05.09.14 - 12.09.14: Биз бир ҳафта олдин билгану билмаган нарсалар

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу рўйхатга, балки, бир ҳафта бурун умуман сизнинг хаёлингизга келмаган 10 та ғаройиб хабарни киритди.

Улар билан танишиб, ўзингизни бир синаб боқинг-чи! Сиз шундай эканини билармидингиз?:

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Британиялик ихтирочиларнинг даъво қилишларича, робот "Борис" келаси йилдан бошлаб уй бекаларининг оғирини роса енгил қилади: идиш ювгич машинага ҳамма нарсани ўзи жойлаб қўяди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ғарблик олимларнинг янги тадқиқотларига таянилса, сиз мазза қилиб ухлаб ётган пайтингизда ҳам, миянгиз уйғоқ бўларкан, ҳатто, сўзларни бир-биридан ажрата оларкан...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Арманистон президентининг янги ташаббуси кўпчилик учун қизиқ туюлиши табиий: Серж Саргсян жаноблари мамлакатини ҳаммага танитиш учун бутун дунё бўйлаб сочилиб кетган 10 миллион арманини сафарбар этмоқчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи apple

Apple ширкати эса, ўзининг янги смартсоатлари билан бирга...

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

ўз мобил телефонининг ашаддий ишқибозлари интиқлик билан кутган iPhone 6 ни ҳам тақдим этди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Америкалик олимларнинг бошлари осмонда: Улар Саҳрои Кабирдан гўштхўр динозаврлар ичидан энг йириги бўлган спинозаврнинг қолдиқларини топишган. Топилдиқлари эса, уларнинг тахминларини тасдиқлаган: Спинозаврлар сузишга ҳам қодир бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Топилдиқларнинг зўрига келганда хитойлик 11 яшар болакай ҳам америкалик олимлардан заррача қолишмаган: Болакай Цзянцу вилоятидан оқиб ўтувчи дарёдан 3.000 йиллик тарихга эга бронзадан ишланган қилич топиб олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Америкалик олимларнинг айтишларича, шу ҳафта Ер сайёраси атрофидан битта ҳовли катталигида астероид учиб ўтган. Уларга кўра, Никарагуага тушган метеорит ана шу астероиднинг бир бўлаги бўлиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Шарқий Африкадаги қўриқхонада эса, эгизак бонго оҳуларининг туғилиши ҳафтанинг энг қойилмақом янгиликларидан бирига айланган. Чунки бу турдаги оҳулар деярли буткул йўқ бўлиб кетиш арафасида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL

Англиялик олимларнинг тахминларича, агар сиз семиз одамни тўлалиги учун қанча уялтирсангиз, бу унинг янада эт олишига сабаб бўларкан...

Ўтаётган ҳафта назарга тутилганда, сиз бу рўйхатга яна қандай ғаройиб фактларни қўшган бўлардингиз?

Фикрларингизни бизга йўллашни унутманг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02