Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Имконият бор экан, изланишда давом этамиз' - эксклюзив суҳбат

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи шогирдларининг 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларини баҳоларкан, "ишончсиз яшаб бўлмаслиги ва бундан буёғига ҳам ишониб яшашларини" билдирди.

Бугун бўлиб ўтган сўнгги босқич саралаш беллашувларининг сўнгги учрашуви ортидан, Ўзбекистон тушган "А" гуруҳидан Эрон ва Жанубий Корея нақд иккита йўлланмани қўлга киритишди.

Ўзбекистоннинг Тошкентда, ўз майдонида Қатарни 5:1 ҳисобида мағлуб этгани ҳам иш бермади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқиш учун энди плей-офф баҳсларида иштирок этиши лозим бўлади.

Аввалига уларнинг сўнгги босқич саралаш беллашувларини "В" гуруҳида 3-ўрин билан якунлаган миллий терма жамоа билан беллашишлари тақозо этилади.

Ғолиб чиққан тақдирларида эса, Жанубий Америка саралаш баҳсларида бешинчи ўринни эгаллаган рақибларини енгишлари шарт бўлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов Қатарга қарши ўйин ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида, "ҳаёт давом этиши, кейинги ўйинга тайёргарлик кўрилиши"ни айтади.

"Иложи борича тўсиқдан ўтишга ҳаракат қиламиз. Ҳали имконият бор экан, бизлар изланишда бўламиз. Ҳаёт тўхтаб қолмайди".

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи, "бугун Ўзбек халқига ҳақиқатан ҳам хурсандчилик улашиш ниятида бўлганликлари, насиб қилмаган экан, бунинг учун мухлисларидан узр сўрашлари, лекин жаҳон чемпионатига чиқишни жуда, жуда хоҳлаганликлари"ни айтади.