Ижтимоий минбар: Хайрулло Ҳамидов нима учун қамоқда ўтирибди?

Image caption Хайрулло Ҳамидов 2010 йилдан буён қамоқда

Душанба куни Ўзбекистоннинг блоггерлар ҳақидаги янги қонунини танқид қилган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Хайрулло Ҳамидов ва қамоқдаги яна икки журналистни озод этишга чақирган.

"Мен фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ҳукуматини журналистлар Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид ва Хайрулло Ҳамидовларни озод қилишга чақираман", - деб айтган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакиласи Дуня Миятович.

Миятович хонимга кўра, 5 сентябр куни кучга кирган “Ахборотлаштириш ҳақида”ги қонунга ўзгартиришлар Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлигини янада чеклайди.

Ўзбекистон қамоқдаги журналистларнинг сони бўйича дунёда энг олдинги қаторларда.

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Президент Ислом Каримовни мунтазам равишда "Интернет душманлари" рўйхатига киритиб келади.

Таниқли спорт шарҳловчиси ва диний-маърифий эшиттиришлар муаллифи бўлган Хайрулло Ҳамидов 2010 йилда диний экстремизмда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ундан икки йил аввал Қорақалпоғистондаги маҳкама мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновни гиёҳванд моддалар савдосида айбдор деб топиб, 10 йилга маҳкум этган эди.

Яна бир мустақил журналист Дилмурод Саййид эса, 2009 йилдан буён таъмагирлик айблари билан қамоқда.

Халқаро ташкилотлар уларнинг барчаси, шунингдек, мухолифатдаги "Эрк" партиясининг нашри бўлмиш "Эрк" газетаси ходимлари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродовларнинг журналистик фаолияти учун қамоққа ташланганликларини айтишади.

"Ҳеч ким гапиргани ёки ёзгани учун қўлга олинмаслиги, ҳибс қилинмаслиги ёки қамоққа ташланмаслиги лозим",- деб айтган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович.

Сиз Хайрулло Ҳамидов ва бошқа журналистлар нима учун қамоқда ўтиришибди, деб ўйлайсиз?.

Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлигининг аҳволи сизни қониқтирадими?.

Шарҳларингизни Facebook ва Одноклассники даги BBCUzbek саҳифаларида қолдиринг.

Whatsapp рақамимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ