Бастакор Азиза Содиқова жавоблари

Image caption Азиза Содиқова ўз мусиқасида азон овозидан ҳам фойдаланган

Азиза Содиқова - Оврўпо ва АҚШда муваффақият қозонаётган ҳамда кенг мусиқий доираларда танилаётган ёш ўзбек бастакори.

У Британия, АҚШ, Ўзбекистон, Олмония, Австрия, Нидерландия, Польша ва Япониядаги қатор номдор санъаткорлар билан бирга ишлаган.

Лондондаги Queen Elisabeth Hall концерт залида эса 2011 йили таниқли британ скрипкачиси Томас Гоулд ҳамда Britten Sinfonia камер оркестри Азиза Содиқова мусиқаларини ижро этишган.

Жорий йил бошида Кембриджда туркий халқлар мусиқаси ва тилига бағишлаб ўтказилган анжуманда Азиза Содиқова азон сасларини ўзида мужассам этган ва сато мусиқий асбобида ижро этилган асари билан қатнашчиларни ҳайратга солганди.

Қуйида бастакор Би-би-си Ўзбек хизмати радиотингловчилари ҳамда bbcuzbek.com ўқувчилари саволларига жавоб беради:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Илк савол Ўктам Ризаевдан. Бу тингловчимиз мусиқа ёзиш учун нега айнан азонни танлаганингизни билишни истайди.

Азиза Содиқова: Савол учун раҳмат. Азон ҳақидаги ғоя мен ҳали 1998 йили "Илҳом" театрида ишлаб юрган кезларим келганди. Ўшанда айни театр асосчиси ва режиссёри Марк Вайль билан бирга ишлардим. Биз Абдулла Қодирийнинг "Оппоқ қора лайлак" асарини саҳналаштираётгандик. Спектаклда қаҳрамонлар Лайлат ул-Қадр кечасини масжидда ўтказиб, тонг саҳарда уйғонадиган саҳна бор. Режиссёр ана шу лаҳзаларда азонни ишлатиш ғоясини ўртага ташлаган. Аммо биз у ерда азонни ўз ҳолича, бирон қўшимча мусиқасиз ишлатганмиз. Кейинроқ эса Лондондаги мусиқачилар билан торли квартет учун "Тошлар" номли мусиқий асар ёзаётган пайтим мен ушбу асар кульминацияси ё авжи сифатида азон овозини ишлатишга қарор қилдим. Чунки бу мусиқий асар суфий шеърияти ҳақида бўлиб, биз Умар Хайём ва Ҳофиз ижодларига мурожаат этгандик. Азон саси остидан эса биз торли мусиқа асбобларини ҳам чалишни давом эттирганмиз. Аммо мусиқий асаримиз бутунлай ғарбона янграб қолмаслиги учун мен ўз миллий мусиқий асбобларимиз бўлмиш сато ва танбур сасларини ҳам киритганман.

Би-би-си: Мукаррамов исмли тингловчимиз эса бироз мушоҳадали савол йўллаб, Азон илоҳий сас бўлса, унга мусиқа басталаш гуноҳ эмасмикан, деб фикр билдиради. Ва бу учун диний идоралардан фатво олганмисиз, деган мазмунда савол қўяди.

Азиза Содиқова: Спектакль жараёнида муллалардан рухсат олишмаган. Чунки азон овози адабий асар мазмуни ва моҳиятига мос эди. Яъни қаҳрамонлар тонг саҳар азон овози билан уйғонишарди. Бу ўринда азон овози илоҳиётдан келаётган сас сифатида тақдим этилади. Менинг кейинги "Тошлар" асарим эса тасаввуфга алоқадор бўлиб, Умар Хайём асарларида Худо ҳақида кўп гапирилган ва бутун асар давомида мавзу динга боғлиқ бўлиб қолаверган. Шу боис бу ерда ҳам азон бор. Лекин айни ўринда узоқдан берилган бир ишора, акс-садо сифатида ишлатилган.

Би-би-си: Бек исмли тингловчимиз ҳам азонга оид савол йўллаган ва мусиқа ҳамда азон жўрлиги каби баҳсталаб ишга қўл уришдан олдин керакли диний адабиётлар билан танишганмисиз, деб сўраган.

Азиза Содиқова: Агар диний адабиёт деганда, гап Қуръон ҳақида кетаётган бўлса, мен уни биламан. Ахир болалигимдан шу муҳитда ўсганман-ку. Ҳуллас, ҳа, ўқиганман.

Би-би-си: Бир нечта савол йўллаган Санжарбекнинг илк саволи сизни нима илҳомлантириши ҳақида экан.

Азиза Содиқова: Мени кўп нарсалар илҳомлантиради. Бу, аввало, расмлар. Бизда Бобур Исмоилов исмли жуда ажойиб мусаввир бор. Унинг асарлари мени ҳайратга солади. Мавзулари ҳам ўзига тортади. Унинг суратларида қадимий ўзбекча ва анъанавий кийимдаги қаҳрамонлар бўлади ва бу менга жуда ёқади. Кейин сўфийлар шеъриятини севаман. Умар Хайёмни мутолаа қиламан. Ҳозир мен Алишер Навоий ижодидан илҳомланиб, мусиқий асар ёзаяпман. Бу ўзбек эртаги бўлади. Ушбу янги асаримни Олмонияда намойиш этишни режалашган. Навоий ғазалларини ўқийман. Баъзида эса қандайдир ҳис-туйғулар устун келади, қандайдир ҳолатлар сенга илҳом бахш этади. Масалан, Франц Кафканинг ўз маъшуқасига ёзган хатларидан ҳаяжонга тушган паллаларим бўлган. Ана шундай лаҳзалар эса мен учун янгидан-янги мусиқий оламларни очади. Яъни бу асарларни хаёлан тасаввур этарканман, уларга мос мусиқаларни эшита бошлайман. Кейин эса ушбу мусиқани муайян мусиқа асбоби учун нотага соламан.

Би-би-си: Санжарбек қайси мусиқа асбоби сизга кўпроқ ёқади, деб ҳам сўрайди.

Азиза Содиқова: Агар Оврўпо мусиқий асбобларини олсак, менга виоленчель ва альт ёқади. Чунки уларнинг садосида ички ҳис-туйғулар мужассам. Бу мусиқий асбобларни тинглаганда худди инсон гапираётгандек туюлади. Яъни ушбу мусиқий асбоблар саси бизнинг инсоний табиатимизга, овозимизга яқин. Ўзбек мусиқий асбобларидан эса менга танбур жуда ёқади. Чунки унинг садоси такрорланмас ва сасларида ноодатий резонанс, уйғунлик ҳамда обертон, яъни баланд тон мавжуд. Тўғриси, танбурни тингласам, қандайдир бошқа бир оламга тушиб қоламан.

Би-би-си: Рустам Насимий исмли тингловчимиз ва яна бошқа қатор ўқувчиларимиз сизнинг мусиқий альбомларингизни қайси мамлакатда ё дўконда топиш мумкин, деб сўрашган. Ва яна iTunes орқали имкони борми, дея сўрашган.

Азиза Содиқова: Йўқ, iTunes орқали бунинг имкони йўқ. Мен бундай йўл тутмайман. Менинг мусиқаларим Тошкентдаги "Илҳом" театрида бор. Кейин Россияда "Культура" канали орқали намойиш этишган. Хуллас, профессионал ДВДларда менинг мусиқаларим ижроси туширилган. Оврўпода эса сўнгги асарларимни ўз ичига альбомим ва Олмониядаги бошқа бастакорлар билан ҳамкорликда ёзган мусиқий дискларимни мусиқа дўконларидан сотиб олиш мумкин.

Би-би-си: Лондондан Лайло исмли тингловчимиз Ўзбекистондаги классик мусиқани ўқитиш ва ўрганишга оид вазиятни қандай баҳолашингизни билишни истайди.

Азиза Содиқова: Ўзбекистондаги классик мусиқани ўргатиш даражаси илгари ҳам, ҳозир ҳам жуда баланд. Айнан Успенский номидаги мусиқа мактаби ва Тошкент консерваторияси туфайлигина мен мана ҳозиргидек бир даражага етдим. Менинг бошқа кўплаб ҳамкасбларим ва дўстларим ҳам Ўзбекистонда олган мусиқий таълим туфайли бугунги кунда Оврўпо ва Америкадаги йирик оркестрларда ишлашмоқда. Бизда жуда кучли ва маҳоратли муаллимлар бор эди. Тўғриси, мен ўзимиздаги мусиқий таълимни Оврўподаги муқобилидан устун қўяман. Чунки ғарбда талабаларга жуда кўп бўш вақт ажратилади. Талабалар эса ҳали етук мусиқачи бўлиб шаклланишмаган эмасми, берилган бўш вақтдан қандай фойдаланишни билмасдан, ўзларини йўқотиб қўйишади. Ахир улар қандай қилиб ўз вақтларини ташкил этишни билишмайди-ку. Хуллас, бу эркинлик ичида улар мусиқачи сифатида йўқолиб кетишади. Бошқа томондан, Ғарбда мавжуд жуда катта миқдордаги ва кўп хилдаги мусиқий маълумотлар ҳар доим ҳам фойдали эмас. Кўплаб усуллару йўналишларни тинглагач, ёш мутахассис ўзини йўқотиб қўяди ва аслида нима қилмоқчи бўлганини унутади. Натижада, истеъдод йўқолади.

Би-би-си: Ўктам Ризаев эса Оврўпо ва Марказий Осиёдаги бастакорлар ижоди ҳақида сизнинг фикрингизни сўрайди.

Азиза Содиқова: Марказий Осиёдаги бастакорлар ҳамон ХIХ асрда, балки бироз ХХ асрда ижод қилишади. Шу боис Оврўпода кечаётган жараёнлардан жуда орқада қолишмоқда. Масалан, бу ерда бир неча йиллардан бери мультимедиа лойиҳалари қилинади. Видео, электроника бизда мана энди бошланмоқда. Менинг Ўзбекистондаги устозим ва олий даражадаги санъаткор Дмитрий Янов-Яновский ҳали 90-йиллари дунёга машҳур эди ва унинг асарлари жаҳоннинг энг бообрў ансамблларида ижро этилган. Лекин Янов-Яновский каби санъаткорлар, афсуски, жуда кам.

Би-би-си: Бир қатор ўқувчиларимиз эса нега Ўзбекистонда эмас, Оврўпода ижод қилаётганингиз, келажакда Тошкентга қайтиб, ишлаш ниятингиз бор ё йўқлиги ҳақида ҳам саволлар йўллашган.

Азиза Содиқова: Раҳмат. Лекин айтиб қўяй, мен ҳам Тошкент, ҳам Лондон ва ҳам Берлинда яшаб, ижод қиламан. Бу ерларда менинг лойиҳаларим тақдимоти бўлиб туради. Менинг мусиқаларим Ўзбекистон, Британия, Олмония ва Америкада ҳам янграб туради. Фаолиятим ҳам турли жойларда кечмоқда ва бастакор сифатида бир ерда ўтира олмайман. Мана ҳозир ҳам ўзбек халқ эртакларига бағишланган асаримни Оврўподаги мусиқий фестиваль учун тайёрлаяпман.

Би-би-си: Лондондан мактуб йўллаган Лайлонинг сўнгги саволи муҳожирлар мавзусида экан. Ўқувчимиз сиз муваффақият қозонган ўзбеклардан экансиз, аммо бошқа мамлакатларда қийналиб яшаётган муҳожирлар борасида нима дейсиз. Балки улар ҳақида мусиқий асар ёзарсиз, деб таклиф ташлайди.

Азиза Содиқова: Албатта, бундай ниятим бор. Ўзим ҳам яқинда шу борада ўйлаётгандим. Чунки муҳожирот ҳозир Ғарбда ҳам жуда долзарб мавзу. Бу ерда ҳозир опералар қўйилмоқда. Муҳожирлар мавзусининг оғриқли жиҳатлари мени жуда ларзага солади, уларда фожеа бор. Чунки мен ҳам ўзбек қизиман. Шу боис айни мавзу мен учун жуда оғир. Мен муҳожирлар мавзусида қандайдир театр асари ва ё опера учун мусиқа ёзишни истардим. Бундайин асарда жуда кўплаб лаҳзаларни, ҳис-туйғулар мужассам жиҳатларни акс эттириш мумкин.

Би-би-си: Ўктам Ризаев жўнатган саволларининг бирида сизнинг ёш бўлишингизга қарамай, катта муваффақиятларга эришганингизни эслатади. Ва бунинг сири нимада, деб сўрайди.

Азиза Содиқова: Бунинг сири шундаки, мени ҳали 5 ёшлигимда Успенский номидаги махсус мусиқа билим юртига олиб боришган ва тун-кун мусиқа билан шуғулланишга ундашган. Шу қаторда, мен асли таниқли мусиқачилар оиласида туғилганман. Бобом Толибжон Содиқов симфоник опера бастакори бўлганлар. У киши яна Тошкентда Бастакорлар Иттифоқига ҳам асос солганлар. Шу боис мен ҳар доим мусиқачилар қуршовида ўсганман. Уйимизда ҳар вақт мусиқа оламининг истеъдодли намояндаларини учратиш мумкин эди. Хуллас, уйимдагилар менинг ҳам бобом изидан боришимни, мусиқачи бўлишимни исташган. Лекин мен нафақат мусиқа чалдим, балки 9 ёшга етганимда мусиқа басталашни бошладим. Кейин устозим ва атоқли бастакор Дмитрий Янов-Яновский қўлига тушиб қолдим. У мен учун жуда кўп ишлар қилди ва айнан ана шу устозим туфайли мен ҳозирги даражага етдим. Лекин мусиқа ва бастакорлик бу тинимсиз ва адоғсиз меҳнат деганидир. Сен ҳеч қачон бир жойда тўхтай олмайсан. Айниқса, агар ватанингдан четда ҳам сени таний бошлашса ва тан олишса, демак, ҳеч қачон тўхтамасдан изланишинг, янгиликлар яратишинг керак бўлади. Ҳар вақт ижод қилишинг керак.

Би-би-си: Азиза, жавобларингиз учун катта раҳмат. Ижодингизга омад тилаймиз.

Бу мавзуда батафсилроқ