Ижтимоий минбар: Янги йилни нишонлаш керакми?

Би-би-си ижтимоий минбар рукни доирасида, одатдагидек, муштарийларга мурожаат қилди ва бу сафарги мавзу арча, қорбобо ва қорқиз мавзуси бўлди.

Янги йил яқинлашар экан, ўзбек ижтимоий тармоқларида бу байрамни қаерда ва қандай нишонлаш, ҳамда хусусий ва корпоратив тадбирлар учун қорбобо ва қорқизларни қандай ёллаш борасидаги мунозаралар бошланиб кетган.

Баъзи ўзбекистонликлар учун қорбобо, қорқиз, безатилган арча ва, умуман, Янги Йил байрами уларнинг Совет давридаги ёшлигини эслатувчи, ҳамда ностальгик ва илиқ туйғуларни уйғотувчи беозор бир байрамдир. Лекин, бошқалар учун буларнинг бари ўзбек қадриятларига ёт бўлган анъаналардир ва уларни ман этиш керак.

Биз муштарийларимиздан "Сиз қандай фикрдасиз? Сиз бу байрам ва унинг нишонланиш тарзи сақланиб қолиши керак, деб ўйлайсизми ёки бунга қаршимисиз?" - деб сўрадик.

Bakhodir Maks ёзишича, "Ўзбекистон ва дунёнинг кўп давлатлари Григориан календарни ишлатади. Бу яхши ва анча аниқ календар. Бир кунлик хато 3300 йилда келади. Яна биз ўлчовлар учун килограмм, литр, метрни ишлатамиз. Бу ҳам қулай. Ҳамма нарсани дин билан ўлчайвериб ривожланмай қолиб кетмайлик. 1 январ бу янги йилнинг биринчи куни. Эски йилни тугатамиз ва янги йилни кутиб оламиз. Менга бу хурсандчилик бағишлайди. Қорбобога келсак, у кичкинтойларга совға олиб келади ва уларни хурсанд килади. Бу ҳам яхши. Қадим замонда шундай бир кичтинтойларни янги йилда совға билан хурсанд қилган яхши инсон бўлиб утган экан. Авлиё бўлсалар керак-да. Рождество бу Исо пайғамбарнинг туғилган куни. Ўзбекистонда биз 21-мартда Наврўз байрамини ҳам қутлаймиз. Бу ҳам яхши. Арча байрам менга ёқади."

Suyarqul Ostonaqul ёзишича, янги йил "Атеистлар ҳукмронлиги даврида ҳам нишонланган. Ҳозирда ҳам янги йил сифатида хоҳлаган нишонласин, хоҳламаган йук. Амалда 99% Ўзбекистон аҳолиси нишонлайди, фақат шундай мақолалар орқали одамларнинг қичимаган жойларини қашлашга ҳожат йўқ."

Iroda Muhitdinova "Йўқ, йўқ, асло бу байрам бекор қилинмасин. Ўзи битта янги йил байрами энг орзу қилиб кутган байрамимиз," - деб шарҳ қолдирган.

Muharram Israilova фикрида ҳам "Ўзбекистонни янги йилсиз тасаввур қилиш қийин. Ичкиликсиз ҳам ўтказса бўлади. Ҳамма ўзи учун жавоб беради!!!!"

Matluba Kambarova ҳам янги йил нишонланиши тарафдори. У "Янги йил бир марта бўлади, буни ўзгартириб бўлмайди", дея шарҳ қолдирса, Yuldosh Juraboev: "Мен шаҳсан совет давлатининг фарзанди сифатида Арча байрамни қўмсайман, ва сақлаб қолган бўлардим", - дея фикр билдирган.

Янги йил байрамига диний нуқтаи назардан қаровчи муштарийларимиз эса уни ёт тантана экани, ва ҳатто гуноҳ иш эканлиги ҳақида ёзганлар.

Bek Blancos, масалан, "Диний нуқтаи назардан бизга тўғри келмайди", - дейди, лекин "Иккинчи тарафдан бутун дунё нишонлайдиган байрамни нишонламаслик...", - дея очиқ савол қолдирган.

Ali Karimov "Янги йил куни ҳамма, айниқса ёшлар қиладиган хурсандчилик қанийди икки улуғ ҳайитга кўчса. Манимча, бу янги йил байрами Ўзбекистонда қачонлардир тўхтатилиши мумкин", - деб ёзади.

Hazard Leo эса "Буни тақ тўхтатиб бўлмайди, секин-аста унутилади", - дея шарҳ қолдирган.

Hayot Malikнинг айтишича, "тортни ҳар куни еса бўлаверади, янги йил бўлиши шартмас..."

Rashidov Ashraf янги йилни Наврўзнинг афзалликлари билан солиштирган. У: "Наврўз мусулмон халқларининг тақвимида мустаҳкам ўрин олган энг сара байрамлардан биридир. У инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни англатадиган ноёб ижтимоий ҳамда табиий ҳодисадир. Лекин, айни пайтда биз кутиб олаётган янги йилнинг биринчи куни - 1 январ тўғрисида бундай фикрни айтиш мумкин эмас, чунки бу маросим тақвимда турғунсиз бўлган сунъий, яъни кишиларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ ҳолдан белгиланган санъадир," дейдию, Григорян календари асосидаги тадқиқотни чиппакка чиқаради.

Firuz Allaev фикрида янги йил байрамининг динга алоқаси йўқ. "Биз буни диний сабаблар учун эмас, ҳудди туғилган кун каби бир йилдан иккинчи йилга ўтиш учун нишонлаймиз. Янги йил ҳатто насронийларда ҳам диний байрам эмас. Насронийларда Рождество диний байрам. Янги йил Ўзбекистонда энг кенг нишонланадиган байрам, манимча. Ман бунда ҳеч қанақа ёмонликни кўрмаяпман. Кейин, дунёвий давлатда яшаб турибмиз, бу ҳар кимнинг оилавий ё шахсий иши. Ўзбекистон 31 миллион аҳоли яшайдиган катта давлат, бу давлатда мусулмонлар билан бирга бошқа дин вакиллари ҳам бор, уларнинг эркинлигини ҳеч ким чегаралаб қўйолмайди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002