Киношунос Ойбек Вейсал ўғли месхети турклар, ўзбек киноси ва нима учун Ўзбекистонни тарк этмагани ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Таниқли журналист ва киношунос Ойбек Вейсал ўғли 1960 йил Фарғона шаҳрида туғилган.

Аввалига Тошкент театр ва рассомлик санъати (ҳозирги Ўзбекистон санъат) институтининг "Драма ва кино актёри" факультетида таҳсил олган.

Кейин эса, Бутуниттифоқ Давлат кинематография институтида киношунослик йўналиши бўйича ўқиган.

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе 2002-2012 йиллар Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг "Телевидение ва радио режиссёрлиги" кафедрасида доцент вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида 1995 йилдан катта муҳаррир, "Sport" телеканалида 2009-2014 йиллари Бош муҳаррир лавозимларида фаолият олиб борган.

Телевидение ва радиода 1000дан ортиқ турли жанрдаги кўрсатувлар ва эшиттиришларга муалллифлик қилган.

"Кино ва ТВ санъати", "Турк киносининг ривожланиш йўллари" мавзуларида илмий изланишлар олиб борган. Қатор илмий мақолалари, ўқув-услубий қўлланмалари чоп этилган.

Шу билан бирга, "Муҳаббатим қисматим...", "Зебузар" каби кўп серияли бадиий фильмлар, "Буюк ипак йўли", "Юртимиз гўзал масканлари" каби ҳужжатли филмлар Ойбек Вейсал ўғли Копадзе муаллифлиги ва режиссёрлигида олинган.

У ҳозир эркин ижодкор сифатида фаолият қилишини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ойбек Вейсал ўғли Копадзе оилали, 3 фарзанднинг отаси. Суратда ўғли Фуат билан...

Сталин режими пайтида Грузиядан депортация қилинган месхети турклари авлодидан бўлган ижодкор айни миллатнинг сургунига оид изланишлар олиб борганини айтади.

"Ушбу мавзуда кўплаб аудио-видео, қўлёзма материаллар йиққанман. Ҳозир айни мавзуда ҳужжатли ва бадиий филм олишга тайёргарлик кўряпман", дейди Ойбек ака.

Маълумки, месхети турклари жанубий Гуржистондаги Самцхе-Джавахети ҳудудидан 1944 йилда сургун қилиб юборилган.

Улар Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби республикаларга жўнатилган.

Жорий ой айни ҳодисалар юз берганига 70 йил тўлади.

Би-би-си: Ойбек ака, аввало ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз. Сиз Сталин тузуми пайтида 1944 йил Гуржистондан депортация қилинган месхети турклари авлодидансиз, оилангизнинг Ўзбекистонга келиб қолиши билан боғлиқ нималар маълум сизга?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Энди бу жуда узун тарих. Шу кунларда бизнинг депортация қилинганимизга 70 йил тўлади. Бу вақтнинг ичида жуда кўп материаллар йиғилган, жуда кўп саволларга жавоблар топилган. Айни пайтда баъзи саволлар жавобсиз ҳам қолмоқда. Маълумки, ўша 1944 йил ноябр ойида биз, яъни месхети турклари Сталин буйруғи, Бериянинг ижроси билан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга сургун қилинганмиз. Шунда Ўзбекистонга 30 минг, Қозоғистонга 40 минг ва Қирғизистонга 17 минг турклар келтирилган. Ўша пайтда Гуржистоннинг жанубий қисмида ўзи 150 минг атрофида аҳоли бор эди... Улардан қурол ушлайдиган, яъни 16-17 ёшдан 40-50 ёшгача бўлган аҳоли Иккинчи Жаҳон урушида бўлган, қолган чоллар, кампирлар, болалар шу томонларга сургун қилиб юборилган.

Би-би-си: Мана шу ой ҳодисалар юз берганига 70 йил тўлади. Сиз айни сургунга оид изланишлар олиб борганингизни айтгандингиз, шу изланишларингиз давомида ўзингиз билмаган қандай фактларни кашф қилдингиз?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Боя айтганимдек, жуда кўп саволларга жавоблар топилган. Москвада Александр Осипов деган дўстим бор. У кўплаб китоблар чиқарган, илмий изланишларига мен ҳам ёрдам берганман. Энг қизиғи, сабаби нима бўлганига жавоб қидирилган, аммо ҳозиргача бир аниқ жавоби йўқ. Ҳужжатларда айтилишича, айнан ўша ноябр ойида Тифлисдан Ахсика, Ахалцихе ҳам дейилади, демак ўша ҳудудга темир йўл ўтказилган. Мана шу темир йўл қурилиши 1943 йил бошланган бўлса, маҳаллий аҳоли меҳнати билан бир йил ичида битказилган. Темир йўлдаги биринчи рейс бизнинг аҳолини сургун қилиш бўлган. Мен айтмоқчи бўлганим, демак, бунга олдиндан тайёрланган. Биз Осипов билан архивларни излаганимизда ўша йиллари Сталин собиқ СССР ва Туркия ўртасида уруш очмоқчи бўлгани аниқ бўлди. Шу боис, қўшин киргизиш учун ўша ҳудудларни тозалаш керак бўлган. Туркларни ёппасига сургун қилиниши энг катта сабабларидан бири деб шуни айтишимиз мумкин. Кейинчалик бу режа амалга ошмаган ва биз қайсидир маънода қурбон бўлганмиз.

Би-би-си: Сизнинг оилангиз Ўзбекистонга келиб жойлашишган. Улар сизга, болаларига бошларидан ўтказган ҳодисалар ҳақида нималарни айтиб беришган?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Энди бу жуда оғир жараёнлар бўлган. Бир ой орасида йўл юрилган, қиш фаслига келгани учун йўлда жуда кўп талофатлар берилган. Моллар, отлар ташиладиган битта юк вагонига 5-6тадан оилани жойлаштиришган. Оилалар ҳам катта бўлган, ҳар бирида камида 5-6 нафардан болалар бўлган, демак, бир вагонда 20-30 одамни тиқиб олиб келишган. Манзилга етганларидан кейин катта-катта станцияларда вагон-вагонларни, эшелон-эшелон одамларни тушириб кетишган. Бизникилар аввало Қўқонга тушишган. Биз ҳозир қишлоқ деймиз, туркчасига кўй дейилади, бизнинг Цнис қишлоғимиз ва Клде қишлоғи аҳолиси вагонларда бирга келгани учун станцияларда бирга ташлаб кетилган. Хуллас, бизникилар Қўқонга тушишган. У пайт колхозлар бўлган, келганлар колхозларга олиб борилган. Лекин, ҳозиргача миннатдорчилигимни айтмоқчи эдим, оталаримиз ҳам, боболаримиз ҳам буни кўп қайтаришган, ўзбек халқи у пайтлар уруш даври, очарчилик бўлганига қарамай, нонини яримта қилиб, бизнинг турк халқини кутиб олган. Уйларидан жой берган. Шунинг учун ҳам, ҳозир миллатларимиз қадрдон бўлиб кетишган.

Би-би-си: Онангиз, отангиз, бобонгиз ўша сургун пайтлари, ундан кейинги даврлар ҳақида айтиб берган ҳикояларидан бирор бирини эслай оласизми?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Аниқ бир нарсани гапириш мен учун мушкул. Онамлар ҳозир ҳам ҳаётлар, ҳожи онамлар 90 ёшдан ўтганлар... Ҳозиргача ҳам кўп нарсани гапириб берадилар...

Би-би-си: Ватанларини эслашар эдими, эслашганда нималарни эслашар эди?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Ватан инсон учун энг буюк, энг азиз, энг муқаддас нарса бўлса керак. Ҳозиргача ҳам, албатта, "ўлсам ватанимда ўлсам", дейдиганлар ҳам бор, эслашади, қумсашади, ўша даврдаги қўшиқларни айтишади, воқеаларни гапириб беришади. Ватанни қумсамаслик инсонга хос нарса бўлмаса керак. Албатта, ватанни хоҳлашади, қайтишни хоҳлашади, лекин буни ҳеч иложи бўлмаяпти.

Би-би-си: 1999 йилга келиб бу халқларнинг ўз ватанларига қайтиш имкониятлари пайдо бўлганди. Ўшанда Гуржистон Оврўпо Кенгашига қўшилаётганди ва ҳукумат олдига қўйилган талаблардан бири қувилган халқни ўз ватанига қайтариш бўлганди. Оврўпо Кенгаши муддатни ҳам белгилаб берган ва месхети турклари 2011 йилгача Гуржистонга қайтишлари кераклиги айтилганди. Бу жараён борасида сизга нималар маълум?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Энг аввало, яна тарихга назар ташлаш керак бўлади. Чунки, 1956 йили Сталиннинг кирдикорлари фош қилинганидан кейин кўп сургун бўлган халқлар қайтиб бориш имкониятини топишди. Шулар жумласидан бизга ҳам имконият яратилган эди. Демак, месхети турклари, ўша пайтда фақат турклар дейиларди, жойларига бориб, умуман, собиқ СССРнинг қаерини хоҳлашса, тўлақонли фуқаролиги қайтарилиши ҳақида фармон чиққан. Ҳамма халқлар, масалан, чеченлар, ингушлар, қорачойлар ва қрим татарларга ҳам имконият туғилди боришга, лекин нимагадир ҳалигача ҳам бизга тўсқинлик қилиб келиняпти. Тўғри, ундан кейин ҳам кўп чиқди қайтиб боришга оид фармонлар, 1980 йиллар чиқди. Шеварднадзе пайтида бўлди. Аммо, қанақадир тўсиқлар қўйила бошлади. Тилни 100 фоиз билиш керак, урф-одатларни билиш керак ва ҳоказо... миллатчилик тарафга тортиб кетила бошланди. Ҳозир Гуржистон бизни қайтариб олмаётгани сабаби, можаро ҳам шундан келиб чиқаяптики, улар бизни гуржи деб қабул қилишади. "Майли сизлар мусулмон бўлинглар, лекин сизлар гуржисизлар, гуржи бўлиб келсангиз, биз сизларга жойларингизни берамиз, агар турк бўлиб келсангиз, қабул қила олмаймиз", дейишади. Қайтиб боришимиз билан боғлиқ асосий муаммо ҳам шундан иборат. "Биз қандай қилиб, тилимизни, ўзлигимизни йўқотишимиз мумкин", деб биз ҳам шартни қабул қилмасдан ҳозиргача сарсон бўлиб юрибмиз. Оврўпода бизнинг вакилларимиз қайтиш масаласини ҳозир ҳам кўтаришяпти. 2011 йил бизга Гуржистоннинг турли жойларидан бошпаналар бера бошлашди. Яъни, бизни она ватанимизда эмас, бошқа туманлар, узоқ, умуман биз учун ёт бўлган жойлар, аҳолиси кетиб қолган ҳудудларга жойлаштиришмоқчи бўлишди. Табиийки, бу имкониятдан фойдаланишимиз мумкин эмас эди. Биз буни қабул қила олмадик. Биз фақат Гуржистон жанубидаги ўша ўзимизнинг ота-боболаримиз туғилиб ўсган 3-4та туманга жойлаштирилишни талаб қилган эдик. Улар талабимизни қабул қилишмаяпти, биз ҳам улар берган жойларига боришни хоҳламаяпмиз. Орада Фарғона фожеаларидан кейин кўпчилик бошлари оққан тарафларга кета бошлашди. Кўплар Россияда қолди. Краснадардаги туркларга Америка соҳиб чиқиб ўзининг штатларига олиб бориб жойлаштирди. У ёққа ҳам 10 мингдан ортиқ аҳоли кетди. Хуллас, ҳозир халқимиз сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Кимдир Туркияда, кимдир Россияда, Краснадар ўлкасида, Озарбайжонда, ҳатто эшитишимизга қараганда, Ёқутистонда ҳам месхети турклари яшаб юришибди. Ўзбекистонда қолганлари ҳам жуда кўп. Бугунги кунда уларга ҳар хил имкониятлари бор. Ҳамма жойда ишлаш, яшаш имкониятлари бор. Ман буни ўзимдан қиёс қилишим мумкин.

Би-би-си: Сиз ўзингиз Ўзбекистонда туғилиб ўсгансиз, қаерни ватан деб ҳис қиласиз? Мана аксарият Америкага кетди, кўплар отланди. Сиз-чи? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, Ўзбекистондан кетиш ҳақида?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Ўйлаб ҳам кўрганман, кетиб ҳам кўрганман. Лекин, барибир, менинг ватаним - Фарғона, Ўзбекистон. Мани тилим ҳам, дилим ҳам, қонимда ҳам ўзбек қони, дейман баъзида. Баъзи ўртоқлар билан ўтирганда, "биз ўзбеклар", деб ҳам гапирамиз. Ман ўзбек билан туркни ажратмайман, қозоқни ҳам ажратмайман. Умуман, туркий халқлар битта халқ деб қабул қиламан. Ва ҳаётдаги ғоям ҳам шундан иборат. Шунинг учун ҳам, ватаним шу ер. Оиламнинг ҳам ватани шу ер. Ман шу ерда нон топдим, шу ерда ном топдим... Ўзбекистондан кетиш имконияти ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор. Лекин, ман кетишни ўйлаётганим ҳам йўқ. Болаларим ҳам шу ерда. Ҳаммамиз Ўзбекистоннинг келажаги буюк бўлиши учун хизмат қилишга тайёрмиз. Қўлимиздан келганча шунга ҳаракат қилиб келяпмиз.

Би-би-си: Туркларнинг сургун қилиниши ҳақида филм суратга олишни ҳам режаларингиз борлиги ҳақида гапирдингиз, сир бўлмаса, унда нималар акс этади?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Маълумки, ҳар битта филм қандай бўлишидан қатъий назар санъат асари бўлади. Санъат асарининг энг биринчи ғояси яхшилик, эзгулик сари интилишдир. Мани кўплаб йиққан материалларим бор, Худо хоҳласа, уларни кино қилиш ниятим бор. Ҳам ҳужжатли ва ҳам бадиий филм қилиш, сериаллар қилишни режалаганман. Лекин, буни ўз вақти келади, деб ўйлайман, чунки ҳозир баъзи бир камчиликлар бор. Вақт кўрсатади, Худо хоҳласа, катта бир филм қилиш ниятим бор. Мана шу филмда кўп нарсалар ойдинлашади. Ўйлайман, халқимизнинг истиқболи ўша кинода қайсидир маънода кўрсатилади.

Би-би-си: Энди киношунос ва журналист сифатидаги фаолиятингиз билан боғлиқ савол берсам, бугунги ўзбек киноси ва журналистикасига етишмаётган нарса нима?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Ўзбек киноси ёки ўзбек журналистикаси дейиш ҳам нотўғри бўлса керак. Ўйлайманки, умуман, кинога, журналистикага керак бўлган нарсалар ҳақида гапирсак, тўғрироқ бўлади. Ҳамма нарсани замон, вақт ҳал қилади. Бугунги кунда қўйилаётган талаблар қандай бўлса, филмлар ҳам, журналистика ҳам айнан шундай бўлиб келяпти. Камчиликлар ҳамиша бор, бўлган, бўлади. Асосий фикрим, холис бўлиш керак. Филмни олаётган одамлар ўзининг ишини қилиши керак. Журналист ким? Сиёсий жиҳатдан оладиган бўлсак, журналист халқ билан мамлакат бошқарув тизимларини боғловчи бир куч бўлиши керак. Яъни, тепада бўлаётган жараёнларни пастга, пастда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни тепага етказиши керак, холис етказиши керак. Ўйлайманки, ҳамиша ҳам ўша юқорида ўтирганлар пастда нима бўлаётганини билмаслиги мумкин. Ёки, тескариси, пастда юрган халқ тепада бўлаётган жараёнлардан очиқ-ойдин хабардор бўлмаслиги мумкин. Шу нуқтаи назардан журналистнинг иши мана шу икки томонни боғловчи куч бўлиши керак.

Энди мен киношунос бўлганим учун... менимча, энг аввало, мана айтишади, яхши сценарийлар йўқ, режиссура оқсаяпти, актёрларимиз яхши эмас дейишади... лекин, менимча, энг асосийси жараён йўқ, муҳит йўқ. Кино муҳити яратилиши учун киношунослар илғор бўлишлари керак. Ўзбекистонда санъатшунослар, театршунослар жуда кўп, фан докторлари бор бу йўналишда...аммо кино бўйича фақат бир нафар фан доктори бор, бу менинг устозим Жўра Тешабоев ва улар ҳам ўттиз йил аввал ёқлаганлар, шундан бери ҳеч ким бу йўналишда фан доктори бўлгани йўқ. Киношунослар ўз соҳаларидаги жараённинг камчиликларини, ютуқларини кўрсатиб беришлари керак...Қайсидир маънода бир маёқ бўлишлари керак. Ўзбекистонда юзлаб ишланадиган киноларга бағишланган ҳеч қурса битта нашр бўлиши керак. Оммавий газеталар бор, бошқа нарсалар бор, аммо на бирор тузук-қуруқ интернет сайти бор ва ё газета бор бу соҳада...Қаерда айтиши керак дардини? Қайси йўналишда кетаётганини? Нима қилиш керак? Сценарийларни қаерда чоп этиш керак?

Би-би-си: Энди бу нарсаларни ташкил қилиш учун нима керак?

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Ҳеч нарса. Ҳоҳиш керак. Бунга пул ҳам керак эмас. Мана "Даракчи" газети бор, мен уни ўқимийман унча, аммо ҳурмат қиламан... Ўшанда мана "хонтахта" киноси дейишади, "нодавлат" дейишади, мен "кўча киноси" дейман... шулар шоу юлдузлар билан суҳбат қилишади, аммо ҳеч ким бориб, нима бўлаяпти, нима учун шунча кинолар бири биридан фарқ қилмайди, ривожланиш йўқ деб чуқурроқ қарамайди. Шунинг учун, мен ўзбек киносини ривожлантириш учун киношуносликни ривожлантириш керак деган фикрдаман.

Би-би-си: Катта раҳмат, қизиқарли суҳбат учун... Мухлисларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат!

Ойбек Вейсал ўғли Копадзе: Мен Би-би-сини ақлимни таниганимдан бери эшитаман, русчасини ҳам эшитар эдим. Мен ўйланманки, биз турли радиоларни эшитишимиз керак, турли ахборот воситаларини кузатиб боришимиз керак, шунга қараб кейин биз холис бир фикрга келамиз. Би-би-си дунёдаги энг холис ва илғордир ва кўп нарсани мен Би-би-сидан ўрганаман. Сизларга ҳам борлигингиз учун, катта раҳмат.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ