Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қарши қамоқхонасида вафот этган ўшликнинг қабри қаерда?

Image caption Яқинларига кўра, Ҳамидулло Омонов 2010 йил кузида озодликка чиқарилиши лозим эди.

Ўзбекистон жанубидаги Қарши қамоқхонасида вафот этган Қирғизистон фуқароси Ҳамидулло Омоновнинг яқинлари, унинг ўлими юзасидан аниқ маълумот олишни талаб қилиб, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига шикоят билан мурожаат этишган.

Яқинлари Ҳамидулло Омоновнинг қийноқлар натижасида вафот этган бўлиши мумкинлигини айтишади.

50-ёшли Ҳамидулло Омонов 1999 йилда Ўзбекистон ҳудудида Ҳизбу Таҳрир фирқаси ғояларини тарғиб этишда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Ўтган йиллар ичида унга белгиланган қамоқ муддати тўрт марта узайтирилган.

Чоршанба куни Ўш шаҳрида марҳум яқинлари ғойибдан жаноза маросимини ўтказишган.

Ҳамидулло Омоновнинг қизи Зулфия Омонова отаси ўлими ҳақида бир ҳафта ўтиб дарак топишганини айтади.

Зулфия Омонова Би-би-си билан суҳбатда Қарши қамоқхонаси маъмурияти отасининг Косон шаҳридаги насронийлар қабристонига кўмиб юборилганини маълум қилди.