"Ҳар бир она образини яратганимда, уруш йилларидаги оналар кўз олдимдан лента бўлиб ўтади"

Би-би-си меҳмони - Ўзбекистон халқ артисти, машҳур актриса Тўти Юсупова.

Актриса шу кунга қадар юзга яқин спектакль, теле ва радиоспектаклларда роллар ўйнаб, Ўзбек кино ва театр санъатининг ёрқин сиймоларидан бирига айланган.

Тўти Юсупова турли миллат аёлларининг характерларини саҳнада нозик маҳорат билан гавдалантирган.

Луиза ("Макр ва муҳаббат"), Фусако ("Ўғирланган умр"), Нури ("Қутлуғ қон"), Убайда ("Қотил"), Хонзода ("Бой ила хизматчи"), Мастура ("Холисхон"), Фотима ("Шошма, қуёш"), Сотти ("Келинлар қўзғолони"), Нодира ("Нодирабегим"), Ҳафиза ("Шоҳи сўзана") образлари актрисанинг энг севимли роллари бўлиб, унинг ижодида алоҳида ўрин тутади.

Тўти хоним Ўзбекистондаги мухлисларига айниқса Саид Аҳмаднинг "Келинлар қўзғолони" комедиясидаги Сотти образи билан яхши танилган.

Унинг Сотти характеридаги чақимчилик, иккиюзламачилик ва қаттиққўл қайнонасига садоқат каби хусусиятлари жуда кўп телевизион ва театр томошабинларининг ёдида муҳрланиб қолган. Айни образи билан Тўти Юсупова ўзининг беқиёс комик маҳоратларини намойиш қила олган.

Мазкур спектакль Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрида саҳналаштирилган.

Image caption Тўти Юсупованинг "Келинлар қўзғолони" комедиясидаги Сотти образи кўпларнинг хотирасида муҳрланиб қолган

Кўпчилик ҳамкасблари ва танқидчилар фикрида, Тўти Юсупова бағритош, қаҳриқаттиқ, сатанг аёлларни ҳам, сахий, меҳрибон ва муштипар аёллар, ҳамда оналарни ҳам усталик, катта эҳтирос билан гавдалантирувчи актрисадир.

Тўти Юсупова кўпларга "Оталар сўзи-ақлнинг кўзи" телевизион кўрсатувидаги она образлари, ҳамда "Абдуллажон", "Тўланган қарз", "Сени излаб", "Дилхирож", "Ипак дарахти" каби фильмлардаги роллари билан яхши таниш.

У 2000 йилда "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланди.

Бироқ, яқин ўтмишда онахон кўп қийинчиликларни бошидан кечирди - икки катта ёшли ўғилларидан айрилди ва юрак хуружи ортидан жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди.

Ёши улуғ актриса амалиёт ортидан уйда ўтирганига қарамай, санъатдан тўла айрилиб қолмаганини айтади.

Тўти Юсупова 1936 йилда Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги Туркман қишлоғида туғилган.

У 1953-1957 йилларда Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетида ўқиган. Ўқишни тугатгач, йўлланма билан Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий ) академик драма театрига ишга кирган.

Тўти Юсупова тингловчиларимиз ва сайтимиз ўқувчилари саволларига жавоб берди.

"Сизнинг "Макр ва муҳаббат"да Луиза ролини ўйнаганингиз мен учун янгилик. Менинг исмим айнан ана шу асардаги сиз ўйнаган қаҳрамон шарафига қўйилган. Бу ролни ўйнашдан олган таассуротларингиз қандай бўлган? Олим Хўжаев билан бирга ўйнаганмисиз? Ва нима учун охирги йилларда Ўзбекистон театр саҳналарида бу каби, бизнинг ота-оналармизни илҳомлантирган ва ўзига маҳлиё қилган, жаҳон адабиёти дурдонлари ҳисобланган асарлар қўйилмаяпти деб, ўйлайсиз?" Луиза, Лондон

Тўти Юсупова: Авваламбор, саволингиз учун раҳмат. Бу спектакль биз учун диплом спектакли эди. 1957 йилда шу спектакль билан биз диплом ишини қилдик ва шу спектакль билан олдинги Ҳамза номидаги театрга, ҳозирги Миллий театрга бутун курсимиз билан йўлланма олганмиз. Саҳнада шуни ўйнадик. Мен учун бу жуда бир янгилик бўлди, чунки, авваламбор, у ўзимизнинг ёзувчи эмас, чет эл асари, Фридрих Шиллер асари эди. Менинг таассуротим жуда бошқача эди, чунки бир ролни ўйнаганингда одам сал чўчиброқ турасан, айниқса ўз миллатингга хос бўлмаган нарса бўлса, анча изланишингга тўғри келади. Мен изландим, ва ўз устозим билан биргаликда "Макр ва муҳаббат"да Луиза ролини ижро этдим. Кўрганларнинг фикрига қараганда, ёмон бўлмаган экан. Ўзбекистон Халқ артисти Олим Хўжаев билан ўйнамадиму, лекин Турғун Азизов билан ўйнадим. Чунки у билан бирга ўқиб, бирга институтни тугатганмиз. У Фердинандни ўйнади, мен Луизани ўйнадим... Ҳўш, энди театр соҳасига келсак, биз ўқиб юрган пайтларда классик адибларнинг асарини қўйиш қандайдир удумга кирганди. Албатта, театрларда классик асарлар ўйналиши шарт эди. Ҳозирги пайтда замонанинг ўсиб кетганлигими, ёки миллийлик кучлироқ бўлгани учунми, ё халқимиз кўпроқ кулгини яхши кўрганлиги учунми, мана шундай эркинлик томонга, яхши томонга ўзгариб кетди. Менимча, бу ёмон эмас... Ўзбек Миллий театрида жуда кўп асарлар ўйнадик, классик асарлардан "Қирол Лир", "Юлий Цезарь", "Гамлет", "Отелло", "Икки бойга бир малай"га ўхшаш жуда ажойиб спектаклларни ўйнаганмиз. Ҳозирги кунда, айнан шу кунларда у спектакллар кетмаяпти, у спектаклларнинг вақти ўтди, менимча. Замонавий нарсаларга кўпроқ интилиш бор-да ҳозир. Ўзбекистонда озгина бўлса ҳам кўнгилни кўтариш томонидан, миллий асарларни кўришга иштиёқ баланд.

"Ассалом алайкум, Тўти опа. Сиз қайси машҳур актёрлар билан яқиндан ишлашни ёқтиргансиз? Ким билан ишлаш осон ё қийин эди? Кимлар билан яқиндан дўст бўлиб қолгансиз?" Алекс, Москва

Тўти Юсупова: Раҳмат. Мен айниқса Шукур Бурҳонов билан ишлашни ёқтирардим. Чунки у инсонда қатъиятлилик, у инсонда табиийлик, ўзига мос бўлган бир ғурур, оддийлик уларда мужассам эдики, у инсон билан ишлаш жуда завқли эди. Мен улар билан "Қиёмат қарз" спектаклида бирга ўйнадим, у кишининг аёлларини ўйнадим. Бу спектакль Совет пайтида Москвага ҳам борган, олқишларга сазовор бўлган... Олим Хўжаев билан ҳам ўйнаш жуда ҳам мароқли эди, Сора Эшонтўраева билан ҳам ўйнаш жуда мароқли эди. Улуғ актёрлар билан ишлаш мен учун жуда мароқли бўлган. Нега деганда, билмаган нарсаларимни улардан ўрганиб, жуда кўп фойда олганман. Тил устида ишлаганда ҳам, роль устида ишлаганда ҳам уларнинг ёрдами жуда катта бўлган. Наби ака дейсизми, Қудрат ака дейсизми, уларнинг ҳаммаси дунёга бир бора келиб кетган инсонлар... Зайнаб Садриева, Ҳолида Хўжаева...

Би-би-си: Ким билан ўйнаш қийин туюлган сизга? Шундай вазият ҳам бўлганми?

Тўти Юсупова: Йўқ, бўлмаган. Чунки ҳаммалари билан жуда иштиёқ билан, иштаҳа билан ўйнаганман. Уларнинг бир яхши томони бўлардики, озгина хатоликка йўл қўйсангиз, сизни ё репетиция давомида, ё тугаши билан чақириб "Қизим, бу ёққа келгин, мана шу ерда сан нотўғри қилдинг, шуни тўғирлаб кетсанг, буни спектаклга зиёни етмайди", деб жуда бир чиройли тузатишларни киргизишарди. Шунинг учун ҳам мен улар билан мароқ билан ишлаганман.

Би-би-си: Кимлар билан яқин дўст бўлиб қолгансиз?

Тўти Юсупова: Рихсихон Иброҳимова билан яқиндан дўстмиз. Турғун Азизов билан, у билан бирга ўқиганмиз, бирга ижод қилдик. Ёшимиз анчага бориб қолган бўлса ҳам дўстмиз. Яна бирга ўқиганларимдан - Мирғиёс Соатов, менинг турмуш ўртоғим, яқин дўстим. Бирга ишладик, у киши театрда ҳам ишладилар, кейин режиссёр бўлиб киностудияга бордилар. Булар билан ишлаш, дўст бўлиб қолиш мен учун жуда яхши. Улардан кейин келганлардан - Эркин Комилов билан жуда яқиндан дўстмиз. Ёқубов Аҳмедов билан, Ёдгор Саъдиев дейсизми, ҳаммамиз дўстмиз. Театрда ажратиш йўқ, бундай олганда, ҳаммамиз бир-биримизга опа-сингил ё ака-укалармиз. Лекин, энг яқин инсонларим - Рихси Иброҳимова, Ёдгор Саъдиев, Мирғиёс Соатов, Эркин Комилов, Турғун Азизов. Булар менинг энг яқин дилкашларим.

"Ҳурматли Тўтихоним Юсупова, тақдир тақозоси билан актриса бўлмаганингизда, қайси касбни танлаган бўлар эдингиз? Чунки сизни бошқа бир касб эгаси сифатида ҳеч ҳам тассавур қила олмаяпман." Ирода, Фарғона

Тўти Юсупова: Агар тақдир тақозоси билан санъаткор бўлмаганимда, албатта чеварлик ҳунарини касб қилиб олардим. Ўзи иккинчи хоббиим - чеварлик. Мен инсонларни ясантиришни, улар учун тикишни жуда яхши кўраман. Ҳозир, кечирасиз, ўғлимнинг вафотидан кейин бу ишни қилолмадим... Бу менга сал оғирлик қилди. Энди ёшим ҳам саксонга бориб қолди, энди тикиш ҳам осон эмас (кулади)... Эллик йилдан кўпроқ тикканман. Бўш вақтимда фақат тикардим. Айниқса, миллий кўйлаклар, атлас кўйлакларни тикишни жуда ёқтирардим. Фарғона, Қўқон, Андижондан келганлар тиктириб кетишарди. Мен уларга бутун иштиёқим билан, меҳрим билан, икки соатнинг ичида битта кўйлакни битириб бериб, кийдириворардим. Улар хурсанд бўлишарди.

"Сизни бир қатор Она образидаги ролларингиздан яхши таниймиз. Она образини яратиш қанчалар мушкул сиз учун? Аввалдан катта раҳмат айтиб, ижодингизга баркамоллик, метин соғлик тилаб қоламан." Ирода, Фарғона

Тўти Юсупова: Ҳаётни яхши билган инсонга бунинг мушкул жойи йўқ. Чунки мен ҳаётни ўргандим, ҳаётда кўп аччиқ-чучукларни кўрдим. Буларнинг ҳаммаси ҳозир яхшилик томонга ўзгарди. Биз ўқиган даврларда мамлакатимиз бу даражада тараққий этмаган эди. Мана ҳозир жуда илғорлаб кетди, биронта бошқа давлатдан қолишадиган жойи йўқ. Ҳам чирой, ҳам ишлаб чиқариш, ҳам санъат томонидан жуда илғорлаб кетди... Менга бу каби образларни яратишнинг оғирлиги йўқ, чунки уруш давридаги оналарнинг чеккан азиятини кўрганман. Улар фарзандларини, оға-инилари, севимли ёрини кутиб кун ботгунча кўчада ўтирганларини кўрганман. Булар менинг жуда яхши эсимда қолган. Шунинг учун, ҳар бир она ролини ижро қилганимда, агар роль фожеали бўладиган бўлса, шу аёллар кўз олдимдан лента бўлиб ўтишади. Шунинг учун она образини яратишга менда қийинчилик йўқ. Бажонидил бажараман бу ишни, қандай йўлда бўлмасин, фожеали бўладими, лирик бўладими, ҳажвий томонидан бўлса ҳам, бу образ мен учун жуда-жуда мароқли.

"Умрингиз узоқ бўлсин. Ўзбек санъати сиз каби устозларнинг анчасидан айрилди. Масалан, якинда бир йил бўлади, Зикир Муҳаммаджоновдан. Дубляжни яна аввалги мавқеини озгина бўлса ҳам тикласа бўладими? Ҳозир актёрлардан эмас, бошловчилардан фойдаланишаяпти. Бунга муносабатингиз қандай? Актёрлар чақирилмайдими, уларнинг ўзлари истамайдими, ё бошқа сабаби борми? Сизлар, таъбир жоиз бўлса, Буюк Актёрлардан дарс олгансизлар. Ёшлар энди сизлардан санъатнинг бу турининг ҳам ҳамма сирларини олиб қолиши керак эмасми? Ёшлар балки сизлардан тортиниб, маслаҳат сўрай олмас, ёки уларда кандайдир кибр борми? Жавоб учун катта раҳмат." Сеит Бердалиев

Тўти Юсупова: Раҳмат саволингиз учун. Олдинги дубляжимиз қайтганида эди... Чунки мана бу фильмларни кўрасиз-да, ўзбек тилида ижро қилинган роллар шу қадар табиийки, ўзингиз ҳам киришиб кетасиз. Фильм чет тилида, ё инглиз ё немис тилида бўлади, сал овози чиқиб туради-да, сиз айтгандек, сухандонлар сўзлаб, тушунтириб беришади. Бу, менимча, яхши фикр эмас. Яхши ижро эмас. Ҳар бир санъаткор дубляжга чақирилишини кутади. Дубляжга жуда меҳр билан қатнашганмиз. Ўша даврларда биз ишлаган асарлар ҳали ҳам олтин фондда сақланади. Лекин, солиштирсангиз, ер билан осмонча фарқи бор. Чунки, сухандонларимизнинг кадр ортидан гапиргани барибир табиийликка олиб келмайди. У шунчаки, фильм ҳақида тушунча беради. Ижро эса бутунлай бошқа нарса. Ўзбек актёрлари, масалан, Ёқуб Аҳмедов, бир марта кўрар эдилар-да, иккинчи мартасида, ҳали кольцо айланиб турганда, шундай ёзиб ташлардилар. Шу қадар киришиб кетишарди улар. Мукамбар Раҳимова, Ҳамза Умаров, Ҳожиакбар Нурматовлар дубляжнинг буюк актёрлари бўлиб қолишган. Ҳозир ҳам чақирилса, улар бажонидил бориб, ўз кучини, меҳрини шу ролга бериб ижро қилиб беришади. Агар яна шу эски усулга қайтишса, жуда чиройли нарса бўларди.

Би-би-си: Нима учун қайтишмайди шу эски усулга? Ё гап пулга бориб тақаладими?

Тўти Юсупова: Балки... Билмадим, уни айтолмайман. Иқтисод томониданмикин. Бунга жавоб беришим жуда қийин. Вақти келиб қолса балки қайтар.

"Ассалому алайкум. Ҳозир бир марта телевизорга чиққан актёр ёки қўшиқчи ўзини санъаткор деб атайди. Сизнингча, санъат ўзи нима? Буюртма билан яратилган ижод маҳсулини санъат деб бўладими?" Шариф Гулханий

Тўти Юсупова: Йўқ. Албатта, санъат деб бўлмайди. Ҳозирги фильмларимизнинг бир марталигини шундан кўрса бўладики, спонсор топилади, у айтади "Менинг синглимни ё қизимни фильмга олсанг, сенга ҳомийлик қиламан" деб, шундай гаплар бўлиши мумкин. Кейин санъаткор бўлмаган инсонни шу йўлда таклиф қилиш мумкин. Уларни санъаткор деб бўлмайди-да. Ҳар ким ўз ишини қилиши керак. Ҳар ким. Кино бўлса, образни кино актриса яратиши керак. Саҳна билан кинони ҳам солиштириб бўлмайди. Саҳна ва кино бутунлай бошқача санъат. Лекин, театр санъаткори кинода яхши ўйнай олади. Чунки, масалан, фожеали онлар бўлганда, улар ўз драматизми билан ютиб кетишлари мумкин. Айни дамда, кино актрисалари саҳнага келиб катта бир ролни ижро этишлари қийинроқ бўлади. Менимча, сиз айтгандек, санъаткор бўлиш ҳозирги пайтда жуда осонроқ бўлиб кетди, шекилли... Санъаткор бўлиш аслида жуда қийин. Бу энг қийин касб. Чунки бир ролни ўйнаганингизча, юрагингиз қон бўлиб кетади. Сизнинг ҳар бир томчи қонингиз шу ролга киришади. Ўзингизнинг қонингиз ва шу ролдаги қон аралашмаганда, роль чиқмайди. Аралашиб кетгандагина, сиз ўйлаган образ яралади. Бир марта экранга чиқиб, артист бўлдим, дейиш ноўрин. Бу ҳаваскорлик.

"Опа, сизга аввалига миннатдорлик билдираман. Борлигингиз учун, қилган улкан хизматларингиз учун биз бепарво томошабинлар сизнинг шарафингизга тик туриб чапак чаламиз. Саволим шуки, сиз "Шоҳ Эдип", "Қиёмат қарз" каби асарлар ўйналган саҳна вакиласиз. Бугунги кунда ана шу эл дардини айтмасдан, саҳна масхарабозлик майдонига айланганидан ҳафа эмасмисиз?" Полвон Жумми, Хива

Тўти Юсупова: Албатта, ҳафаман. Нодирабегим айтган, "Дунёга келибсанки, мақсад не деб баён этиб кет". Саҳнага чиқибсанки, мақсадингни бил. Халқ шу мақсадингни билишни истайди. Халқ бугунги яшаб турган шароитларни, яхши гапларни ўрганиш учун келади. Олим акаларни кўргансиз, Шукур акаларни кўргансиз, улардан саҳна маданиятини ўрганганмиз. Саҳнадаги маданият ҳаётдаги маданиятдан фарқ қилади. Саҳна маданиятини билмай туриб, роль ижро этиш жуда қийин. Саҳнада пала-партиш гаплар билан бировнинг дилини овлаш жуда қийин. Сизни кўраман деб келган халққа ўз фарёдингиз, ички кечинмаларингизни маромига етказиб узатиб бермас экансиз, ўз дардингиз аён бўлмас экан. Санъаткор ўз дардини қиёмига етказиб саҳнага олиб чиқиши керакки, бу ўртоғимиз айтгандек, унга тикка туриб чапак чалинсин. Шундагина санъатимиз янада гуллаб-яшнайди, биз ўйнаган "Шоҳ Эдип", "Қиёмат қарз", борингки "Келинлар қўзғолони", "Бир шахснинг масаласи", ё "Гамлет" ва "Отелло" ўйналган саҳналарни қайта тиклаш мумкин. Бунинг учун астойдил ишлаш керак, бош қотириш керак. Бугунги театрнинг олдинги мавқеини тиклайман, деган олий мақсад бўлиши керак.

"Муҳтарама Тўти опа! Нима учун режиссёр Мелис Абзалов "Келинлар қўзғолони" бадиий фильмида сизни Сотти ролига таклиф қилмаганлар? Ахир театрдаги ушбу ролингиз барча учун тимсолга айланган эди. Сабаби сизга маълумми? Одилжон Махдумий, Ўш

Тўти Юсупова: (Кулади) Йўқ, энди бу киночиларнинг ишига биз аралашолмаймиз. Биз ҳар доим режиссёрларга қулоқ солган, режиссёрларга тобе одамлармиз. Биз таклиф қилса, қабул қиламиз. Энди менинг ёшим ўтиброқ қолгандир Сотти ролига. Ёшроқ актриса ўйнагани маъқулдир. Мелис Абзалов шуни кўзда тутгандир. Агар Зайнаб опам ўйнаганларида эди, ёки муҳлисимиз кўрган спектакль фильм-спектакль қилинганда эди, у бошқа гап бўларди. Режиссёрнинг ўзи кўзлаган мақсади бўлади. Қайсидир актрисани шу ролда кўра олади. Балки шунинг учундир. Мен ундан ҳеч ҳам ҳафа эмасман, чунки мен ўз образимни яратганман, театрдаги спектакль видеофильм қилиб олиб қўйилган, ҳозиргача кўришади, қўнғироқ қилиб "Раҳмат сизга, шунчалик ўйнаган экансиз", дейишади. Орадан шунча йиллар ўтиб кетди, 21 йил бўлибдики, келинлар қўзғолонини ўйнамаймиз. Шунга қарамай, экранларда кўрсатилиб туради, бу биз учун, раҳматлик Зайнаб опа ўйнаган Фармонбибиси учун, умуман шу "Келинлар қўзғолони"да ўйнаган ансамбль учун бу бир шараф... Унитилмас воқеалар бўлган. Ҳар битта спектаклни ҳозир ҳам кўрганимизда, вой дарвоқе, шундай ишлар қилгандик-а, репетиция пайтида мана шундай усулларни топгандик-а деган хотиралар пайдо бўлади ва ўз бошимиздаги кинолентамизга яна қайтамиз. Битта мендамас, бошқаларда ҳам шундай бўларкан.

"Саҳнада қизиқ воқеалар ҳеч бўлганми? Масалан тексти эсдан чиқариб қолишдек?" Алекс, Москва

Тўти Юсупова: (Кулади) Бунақа воқеалар бўлиб туради. Бўлиб туради. Чунки эсдан чиқариб қўйиш табиий, айниқса ёшингиз сал каттароқ бўлгандан кейин, роль ўйнаган пайтда баъзида бир кутилмаган воқеа бўлиб қолиши мумкин ва шунда ҳаёлингиз қочади. Ўшанда бир сония ё дақиқа гангиб қолгандек бўласизу, лекин саҳна ортидаги сўз берувчи дарров ўзини ўнглаб олиб ўша унитилган сўзни эсингизга солиб қўяди. Бўлиб туради бундай воқеалар, менда бўлмаса, бошқасида... Мен санъатга жуда қатъият, масъулият билан киришаман, шунга унча-мунча актёрлар менинг олдимда бўлмағур гапларни гапириб ё кулдиришга ҳаракат қилганини мен эслолмайман.

"Ассалому алайкум, Тўти опа. Аввало Сизга Аллоҳдан соғлиқ-саломатлик тилаб қоламан. Исмингизни ким ва нима мақсадда қўйган? Саволим ноқулай бўлса, узр сўрайман." Ҳожиаҳмад, Тошкент

Тўти Юсупова: Энди билмадим, мақсадларини билмадиму, лекин бувам раҳматлик тўтидек сайраб юрсин деб, шу исмни қўйишга экан. Оддийгина қилиб Тўти дейишган, бўлди бошқа гап йўқ. Бувамнинг бир оғиз сўзлари билан, шу исмни олган эканман.

"Қайси кинодаги ролингизда ўзингизни ўйнагансиз?" Ўктам Ризаев, Хўжанд

Тўти Юсупова: Энди билмадим, табиатан жуда тортинчоқман, жуда андишаликман. Лекин, ролга қараб, ўз характеримни ўзгартира оламан. Дейлик, "Тоғли куёв"да бувисини ўйнаганман, менимча шу ёмон бўлмаган. Ёки "Ер қизи"да, ё "Абдуллажон"да содда ўзбек аёлини ўйнаганман. Биласиз, ўзбек халқи жуда болажон, ўзбек халқига боланинг фарқи йўқ, у ўғилми қизми, оқми қорами, бола бўлса бўлди. "Абдуллажон"да она образим самодан келган боланиям ўз боласидек кўриб, унга меҳр қўйиб, у кетганидан кейин "Яна қачон келасан, болажоним, Абдуллажоним", деб кечалари билан ухламай нола қилиб чиқади. Ўзимнинг, албатта, ҳаётга боқишим бор, ва бундаги қандайдир белгилар ролларимга ўхшаб кетиши табиий ҳол. Бир образни шундоқ олиб, кийиб, ўйнаш жуда қийин нарса, лекин қаеридадир ўзингиздаги бир шахс намоён бўлади. Саҳнада Саид Аҳмаднинг "Уфқ" асаридан Жаннат холани ўйнадим. Бу ҳам менга яқинроқ. Эммануэл Роблеснинг "Ўлимдан кучли", яъни "Монсерра" асари қўйилганди, унда ҳам онани ўйнаганман. Бу биринчи она образларимдан биттаси эди, шу билан жуда катта муваффақиятга эришганман, шунга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини беришган эди. Шуҳрат Аббосов "Отамдан қолган далалар"ни ишлагандилар, айнан мана шу фильмдаги момо менга яқинроқ. Яқинлиги шундаки, болам-чақам, уй-рўзғор ишларига кўнгил қўйган, бошлиқ бир ишни қил дедими, кампир учун бу буйруқ бўлади, шуни бажармаса бўлмайди. Кўча-куйда тўкилиб қолган пахталарни йиғиштириб юради, қари бўлса ҳам ҳаммага ўралашиб, ҳаммага ўзининг яхши фикрларини бериб юриш бу момо учун шараф бўлади. Газетадан келиб, "Исмингиз нима, момо?" дейишганида, "Мени Пахтаой десаям бўлаверади, чунки умрим пахтада ўтди, болам" дейди. Мана шундай образлар менга яқинроқ.

"Тўти опа, ҳозирги актёрлар Тошкент шевасида гапиришига нима дейсиз?" Муҳаммад Назар, Урганч

Тўти Юсупова: Мен жуда қаршиман. Фақат Тошкент шеваси эмас. Саҳнада битта тил бўлиши керак. Саҳнада адабий тил бўлиши керак. "Вотти-вотти", ёки Наманганча "Келутти-кетутти", Андижонча шевалар ҳозирги пайтда сал бўрттирилаяпти. Тошкентликлар "Вотти-вотти"сини қўймаяпти, Хоразмликлар "Галдинг-гетдинг", "Ҳова" деган сўзларни саҳнада ҳам ишлатишаяпти. Мен бунга жудаям қаршиман. Бу нотўғри. Санъат тили бадиий тил бўлиши керак. Бунинг учун бошлиқларимиз қаттиқроқ туриши, ё институтларда буни қатъиятлилик билан талаб қилиш лозим. Бу инсоннинг фикрига қўшиламан мен, жуда қаршиман. Чунки театр ё кино соҳасида ишлаганлар фақат Тошкентлик ё Фарғоналик эмасда. Улар бутун ўлкамиздан келишади. Ҳамма ўз тилида гапираверса, бу қандай бадиий асар бўлади? Бўлмайди, албатта. Бадиий тилни мустаҳкам қилиб, мукаммал ўрганиб олишимиз керак. Режиссёрларимиз шу инсон шу тилини қўймагунча, саҳнага чиқармаслиги керак. Бу менинг фикрим.

Бу мавзуда батафсилроқ