Жаҳон чемпионати 2014: Ким Бразилияга боришдан қуруқ қолди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Шу кунларда барча иштирокчи 32 давлат 12 июн кунидан бошлаб ягона кубок учун ўз курашини бошлайдиган миллий терма жамоаларининг якуний рўйхатини эълон қилишди.

Ҳар бир миллий терма жамоа сафидан жаъми 23 тадан футболчи ўрин олган.

Шундай экан, бу рўйхатга кимлар тушдию, кимлари бундай бахтдан мосуво қолди?

BBC Sport нигоҳида:

“А” гуруҳи

Бразилия

Италиянинг АС “Милан”ида тўп сураётган номдор Кака ҳам, Роналдиньо ҳам якуний рўйхатнинг яқинига йўлай олишмаган. Аммо омад “Челси”нинг бир эмас, бирваракайига уч бразилиялик ўйинчисига кулиб боққан: Оскар, Рамирес ва Виллиан миллий терма жамоа сафидан ўрин олишган. Устига устак, мовийларнинг шу кунларда Франциянинг амалдаги чемпиони “Пари Сен Жермен” жамоасига ўтиб улгурган яна бир номдор ўйинчиси Девид Луис ҳам рўйхатда собиқ жамоадошлари қаторида. Тўрт карра жаҳон чемпиони бўлган жамоа дарвозасини эса, кўпчилик футбол ишқибозларига яхши таниш Жулио Сезар қўриқлайди.

Хорватия

Хорватия томони ўз миллий терма жамоасини сараларкан, Англия премьерлигасида тўп сурувчи футболчиларига анчайин орқа қилган. Бош мураббийси Деян Ловрен, Никича Йелавич ва Нико Кранчарларни 30 кишилик дастлабки рўйхатга киритган эса-да, орада олган жароҳати туфайли Никонинг Бразилияга бормаслиги маълум бўлган. Энг асосийси – Хорватиянинг ишонган тоғи бўлган “Реал” Мадриднинг номдор ўйинчиси Лука Модрич жамоа сафида.

Мексика

Қизил иблислар ўйинчиси Хавьер Эрнандес ўз миллий терма жамоаси сафидан ўрин олган ягона Англия премьерлигаси вакили бўлади. Бундан ташқари, Испаниянинг наҳанг “Барселона”си собиқ ҳимоячиси Рафаэль Маркес ва “Вильярреал” ҳужумчиси Жовани дос Сантос ҳам якуний рўйхатнинг олд қаторларидан жой олишган. Испания Ла Лигасида тўп сурувчи яна бир футболчиси Карлос Вела эса, жаҳон чемпионатидан қуруқ қолган.

Камерун

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Миллий терма жамоа сафида кишини ҳайратга солиши мумкин бўлган жиддий ўзгаришлар йўқ. Бу гал ҳам юлдуз футболчиси Самуэль Это’О рўйхатнинг бошида. Жамоанинг “Лорьян” клуби ҳужумчиси Венсан Абубакарга ҳам таяниши аниқ. Аммо Парагвайга қарши ўйинда 11 метрлик жарима тўпини ура олмагач, Моҳамаду Идриссу, ҳатто, дастлабки рўйхатга ҳам туша олмаган.

В гуруҳи

Испания

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳозир жароҳатини даволатаётган эса-да, асли бразилиялик ҳужумчиси Диего Коста ва “Челси”нинг номдор ўйинчиларидан бири бўлган Фернандо Торрес асосий таркибда. Аммо тиззасидан олган жароҳати боис, Мюнхеннинг “Бавария”сида тўп сурувчи ўйинчиси Тиаго Алкантара жаҳон биринчилигини ўтказиб юборади. Устига устак, Англиянинг бойвачча “Манчестер Сити”си ўйинчиси бўлган Альваро Негредо ва Хесус Навас, ҳатто, 30 кишилик рўйхатга тушмаган қолган икки номдор футболчи бўлишади.

Голландия

Голландия миллий терма жамоаси Бош мураббийи Луи ван Гал ҳам бирваракайига Англия премьерлигасида тўп сурувчи олти футболчисига орқа қилган. Уларнинг орасида келаси мавсумдан бошлаб, жаноб ван Гал Бош мураббийлик қилувчи қизил иблислар сара ҳужумчиси Робин ва Перси ҳам бор. Аммо 30 кишилик дастлабки рўйхатга тушган эса-да, олган жароҳати сабаб, бошқа бир номдор ўйинчиси Рафаэл ван дер Варт Бразилиядаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади.

Чили

Чили миллий терма жамоаси Бош мураббийи Англия билан бир қаторда Италия “А” серияси ва Испания Ла Лигасида ҳам тўп сурувчи сара футболчиларини таркибга жалб этишга қарор қилган. Уларнинг орасида, ҳатто, яқинда тиззасида жарроҳлик амалиёти ўтказган 26 ёшли Артуро Видал ҳам бор. Алексис Санчес жамоаси билан Бразилияга бориш учун Барселонадан ортга қайтган бўлса, Гари Медель, Гонзало Яра ва Жан Беасижур Британиядан унга қўшилишган. 30 кишилик дастлабки рўйхатга туша олмаган эса-да, сара ҳужумчиси Эстебан Паредес якуний таркибдан ўрин олган.

Австралия

Бразилияда Осиё қитъасини намоён этувчи тўртта миллий терма жамоадан бири бўлган Австралия эса, Англия ва Шотландияда тўп сурувчи қатор футболчиларисиз жаҳон чемпионатида иштирок этишга қарор қилган. Бош мураббийси бирваракайига “Crystal Palace” жамоаси ярим ҳимоячиси Майл Жединак, “Dundee United”даги ҳимоячиси Кертис Гуд ва “Celtic”да ўйнаётган бошқа бир ярим ҳимоячиси Том Рожикнинг баҳридан кечишга қарор қилган.

С гуруҳи

Колумбия

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Миллий терма жамоа Бразилияга номдор ҳужумчиси Радамел Фалкаосиз боради. Бунга Радамелнинг олган жароҳатидан ҳануз азоб чекаётгани сабаб бўлган. “Монако” клуби ўйинчиси 30 кишилик дастлабки рўйхатга тушган эса-да, тиззасидан олган жароҳати сабаб, январ ойидан буён оёғи тўпга тегмаганди. “Вест Ҳам”да ижарада бўлган Пабло Армеро эса, Колумбия миллий терма жамоаси сафидан ўрин олган ягона Англия премьерлигаси вакили бўлади.

Юнонистон

Бу миллий терма жамоа ҳам Англия ва Шотландияда тўп сураётган саноқли футболчиларига орқа қилмай қолмаган. Уларнинг орасида “Фулҳам” клуби ҳужумчиси Константинос Митроглу ҳам бор. Константиноснинг инглиз жамоасига ўтганидан сўнг олган жароҳати туфайли шу йил бошидан буён бор-йўғи 120 дақиқа ўйнагани ҳам Бош мураббийнинг қарорига тўсқинлик қила олмаган. Якуний рўйхатда унинг жамоадоши Гиоргос Карагоунис ва тез орада Шотландиянинг “Celtic” жамоаси билан хайрлашишни кўзлаётган Георгиос Самарас ҳам бор.

Фил Суяги қирғоғи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ёши 36 да эканига қарамай, миллий терма жамоа Бош мураббийи бу йил ҳам номдор футболчиси Дидье Дрогбанинг баҳридан кечмасликка қарор қилган. Бу – Дрогба учун учинчи жаҳон чемпионати бўлади. Англия премьерлигасида тўп сурувчи ака-ука Яхё ва Коло Туре, Чейк Тиоте ва Вильфрид Бонилар ҳам Дидье билан бирга Бразилияга борадиган.

Япония

Япония асосий таркибга бир эмас, икки эмас, Оврўпо клубларида тўп сураётган 12 футболчисини жалб этган. Уларнинг орасида Англия премьерлигаси вакиллари Шинжи Кагава ва Мая Ёсидалар ҳам бор. Устига устак, Италиянинг АС “Милан”ида анча тажриба орттирган Кэйсукэ Хонда ҳам жамоанинг кучига куч қўшган. Бош мураббий ўз жамоаларида тўп сурса-да, бошқа бир синашта ўйинчиси Ясухито Эндони ҳам асосий таркибда қолдиришга қарор қилган.

Д гуруҳи

Уругвай

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бразилияда миллий терма жамоа сафида англиялик футбол ишқибозларига яхши таниш Луис Суарес ва Себастьян Коатес юлдузлик қилади. Бу икковлондан ташқари, яна икки сара ўйинчиси: Эдинсон Кавани ва Диего Форланлар ҳам унча-умнча рақибларини чўчитишлари аниқ.

Коста Рика

Бу миллий терма жамоа эса, асосий ҳужумчиси Алваро Сабориосиз Бразилияга боради. Алваро айнан жаҳон чемпионатига ҳозирликлар чоғида оёғини синдириб олган. Аммо Англия премьерлигасида тўп сурувчи Хоэль Кемпбелл ва Брайан Руислар жамоа таркибида. “Эвертон” ҳимоячиси бўлган бошқа бир тажрибали ўйинчиси Брайан Овьедо олган жароҳати боис бу йилги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади.

Англия

Миллий терма жамоа Бош мураббийи Рой Ҳожсон футболчиларни танлашда анчайин таваккал қилган. У Люк Шоу, Адам Лаллана, Рики Ламберт ва Росс Барклиларга ишонч билдирган. 107 бор миллий терма жамоа сафида халқаро учрашувларда майдонга тушган Эшли Коул эса, якуний рўйхатга тушмагани аён бўлгач, катта футболни тарк этган.

Италия

Тиззасидан олган оғир жароҳати тузалиб кетганига қарамай, “Фиорентина” ҳужумчиси Жузеппе Россини миллий терма жамоа сафига олишмаган. Аммо “Парма”нинг анчайин синашта ўйинчиларидан бири бўлган Антонио Кассано ҳужумда иш берадиган. Бундан ташқари, ўтган мавсумда миллий чемпионатда рақиблари дарвозасини 22 бор забт этган Чиро Иммобиле ҳам жамоанинг кучига куч қўшиши тайин.

Е гуруҳи

Швейцария

Бу миллий терма жамоа Италия ва Германияда тўп сурувчи икки номдор футболчисига қаттиқ орқа қилган. “Ювентус”дан Штефан Лихтштайнер ва Мюнхеннинг “Бавария”сидан Хердан Шақирилар Бош мураббийлари ихтиёрига етиб келишган. Англиянинг “Фулҳам” клуби ярим ҳимоячиси Пайтим Касами ҳам якуний рўйхатга тушишга муваффақ бўлган.

Эквадор

Эквадор Бош мураббийи қизил иблисларнинг номдор футболчиси Антонио Валенсияга қаттиқ орқа қилмоқда. У ҳам аввалига таваккал қилиб, дастлабки рўйхатга тўртта ёш футболчисини киритган эса-да, уларнинг орасидан фақат Карлос Груезони асосий таркибда қолдирган, холос.

Франция

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳамма, ҳаммаю, миллий терма жамоа Бош мураббийи кимсан юлдуз футболчиларидан бири Самир Насрийсиз жаҳон чемпионатига боришга қарор қилган. Дидье Дешам жанобларининг айтишича, асосий эътиборини 23 та сара футболчини танлаб олиш эмас, зўр жамоа ташкил этишга қаратган. Унинг якуний рўйхатига тушган жаъми ўйинчилардан 9 нафари Англия премьерлигаси вакилларидир.

Гондурас

Миллий терма жамоа Бош мураббийи Британияда тўп сурувчи беш футболчисини танлаб олишга қарор қилган. Англия жамоаларида тўп сурувчи Мейнор Фигуеро, Уилсон Паласиос, Рожер Эспиноза, Хуан Карлос Гарсиа ва Эмилио Исагирре асосий таркибдан жой олишган. Аммо “Rangers” жамоасида тўп сурувчи Арнольд Перальта миллий терма жамоага чақирилган эса-да, жароҳат олиб, Бразилияга бормайдиган бўлган.

F гуруҳи

Аргентина

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Худди кутилганидек, “Ювентус” ҳужумчиси Карлос Тевес Аргентина миллий терма жамоаси сафидан жой ололмаган. Бош мураббийси Ди Сантони тушириб қолдирган бир манзарада “Манчестер Сити” ҳимоячиси Мартин Демикилис ва Бременнинг “Вердер”ида тўп сураётган Франко ди Сантонинг Бразилияга олиб бориши кўпчиликнинг таажжубларига сабаб бўлган.

Босния-Герцеговина

Англиянинг “Манчестер Сити”сида тўп сурувчи ҳужумчиси Эдин Жеко ва “Стоук Сити” дарвозабони Асмир Бегович илк бор ўз миллий терма жамоаларини жаҳон чемпионатида намоён этишади. Ҳозирда “Рома” ўйинчиси бўлган Миралем Пжанич ва “Штутгарт” сафида бўлган Ведад Ибисивичлар эса, жамоанинг энг номдор икки футболчиси саналишади.

Эрон

Миллий терма жамоа Бош мураббийи ҳам Англияда ўйнаётган ўйинчиларини эътибордан четда қолдирмаган. “Фулҳам” ҳимоячиси Ашкан Дежага ва “Чарлтон” ўйинчиси Ризо Гучаннежодлар унинг якуний рўйхатидан ўрин олишган. Аммо Бош мураббийи Карлуш Кейроз Қозоннинг “Рубин”ида тўп сураётган Сардор Азмунни кенгайтирилган жамоага киритган эса-да, аммо алал-оқибат уни тушириб қолдиришга қарор қилган.

Нигерия

Бразилиядаги жаҳон чемпионатига Англия премьерлигасида тўп сурувчи футболчиларини танлашда Нигерия Бош мураббийи ҳам қолган кўпгина ҳамкасбларидан ортда қолмаган. “Ньюкасл” ҳужумчиси Шола Амиоби тўғридан-тўғри асосий таркибдан жой олган. Питер Одимвингие, Виктор Мозес, Жозеф Йобо ва Микель Обилар эса, Бразилияда Нигерия миллий терма жамоасининг юзи бўладиган бўлишди.

G гуруҳи

Германия

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳа, жаҳон чемпионатларининг устаси Мирослав Клозе миллий терма жамоа сафида. Агар, Мирослав Бразилияда бор-йўғи 2 та тўп киритса, жаъми 15 та голи билан бразилиялик юлдуз футболчи Рональдонинг рекордига етиб олади. Тиззасидан олган жароҳати туфайли ўтган футбол мавсумининг аксарият қисмини ўтказиб юборган эса-да, Сами Хедира асосий таркибда. Ларс Бендернинг яқиндагина олган жароҳати сабаб, Германияда қолишига тўғри келган.

Португалия

Яқинда жароҳат олганига қарамай, Бош мураббийи Португалия миллий терма жамоаси сардори Криштиану Рональдуга бу гал ҳам орқа қилмоқда. Якуний рўйхатдан ўрин олган Нани миллий терма жамоа сафидаги ягона Англия премьерлигаси вакилидир. Рикардо Куаресма эса, жаҳон чемпионатида тўп суриш бахтидан мосуво қолган энг номдор португалиялик футболчи бўлган.

Гана

Бош мураббийи 30 кишилик дастлабки рўйхатни еттитага қисқартираркан, якуний 23 кишилик рўйхатдан “Лейсестер” ҳимоячиси Жеффри Шлап тушиб қолган. Аммо Италиянинг номдор АС”Милан” жамоаси ярим ҳимоячиси Майкл Эссьен ва Германиянинг “Шальке”си юлдузларидан Ке́вин-Принс Боате́нг Бразилияга борувчилар рўйхатининг олд қаторида.

АҚШ

Миллий терма жамоанинг олмониялик мураббийси Юргенс Клинссман икки дарвозабон дохил тўрт футболчисини Англиядан чақириб олган. Брад Гузан, Тим Ҳовард, Жефф Кэмерон ва Жози Алтидорелар эса, якуний рўйхатга киришолмаган. 155 учрашувда олтмишга яқин тўп киритган эса-да, Ландон Донован ҳам Бош мураббийининг эътиборига туша олмаган.

H гуруҳи

Бельгия

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бельгия ҳам миллий терма жамоага Англия премьерлигасида тўп сурувчи 12 футболчисини жалб этган. Уларнинг орасида ҳалича жаҳон чемпионати таъмини татимаган қизил иблислар ўйинчиси Аднан Янузай ҳам бор. Яна Эден Азар, Ромелу Лукаку, Томас Вермалаен каби номдор футболчилари ҳам терма жамоа асосини ташкил қилишган.

Жазоир

Ёш эканига қарамай, миллий терма жамоа Бош мураббийи Англиянинг “Тоттенҳэм” жамоаси ўйинчиси Набил Бенталебни Бразилияга олиб боришга қарор қилган. Миланнинг “Интер”и ярим ҳимоячиси Сафир Тайдер ҳам жаҳон чемпионатига борадиганлар сафидан жой олган. “Crystal Palace” ўйинчиси Адлен Гуедиоура эса, ҳатто, дастлабки рўйхатга ҳам киролмаган.

Россия

Миллий терма жамоа Бош мураббийи фақат Россия Олий лигасида тўп сурувчи ўйинчилари билан Бразилияга бормоқчи. Ҳатто, яқингача Англия премьерлигасида тўп сурган Андрей Аршавин, Роман Павлюченко ва Динияр Билялетдиновларни миллий терма жамоага олмаган.

Жанубий Корея

Осиё қитъасининг яна бир вакили ҳам миллий терма жамоа сафига Британияда тўп сурувчи беш нафар футболчисини жалб этган. Бош мураббий биринчилардан бўлиб танлаган Ким жин Су тиззасидан олган жароҳати сабаб, якуний рўйхатдан тушириб қолдирилган. Унинг ўрнини Германияда тўп сурувчи Пак Чжу Ҳо эгаллаган.