Шаҳодат Улуғ: Шавкатли ўтмиш - изсиз кетмас

Би-би-си:Бу галги Би-би-си меҳмони - ёзувчи Шаҳодат Улуғ. Ассалому алайкум Шаҳодат, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Шаҳодат Улуғ: Ваалайкум ассалом Гулсевар! Аввало суҳбатга таклиф этганингиз учун Сизларга раҳмат.

Би-би-си: Илк саволни Ўзбекистондан Ғофур исмли тингловчимиз йўллабдилар: "Қачондан ёзишни бошлагансиз?"

Шаҳодат Улуғ: Бир пайтлар болалик пайтларимда шеърлар ёзиб юрар эдим. Синф раҳбаримиз Мельс Галиевич Латипов ва Сульфия Ахуновна Латипова каби рус адабиётининг билимдонлари менда адабиётга қизиқиш уйғотган эди. Хусусан, Мельс Латипов ҳамда ўзбек адабиёти ўқитувчимиз Мустафо Ўроқовлар прозанинг имкониятлари ҳақида кўп ўгит беришганди. Мен эса ёзганларимни шу ўқитувчиларимизга кўрастиб турар эдим. Қолаверса ўзимнинг опаларим ҳам, айниқса отам гарчи физик-математик бўлса-да, мени адабиётга қизиқтирган эди. Баъзан опаларим уйда мушоира қилиб туришарди. Ўша пайтлар менинг митти тасаввуримда адабиётга қизиқиш шу тариқа шаклланганди.

Би-би-си: Ғофур яна: "Нима учун ёзасиз?" деб сўрайди.

Шаҳодат Улуғ: Назаримда Сиз нима учун нафас оласиз, дея савол берсам, табииийки Сиз яшаш учун нафас оламан дея жавоб берасиз. Демак мен ҳам ёзиш учун нафас оламан.

Би-би-си: Тошкентдан Зебо: Буюк ёзувчиларга нисбатан "Умумбашар тилни эгаллаган" деган таъриф бор, бугун ўзбек адабиётида нега йўқ шундай ёзувчилар?

Шаҳодат Улуғ: Назаримда "Умумбашар тилини эгаллаган" деган таъриф Достоевский, Жорж Санд, Маркес, Томас Манн, Камю сингари даҳо ёзувчиларга нисбат бериб айтилган. Адабиётни санъат даражасида тушунган ва уни юксак поғоналарга кўтарган ёзувчилар ҳамиша ҳар замонда ва ҳар маконда бўлган ва кейин ҳам бўлади. Ўзбек адабиётида бундай даҳо ёзувчилар ҳали чиқмаган десак янглишган бўламиз. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров сингари улуғ адиблар бошлаб берган йўлни бугун Мурод Муҳаммад Дўст, Абдулҳамид Исмоил, Хуршид Даврон ва Ғаффор Ҳотамов, Исажон Султон ва Улуғбек Ҳамдам сингари ёзувчилар давом эттиришмоқда.

Би-би-си: Зебонинг навбатдаги саволи: "Бугунги ўзбек ёзувчиларидан кимларнинг асарларини ўқийсиз ва улардан қайси бирлари дунё тилларига таржима қилиниши керак, деб ҳисоблайсиз?"

Шаҳодат Улуғ: Бугунги ўзбек адабиёти, ўзбек насри албатта жаҳон миқёсида тақдим қилишга арзигулик асарларига эга ва тобора бойиб бормоқда. Юқорида номлари айтилган адиблар асарлари хорижда тарғибот қилиниши ва уларни дунё таниши керак, деб ўйлайман.

Би-би-си: Навбатдаги саволни Бухородан Рўзигул исмли ўқувчимиз юборибди: "Агар адашмасам, ўзбек аёл ёзувчилари орасида роман жанрига қўл урганлар ҳали бўлмаган. Чунки бу катта жанр жиддий тадқиқот ва катта руҳий қувват талаб қилишини биламиз. Энди бевосита "Жайҳун эпкинлари" номли романингиз ёзилиши ҳақида сўзласангиз".

Шаҳодат Улуғ: Роман - йирик ва мураккаб жанрдир. Хусусан ўзбек ёзувчи аёллари орасида бу жанрга биринчи бор қўл ўрган адиба Саломат Вафо бўлади. Айтганингиздек, бу жанр жиддий ёндашувларни ва катта руҳий қувватни талаб этади.

«Жайҳун эпкинлари» романини якунлашимда замонавий ўзбек адабиётининг улуғлари ҳисобланган мўътабар устозларнинг ҳиссаси катта бўлган. Уларнинг бевосита маслаҳатлари асосида ва давомли тадқиқотлар асосида ёзилди бу нарса.

Бундан чамаси тўрт йиллар илгари Хоразмшоҳлар салтанатига оид нимадир ёзиш истаги туғилган эди, сарҳадлари улкан ва имкониятлари чексиз бу салтанат нега емирилди? Мовароуннаҳр кентлари нега қаттол Чингиз қўлида бу қадар паймол этилди? Шу саволлар мени қийнаганди ва турли манбаларни ўрганишга киришдим. Шаҳобиддин Насафий "Сийрат ас-Султон" ҳамда ал-Ҳусайний "Тарихи элчи Низомшоҳ", профессор Бертельс тадқиқотлари, Л. Н. Гумилев "Қадимий туркийлар" асарларини ўргандим. Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек ҳам Хоразмшоҳлар сулоласига алоҳида назар ташлаган. Қолаверса, озари тарихчи олими Зиё Буниётов ишларидан руҳландим. Шунингдек, Миркарим Осим, устоз Хуршид Давроннинг тарихий асарларини ўқиб, дилимдаги ният яна-да мустаҳкамланган.

Би-би-си: "Саволимнинг давоми", дебди яна бу ўқувчимиз, "катта асар ёзишда ўша айтганим қувватни яна нималардан олдингиз? Ахир фақат манбаларни ўрганиш билан бўлмаса керак ҳаммаси?"

Шаҳодат Улуғ: Албатта. Балки чиройли сўзлардир, аммо менга шу асарни ёзишда қувват бўлган яна асосий нарса - албатта халқимизнинг қаҳрамонликларга тўла ўтмиши, бу халқ вояга етказган улуғ саркардалар ҳолати, хусусан, Жалолиддин Мангубердининг тенги йўқ жасорати, унинг муттасил хатарлар ичида кечган ҳаёти бўлди. Биргина Жалолиддин ҳақида гапирадиган бўлсак, мана, ўзингиз бир ўйлаб кўринг, шундай бир улуғ салтанат, Хоразмшоҳлар империяси у вақтда ер юзидаги энг қудратли давлатларнинг бири эди. Бутун Мовароуннаҳр, бугунги Афғонистону Эрон ва Кавказни ўз ичига олган бу салтанатга ўз салоҳияти билан бас келиши мумкин бўлган бир-икки давлатларгина бор эди ўша даврда. Бири Бағдод ҳалифалиги бўлса, яна бири эҳтимол, салжуқий султонлар эди. Хоразмшоҳлар давлати юксалган XIII аср бошларига келиб эса уларнинг ҳам қудрати савол остида қолганди. Ўзаро курашлар ботқоғига ботган Оврўпа эса у даврда ҳали зулмат ва жаҳолат ботқоғига ботган эди ва аслида Шарқда неча асрдан бери чарақлаб турган ислом олами лашкари учун осон бир ўлжа бўлган. Хуллас, бугунги кун тили билан айтганда, Хоразмшоҳлар давлати ўша давр геосиёсий қутбларининг энг қудратлиси эди ва бу минтақада содир бўлган ҳар қандай тебранишлар бевосита жаҳон сиёсий харитасига таъсир ўтказар эди. Ана шундай бир вазиятда, яъни қудрати юксалган даврда бу салтанат чингизий лашкарга емиш бўлди, замонасининг энг қудратли давлати ваҳший галалар томонидан кунпаякун қилинди. Бу фожеага албатта, салтанат бошқарувидаги уқувсизлик, Аловуддин Муҳаммаднинг иродасизлиги, волидаси Туркон измидан чиқа олмаслиги сабаб бўлган эди. Шундай бир чорасиз ҳолатда Жалолиддин тарқаб кетган, яксон қилинган қўшиннинг бир қисмини қайта йиғиб, мўғулларга қарши тура олди, ҳали мағлубият нималигини билмаган мўғуллар устидан кетма-кет ғалаба қилди. Аммо барибир, кучлар тенг эмасди, оқибатда неча йўқотишлар эвазига юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Аммо Жалолиддин бу билан тақдирга тан бермади, аслида у мўғул қўли етмас узоқроқ бир юртда бирор вилоятни эгаллаб, ўзига хон - ўзига бек бўлиб, умрини фаровонликда, кайфу сафода ўтказиши ҳам мумкин эди. Лекин бу ҳолда у Жалолиддин бўлмас эди. Жалолиддин инилари билан иттифоқ тузиб, яна неча йиллар давомида Чингизий лашкарларга зарбалар бериб турди, Ҳинду Ироқ юртларида, Кавказу Эронда ҳукмронлик қилди. Аммо унинг қалбида ўз юрти учун, жувонмарг кетган яқинлари учун интиқом ўти бир зумга ҳам ўчмади.

Жалолиддинни бошқа миллатлар қаҳрамонлари билан қиёслаш мумкинми ёки йўқми -билмадим, аммо русларда Александр Невский бўлса, бизда Жалолиддин бор, агар британларда Ричард бўлса, бизда Жалолиддин бор. Фақат фарқи шуки, Жалолиддин ҳарб юлдузи буларнинг баридан кўп ҳисса улканроқ эди. Жалолиддин бой берилган салтанатни қайта бунёд қилиш учун, ўз юртини яна озод кўриш учун сўнггига қадар курашди, курашганда ҳам маҳорат ва жасорат билан курашди. Менга мана шулар қувват бўлди дея олардим.

Би-би-си: Ўша сиз асарингизда тилга олган ўтмиш билан бугунимиз ўртасида катта тафовутлар борлиги аниқ. Аммо, сиз ўтмишни бугун билан боғлаб турган ришталарни нимада кўрасиз, аслида борми, шундай ришталар?

Шаҳодат Улуғ: Албатта, тафовутлар катта ва беқиёс. Ўтмиш - ўтмишга айланган, бугунимиз эса бошқа. Лекин бизни ўтмишимиз билан боғлаб турган нарса - биз мерос қилиб олган маънавий ва руҳий бойликлардир. Ўша аждодларимизнинг тенгсиз ёв қаршисида бўйин эгмаганлиги, чорасиз, умидсиз вазиятларда ҳам курашни давом эттирганлари, эркка, озодликка ташналик. Юз йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўлади, деганларидек, юз йил машаққатларда, зулмлар остида ўтса ҳам халқнинг зеҳниятида, қонида ўша аввалги мероснинг нишоналари барибир сақланиб қолади ва вақти келиб бу нарсалар албатта яна рўёбга чиқади. Бир вақтлар бор бўлган нарса ном нишонсиз йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас. Шу маънода мен ришталар сақланиб қолади, деб ҳисоблайман. Аммо, масала шу сақланиб қолган нарсаларни чинакамига ривожлантиришда. Агар шундай шароит туғилсаки, ватанимизда ўтмиш меросимизни давлат аҳамиятига молик муҳим масала даражасида жиддий ўрганиш ва замонавий талаблар асосида жаҳонда тарғиб қилиш, чинакамига тарғиб қилиш механизмлари ишлаб чиқилса, кўп нарса ўзгарган бўларди. Биргина мисол, юртимиздан чиққан ўтмиш алломалари, айтайлик, Ибн Сино, Беруний, Ал Фарғоний, Ал Хоразмий каби сиймолар ҳақида интернетда истаганча маълумот олишингиз мумкин, аммо инглиз тили ва бошқа асосий жаҳон тилларидаги ресурсларда уларнинг барчаси форс ёки араб олимлари сифатида тақдим этилади. Фақат таваллуд жойлари ҳозирги Ўзбекистон эканлиги йўл-йўлакай кўрсатиб ўтилади, холос. Бобур ва унинг авлодлари эса мўғул ҳукмдорлари, дейилишини ҳаммамиз биламиз. Бу улуғлар билан Ўзбекистоннинг ичидагина «бизнинг буюк аждодларимиз» деб ғурурланиб юраверамиз, аммо ташқи дунё уларни бошқа халқларга боғлайди. Бу нарсалар албатта алам қилади. Мана шу соҳаларда жиддий ишлар қилиш керак.

Яна Жалолиддин Мангуберди мисолига қайтсам. Вақтики келиб, чорасиз ва ярадор ҳолатида Курдистон тоғларида ўлдирилганидан сўнг, унинг лашкари сардоридан ажралиб, тарқоқ ҳолга келди. Аммо шу ерда эътиборга оладиган муҳим нарса бор. Яъни Жалолиддинга чексиз содиқ бўлган навкарлар унинг ўгитларини юракларида маҳкам сақлаганлар. Унинг лашкари аслида ўша замоннинг энг пухта тайёргарликдан ўтган, яна замонавий қилиб айтсак, қайси минтақада бўлмасин махсус ҳарбий операцияларни ўтказа оладиган сара қўшинлар даражасига етган эди. Шу сабаб ҳам Жалолиддиндан сўнг яна кўп вақтлар турли мамлакат ҳукмдорлари айнан уларнинг кўмагига таяниб келди. Бу ҳоҳ Ироқ ва ё Сурия бўлсин ёки Миср бўлсин ҳамма жойда уларнинг изларини кўрамиз. Жалолиддин қўшини салибчиларга қарши курашиб, уларни яксон қилгани ва Қуддусни (Иерусалим) забт этганлари ҳақида ҳам ишончли маълумотлар бор. Яна энг таажжублиси, бутун араб ўлкаларини мўғул истибдодидан сақлаб қолган Миср мамлук султони ҳам - аслида Жалолиддиннинг изсиз ғойиб кетган жияни Муҳаммад Қуттуз эди. Муҳаммад Қуттуз ҳалига қадар арабларнинг миллий қаҳрамони даражасида улуғланади, унинг жасорати ҳақида кўп асарлар битилган, фильмлар суратга олинган ва ҳатто болалар учун махсус мультфильм ҳам ишланган.

Айтганимдек, ана шундай қудратли ва улуғ ўтмиш дом-дараксиз кетиши мумкин эмас, ришталар албатта сақланиб қолади. Агар мен асарим орқали мана шу ришталарнинг бир заррасини бўлса ҳам кўрсата олган бўлсам, жуда бахтлиман.

Би-би-си: Шаҳодат, қизиқарли суҳбат учун катта раҳмат! Ижодий парвозлар тилаб қоламиз!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ