Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Қишлоғимиздаги кўпчилик Олмония чемпион бўлади, дейди...'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистондан ашаддий футбол ишқибози бўлган суҳбатдошимиз, “ҳозир қишлоғимиздагилар ҳам Олмония ва ҳам Аргентинага бирдек мухлислик қилишаяпти. Аммо айнан ўша ярим финалдаги ўйинидан кейин, кўпчилик Олмониянинг чемпион бўлишини тахмин қилаяпти. Аммо буни футбол деб қўйибди. Устига устак, жаҳон чемпионатининг финали. Ҳар нарса бўлиши мумкин”, - дейди.

Унинг айтишича, Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг финал учрашувини бугун ҳамкасблари ва дўстлари билан қишлоқларида янги очилган тунги кафечада томоша қилишмоқчи.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, "Аммо аксарият учун Аргентинанинг финалга чиқиши кутилмаган бўлди", - дейишни ҳам унутмайди.

“Олмонияни кўпчилик кутганди. Лекин Аргентинанинг финалга чиқиши қандайдир тасодиф бўлди. Чунки ўйини, тактикаси унақа кучли эмасди. Чунки қишлоғимиздаги аксарият Голландиянинг финалга чиқишини кутиб ўтирганди”, - дея ўз хулосаси сабабини изоҳлайди у.

Суҳбатдошимиз шахсан ўзи Олмониядан ташқари мезбон Бразилиянинг иккинчи финалчи бўлишига қаттиқ кўз тиккани, жамоанинг ярим финалдаги йирик ҳисобдаги мағлубияти ортидан, бир кун боши оғриб юрганини айтади.

“Кутилмаганда бунақа ҳодисалар бўлиб туради. Ўша битта ўйинга руҳан тайёр бўлмаслик оқибатида ҳам шундай бўлган бўлиши мумкин. Футболда бунақа нарсалар бўлиб туради, дедигу, лекин Олмонияга бунчалик йирик – 1:7 ҳисобида ютқазишини кутмагандик. Менимча, ҳеч ким кутмаганди”, - дейди у.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, янги жаҳон чемпиони ким бўлиши борасида ўзбекистонлик таниқли мураббийлар ҳам бир-бирига тамом тескари фикрда.

Жумладан, Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов, "албатта, Олмония чемпион бўлади", деган фикрда бўлса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ Бош мураббийи Вадим Абрамов, "барибир Аргентина ғолиб чиқади", - дейди.

Мезбон Бразилия

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, кеча шанба кунги учрашувда Голландияга 0:3 ҳисобида ютқазаркан, Бразилия ўзи мезбонлик қилган бу йилги биринчиликнинг бронза медалларидан ҳам қуруқ қолди.

Жаҳон чемпионати арафасида кўпчилик айнан уларнинг ғолиб чиқишини башорат қилишган, жумладан, дунёнинг энг номдор мураббийларидан айримлари ҳам устунликни сариқ канарейкаларга беришганди.

Бугун якшанба куни эса, биринчиликнинг барча драмаю фожеалари ортидан, дунё бўйлаб миллионлаб футбол ишқибози ва ҳатто, ишқибози бўлмаганларининг нигоҳи ҳам Бразилиядаги афсонавий “Маракана” стадионига қаратилади.

Тошкент вақти билан қоқ тун, Лондондагиси билан кеч соат 20:00 да Олмония ва Аргентина дунёнинг 32 миллий терма жамоаси орасида бир ойлик кураш, кўз ёшлар ва қувончу аламларга сабаб бўлган ягона кубок учун майдонга тушишади.

Риодаги финал учрашуви – ёмғирни ёмғир, иссиқни иссиқ, минглаб чақирим йўлларни йўл билмай, мезбон Бразилиянинг 12 шаҳри орасида кечган футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионатининг энг қиёмига етган нуқтаси бўлади.

Букмекерлик идоралари жума кунига қадар Олмония-Аргентина учрашувини бошқаришда Равшан Эрматовнинг имкониятларини қолган барча ҳакамларникидан юқори баҳолашган эса-да, ФИФАнинг якуний қарорига мувофиқ, унга италиялик Никола Риццоли ҳакамлик қилади.

Эски рақиблар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Эслатиб ўтиш жоиз, бу - Олмония ва Аргентинанинг жаҳон чемпионати тарихида илк бор ягона кубок учун майдонга тушишлари эмас.

Бугунги икки рақиб жамоа бир-бирларига анча синашта: икковлон бунгача 1986 ва 1990 йилларда жаҳон чемпионлиги учун бир-бирларига қарши тўп суришган ва бир маротабадан ғалаба қозонишган.

Икковлон ягона кубок учун курашган сўнгги учрашув эса, 2010 йилги жаҳон чемпионатининг чорак финалига тўғри келади.

Ўзбекистонлик номдор ҳакам Равшан Эрматов ишлаган ўша ўйинда Аргентина Олмониядан йирик – 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраган.

Олмония бу йилги финал учрашувини чемпионликка асосий даъвогар сифатида бошласа-да, бунгача Гана ва Жазоирга қарши ўйинларидан чиқарган яхшигина сабоғини ёдда тутиши аниқ.

Якшанба кунги рақибларига қараганда анчайин кучсизроқ гуруҳга тушган Аргентина учун эса, бу каби аччиқ тажриба бу йил бироз ёт.

Ярим финалда ҳам Голландияни фақат пенальтилар сериясида мағлуб этишга муваффақ бўлган, холос.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бразилияда кечаёган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал учрашуви бу икки миллий терма жамоа учун кўп нарсани англатади.

Жумладан, Олмония Жанубий Америка тупроғида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган биринчи Оврўпо қитъаси вакили бўлади.

Устига устак, мезбон Бразилия дарвозасига киритган тўплари ҳисобига биринчилик тарихидаги энг зўр тўпурар миллий терма жамоага ҳам айланади.

Аргентина эса, сўнгги бор ғолиблик шоҳсупасига айнан бугунги рақиблари – Олмонияни енгиб, бундан 28 йил бурун афсонавий футболчиси Марадона бошчилигида муваффақ бўлган.

Аммо 1990 йилдан буён чемпионлик гаштини татимаган, шу боис ҳам миллий терма жамоа учун Олмония устидан ғалаба нимани англатиши яхши маълум.

Аргентина миллий терма жамоаси бу йил ўзининг юлдузи, тўрт карра “Жаҳоннинг энг зўр футболчиси” Лионель Мессига қаттиқ орқа қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аммо Олмония ҳам Бразилияда киритган тўплари ҳисобига аллақачон жаҳон чемпионатларининг энг зўр тўпурарига айланган тажрибали ўйинчиси Мирослав Клозе ва бу йилги биринчиликнинг “Олтин тўпи”га даъвогарлик қилаётган номдор ҳужумчиси Томас Мюллерлар билан майдонга тушади.

Икковлон ўртасидаги эпик курашни эса, Рио-де-Жанейродаги “Маракана” стадионида финал учрашуви чиптаси учун ҳар қанча пулни писанд билмаган 75.000 га яқин ишқибоз тўғридан-тўғри томоша қилиши мумкин бўлади.

Устига устак, мезбон Бразилиянинг айнан қай бир миллий терма жамоага мухлислик қилишини ҳам кўриш қизиқ бўлади:

Қани, ўзимизнинг Жанубий америкалик-ку, деб Аргентинани қўллашармикан ёки кўз тиккан Олтин кубокларининг Буэнос-Айрес кўчаларидан олиб ўтилаётгани хаёлидан чўчиб кетиб, ўзларини финалга чиқиш бахтидан мосуво этган “ ашаддий” рақиблари Олмонияга ҳа-ҳалашармикан?

Энди буни яна саноқли соатлардан сўнг Бразилияда старт олажак финал учрашуви кўрсатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02