Тожикистон ўзбеклари ҳақида Би-би-си меҳмони Фарҳод Жўраев билан суҳбат

Image caption Фарҳод Жўраев Тожикистонда қалам тебратаётган иқтидорлик ўзбек журналистларидан

Тожикистонлик иқтидорли журналист Фарҳод Жўраев bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Фарҳод Жўраев Cўғд вилоятида ўзбек тилида нашр этилувчи давлат ҳокимияти ижроия органининг " Суғд ҳақиқати" газетасида беш йилдан буён муҳаррирлик қилади.

Би-би-си меҳмони 1982 йил 19 ноябрда Тожикистон шимолидаги Суғд вилояти Бобожон Ғафуров туманида таваллуд топган.

Ўрта мактабни "олтин медал" билан тугатиб, таҳсилни Хўжанд Давлат Унверситети журналистика ва таржима назарияси бўлимида давом эттирган.

Ўз меҳнат фаъолиятини аввал маҳаллий радиода бошлаб, кейинроқ Бобожон Ғ афуров туманида ёшлар билан ишлаш, спорт ва туризм, идеология ва жамият ташкилотлари билан ишлаш бўлимларида мудир вазифасида фаъолият олиб борган.

2008 йилдан Суғд вилояти давлат хокимияти ижроия органининг "Суғд ҳақиқати" газетасида бош муҳаррир вазифасида фаъолият олиб бормоқда.

"Суғд ҳақиқати" газетаси ҳафтада икки марта, 8 саҳифада чоп этилади.

Тожикистон журналистлар ва халқаро журналистлар конфедерацияси аъзоси.

Тожикистон матбуоти ва маданияти аълочиси.

Ижтимоий масалаларда журналистик тадқиқотлар олиб борган.

Фарҳод Жўраевнинг бир неча мақоласи, шунингдек, "терроризм масалаларининг тожик матбуотида ёритилиши"га бағишланган.

Би-би-си: Хўжанддан Ўктам Ризаев “асл журналист қандай бўлиши керак?” - деб сўраган.

Фарҳод Жўраев: Менинг шахсий фикрим, журналист энг аввало сиёсий жиҳатдан етук ва холис бўлиши керак. Холис бўлмаган журналист ҳеч қачон журналистикада обрў, эътибор топа олади деб айта олмайман.

Би-би-си: Ўктам Ризаев Тожикистондаги журналистика даражасини ҳам билишга қизиққан.

Фарҳод Жўраев: Умумий тожик журналистикаси ҳақида сўз кетганда, мен айта олишим мумкинки, Тожикистон сўз эркинлиги жиҳатидан демократик давлатлардан биридир. Буни тўлиқ маънода айта оламан. Агар бизнинг рўзномамиз ҳақида гап кетадиган бўлса... Рўзномамиз мамлакатимиз истиқлолиятининг илк меваларидан. Газета таъсис этилганига 20 йилгина бўлган эса-да, у республикамиз, вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ишларининг ривожига, миллий анъаналаримиз ва қадриятларимизни қайта тиклашга катта ҳисса қўшмоқда. Агар журналистика меъёрлари нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, бугунги кунда бизнинг ёзаётган материалларимиз ўша замонавий журналистика талабларига тўлиқ жавоб беради, деб айта олмайман, лекин бунинг кўпгина сабаблари бор. Биринчи галда бу балки профессионал журналистларнинг етишмаслигидир. Аммо, бир сўз билан айтганда Тожикистонда журналистика ривожланаяпти, дейиш мумкин.

Би-би-си: Сиз муҳаррирлик қилаётган “Суғд ҳақиқати” газетасига қизиқиш катта-ми? Қанча одам ўқийди бу газетани?

Фарҳод Жўраев: Бугунги кунда бизда 3 мингдан ортиқ муштарийларимиз бор. Рўзномамиз вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи нашрияси ҳисобланади. Газетамиз вилоятда ўзбек тилида чиқаётган газеталар ичида тиражи энг кўпи ҳисобланади.

Би-би-си: Уч мингдан ортиқ, деяпсиз. Тожикистон шимолида юз минглаб ўзбеклар яшайди. Энг йирик газета учун бу тираж оз эмасми?

Фарҳод Жўраев: Вилоятда кўпгина газеталар чоп этилади. Жумладан, вилоят ўзбеклар жамияти рўзномаси “Қадрият”, вилоят ўзбеклар манавият маркази рўзномаси “Маънавият”. Ҳар бир шаҳр ва ноҳоияда нашр этилувчи газеталарда алоҳида ўзбек бўлимлари мавжуд. Тоғли Масчоҳ ва Айний туманлари хориж, албатта. Вилоятдаги ўзбеклар ўзларига тегишли ахборотларни олиш имконига эгалар деган умиддаман. Ўйлайманки, келажакда рўзномамиз муштарийлари сони янаям кўпаяди.

Би-би-си: Тошкентдан Ҳожиаҳмад исмли ўқувчимимз қуйидаги саволларни йўллаган:

1. Тожик ва ўзбек журналистлари ўртасидаги ҳамкорлик ёки фикрлар алмашинуви қай даражада, имкониятлар борми?

Фарҳод Жўраев: Бугунги илм-фан тараққий этаётган бир даврда тожик ва ўзбек журналистлари яқиндан ҳамкорлик қилишаяпти, деб ўйлайман. Ижтимоий тармоқлар орқали биз Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз материалларини доимий равишда ўқиб борамиз. Улар ҳам бизнинг тожик журналистлари билдирган фикрларни ўқиб, ўз фикру мулоҳазаларини билдириб боришаяпти. Ўйлайманки, бу ҳамкорликлар кенгаяди.

2. Аввало сизга халқларимизни қийнайдиган савол, яъни Ўзбек-Тожик давлатлари муносабати (халқлари эмас) яхшиланиши йўлида нималар ишлар қилиниши керак, деб ўйлайсиз?

Фарҳод Жўраев: Энг биринчи навбатда, мен ўйлайманки, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликларни мустаҳкамлаш бу – икки давлат раҳбарлари ва ҳукумат миқёсида бажариладиган вазифалар. Лекин, биз ҳеч қачон “тожик-ўзбек” деган нарсага бормаганмиз. Мен ҳеч қачон кўрмаганманки, мисол, Хўжандда “сан ўзбексан” ё “сан тожиксан” деган сўз ёки миллатчикка яқинроқ бирон нарса бўлса. Ўйлайманки, икки миллатни бир-бирига яқинлаштириш йўлида фақат дўстлик ва дўстликни мустаҳкамлаш ишлари билан янаям ривож бериш мумкин. Чунки биз, икки тилда гапирувчи бир халқ, деб доимий равишда айтиб келамиз. Бу икки миллат икки жилғадан ташкил топган кенг бир дарёдир.

Би-би-си: Замон исмли мухлисимиз эса “Нима учун Тожик ҳукумати учун ўзбеклар ва Ўзбекистон давлати худди дунёдаги ягона душманга айланмоқда?” – деб сўраган.

Фарҳод Жўраев: Билмадим, нима учун Замон дўстимиз шундай хулосага келганлар. Мен бу нарсани ҳеч қачон кўрмаганман. Ўзбек халқига нисбатан ёки Ўзбекистон давлатига нисбатан бирор бир сўз айтилганини ёки бирор бир амал қилинганини.

Би-би-си: Фарҳоджон, тожикистонлик ўзбек журналистлари ўзбек-тожик муносабатлари ҳақида умуман қандай фикрдалар?

Фарҳод Жўраев: Журналист сифатида шахсий фикримни айтадиган бўлсам, биз жудаям яхши, мустаҳкам алоқага эгамиз. Бу ердаги ўзбеклар икки халқнинг энг яхши хислатларини ўзида инъикос этиб келаяпти. Мен ҳеч қачон камситиш ҳолатини кўрмаганман. Мен ишлаётган газета доимий равишда фақат дўстликни тараннум этиб келади.

Би-би-си: Муҳтарам Фарҳодбек! Тожикистонда журналистика соҳасида ўзбек тилида фаолият олиб бораётган мамлакатнинг бир фуқароси сифатида айтингчи, сиз фаолиятингиз давомида титул миллатидан бўлган тожик ҳамкасбингиздек сиёсатда, ижтимоий жабҳаларда ўз фикрингизни, ҳақатан ҳам, эркин ва теран айта олаяпман, дея оласизми? – деб сўрапти Ўшдан мухлисимиз Одилжон Маҳдумий.

Фарҳод Жўраев: Ростанам, мен бир журналист сифатида айта оламан. Вилоят газетасига бош муҳаррир сифатида атига 25 ёшда эдим. Олти йилдирки, мана шу даргоҳда раҳбарлик қилиб келаяпман. Биз доимий равишда ўз овозимизга эгамиз. Мен, мана шу миллат вакили сифатида, ўзимизни қийнаган муаммолар тўғрисида очиқ гапира оламан.

Би-би-си: “Мамлакатда йиллар давомида озайиб бораётган ўзбек мактабларини салбий аҳволини ҳеч бўлмаса шу миқдорда сақлаш қолиш учун бир ўзбек сифатида, зиёли сифатида ижобий томонга амалга ошириш режалари борми?” – деб сўрапти яна Одилжон Маҳдумий.

Фарҳод Жўраев: Ўзбек тилидаги мактаблар сони камайиб бораётгани йўқ. Мактаблар сони ўша-ўша. Лекин, халқимиз болаларини рус синфларига , инглиз синфларига ёки тожик синфларига бераяпти. Тожикистонда қирғиз мактаблари бор, туркман мактаблари бор. Билмадим уларнинг сони камайиб бораяпти, дейиш нечоғлик ўринли.... Халқимиздан кўпчилик ўзлари ўз фарзандларини тожик тили ёки рус тилида таълим берувчи синфларга беришаяпти. Лекин, вилоятимиздаги кўплаб мактаблар ўзбек тилидаги мактаблардир. Бундан ташқари университетларнинг барча педагогик факултетларида ўзбек тили гуруҳлари бор. Хўжанд Университети қошида Ўзбек Тили ва Адабиёти Факултети амал қилади.

Би-би-си: Суғд вилояти Спитамен туманидан Салима Тожикистонда ўзбеклар билан боғлиқ муаммолар кўплигини айтган. “ Яқинда шогирдим фан олимпиадасида, билими зўр эди, аммо ўрин ололмади, чунки миллати ўзбек эди, – деб ёзади у. – “Бу ҳар бир тожикистонлик ўзбек қисмати: ўзбек бўлсанг амал курсисига ўтиролмайсан, бирор мартабага эришолмайсан, карьера қилолмайсан ва ҳ.о. Сизлар икки миллионга яқин ўзбек ичидан етишиб чиққан иқтидорли ўзбек журналистлари нега шу масалаларни кўтармайсизлар?”

Фарҳод Жўраев: Бундай саволлар, бундай норозиликлар одатда бўлиб туради. Лекин, мана шундай норозиликларнинг кўпи тушунмовчиликлар ортидан бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки, бизнинг парламентдан тортиб шаҳру ноҳиялардаги барча соҳаларида ўзбеклар фаолият юритаяпти, деб бемалол айтиш мумкин. Қандайдир ҳолатлар бордир, лекин бу юқори даражада эмас, балки маҳаллий даражада. Бугунги кунда биз парламентда ўз вакилларимизга эгамиз. Тожикистон ҳукуматида бир неча ҳукумат аъзолари ўзбеклардан иборат. Кўпгина шаҳару ноҳиялар раислари бизнинг ҳаммиллатларимиздир.

Би-би-си: Суғд вилояти асосан Ўзбекистон билан чегарадош. Чегаралар муаммолари Тожикистондаги ўзбек матбуотида қанчалар кўтарилади?

Фарҳод Жўраев: Ҳақиқатан ҳам, кўпгина шаҳар ва ноҳияларимиз Ўзбекистон билан чегарадош. Асосийси қариндошчилик, қуда-андачилик бор. Асосий қийнайдиган масала, бу - виза масаласи. Чегараолди минтақаларда яшовчи аҳоли учун беш кун давомида визасиз бориб-келиш масаласи ҳал бўлган эса-да, виза муаммоси муаммолигича қолмоқда. Бу халқларимиз ўртасидаги муносабатларга бир маънода ўз таъсирини етказаяпти, деб ўйлайман.

Бу мавзуда батафсилроқ