Науфал Муқимий: 'Мен аллақачон орзуларимда яшаяпман'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

(Видеолавҳа 2010 йил ноябрида тайёрланган)

Науфал Муқимий Тошкентда туғилган.

1998 йилдан бошлаб Успенский номидаги Республика махсус мусиқа мактабида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, профессор Тамара Афанасьевна Попович қўлида таҳсил олган.

У 2002 йилдан халқаро совринларни қўлга кирита бошлайди.

Науфал Франса, Литва (2002), Америка Қўшма Штатлари (2003) ва Россияда (2005) ўтказилган конкурсларда иштирок этади.

2007 йил Буюк Британиядаги машҳур билим даргоҳларидан бири - Пурсел мактаби (Purcell School) Науфалга грант билан ўқиш имкониятини беради.

У 2009 йил Олмониянинг Веймер шаҳрида ёш пиониночилар Халқаро Франс Лист конкурси финалисти бўлади.

Науфал кейин ўқишини Лондондаги Тринити-Лабан мусиқа ва рақс консерваторияда давом эттиради.

2013 йил у мусиқа коллежини энг юқори натижалар билан якунлаган.

Консерваториядаги ўқиши жараёнида Науфал яна қатор халқаро совринларни қўлга киритган.

Науфал ижро этган Балакиревнинг Шарқ фантазияси туркумидаги "Исламей" композицияси Британиянинг машҳур радио канали Classic FM тўлқинларида ҳавога узатилган.

Яқинда у Санта Чечилия Пианиночилар халқаро конкурсида биринчи ўринни эгаллади.

Науфал айни пайтда Лондондаги Тринити-Лабан мусиқа ва рақс консерваториясида профессор Дениз Геленбе қўлида таҳсилини давом эттирмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption "Науфал жуда ўзига хос талант", дейди профессор Дениз Геленбе

Науфал Муқимий билан суҳбат

Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони ўзбекистонлик ёш пианист Науфал Муқимий бўладилар. Ассалому алайкум Науфал дастуримизга хуш келибсиз.

Науфал: Ассалому алайкум.

Би-би-си: Лондондан Шаҳлохон исмли тингловчимиз йўллаган саволларни ўқиб берсам: "Авваломбор ассалому алайкум Науфал. Сиз пианино чалишни неча ёшингиздан бошлагансиз? Яхши пианист бўлиш учун табиатан талант бўлиши лозимми ёки тажриба билан ҳам бунга эришиш мумкинми?

Науфал: Мен пианино чалишни етти ёшимдан бошлаганман, Тошкентдаги Успенский номидаги мактабда. Мен талант ҳаммада бор, деб ўйлайман, дарс билан бунга эришиш мумкин. Лекин, яхши устоз... инглизчага айтсам, яхши мусиқачилар атрофида бўлиш ижрочига ижобий таъсир кўрсатади.

Би-би-си: "Устозларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Марҳум устозингиз Тамара Афанасьевна Попович ҳақидаги хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз. Сизнинг ҳаётингиз, ижодкорлик фаолиятингизда ўрни қандай бўлган у инсоннинг?", деб сўрайди Лондондан Феруза.

Науфал: Аввало, жойлари жаннатда бўлсин, улар 1-2 йил олдин оламдан ўтдилар. Бу инсон менинг ҳаётимда жуда катта рол ўйнаган. Барча муваффақиятларим, барча, барчаси шу устозим ва онам орқали келган, десам ҳам хато бўлмайди. Устозимнинг пианистлик фаолиятимда ўйнаган катта ролларидан бири - у менга мусиқачиликнинг техник сирларини ўргатган, айни шу жиҳат пойдеворини қўйган десам ҳам бўлади. Бусиз мусиқачиликни тасаввур қилиш қийин. Устозимдан олган билимларим туфайли мен Оврўподаги муҳитга осонгина мослашдим.

Би-би-си: Лондондан Фарангиз қатор саволлар беряпти: "Ўзбекистонлик мусиқачи сифатида Англияда қандай мушкулотлардан ўтишингизга тўғри келди, агар шундай ҳолатлар бўлган бўлса? Ижродаги энг ҳузурбахш нарса нима? Ҳар доим пианиночи бўлишни орзу қилганмисиз ёки ёшлигингизда бошқа касбни ҳам эгаллашни истаганмисиз?"

Науфал:Битта қийинчилик бўлган, Англияда сал-сал бошқачароқ, система бошқачароқ. Лекин, унча кўп қийинчилик бўлмаган. Чунки, мумтоз мусиқа бўйича мутахассислар дунёда у қадар кўп эмас, бу жуда кичик жамоа. Дунёнинг қайси бурчагига борманг, бир хил манзарага гувоҳ бўласиз. Масалан, буюк мусиқачилардан сабоқ олмоқчи бўлсангиз, уларнинг баъзилари инглизчада сўзлашишмайди. Сиз ҳар доим улар билан имо-ишоралар, мусиқа ва уни пианинода чалиб кўрсатиш орқали мулоқот қиласиз.

Пианиночи бўлиш орзусига келсак, бу танлов бутунлай онамга тегишли. Чунки, мен ўшанда бор-йўғи 7 ёшда эдим ва у вақтда ҳаёт борасида ҳеч қандай қарор бера олмасдим. Аммо, орадан бир неча йил ўтиб, концертлардаги олқишларни кутиб оларканман ва нимадир қилишга қодир эканлигимни ҳис қиларканман, менда мусиқа, ижрони давом эттириш истаги ўсиб борди ва бу ҳеч қачон тўхтагани йўқ. Хуллас, мен пианино чалишдан ростдан ҳам ҳузур оламан. Уни тўхтатиш ёки бошқа нарса қилиш режамда йўқ. Мен ўз касбимдан жуда хурсандман.

Би-би-си: "Жаҳон композиторларидан кимларни ва уларнинг қайси ижод намуналарини ўз руҳиятингизга яқин биласиз ва нима учун?" деб сўрайди тингловчиларимиздан яна бири.

Науфал: Жаҳон композиторларидан ҳаммасини...қандай айтсам... Бу худди кундалик овқатланишга ўхшайди. Масалан, мен паловни, бошқа ҳар қанақа таомларни яхши кўраман. Аммо, сиз ҳар куни палов ея олмайсиз, кўнглингизга уради. Бастакорлар билан ҳам худди шундай. Мен шахсан рус мусиқачилари асарларини чалишни жуда севаман. Масалан, Рахманиновни, Балакиревни... Шунингдек, менга романтик давр бастакорлари асарларини ўйнаш ёқади. Шубҳасиз, Шопинни яхши кўраман... Моцарт ва ё Бетховен каби классик композиторлар ижоди мен учун қийинроқ, чунки улар кўпроқ тушунишни талаб қилади. Ўзбекистонда катта бўлар эканман, кўпроқ Москва консерваторияси таъсирида бўлганман ва боя айтганимдек, романтик даврдаги рус композиторлари ижоди мен учун қулайроқ.

Би-би-си: Шаҳлохоннинг яна бир саволи: "Қайси машҳур пианистлар асарларини кўпроқ ижро этишни истардингиз?"

Науфал: Кўпроқ ижро этиш... бу қийин савол, аммо мен айни пайтда Шопен асарлари устида ишлаяпман. Ҳозиргача унинг 24та асарини тугатдим. Бир кун келиб, Шопеннинг бутунбошли ижодини ўрганиб оламан, деб умид қиламан. Ҳозир олдимда турган мақсад шу.

Би-би-си: Яна бир тингловчимиз: "Ўзингиз ҳам мусиқий асарлар яратишга уриниб кўрганмисиз?" деб сўраган, марҳамат.

Науфал: Мен олдин мусиқа басталашга уриниб кўрганман. Бироқ, кўп йиллар давомида мумтоз мусиқа билан шуғулланиб келганим боисми, ўзим англамаган ҳолда, ғояларни кўчириб қўяман. Ҳали ўзимнинг ғояларим билан чиқа олаганим йўқ. Мен олдинги композиторлар ишларини ўрганишга шу қадар ихлос қўйганманки, улар таъсиридан чиқиб кета олмайман. Шунинг учун, ҳозирча ўз мусиқамни яратишдан воз кечиб тура қоламан. Агар келажакда нимадир туғиладиган бўлса ва мен бунга қодир бўладиган бўлсам, эҳтимол қиларман. Лекин, ҳозир менда бу ишга илҳом йўқ.

Би-би-си: Ўзбекистонлик тингловчилардан бири сўраяпти: "Репертуарингиздан ўзбек композиторлари ижод намуналари ҳам ўрин эгаллаганми? Улар ҳақида фикрингиз қандай? Уларнинг ижодларини қандай баҳолайсиз?"

Науфал: Аввало, мен мумтоз мусиқа ишқибозиман. Дунёда замонавий мусиқа усталари кўп, мен уларни ўзимга сингдиришга жуда қийналаман. Кўпда ўзимга-ўзим: "19-, 20-асрларда туғилган бўлсам эди", деб айтаман. Чунки, бугун кунда мумтоз мусиқа борган сари кам танилмоқда. Ва мен ўзбек бастакорларини замонавий композиторлар сирасига киритаман. Уларни баҳолаш мен учун қийин. Лекин, ишонаманки, кучли бастакорлар бор. Мен 18-,19-асрлар, 20-аср бошларидаги асарлар атрофида ўралашиб қолганман. Шундай экан, ўзбек бастакорлари ҳақида кўп нарса айта олмайман.

Би-би-си: Фарангиз: "Ёшлар мумтоз мусиқа тинглашга келмасликлари сизни ташвишга соладими?"

Науфал: Ҳа, ташвишга солади. Чунки, ҳозирлар концертлар берарканман, одатда келадиганларнинг айримлари менга ўхшаган одамлар, масалан, ҳамкасбларим, коллежимдаги талабалар...ўрта ёшдаги одамлар, кексалар... Концертда ёшларни қарийб кўрмайсиз. Бир кун келиб мумтоз мусиқа унутилади, деб қўрқаман. Ва мен бу мусиқа йўқолиб кетмаслиги учун қўлимдан келганча тарғиб қилишга ҳаракат қиламан. Чунки, менинг назаримда бу унутилмаслиги керак бўлган жуда гўзал санъат...

Би-би-си: Тингловчимиз Шаҳло: "Келажакдаги орзуларингиз қандай, агар сир бўлмаса?" деб сўрайди.

Науфал: Маълум бир белгиланган мақсадим йўқ. Чунки, мен аллақачон ўз орзуларимда яшаяпман. Мусиқа ўйнашга қодирман. Имконим етгунга қадар ана шу ишни, мусиқачиликни давом эттиришни истайман.

Би-би-си: Науфал, қизиқарли суҳбат учун катта раҳмат! Ижодий фаолиятингизга муваффақиятлар тилаймиз!

Науфал: Катта раҳмат!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ