22.08.14 - 29.08.14: Биз бир ҳафта олдин билгану билмаган нарсалар

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу рўйхатга, балки, бир ҳафта бурун умуман сизнинг хаёлингизга келмаган 10 та ғаройиб хабарни киритди.

Улар билан танишиб, ўзингизни бир синаб боқинг-чи! Сиз шундай эканини билармидингиз?:

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Голливуд юлдузлари Брэд Питт ва Анжелина Жоли, ва ниҳоят, Францияда никоҳдан ўтиб, оила қуришгани маълум бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Агар, янги тадқиқот натижаларига таянилса, ўргимчаклар ўрмонлару, чангалзорлардан кўра, шаҳарларда "мазза қилиб" яшашаркан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Англиялик олимларга кўра, умрингизнинг узоқлиги, руҳий саломатлигингиз ва ҳатто, кўзингизнинг кўриш қуввати ҳам қайси ойда туғилганингизга боғлиқ бўлиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг энг сўнгги башоратларига кўра, илк бор ғарбий Африкада қайд этилган мудҳиш Эбола хасталигига 20.000 дан ортиқ одам чалиниши мумкин.

Сўнгги тадқиқотлардан маълум бўлишича, кўпроқ помидор ейиш простатит бези саратонига чалиниш хавфини камайтиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Олимлар чўпон билан итининг нега бунчалар "апоқ-чапоқ" экани тагига етишди: Аён бўлишича, бунга чўпоннинг ҳеч бир алоқаси йўқ экан. Итнинг ўзи уюм-уюм оппоқ нарсалар орасида бўшлиқ пайдо бўлганини кўрса, қўйларни бир жойга йиғишга тушиб кетаркан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Винчестерлик зараркунандаларга қарши курашувчи ходима маҳаллий яшовчилардан бирининг уйига бориб оғзи очилиб қолди: У ётоқхона катида катталиги қарийб бир метр келувчи ари уясига гувоҳ бўлди. Бунақаси бўлмаган, дейди аёлгина...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Агар, фавқулодда таъмирлаш ишлари олиб борилмаса, Афғонистондаги 800 йиллик тарихга эга ва дунёдаги иккита энг узун (65 метр) минорадан биттаси бўлган қадим "Жом" таг-туги билан қулаб тушаркан.

Fuji Xerox янги русумдаги робот принтер яратди. У қоғозларни принтдан чиқариш билан бирга, уни эгасига ҳам ўзи элтиб беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида эса, филларни асраб қолиш учун уларнинг ўзлари томонидан "чизилган" суратлар сотувга қўйилибди. Ҳа-аа...

Ўтаётган ҳафта назарга тутилганда, сиз бу рўйхатга яна қандай ғаройиб фактларни қўшган бўлардингиз?

Фикрларингизни бизга йўллашни унутманг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02