17.10.14 - 24.10.14: Ҳафтанинг ғаройиб ҳодисалари

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу рўйхатга, балки, бир ҳафта бурун умуман сизнинг хаёлингизга келмаган 10 та ғаройиб хабарни киритди.

Улар билан танишиб, ўзингизни бир синаб боқинг-чи! Сиз шундай эканини билармидингиз?:

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ишонасизми, йўқми, бу йилги Дивали байрамида мамлакатнинг янги президенти Нарендра Моди акси туширилган мушаклар энг бозори чаққони бўлибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Италиялик роҳиба танлаган қўшиғи билан ҳам, унинг ижроси билан ҳам барчани тан олдирибди: Роҳиба Кристина Скуччиа Мадоннанинг машҳур "Like a Virgin" ашуласи билан "Овоз" танловида ғолиб чиқибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Иш соати тугаши ортидан, Лондондаги китоб дўконларидан бирида қамалиб қолган америкалик сайёҳга "Твиттер" роса қўл келибди. Қилган твити орқали унинг аҳволидан хабар топган кимдир маҳаллий полицияни огоҳ этибди ва икки соат деганда, Девид Уиллис яна "озодлик"ка чиқибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Зимбабве университетларининг бирида талабаларнинг одамлар кўз ўнгида ўпишишлари тақиқлаб қўйилибди. Университет Талабалар уюшмаси вакиллари янги қарорнинг "ҳиссиз" ва "асоссиз" эканидан шикоятда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Америкада ёши етмишдан ошса-да, ҳануз талабалигида олган қарзларидан қутулолмай юрган инсонларнинг сони ортиб бормоқда экан. 72 ёшли Жанет Дупрее хонимлари ҳам улардан бири. Банкдан ҳалиям 16.000 доллар қарз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Серенгетидаги мана бу қоялар устида ястаниб ётган шерлар тўдаси акс этган сурат эса, бу йилги "Wildlife Photographer of the Year" танловининг ғолиби, деб топилди.

Американинг Веслиян Университети ташкил қилган ижтимоий психология бўйича онлайн курслари дунёдаги энг оммабопи экан. Унга қизиқиш билдирган талабаларнинг сони қарийб 300.000 га етаркан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Австралиялик олимларнинг хулоса қилишларича, мушакларидан куч ёғилиб турган қадим римлик гладиаторлар жуда кам гўшт ейишган. Олимлар гладиаторларнинг қабрларидаги суякларини ўрганиб, уларнинг асосан сабзавот ва мева-чева истеъмол қилишганини аниқлашган.

Саудия Арабистони Бош муфтийсининг баён қилишича, агар номақбул фойдаланилса, "Твиттер" барча ҳалокат ва ёвузликларнинг манбаидир".

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Америка Қўшма Штатлари шу ҳафта Перуга 20 га яқин қадимий осори атиқаларини қайтариб берди. Уларнинг орасида қарийб икки минг йиллик ноёб буюмларнинг борлиги айтилади.

Ўтаётган ҳафта назарга тутилганда, сиз бу рўйхатга яна қандай ғаройиб фактларни қўшган бўлардингиз?

Фикрларингизни бизга йўллашни унутманг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02