Кўзга кўринмас ижарачилар ёхуд қудратли Прописка тизими

Image caption Кишимжан Осмонованинг илмий тадқиқот мавзуси ички миграция мавзусига бағишланган.

1997 йилда Остона Қозоғистон пойтахти деб эълон қилинганидан кейин минглаб ички ҳамда минглаб қўшни Марказий Осиё давлатларидан бўлган ташқи муҳожирларни ўзига оҳанрабодек тортувчи масканга айланди.

Охирги ўн йил давомида шаҳар аҳолиси уч баравар кўпайди ва бугунга келиб остоналикларнинг сони бир миллион атрофида бўлиб қолди. Бу ерда келиб чиқиши, касби ва малакаси ҳамда туғилган жойи турли-туман муҳожирларни кўриш мумкин. Остонани "Келажак шаҳри" деб атайдиган бўлишган ва ёш, амбицияли инсонлар бу ерда ўзлари учун энг яхши имкониятларни излашади. Шаҳарнинг инсонни ўзига жалб этадиган манзаралари ва авжига чиққан қурилишлари боис кўпчилик ўзининг истиқболли келажагини шу ерда кўради ва Остонада қолишга қатъий қарор берганлар. Бу орзуларни эса рўёбга чиқариш осон эмас ва бу йўлдаги муаммолардан бири пропискадир. Русча сўз бўлган "Прописка"нинг шаҳарда рўйхатдан ўтиш маъносини англатишини ҳар бир Шўро фуқароси, жумладан бугунги Марказий Осиё мамлакатлари яшовчилари ҳам яхши билишади. Бугунга келиб эса Прописканинг қудратли мазмуни янада ортган дейиш мумкин: прописка муайян шахсга шаҳарда яшаш қонуний ҳуқуқи билан бирга у ердаги ижтимоий имтиёзлардан баҳраманд бўлиш имкониятини ҳам очади. Чегаралар оша ҳамда қишлоқ-шаҳар ўртасидаги миграция тадқиқотларидан шу нарса аён бўлмоқдаки, қонуний прописка йўқлиги шаҳар резидентини тиббий хизматдан фойдаланиш ва пенсияга эга бўлиш ҳуқуқларидан маҳрум этади, жамоат товарларини харид қилиш ёки бошқа хизматлардан фойдаланишни чеклайди. Бунинг оқибатида инсонларнинг социал маргиналлашган янги гуруҳи пайдо бўлади, улар таҳқирлашларга дуч келадилар, уларнинг криминаллашиши тобора ортиб боради. Қирғизистон пойтахти Бишкекда ерларни тортиб олиш зарур инфраструктураси йўқ бутун бошли мавзеларни барпо этди. Янги мавзелар қад кўтарган Олма-Отада ҳам ушбу муаммоларни кўриш мумкин. Тошкентда пропискаси йўқ қишлоқдан келганлар Ўзбек милициясининг осон нишонига айланадилар, милиция уларни жиноятчига чиқаради, пора талаб қилади. Россиядаги катта бошоғриқлардан бири Марказий Осиёдан келган ноқонуний меҳнат муҳожирларидир. Уларнинг қўлида сохта пропискалари бор ва йиллар давомида яшаб, шу йўл билан рўзғорларини тебратишнинг уддасидан чиқадилар.

Image caption Меҳнат муҳожирлари кўпинча кўринмас ижарачилар бўлишга маҳкумлар.

Қозоғистон пойтахти Остонада ҳам расмий пропискага эга жуда мушкул. Бироқ маҳаллий рўзномаларга кўз ташласангиз, сохта прописка билан муаммони ҳал қилиб бериш ваъдасидаги кўплаб эълонларни кўрасиз. Амалда ҳам Остонанинг сохта пропискасини сотиб олиш анча осон иш. Остонанинг янги резидентлари кўнгилдагидек иш топмагунларича расмий пропискадан ўтказилмасликларидан ғазабланадилар. Пропискани қўлга киритолмаганларнинг кўпчилиги ўзларини кўринмас одамдек ҳис қиладилар ва ижтимоий имтиёзлардан фойдалана олмайдилар. Одатда маҳаллий резидентлар ёки ўз квартираси, уйи борлар яшаш жойларига сохта пропискаларни сотадилар. Тараз шаҳридан келган Алиянинг айтишича, "уйда ўтиришга мажбур, чунки пропискаси йўқ". "Ишга кирмоқчиман, лекин прописканг бўлмаса, бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирма", дейди у. "Мен газетадаги эълондан 15 минг Тэнгега уч кунга бировдан прописка сотиб олгандим", дейди Алия. У ўша одам ўзининг манзилига Алияни расман рўйхатдан ўтказганми-йўқми, ишончи комил эмас. Ўғли ва келини билан бирга яшаш учун Остона шаҳрига келган пенсионер ҳам пропискани сотиб олган. "Прописка олиш жудаям қийин. Лекин пулинг бўлса, уни сотиб ололасан. Пулинг бўлса ҳамма нарсанинг иложи бор. Мен бир кишига бир ойлик прописка учун 5000 тўладим. Бироқ мен ҳали ҳам ўша адресда рўйхатда турибманми ёки мени у ердан пропискадан чиқариб юборишдими, билмайман. Ишга кириш учун пропискангни кўрсатишинг шарт", дейди нафақахўр.

Муҳожирлар тўлаган пулларига қараб ҳар икки ё уч ойда пропискаларини янгилаб туришлари лозим. Кўплаб муҳожирлар бу нарса маҳаллий амалдорларга пропискани сотиб, бу ҳудудларда иш бўлмаса ҳам енгил йўл билан пул топишларига имконият яратиб бераётганидан шикоят қиладилар. Айримлар буни эксплуатациянинг бир йўли сифатида ҳам кўрадилар. Натижада аслида шу манзилда рўйхатда турса ҳам бошқа жойда яшаб юрганлар сони ҳам кўпаймоқда.

Бунга қўшимча, сохта прописка муҳожирларни ижара масаласида осон эксплуатация нишонига айлантиради. Аксар муҳожирлар квартирада ижарага туришади ва улар ўзларини муҳофазаланмаган ҳис қиладилар. Остонада ижара ҳақи жуда юқори ва муҳожирларнинг кўпчилиги ишлаб топаётган пулларига тўғри келмайди. Аксар муҳожирлар кам ҳақ тўланадиган ишларда ишлашади. Бир хонани ижарага олиш камида 25000 Қозоғистон Тэнгесига тушади. Бу 2010 йил курси бўйича 166 АҚШ долларига тенг маблағ. Бир хоналик квартиранинг ижараси эса 50 минг Тэнге ёки 330 доллар атрофида. Қозоғистонда 2008 йилда ўртача иш ҳақи ойига 79368 Тэнгени ташкил этган. Бу 529 АҚШ долларига тенг бўлган. Бироқ маошлар орасидаги фарқ жуда катта. Шунинг учун муҳожирлар квартиралар ёки квартира хоналарини бўлашишни афзал кўришади. Одатда бир хонада уч ёки тўрт киши, бир квартирада эса олти-етти инсон истиқомат қилади. Бундай ҳолатлар кўп тарқалган, бироқ жуда кам рўйхатга олинган.

Image caption Бир хонани бир неча муҳожир бўлашади.

Бунақа ижарачилар ҳақидаги статистик маълумот йўқ. Уй эгалари билан ижарачилар ўзаро ёзма шартнома имзоламайдилар, бундай муомала ўзаро ишонч ва оғзаки келишувларга асосланади. Томонларнинг ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятлари белгилаб берилган қонуний ҳужжатнинг йўқлиги ижарачиларни баъзан оғир аҳволга солиб қўяди, инсофсиз уй эгаларининг ҳар қандай ноқонуний амалларига йўл очади. Олдиндан бир неча ойлик квартира ҳақларини тўлаб қўйганларига қарамасдан, ижарачилар олдиндан ҳеч бир огоҳлантирилмасдан, яшаб турган жойларидан ҳайдаб юборилган ҳолатлар кўп рўй берган. Уй эгаларининг ижарачиларни рўйхатга қўймасликларининг яна сабаблари, қўшимча даромадларидан солиқ тўлашни истамасликлари ёки ижарага қўйиш шартларини бузгани учун жаримага тортилишни истамасликларидир.

Шаҳарга келаётган ва кетаётганлар расмий статистикаси, этник таркиби борасидаги маълумотлар прописка рўйхатларига асосланади. Давлатнинг ички муҳожирлик оқимини прописка институтининг воситасида чеклашга интилаётганига қарамасдан, у асосий тўсиқ бўлиб хизмат қилаётгани йўқ. Ёшлар шаҳарда яшашга интиладилар. Муҳожирлар ҳам нима қилиб бўлса ҳам шаҳарда қолишга ҳаракат қиладилар, бу ердаги рақобат кучли меҳнат бозорида бахтларини синаб кўришни исташади.

Кўпчилик шаҳар ҳаётининг шиддатини ўз ҳаётида синаб кўрганидан кейин ўз шаҳри ёки қишлоғига қайтиб бориб яшашни тасаввур қила олмайди, чунки туғилиб ўсган гўшасида ўзгариш умуман йўқ ёки кам нарса ўзгарган. Бу эса кам ҳақ тўланадиган ишда ишласа ҳам улар бир хонада тиқилиб яшаш тарзини афзал кўришларини англатади. Расмийлар эса уй ижараси бозорини солиқ тушуми манбаси сифатидагина назоратга олиш муҳим деб билишади. Шундай экан, Шўролар тизимидан мерос бўлиб қолган прописка тизими давлат ичида аҳоли ҳаракатини тартибга солишнинг қудратли воситаси бўлиб қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ