'Бирлик' раиси ўринбосари Пўлат Охун

Пўлат Охун хориждаги Ўзбек мухолифатчилари орасида илк бор ватанга қайтиш ташаббуси билан чиққан.
Сурат тагсўзи,

Пўлат Охун хориждаги Ўзбек мухолифатчилари орасида илк бор ватанга қайтиш ташаббуси билан чиққан.

Яқинда "Фергана.ру" веб-саҳифасида мухолифатдаги "Бирлик" Халқ Ҳаракати партияси" раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг Ўзбекистондаги ҳокимият алмашишига бағишланган янги мақоласи эълон қилинди.

Бундан олдин унинг икки таҳлилий мақоласи чоп этилган эди.

Сўнгги мақоласида Пўлат Охуннинг ёзишича, Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий ҳаёт Ислом Каримовнинг узоқ давом этган яккаҳукмронлиги туфайли тўхтаб қолган.

Пўлат Охун 1962 йилнинг 12 мартида Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрида туғилган. 1969-79 йилларда ўрта мактабда, 1979-84 йилларда Андижон Давлат Педагогика институтининг кимё ва биология йўналишида таҳсил олган.

1989-1991 йиллари СССР Халқ депутати, 1991 йилнинг сентябридан СССР Олий Совети депутати. СССР Олий Советинининг “1991 йил 18 августдаги давлат тўнтариш воқеаларнини текшириш комиссияси аъзоси”.

Шунингдек, таниқли диссидент Андрей Сахаров ва Борис Ельцин раҳбарлик қилган депутатлик гуруҳи аъзоси ўлароқ сиёсий фаолиятини бошлаган Пўлат Охун Ўзбекистондаги илк миллий озодлик ҳаракати — Бирлик Халқ Ҳаракати асосчиларидан биридир.

1992 йилда ҳибсга олиниб сиёсий айбловлар билан қамалган. Халқаро жамоатчилик ва Ғарб давлатларининг босими билан 1994 йили қамоқдан озод қилинган.

Пўлат Охун Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ва мамлакатда демократик қадриятлар ривожи учун курашган шахслардан биридир. Хусусан, у ўзбек халқинининг илк миллий озодлик ҳаракати бўлмиш “Бирлик” сафларида бўлди. СССР Олий Совети депутати ўлароқ, Иттифоқ даражасида миллий манфаатларни ҳимоя қилишга уринди.

1995 йилдан буён Швеция Қироллиги берган бошпана эвазига мазкур мамлакатда истиқомат қилади.

Пўлат Охун 2002 йилда хориждаги Ўзбек мухолифатчилари орасида илк бор ватанга қайтиш ташаббуси билан чиққан, демократик Ғарб билан сиёсий интеграция туфайли юзага келган вазиятдан фойдаланиб, демократик мухолифат фаолиятини жонлантириш, уни бирлаштириш борасида саъй-ҳаракатлар бошлаган. У мухолифатнинг “Давра кенгаши”ни ташкил этган.

2005 йилда Андижон воқеалари туфайли мамлакатда юзага келган ижтимоий-сиёсий таранг вазият Пўлат Охунга нисбатан ҳам репрессияларнинг кучайишига олиб келди. Хусусан, унинг фуқаролик паспортидан маҳрум қилиниши, ўзининг мажбурий равишда мамлакатдан чиқариб юборилиши шулар жумласидандир.

Пўлат Охун жамоатчиликка ўткир сиёсий танқидий чиқишлари, Ўзбекистондаги вазиятга доир сиёсий таҳлиллари билан танилган. “Бирлик” партияси раиси ўринбосари сифатида фаолият юритади.

Швецияда истиқомат қилади, 5 нафар фарзанди бор.

Кутилмаган муаммолар сабабли Пўлат Охун Би-би-си радиотингловчилари ва веб-саҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб бера олмади.