12.09.14 - 19.09.14: Биз бир ҳафта олдин билгану билмаган нарсалар

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу рўйхатга, балки, бир ҳафта бурун умуман сизнинг хаёлингизга келмаган 10 та ғаройиб хабарни киритди.

Улар билан танишиб, ўзингизни бир синаб боқинг-чи! Сиз шундай эканини билармидингиз?:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Банан нега оёғингизни бунчалар тойитиши сабабини ўрганган япониялик олимлар ҳажвий Нобель мукофотига лойиқ, деб топилишган. Бу мукофот аввал кулдириб, кейин йиғлатган ҳодисаларнинг тагига етган инсонларга берилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрида ҳамжинсбозлар ҳам фойдаланиши мумкин бўлган масжид очилган. Унинг асосчиси бўлган маҳаллий мусулмон академигига кўра, аёлларга ҳам эшиклари очиқ бўлган масжид исломий радикализмнинг олдини олишга ёрдам беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Тез орада Британиянинг Ливерпуль шаҳрида афсонавий "Битлз" гуруҳи ижросидаги қўшиқ қаҳрамонларидан бири Элеанора Ригби шарафига ҳайкал очиларкан. Агар, бунинг нимаси қизиқ экан десангиз, бутунбошли ҳайкал 1.000.000.000 фунт стерлингга тенг миқдордаги яроқсиз қоғоз пуллардан ясалган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бир неча ойлик тақиқдан сўнг, Флорида маъмурияти яна олифта ўспиринчаларга кўча-куйда шимларини ярмигача тушириб юришларига изн берибди. Яқиндагина ҳаммага ўзининг ичкийимини кўз-кўз қилиб юрган йигитчалар қамоқ жазосига ҳам юз тутишлари мумкин эди.

Польшанинг Гданск шаҳрида қарийб чорак аср деганда Шекспир театри очиларкан. Биттагина шаҳарчага бунча ҳашаматнинг нима кераги бор, дерсиз...Масъулларга кўра, бунинг тарихий сабаблари бор: Ҳали буюк ёзувчи тириклик пайтидаёқ унинг асарлари Гданскда саҳналаштирилган экан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Майамилик 82 ёшли отахон эса, ярим аср деганда ўзининг севимли "E-Type Jaguar" русумидаги спорт машинаси билан топишибди. У киши 1968 йилда уйи ташқарисидан ўғирлаб кетилган машинасининг қайта топилишини "ғирт мўъжизанинг ўзи", демоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Нуфузли "Пью" омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган янги тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, америкалик ота-оналар ўз болаларига энг аввало масъулият, кейин қаттиқ меҳнат, сўнгра диний эътиқод ва охирида ўзгаларга ғамхўрлик ҳиссини сингдиришга уринишаркан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Фаррелл Уильямснинг "Happy" қўшиғига бахтиёрларча йўрғалашгани учун олти нафар эронлик бир йиллик қамоқ жазоси ва 91 дарра калтакка ҳукм этилишибди. Бу ҳақда уларнинг ҳимоячилари айтишмоқда.

Қуёшдан қувват олувчи қозон, тери тўқималарини тасвирга туширувчи био-принтер, ногиронларнинг қадларини тик тутувчи аравача ва ариларни текшириб кўрувчи ускуна бу йилги "James Dyson Awards" мукофотини қўлга киритибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳамкорликда олиб борилган халқаро тадқиқотлар эса, қотиллик шимпанзеларнинг қонида борлигини кўрсатибди. Бундан хулосага келиш учун 30 олим узоқ йиллар давомида шимпанзеларнинг 18 та тўдаси хулқ-атворини ўрганишипти.

Ўтаётган ҳафта назарга тутилганда, сиз бу рўйхатга яна қандай ғаройиб фактларни қўшган бўлардингиз?

Фикрларингизни бизга йўллашни унутманг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02