Истаравшаний: "Минтақада халқ инқилобларидан бошқа йўл йўқ"

Тожикистонлик таниқли журналист ва мухолифат фаоли Сайидюнус Истаравшаний Би-би-си Ўзбек хизмати радиоси тингловчилари ва bbcuzbek.com саҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб берди.

Сайидюнус Истаравшаний 1969 йилда Тожикистон шимолидаги Истаравшан шаҳрида туғилди.

Ўрта мактабни олтин медал билан тамомлагач, Россиянинг Саратов Рассомчилик Институтига ўқишга кирди.

Бироқ 1989 йилда ушбу институтни тарк этди, Тошкентга йўл олди ва таниқли руҳоний Маъруфжон Раҳимжонов қўлида диний сабоқ ола бошлади.

Маъруфжон Раҳимжонов 1990-1991 йилларда Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасига имом-хатиблик қилган.

Сайидюнус Истаравшаний 1994 йилдан 1999 йилга қадар Эрондаги Мустафо (с) Халқаро Университетида фалсафа ва исломий илмлардан таҳсил кўрди.

2001 йилда Сурия Дамашқ Университети Фалсафа ва Ҳикмат Бўлимида таълим ола бошлади ва 2007 йилда айни соҳада фан номзоди даражасига лойиқ деб топилди.

2008 йилдан буён "исломий ижтиҳод"дан сабоқ олиш билан бир вақтнинг ўзида Мустафо Халқаро Университети талабаларига фалсфадан дарс бермоқда.

Сайидюнус Истаравшаний 20 дан кўпроқ диний ва фалсафий асарлар ва яна кўплаб мақолалар муаллифидир.

Жаноб Истаравшаний охирги йилларда президент Имомали Раҳмон ҳукуматига мухолифатда бўлган кучлар сафида фаолият кўрсатмоқда.

У, шунингдек, Тожикистонда машҳур "Кимиёи саодат" веб саҳифаси асосчиси бўлиб, ушбу сайт орқали Тожикистон ва минтақада юз бераётган ҳодисаларни шарҳлаб боради.

Истаравшаний жумладан шундай ёзади: "Тарихни икки тоифа инсонлар яратганлар: бирлари ҳокимлар бўлса, иккинчилари тарихда аввал бошда ҳамиша "девоналар" дея қайд этилган озчиликдир... Ҳокимлар , ўзларига қасрлар қуриш билан, урушлар билан, қирғину қатли омлар билан, зулму ситам билан, мухолифларини зиндонга ташлаш билан... Ва аммо "девона" озчилик эса ҳокимларга "Йўқ!" дея қарши чиқиш билан, зўравонларга тан бермаслик билан, журъат ва риск билан..."

Ўтган ой бошида Тошкент вилоятидаги Зангиота туман аёллар қамоқхонасидан Сайидюнус Истаравшанийнинг турмуш ўртоғи Нилуфар Раҳимжонованинг ўлиги чиқди.

Жаноб Истаравшанийнинг айтишича, у 2012 йил бошида сохта айблар билан айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Сайидюнус Истаравшаний саволларингизга ҳам интернет ва ҳам радио орқали жавоб берди.

Суҳбатнинг радио версиясини жума кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Шум Бола, Ўзбекистон: Сурия ва Ироқдаги ҳодисалар ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Ироқ ва Сурия урушини қандай қилиб тўхтатиш мумкин?

Сайидюнус Истаравшаний: Ироқ ва Сурия масаласи бир оз мураккаб бўлгани учун шарҳ ва изоҳни тақозо этади. Аввал Сурияга тўхталсам. Сурия бўйича икки масала бор: биринчиси, мамлакат аҳолисининг бир қисми Башар Ассад режимидан норози бўлганидир. Иккинчиси, бу масалага бегоналар аралашуви ва унинг мураккаблашувидир. Сурия аҳолисининг каттагина қисми мавжуд низомдан норози бўлганига шубҳа йўқ. "Араб баҳори" бошланиши билан, улар юришлар ва норозилик намойишларини йўлга қўйдилар. Аммо бегоналар, жумладан Америка, Исроил, Туркия, Саудия Арабистони ва Форс кўрфази атрофидаги баъзи мамлакатлар Сурияда ўз сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш ва ўз ўринларига эга бўлиш учун бу мамлакат ички ишларига аралаша бошладилар ва ишни мураккаблаштириб юбордилар. Натижада уларнинг бу амали Башар Ассад мухолифлари зарарига тугади. Улар йўл қўйган хатолардан яна бири дунёнинг турли нуқталаридан жангариларни бу мамлакатга торта бошлаганлари бўлди. Муаммо бора-бора Сурияда ИШИД пайдо бўлишигача етди. Ҳозир бу террорчи гуруҳ ўзларининг бошига бало бўлмоқда. Энди эса бу мамлакатлар жам бўлиб, "ИШИДга қарши иттифоқни" туздилар. Улар Сурия ишига аралашиб, аввал бошдан хато қилган эдилар. Энди яна бир хатога йўл қўймоқдалар. Сурия масаласини сурияликларнинг ўзларига қўйиб бериш керакки, давлат ва мухолифат одилона ечимни топсинлар. Бегона давлатлар аралашиш ўрнига Сурия ҳукумати ва мухолифати ўртасида музокараларни ташкиллаштиришга ҳаракат қилишлари лозим. Бундан бошқа ҳар ҳар қандай уриниш бўҳронни янада чуқурлаштиради. Ироқ масаласида ҳам вазият ўхшаш. Бегона давлатлар бу мамлакат ички ишларига аралашмасликлари керак. Уларнинг аралашуви туфайли Ироқда ҳам ИШИД бош кўтарди. Айнан шу мамлакатлар ИШИДни яратдилар.

Аллоҳнинг қули: "Исломий Давлат" ва унинг ақидаси ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Сайидюнус Истаравшаний: Агар "Исломий Давлат" деганда ИШИДни назарда тутган бўлсангиз, мен бу гуруҳга мутлақо қаршиман ва уни террорчи гуруҳ деб биламан. Бу гуруҳнинг муаммоси фақат унинг зўравон ва ифротий амаллари эмас, балки фикри, андишаси ва ғояси ҳамдир. ИШИДни зўравон, инсониятга ва Исломга қарши амаллларга ундаган нарса уларнинг Ислом ҳақидаги андиша ва фикрларидан келиб чиқади. Улар Ислом ҳақида терс ва нотўғри тушунча шаклланган. Ислом ҳеч қачон бегуноҳ инсонларни, ҳатто улар кофир бўлсалар ҳам, ўлдиришга рухсат бермайди. Бу Исломга зид амалдир. Ислом мусулмонга асирни, ҳатто уруш асирини қатл этишга ҳаргиз ижозат бермайди. Пайғамбар (с) ва саҳобаи киром бундай ишларни ҳаргиз қилмаганлар. Ушбу террорчи гуруҳ туфайли Ислом душманларининг таъсири мусулмон давлатларда янада кучайди. Гуруҳнинг бор ғами фақат мусулмонларни қатл этиш бўлиб қолди. Охирги икки уч ой ичида уларнинг бегуноҳ мусулмонларга қарши содир этган жиноятларини тарих бўйи ҳеч бир душман содир этмаган. Қаранг, шу кунларда Кобанида курдларга қарши қандай жиноятлар содир этилмоқда? Нима курдлар кофирми?

Маъруфжон Маъруфий, Тожикистон: Сайидюнус Истаравшанийга саволим қуйидагича : Ҳар жойда, хусусан ижтимоий шабакаларда сизни шиа деб ёмон гаплар айтишади. Бу гапларни асосан Салафий фирқаси тарафдорлари айтишади. Шу гап рост-ми ?

Сайидюнус Истаравшаний: Аввало, булар иддаодан бошқа ҳеч нарса эмас. Бу тўҳматни тарқатганлар ҳозирга қадар биронта далил келтира олишмади. Уларнинг аксари Тожикистон ҳукуматининг хизматкорлари эканини ҳам яхши биламан. Улар турли бўҳтонлар билан ўз мухолифлари юзини қора қилмоқчи бўладилар. Иншоаллоҳ, мақсадларига эриша олмайдилар. Аммо, бу тўҳматни нима учун қилишларини ҳам биламан. Биринчидан, мен Эрондаман, иккинчидан мен ҳамиша мусулмонларни бирдамлик ва иттифоққа чақириб келганман. "Кимёи саодат" сайтида чиқарган мақолаларимнинг аксари марказида ҳам шу масала ётади. Ишончим комилки, мусулмонлар, хусусан шиалар ва суннийлар ўртасида бирдамлик ва иттифоқ бугун бир заруратдир. Зеро, ўртадаги ихтилофдан фақат душман фойда кўради. Мусулмонлар бедор, ҳушёр ва зийрак бўлишлари лозим. Менинг бирдамлик ва иттифоқ бўлишга чақириқларим баъзи такфирийлар ва мутаассибларга тўғри келмайди. Зеро, улар шиаларни кофир ва мушрик, деб биладилар. Уларнинг ишончига кўра, шиаларни ўлдириш керак. Афсуски Маркавзий Осиёда, жумладан Тожикистонда ҳам такфирийлар ўз жойларини топганлар. Уларнинг буни кофир ва уни мушрик деб аташдан бошқа ғамлари йўқ. Бундай мутаассиблар ва ифротийларга қарши туриш керак, аммо қалам, андиша ва фикр билан. Уларга Ислом улар таблиғ этаётган дин эмаслигини тушинтириш даркор. Улар дунёга Ислом юзини қора қилиб кўрсатишади. Уларга мусулмонларни такфир ва куфрга нисбат бериш тўғри эмаслигини тушинтириш керак. Калимаи шаҳодатни айтган ҳар қандай инсон мусулмондир, ҳатто агар намоз ўқимаса ҳам. Буни Пайғамбар (с) ҳазратлари бир ривоятда буюрганлар. Шундай экан калимаи шаҳодатни тилга олган бир шахсни кофир ҳисоблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шиалар ҳам мусалмондирлар, улар мушрик ёки кофир эмаслар. Улар бошқа мусулмонлар сингари намоз ўқишади, рўза тутишади, закот тўлашади. Буни ҳамамиз кўриб турган бўлсак, қандай қилиб улар мушрик ё кофир бўлишлари мумкин?! Такфир нохуш ва хунук бир феномендир.

Анвар, Тошкент: Ўтган ҳафта тожик мухолифати Тожикистонда намойишга чиқамиз деб эълон қилганди. Аммо, ҳеч қандай намойиш бўлгани йўқ. Мухолифат фаоли сифатида бунинг изоҳини берсангиз. Раҳмат.

Сайидюнус Истаравшаний: Тожик мухолифатининг бир қисми мамлакат ташқарисида ва бир қисми мамлакат ичкарисида фаолдир. Бу галги намойиш чақириғи хориждаги мухолифатнинг икки-уч гуруҳи томонидан бўлганди. Ичкаридаги мухолифат бу чақириққа рози бўлмади. Улар билан маслаҳатлашув ҳам бўлмаганди аслида. Аҳолининг бир қисми намойишда иштирок этиш истагини билдирди. Ичкарида ташкилотчи бўлмагани учун намойиш амалга ошмади. Аслида ҳеч қандай ҳамоҳанглашув бўлмаганди. Аммо, айтиш мумкинки, ташқаридаги мухолифат бир андазада ўз мақсадига эришди. Биргина чақириқнинг ўзи ҳукуматни ларзага солди. Ҳукумат барча кучини оёққа турғизганини, барча матбуот воситаларини беркитганини кўрдингиз. Ҳукумат ўз халқидан қўрқишини кўрсатди. Шундай экан мен мухолифатнинг бу қадамини беҳуда қадам деб баҳоламайман. Бу келажак сари ташланган илк қадам эди. Қолаверса, ҳар ишнинг боши бўлади. Мухолифатнинг бу қадами, бошланиш эди.

Мурод Норматов, Хўжанд: Нега тожик мухолифати бирлашмаган ва анчайин тарқоқ?

Сайидюнус Истаравшаний: Албатта, гоҳида турли гуруҳлар ўртасида фикр ва қарашларда ихтилофнинг бўлиши табиий ҳолдир. Уларнинг ҳадафлари бир хил, уларнинг ҳаммаси Тожикистоннинг туб ўзгаришга эҳтиёжи борлигини эътироф этишади, аммо тактикада, яъни мақсадга эришиш усулларида фарқлар бор. Баъзилари ҳозирги пайтда қонун чорчўбасида иш олиб бориш мантиқийдир, деб ишонади. Улар четдан туриб эмас, балки парламент ва президент сайловларида иштирок этиш билан курашиш керак дейишади. Аммо баъзилари бу тизим ва бу режим бор экан, сайловда иштирок этиш уни янада мустаҳкамлайди, шунинг учун сайловларда иштирок этмаслик керак, уларни бойкот қилиш зарур, деб ишонишади. Сайлов қонунига туб ўзгартиришлар киритилган тақдирдагина барча партиялар ва сиёсий гуруҳлар сайловларда эркин иштирок эта олишади ва сохтагарчиликлар бўлмайди, дейди улар. Мухолифат ўртасидаги бундай қарама-қарши кўз қарашлар барча давлатлар ва режимларда бор, деб ўйлайман.

Ўзига Бек, Тошкент: Ўрта Осиёдаги авторитар тузумларни қандай қилиб ўзгартириш мумкин деб ўйлайсиз?

Сайидюнус Истаравшаний: Жаноб Мурод Норматов саволига жавобимда айтдимки, бу диктаторлик ва авторитар тузумларни ўзгартириш масаласида (бир оз бўлсада демократия барқарор бўлган Қирғизистон истисно албатта) назар ва кўзқарашлар турличадир. Сўраганингиз учун ўз қарашларимни баён этсам. Минтақадаги авторитар ва диктатор режимлар, хусусан Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда тузумлар шундай яратилганки, қонун чорчўбасида уларни ўзгартириш деярли имконсиз. Яъни шундай қонунларни яратишганки, парламент асосий қонунга ўзгартириш киритса ҳам, бир диктатор ва авторитар ҳукмдор назорати остида бўлган тузум мутлақо ўзгармайди. Бошқача қилиб айтганда, улар диктатор ва авторитар тузумларни "қонунийлаштириб" олганлар. Шунинг учун ҳам бу авторитар ва диктатор ҳукмдорлар ўз "қонунлари" доирасида мухолиф партияларнинг фаолият юритишига унчалик қаршилик ҳам қилишмайди. Масалан, парламентда вакиллари бўлишига қарши чиқмайдилар. Албатта, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган миқдорда бўлиши шарти билан, яъни иккита, учта ёки тўртта... Ўшанда бу авторитар ҳукмдорлар бегоналарга: "Қаранг, сиз ўйлаганчалик авторитар ёки диктатор эмасмиз, мисол учун, парламентда мухолиф партиялар вакиллари ҳам бор," - дея олишади. Диктаторлик "қонуний" бўлгани учун ҳам бир шахс 20 йилга ёки ундан ҳам кўпроқ муддатга президент сифатида "сайланади" ва хорижий давлатлар ва ё халқаро ташкилотлар эътироз билдирсалар, бу диктаторлар: "Бизни халқ сайласа, айбимиз нима? Нима парламентда мухолифат намояндалари йўқми? Мана шу "халқ" парламенти бир қонунни тасдиқлаб, менга 25 марта президент сайланишимга изн бермадими?" - деб жавоб қайтаришади. Мусибат ҳам айнан мана шу ерда. Шунинг учун, бу мамлакатларда ўзгартириш ясашнинг ягона йўли халқ инқилоблари, деб ишонаман. Тузум ва режимлар ўзгариши керак, яъни нафақат ҳоким бошқа бўлиши даркор, балки тузум таг-томири билан ўзгариши лозим. Бу осон иш эмаслигини тан оламан, бироқ ўзгаришнинг ягона йўли шу, менинг назаримда. Шунинг учун бу мамлакатларда мухолиф партия ва турли гуруҳлар бу ишни амалга оширишда аниқ дастурга эга бўлишлари керак. Майли бунга кўп йиллар кетсин, аммо бошқа чора йўқ, бошқа йўл йўқ. Ишончим комилки, агар минтақадаги мухолиф партия ва гуруҳлар бу ақида атрофида бирлашсалар ва мамлакатларида ўзгартиришлар ясашнинг ягона йўли фақат ва фақат инқилоб эканини эътироф этсалар, ўшандагина аниқ дастурни ишлаб чиқишади, сабр ва матонат билан олға боришади. Бу иш имконсиз эмас.

Зоҳиджон, Наманган: Ҳурматли Сайидюнус сизга икки саволим бор: 1. Турмуш ўртоғингизнинг Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этиши ва бунинг сабаблари ҳақида бизга нима дея оласиз?

Сайид Юнус Истаравшаний: Аёлим Нилуфар онаси вафот этгач, синглиси ва икки укасига ҳам опа ва ҳам она эди. У 2009, 2010 йиллар бошида Тошкент шаҳрига бир неча бор сафар қилишга муваффақ бўлганди ва, четда қараганда, ҳеч қандай муаммога дуч келмаганди. 2011 йилда Нилуфарнинг укаси Муҳаммадиқбол уйланмоқчи бўлди. Нилуфар 2011 йилнинг июн ойида Эрондан Тожикистонга келганди. Менга телефон қилиб, совчилик ва тўй маросимини ўтказиш учун Тошкентга бормоқчи эканини айтди. Мен бунга қарши эдим. Унга: "Каримов режими мен ва отангни яхши кўрмайди ва бу сафардан воз кеч," - дедим. (Ҳозиргача бу режимнинг мени нега ёқтирмаслини билмайман, аммо тахминимча, бунга режимнинг ўзгача фикрловчиларга нисбатан писандсиз рафторига қарши ёзган танқидий мақолаларим сабаб бўлса керак.) Ҳатто унинг отаси, менинг онам ва фарзандларим ўша пайт унинг бу сафарига қарши чиққандилар. Аммо опалик меҳри уни Тошкентга боришга руҳлантирган эди. Мен у билан ҳар куни алоқада эдим. Совчилик маросимидан кейин, Нилуфарга тез қайтиши зарурлигини айтдим, аммо у тўйни ўтказишга ҳам рухсат беришимни сўради. Таъкидлаш зарур, Нилуфарнинг барча борди-келдилари визасиз ва ғайри қонуний эди. Мен буни эътироф этаман. Албатта, Нилуфарда Ўзбекистон фуқаролиги ҳам бор эди. 2011 йилнинг ноябр ойларида ва тўйдан бир оз олдин, Нилуфарни ушлашди. (Қайси органлар ушлаганини билмайман). Ва мен дўстларимдан бири орқали (унинг исмини айтишни истамайман, чунки у ҳозир Ўзбекистонда) аёлимга адвокат олдим. Аммо, ҳимоячи дўстим билан шартнома имзолаган ва пул олган бўлса хам, менга номаълум сабаблар туфайли, аёлимни ҳимоя қилишдан бош тортди. Терговчи Нилуфарга: "Сен билан ишимиз йўқ. Сенинг биргина айбинг чегарани ноқонуний кесиб ўтганинг. Лекин, сен камера ўнгида туриб, Эронда ҳарбий тайёргарликдан ўтганинг, эринг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоси экани, интиҳорий амалиёт ўтказиш учун сени Тошкентга юборганини айтсанг бўлди, сени қўйиб юборамиз," - деб аврайди. Нилуфар терговчининг гапига ишонади ва унинг ҳамма гапларини камера ўнгида туриб такрорлайди. Аммо, маҳкама уни "терроризм" ва "чегарани ноқонуний кесиб ўтиш" ва "Тожикистон фойдасига жосуслик" қилишда айбдор деб топиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этади. Қамалганидан кейин мен у билан деярли ҳар куни укаси Муҳаммадиқбол ва сингиллари орқали алоқада бўлиб турдим. Аммо, тахминан 8 ойларча олдин гаплашганимда укаси менга бошқа телефон қилмасликни, чунки "бошига бало" бўлишаётганини айтди. Аёлим қамалган пайти Муҳаммадиқбол мендан можарони матбуотга умуман билдирмасликни ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилмасликни илтимос қилганди. Акс ҳолда "вазият янада ваҳимали" бўлади, деб огоҳлантирганди у. Муҳаммадиқболга Нилуфарни президент авфи билан озод этиш ваъдасини берган эдилар. Мен ҳам унинг айтганини қилдим. Хотинимни иложи борича тезроқ кўришга ва унинг фарзандлари ёнига қайтишига умид қилгандим.

2. Қайнотангиз домулла Маъруфжон маърузаларини кўп йиллар олдин эшитган эдим. Аммо, охирги йилларда бу киши ўртадан ғойиб бўлдилар. Ҳозир қаердалар? Нима иш қилаяптилар?

Cайидюнус Истаравшаний: Домулло ҳозир ўзлари туғилган Истаравшан шаҳридалар ва илмий ишлар билан машғуллар. Билишимча, Қуръон тафсирини ёзаяптилар. Шунингдек Саъдийнинг "Бӯстон"ига ҳам муфассал шарҳ ёзганлар. У ҳам китоб ҳолида чоп бўлди. Ҳозирда истидлолий фиқҳ устида ишлаяптилар.

Бу мавзуда батафсилроқ