирилмайди. Буни тарбиялаш дейди. Ичиш, чекиш масаласига келсак, бу нарсани бекитиб бўлмайди, яъни футболчи майдонга чиққан пайтда машғулотнинг ўзидаёқ билса бўлади: Югуришидан, томир ва юрак уришидан билса бўлади. Шунинг учун ҳам, бу ҳар доим ўзимиз ва дўхтирларнинг назоратлари остида бўлади, яъни, бекитиб, бошқа қилгани билан, майдонда яққол билиниб қолади.

Би-би-си: Миржалол ака, Жанубий Корея терма жамоаси 2014 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олишда Ўзбекистоннинг асосий рақиби саналади ва кейинги учрашувини ҳам сафарда уларга қарши ўтказади. Фарруҳ Сатторов сўраётган саволлари ҳам шу билан боғлиқ. Фарруҳ “Миржалол ака, мен Сизнинг Жанубий Корея миллий терма жамоаси ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Яқинда эшитган хабарларимизга кўра, 20 дан ортиқ жанубий кореялик футболчи маълум муддатга профессионал футболдан четлаштирилган экан..”, деб савол юборибди. Яъни бунча ўйинчининг четлаштирилгани Жанубий Корея термасининг ўйинига қанчалик таъсир қилади, деб қизиққан бўлсалар керак

Миржалол Қосимов: Энди, келишилган ўйинларга қарши кураш ҳозир бутун дунёда кенг қулоч ёйган. Мана, яқинда бу нарса Ливан миллий терма жамоасини ҳам четлаб ўтмади. Шахсан Жанубий Кореяга келадиган бўлсак, бу ерда асосан бундан бир неча йил олдин юз берган ҳодисалар юзасидан ҳукм чиқарилган ва бунинг ҳозирги терма жамоага таъсири бўлмаса керак, деган фикрдаман. Чунки жудаям кучли футболчилари кўп етишиб чиқади. Шунинг учун ҳам, менимча, Жанубий Корея билан бўлажак ўйинимизга ҳам унақа таъсир қилмайди.

Би-би-си: Миржалол ака, 2014 йилги жаҳон чемпионати сўнгги босқич саралаш беллашувларининг ниҳоя топишига ҳам бор-йўғи 2та учрашув қолди. Терма жамоаларнинг “А” гуруҳида эгаллаб турган ҳозирги ўринлари, қолган икки учрашувлари ва бўлажак рақиблари назарда тутилса, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Бразилияга бориши айнан нимага боғлиқ бўлади?

Миржалол Қосимов: Менимча, бу нарса энг аввало ўзимизга боғлиқ.

Би-би-си: Яъни қолган икки учрашувда фақат ғалаба қозонишингиз тақозо этилади?

Миржалол Қосимов: Албатта, албатта, албатта. Жанубий Кореяга қарши сафардаги ўйинимизда ҳам майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз ва бор кучимизни берамиз. Чунки бу даражага етгунча озмунча қийинчиликдан ўтмадик. Шунинг учун ҳам ҳозир билиниб турибди: Йигитлар, ҳамманинг хаёли ана шу ўйинимизда. Худо хоҳласа, ана шу қолган икки ўйинда ижобий натижага эриша олсак, кейин бизга ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди.

Би-би-си: Агар дуранг натижа қайд этилиб қолса, дейлик, мағлубият эҳтимолини ҳам назардан соқит этмасак, у ҳолда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг имкониятлари нима бўлади?

Миржалол Қосимов: Биз 4 июнда дам оламиз. Буёғи рақибларимизнинг ўйинига боғлиқ бўлиб қолади.

Би-би-си: Шерали Абдуллаев эса, “Ассалому алайкум, Миржалол ака. Аллоҳ ўйлаган мақсадингизга етказсин. Менинг саволим қуйидагича: Нима учун термамизда ҳужумлар фақат қанотдан бўлаяпти. Ҳозирги футболда бундай ҳужумлар натижа бермайди, менимча. Кечаги ўйиндаям кўрдик, гол ёриб кириш натижасида урилди. Жавоб учун олдиндан катта раҳмат. Сизга соғлиқ, доимо омадли инсон бўлинг, термамизга Аллоҳдан фақат ғалаба тилаб қоламиз”, деб мактуб юборибди

Миржалол Қосимов: Саломат бўлсинлар. Самимий тилаклари учун раҳмат. Аммо ҳужумлар фақат қанотдан бўлаяпти, демаган бўлардим. Биз фақат қанотлардан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Чунки Улуғбек Бақоев олдинда яхши ҳаракат қилади. Қолаверса, қанотдаги ўйинчиларимиз чиқаётганда ҳимояда Шораҳмедов, буёғда Гадоев, Жасур Ҳасанов ёки Санжар Турсунов, Зотеевлар жудаям фаол ҳаракат қилишяпти. Мисол учун, Фернандо Торреснинг кечаги голини олайлик. “Челси” Оврўпо Лигаси чорак финал беллашувида Қозоннинг “Рубин”ини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ўшанда, масалан, Торрес қанотдан оширилган тўпни жудаям чиройли бир тарзда дарвозага киритди. Бошқа томондан, рақибларимиз Ҳайдаров, Аҳмедов каби марказий ҳимоячиларимиздан чўчишади ва иложи борича уларни ёпишга интилишади. Биз мана шундай вазиятларда қанотлардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Ўртадаям кучли ўйинчиларимиз бор. Шунинг учун ҳам, иложи борича ундан ҳам, бундан ҳам фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Ўйинга қараб, ўйинчиларнинг ҳолатига қараб, кейин яна рақибга қараб ҳам ҳаракат қилинади.

Би-би-си: Сеулдан Темурбек, “ Агар бу сафар ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига чиқолмаса, йиллар ўтиб, яна миллий терма жамоага Бош мураббий бўлиш имкони берилса, нима қилардингиз? Жавоб учун олдиндан раҳмат. Саволим ёқмаган бўлса, узр. Лекин сиз икки марта ҳам миллий терма жамоага бош мураббий бўлдингиз, албатта жаҳон чемпионатига чиқайлик. Мабодо, бахтга қарши, шундай бўлмаса, бошқаларга имкон берармидингиз?”, деб сўраяпти

Миржалол Қосимов: Ҳақиқатан ҳам саволлари ёқмади. Аччиқ бўлса ҳам, бу нарсани “нормальний” қабул қиламиз. Авваламбор, Аллоҳнинг ўзи асрасин, шунча ҳаракатларимиз зое кетмасин. Бутун фикру хаёлимиз фақат шунда. Ўзимизниям, болаларнинг ҳам қилаётган ишлари, меҳнатлари шунга қаратилган. Футболда шунақа нарса бор – ютса ҳамма ютади, ютқазиб қўйса, битта мураббий айбдор. Бу бизнинг ҳаётимиз, мураббийнинг қисмати шундай бўлса керак. Шунинг учун ҳам, “нормально”, мен бу нарсага тайёрман.

Би-би-си: Замон эса, “Миржалол ака, терма жамоада футболистларнинг ёши "пенсия" ёшига етиб бормокда, нимага ёш футболистлар таклиф этилмаяпти?”, деб сўраган

Миржалол Қосимов: Нимага таклиф қилинмасакан, масалан, Тўхтахўжаев таклиф қилинган, ёш, Гадоевни ўтган йили терма жамоага таклиф этганман, масалан. Ҳозир майдонда асосий таркибда ўйнаяпти. Энг қизиғи, ўша пайтда уларнинг иккови ҳам захира ўйинчилари эди. Қолаверса, яқинда Козакни таклиф қилдим, мисол учун. Ёшларга эътибор берилади ва жалб қилинаверади. Аммо битта лекини бор, ёш ўйинчиларнинг ҳам баъзи бирларини тайёрлаб бориш керак. Кейин жудаям масъулиятли ўйинларда хатога йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам, уларни аста-секин тайёрлаб бораяпмиз.

Би-би-си: Тоҳир, “Ассалому алайкум, Миржалол ака, 2005 йилги Жаҳон чемпионатига саралашда Баҳрайнга қарши 1:0 ғалабамиздан кейин пенальти туфайли ФИФАга шикоят ёзиш кимнинг ташаббуси бўлган”, деб сўраб, буни "ўзбек мухлислари билишга ҳақли деб ҳисоблаши"ни айтган

Миржалол Қосимов: Ўша пайтда биз ўзимиз ҳам бу ғоя кимдан чиқди, деб қизиққанмиз. Сабаби, ўша амалдорни деб, майдонда қозонган ҳалол ғалабамиз йўққа чиқарилган. Афсус, хоҳ ишонинглар, хоҳ ишонманглар, ҳалигача ўзим ҳам билмайман бу кимдан чиққанлигини. Ўзимгаям қизиқ бу нарса. Лекин ўзим ҳам шу пайтгача бу нарсанинг тагига етмаганман.

Би-би-си: Малик Мансур эса, бир эмас, иккита савол юборибдилар. У кишининг илк саволлари қуйидагича: “Терма жамоанинг охирги учрашуви таҳлил қилинса, жамоадаги руҳ, шиддат, маҳорат сўниб бораётгандек. Бошида бу – футболчиларимизда ўйин амалиёти камлиги билан изоҳланди. Бироқ Ливан билан ўтган учрашув ҳам, керакли натижага қарамасдан, жамоа ўйинида ўнгланиш йўқлигини кўрсатди. Агар, Бош мураббий сифатида буни эътироф қилсангиз, сабаблари ва бугунги чоралари ҳақида нима дейшингиз мумкин?

Миржалол Қосимов: Терма жамоамиз асосини легионерлар ташкил этишади. Уларнинг бир ҳафта ичидаги ҳаракатларига эътибор беринг: Масалан, хориж, Тошкент, Абу Даби, кейин яна Тошкент, қўшимчасига 90 дақиқадан иккита ўйин ўтказилди. Боз устига, Ливан билан ўйиндан олдин ноқулай келган об-ҳаво, майдоннинг сифати, менимча, футболчиларга ҳам таъсир кўрсатди. Бу ўйинда футболчиларнинг нафақат рақиб, балки майдон ҳолати билан ҳам курашишларига тўғри келди, деб ўйлайман. Тўғри, рақиб ҳам шу майдонда ўйнади. Аммо, фарқи шундаки, майдоннинг ҳолати ҳужум уюштираётган жамоага кўпроқ қийинчилик туғдиради. Умид қиламанки, бу муаммо ортда қолди. Сабаби, футболчиларни Жанубий Кореяга қарши ўйиндан 10 кун аввал тўплаш ва орада Хитойда ўртоқлик учрашуви ўтказиш имкониятимиз бор. Шунинг учун ҳам, ўз уйимизда Қатар билан ҳал қилувчи ўйингача майдон ҳолати ҳам яхши бўлади. Нимагаки, ўша ўйинни ўзингиз ҳам кўрдингиз, улардан кейин “Бунёдкор” жамоасининг ҳам ҳаракатланиши жудаям оғир бўлди бу ўйинда. Икки баравар куч сарфланди.

Би-би-си: У киши яна, “Ўзбекистон футбол соҳасида муҳим натижа арафасида турибди. Жаҳон чемпионатида муносиб қатнашиш, шубҳасиз, сизни миллий қаҳрамонга айлантиради. Бу борада сизга тилакдошман. Ҳозир “Бунёдкор”ни ҳам бошқариб келаяпсиз. Миллий терма жамоадаги ҳолат ҳақида юқорида ёздим. Гейнрих билан кузатилган сўнгги можаро ҳам ички муҳитда қандайдир зиддиятлар кетаётганидан дарак берди. Футбол мухлисларида бу ҳолатдан хавотир жуда кучли. Бугун терма жамоа билан ишлаш ҳар қачонгидан кўра кўпроқ мунтазамликни, янгиликни тақозо этаяпти. “Бунёдкор” сиз учун қанчалик қадрдон жамоалиги маълум. Бироқ бугунги вазият “Бунёдкор”ни қўйиб, бутун диққатни миллий терма жамоага қаратишни талаб этмаяптими, чунки биласиз, кечикиб қилинган пушаймондан фойда кам”, деб сўраб, Сизга муваффақиятлар тилаб, жавобларингиз учун олдиндан ўз миннатдорчиликларини изҳор этиб қолибдилар

Миржалол Қосимов: Саволингиз учун раҳмат. Тақвим шундай тузилганки, терма жамоа шу билан икки ойдан кейин тўпланади. Бундан олдин ҳеч қанақасига иложи йўқ. Кейин 16 кун давомида мен фақат терма жамоа ихтиёрида бўламан. Шунинг учун, Худо хоҳлаб, халқимизнинг орзуси амалга ошиб, Бразилияга йўлланмани қўлга киритсак, футбол федерацияси ва терма жамоа раҳбарияти билан кейинги режаларни ишлаб чиқамиз, бир тўхтамга келамиз. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Би-би-си: Энг сўнгги саволимиз эса, Туркиядан. Элнур, “Миржалол ака, нега Ўзбекистон миллий терма жамоасининг формаси ҳеч ерда сотилмайди? Худо хоҳласа, жаҳон чемпионатига чиқишга ҳаракат қилапямиз, лекин шундаям жамоа формаси сотувда йўқ. Нима учун?”, деб қизиқаяпти

Миржалол Қосимов: Буни билмадим, энди. Бу соҳада эмасмиз, тўғриси, ўйлаб кўрмаган эканман. Лекин, мен ўйлайманки, авваламбор биз биринчи қадамни қўйиб беришимиз керак. 2014 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма олишимиз керак. Менимча, шундан кейин, миллий терма жамоа формалари ҳам сотувда бемалол бўлади.

Би-би-си: Миржалол ака, суҳбатимиз сўнггида Сизга савол йўллаган, ўзингиз ва шогирдларингизга ишқибозлик қилаётган ўқувчи ва футбол мухлисларига тилакларингиз бўлса, марҳамат, микрофонимиз очиқ:

Миржалол Қосимов: Мен уларга соғлиқ-саломатлик тилаб қоламан. Шунчалик ҳаяжонланиб, бизларга далда бўлиб туришгани учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Қолаверса, ишониссин. Бизлар ҳам жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишни ич-ичимиздан жуда, жуда, жуда хоҳлаяпмиз. Аллоҳ, илойим, шу мақсадимизга биргаликда етказсин. Хурсандчилик пайтларимизда ҳар доим бизларга далда бўлиб туришсин. Биз ҳам ўз ўйинларимиз, ҳаракатларимиз билан иложи борича уларнинг ишончларини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Би-би-си: Раҳмат, Миржалол ака, биз ҳам ўқувчиларимиз номидан сиз ва миллий терма жамоангизга омадлар тилаб қоламиз.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Саволларини радио учун ўз овозлари билан беришни истаган тингловчиларимиздан ўзларининг телефон рақамларини ҳам ёзиб юборишни сўраймиз.

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

Бу мавзуда батафсилроқ