Бурҳон Қовунчи:Ўрта Осиёдаги халқлар орасида тинчлик ва биродарликни ўрнатиш учун курашамиз

Би-би-си: Би-би-сининг бу галги меҳмони - Туркиядаги таниқли жамоат арбоби, Туркистонликлар Халқаро Ҳамкорлик Жамиятининг Раиси Бурҳон Қовунчи. Ассалому алайкум Бурҳон ака!

Бурҳон Қовунчи: Ваалайкум ассалом, хуш бўлдик!

Би-би-си: Суҳбатни Лондонда яшаётган Шаҳнозанинг саволлари билан бошласак: "Асли Ўзбекистонлик экансиз, оилангиз тарихи ҳақида гапириб берсангиз? Ва агар сир бўлмаса, нима учун исми шарифингиз Қовунчи? Ҳозир Ўзбекистондаги қариндошларингиз билан борди-келдингиз борми?" Яна Лондондан Бен исми билан хат йўллаган тингловчимиз ҳам: "Нимага Қовунчи исмини олгансизлар, деб сўраганлар".

Бурҳон Қовунчи: Мен Туркияда туғилганман, оилам эса, Туркистондан ҳижрат қилиб Туркияга келишган. Отам Ҳамид Қовунчи ва бобом Абдурраҳман Қовунчи Наманганнинг Қовунчи қишлоқида туғилишган. Қовунчи қишлоғи ҳозир Наманганнинг бир маҳалласидир. Наманганнинг қовунлари машҳур бўлиб, энг катта ва ширинлари Қовунчи қишлоғида етишган. Абдурраҳман бобом диний таҳсил учун Мадинага борган ва у жойда жойлашган. Мадинада пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад (сав)нинг қабри шарифи ҳам бор. Мадинада Бухороликлар номи билан яшайдиган Туркистонликлар кўпдир. Жаҳон урушидан кейин Мадинадаги Бухороликларнинг йўлбошчилари Туркияга ҳижрат қилдилар. Онам Ойхон хоним Қўқоннинг Бешариқ туманида туғилганлар. Отаси Насруллоҳ афанди Ҳиндистонда таҳсил олган ва Қўқонда "ҳожалар ва эшонлар" номи билан машҳурдирлар. Бобом Насруллоҳ афанди Рус ишғолига қарши курашиш учун Босмачи (Қўрбошилар) ҳаракатида қатнашгани ва Сибирда қамоқда 8 йил ётган. Қамоқдан кейин аввал Тожикистонга кейин Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Қабул шаҳарларига жойлашган. Туркияга ҳижрат қилганларида (1938 йилда) онам Ойхон ҳоним тўққиз 9 ёшида экан. Ўзбекистонда қариндошларимиз бор, улар билан борди-келдимиз ҳам бор. Тошкантда, Қўқонда, Наманганда қариндошларимиз бор.

Би-би-си: Истанбулдан Абдурраҳмон Муҳаммад ҳам: "Ассалому алайкум ҳурматли Бурҳон Қовунчи! Жамиятингизнинг асосий мақсади нимадан иборат?

Бурҳон Қовунчи: Ваалайкум ассалом. Жамиятимизнинг асосий мақсади муҳожиротдаги Туркистонликларга илмий-марифий, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам беришдир. Олий мақсадимиз эса, буюк Туркистон озодлиги, ҳақиқий мустақиллиги, ватанимизда Ислом маданиятининг қайта тикланиши, Туркистонликлар эркин ва эътиборли инсонлар бўлиб яшашларидир. Бу олий мақсадлар ичида албатта сиёсий фикрлар ҳам мавжуддир. Аммо, бизга кўра аввало маданий, илмий, ижтимоий, диний тараққиёт аввалги вазифалар ҳисобланади.

Би-би-си: Айтиш жоиз бўлса, Туркистон ҳудудида жойлашган ҳар бир мамлакатда ўзига хос миллий ғоялар бор ва бу миллий ғоялар баъзи ҳолатларда бир-бирига мос тушмайди. Шу маънода Лондондан Бен яна: "Туркистон бирлиги энди китобларда ўқиладиган бир нарсадек", дейди ва: "... миллатларни қандай қилиб ҳамкорликка чақирасиз", деб сўрайди.

Бурҳон Қовунчи: Биз Туркистондаги, яъни Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистондаги юртдошларимизни исломий қариндошликка чақирамиз. Туркистон қариндошлиги, Ислом қариндошлиги бутун муаммоларнинг ечими учун кафолатдир, иншаАллаҳ.

Би-би-си: Бурҳон ака, мана ташкилотларингиз номини Туркистонликлар Халқаро Ҳамкорлик Жамияти деб атагансизлар, Марказий Осиё давлатларидан қайси бири билан расмий алоқаларингиз бор?

Бурҳон Қовунчи: Бизнинг жамиятимиз сивил, яъни фуқаровий жамиятдир. Яъни, ноҳукумат ташкилот. Давлатлар билан расмий алоқа бўлса, фуқаровий жамият ҳисобланмайди. Аммо, бундай жамиятлар халқнинг муаммоларини, талабларини, истакларини ҳукуматларга билдириш учун фаолият олиб боришади. Бизнинг жамиятимиз муҳожиротдаги юртдошларимизнинг муаммоларини ечиш учун иш олиб бормоқда. Баъзи масалаларда Истанбулдаги консулларга мурожаат этамиз.

Би-би-си: Ўзбекистон билан-чи, қандайдир алоқаларни йўлга қўйишга муваффақ бўла олганмисизлар? Агар алоқалар бўлмаса, бунга нима халақит беради?

Бурҳон Қовунчи: Ўзбекистон ҳукумати билан расмий алоқаларимиз йўқ, аммо жуда кўп Ўзбек биродарларимиз ва Ўзбек зиёлилари билан яхши алоқаларимиз бор. Зотан, биз учун расмий ҳукумат билан эмас, халқнинг ҳақиқий вакиллари билан алоқа қилиш муҳимдир.

Би-би-си: Истанбулдан Абдурраҳмон Муҳаммаднинг иккинчи саволи: "Марказий Осиёдаги ҳозирги вазиятни қандай баҳолайсиз?"

Бурҳон Қовунчи: Туркистон - бизнинг ота-боболаримизнинг ватани фақат ҳозир эмас, 500 йилдан бери бундай аянчли ҳолатдадир. Амир Темурнинг, Улуғбекнинг ва Ибн Синоларнинг неваралари ҳозир камбағал, фақир ҳолатда иш топиш учун Москвада бир-бирлари билан уришиб юрган жоҳил одамлар бўлиб қолишган. Шарқий Туркистонда Чиннинг зулмидан инграган юртдошларимизнинг фарёди дунёга тарқалмоқда. Ўзбекистондаги зулм, Хитойдаги зулмдан асло кам эмас.

Би-би-си: Энди мана Туркистон деб атаётган ҳудудда жойлашган мамлакатлар ўртасидаги мавжуд муносабатлардан ва у ердаги сиёсий вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, жамиятингиз ўз олдига қўйган мақсадларига ета олади дейиш мумкинми? Бу номни истамайдиган давлатлар ҳам йўқ эмас минтақада, хусусан, Тожикистон ва Афғонистонни олсак...

Бурҳон Қовунчи: Бизнинг мақсадларимиз жуда узоқ бўлиб кўриниши мумкин, лекин бу ерда икки хусусни таъкидлашни истайман. Биринчиси, 1950 йилларда туғилганлар орасида Туркистон исми маълум эди. Бир Кирғиз, бир Қозоқ бир Қашғарли "мен Туркистонликман" дер эди. Ҳозир Туркистон номи унутилди, унуттирилди. Буни қайта хотирлатишни кун тартибига келтириш қийин бир иш эмаску. 60 - 70 йил олдин мумкин бўлган иш, албатта, ҳозир ҳам мумкиндир. Иккинчиси, Туркистоннинг бирлиги аввало халқларнинг бирлигидир. Биз бу жойга келаётган Ўзбекларга, Қирғизларга, Қозоқларга улар Туркистонлик эканларини эслатамиз. Ниҳоий ўлароқ айри-айри давлатлар, байроқлар, чегаралар "сиз ўзингиз ва ота боболарингиз ўйлаб топган нарсалардан бошқа нарса эмасдир" деймиз (Юсуф сураси, 40 оят). Бугун "халқларнинг биродарлиги" шиори юксалмоқда. Бутун Мусулмонлар бир-бирларига биродардирлар. Бизнинг айри-айри, парча-парча бўлишимиз диктаторларга ва импералист давлатларга хизмат этмоқда. 2010 йилда "Қирғизистон фожеаси", деб айтилган воқеаларда мингларча туркистонликлар ўлди. Туркистон учун курашиш бундай жаҳолатларнинг битиши, қайта такрорланмаслиги учун курашиш демакдир. Бу фожеалар, бу жаҳолатлар нақадар ҳақиқат эса, уларга қаршу курашиш ҳам шу қадар ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам, Туркистон бир хаёлдан иборат эмасдир. Минг йилдан бери бор бўлган бир ҳақиқатдир. Туркистон учун курашиш бугунги кунда Ўрта Осиёдаги халқларимиз орасида тинчлик ва биродарликни ўрнатиш учун курашишни билдиради.

Би-би-си: Энди бу курашни қандай амалга оширмоқчисизлар?

Бурҳон Қовунчи: Туркистонга, яъни ватанимизга бу масалада кўп даъватлар қилаяпмиз. Оммавий ахборот воситаларида, интернетдан даъват қиляпмиз. Русиядаги, Америкадаги, араб давлатларидаги Туркистонликлар билан алоқани тикладик. Ўрта Осиёдан келган тижоратчилар билан учрашиб, уларга мақсадларимизни тушунтираяпмиз. Бу орқали даъватимизни халқимизга етказишга уринаяпмиз. Яқинда бу мамлакатларда ҳам жамиятимизнинг бўлимларини очишни режалаштирганмиз. Биз Истанбулда ўтказган Туркистон қурултойи каби қурултойлар, зиёлилар учрашувларини ўтказмоқчимиз.

Би-би-си: Швециядан Муҳаммадсолиҳнинг саволларини ўқиб берсам: "Бурҳон ака, Туркияда туркий давлатлар иштирокидаги саммит бўлиб ўтди. Бу саммит давлат раҳбарлари иштирокида бўлди. Шу учрашув доирасида сизнинг ташкилот ҳукумат билан бирга ўша давлатлар ёзувчи, зиёлилари орасида, борди-келди қилиб, маданий-ижтимоий интеграция жараёнига ҳисса қўшса бўлмайдими?"

Бурҳон Қовунчи: Туркий давлатлар иштирокидаги саммит ва яқинлашишлар албатта яхши фаолиятлардир. Биз буларга боғлиқ бўлмасдан ҳам ўзаро алоқалар қилишимиз керак. Шундай учрашувлар доирасида ҳам муносабатлар қилиш мумкин. ИншаАллоҳ Туркиядаги расмий мақомларга мурожаат қиламиз. Туркистондаги Маданий ва Ижтимоий бирлик учун кўп ишлар қилишимиз керак. Туркистоннинг ёзувчилари ва зиёлилари орасида яхши муносабатлар ўрнатилса, давлатлар орасида ҳам муносабатлар ҳам янада соғлом ва доимий бўлиши мумкин иншаАллоҳ.

Би-би-си: Муҳаммадсолиҳ яна: "Ўзбекистонни бу саммитга келмаганини қандай изоҳлайсиз?" деб сўраяптилар.

Бурҳон Қовунчи: Туркий давлатлар иштирокида саммитларнинг охиргиси Туркияда ўтган Турк Консейи саммитидир. Буларда Ўзбекистон қатнашмади. Ўзбекистон раҳбарияти эса, қўшни давлатларнинг ҳеч бири билан яхши алоқа қилмайди. Уларнинг алоқаси баъзан Русия билан, Чин билан, баъзан ҳам АҚШ билан, НАТО билан бўлади. Ислом Каримовнинг ҳукумати Туркия билан яхши муносабат қилмайди. Ўз халқи билан ҳам яхши муносабати йўқ. Бундай саммитлар фақат Туркий давлатлар орасида эмас, умуммусулмонлар орасида ҳам бўлса, яна яхши бўлади. Туркистоннинг бирлиги учун Исломий иттифоқлар ҳам ниҳоятда муҳимдир. Чунки, Туркистонда туркий тилда гапирмайдиган халқлар ҳам бор, Тожиклар, Паштунлар каби. Бизнинг учун халқлар орасидаги алоқалар янада муҳимдир. Туркистон халқлари орасидаги алоқалар аслида яхшидир. Халқларимизнинг тили бирдир, ундан-да муҳими дини ҳам бирдир.

Би-би-си: Қизиқарли суҳбат учун катта раҳмат!

Бурҳон Қовунчи: Сиз ҳам соғ бўлинг. Туркистон халқларининг ҳаммасига салом йўлланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ