13.02.15 - 20.02.15: Ҳафтанинг ғаройиб ҳодисалари

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу рўйхатга, балки, бир ҳафта бурун умуман сизнинг хаёлингизга келмаган 10 та ғаройиб хабарни киритди.

Улар билан танишиб, ўзингизни бир синаб боқинг-чи! Сиз шундай эканини билармидингиз?:

Итлар одамларнинг юз қиёфаларидан уларнинг хурсанд ёки жаҳллари чиқиб турганини бемалол фарқлашлари мумкин экан. Бундай хулосага австриялик бир гуруҳ олимлар келишибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Англиялик олимларнинг тадқиқот натижалари ҳам ўзича қизиқ. Уларнинг айтишларича, агар, онлайн форумлар орқали кимнингдир кўнглини забт этмоқчи бўлсангиз, бунинг учун ўзингизга алифбонинг дастлабки бир нечта ҳарфидан бошланувчи исм танланг.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Беларус Президенти Александр Лукашенконинг иддаолари эса, бундан-да ўтиб тушади. Президент жанобларига кўра, финжон-финжон қаҳва, тухум қуймоқлар ва дастурхонга тўкиб ташланган бошқа сут маҳсулотлари Минск йиғинида музокарачи томонларга иш берибди: Оташкесимга оид битимга эришилибди.

Россиянинг ўзидаги инқироз финландиялик ҳайдовчиларга роса қўл келаётган эмиш. Бензин нархи Россияда тенг ярмига арзон экани боис, улар ўзлариники қолиб, рус бензинига танда қўйишибди.

Футбол бўйича бу йилги Африка Кубогини қўлга киритган Фил Суяги қирғоғи миллий терма жамоаси мўл-кўл ҳадялар остида қолибди. Мамлакати ҳукумати уларни уй-жой ва ўн минглаб мукофот пули билан тақдирлабди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сербия эса, ўз Қуролли кучларига пул топиш учун собиқ Шўролар давридан қолган юзлаб танклар ва бошқа ҳарбий қуролларни сотишга қарор қилибди. Ҳа-ааа.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Крикет бўйича бу йилги жаҳон чемпионатининг очилишига бор-йўғи бир кун қоларкан, Бирлашган Араб амирилик "Твиттер" фойдаланувчиларининг фиғонлари фалакда. Уларнинг айтишларича, миллий терма жамоаларига оид твитларда ўз давлат байроқларининг акси йўқ?!.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қизининг мурожаати ортидан, бундан 60 йилча бурун АҚШ Президенти Жон Ф. Кеннедига миллий қўғирчоқларидан бир нечтасини совға қилган япон аёли топилибди. Ана сизга янгилик!..

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

2011 йилда қўшни Афғонистонни тарк этаркан, Канада ҳарбийлари мўлжални аниқ олувчи замонавий русумдаги қимматбаҳо учта замбаракларини йўқотиб қўйишибди. Қаерга кетган экан-а?

Мана бунга ўхшаш ғаройиб ҳабар эса, ҳар доим ҳам пайдо бўлавермайди. Россиялик бир гуруҳ ижодкорлар "Севишганлар куни" муносабати билан ўзига хос бир кўргазма ташкил қилишибди. Улар ўз санъат намуналарини бир шиша ароқ ёки бошқа спиртли ичимликларга сотишга қарор қилишибди. Ҳа-аа.

Ўтаётган ҳафта назарга тутилганда, сиз бу рўйхатга яна қандай ғаройиб фактларни қўшган бўлардингиз?

Фикрларингизни бизга йўллашни унутманг.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002