Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тадбиркорлар интернет орқали келишувга ишонадиларми?

Ўзбекистонда ширкатлар ўртасида электрон ҳужжатларни алмашишни таъминлайдиган Faktura.uz сайти тузилган.

Лойиҳа муаллифларига кўра, янги хизматни бутунлай янги деб бўлмайди.

Кўп йиллардан бери тадбиркорлар солиқ идораларига рақамли электрон имзолар орқали тасдиқланган ҳисобот ва бошқа ҳужжатларни ўзларига қулай шаклда жўнатиш имконига эга эдилар, дейди интернет сайт вакиллари.

Бунга қўшимча, энди ишбилармонлар юридик аҳамиятга эга ҳужжатларини бизнес ҳамкорларига Faktura.uz. сайти орқали саноқли лаҳзалар ичида етказишлари мумкин.

Томонларнинг муҳрлари қўйилган бу электрон ҳужжатлар қоғоз шаклидаги ҳужжатлар билан бир хилда юридик аҳамиятга эга, деб таъкидланади портал хабарида.

Сайтнинг хавфсизлиги алоқанинг ҳимояланган каналлари воситасида таъминланади ва ўзаро муносабатлар Ўзбекистон қонунлари шартларига мос равишда амал қилиши айтилади.

Faktura.uz орқали ҳужжатлар алмашиш харажатларни камайтириши ҳамда маълумотлар тез ва ишончли тарзда ҳамкорларга етказилиши ваъда қилинади.

Бундан олдин ҳам uMail.uz деб номланган бепул электрон почта хизматининг ўзбек тилидаги саҳифаси иш бошлаган эди.

Ушбу хизматни Ўзбекистондаги давлат назоратидаги UZINFOCOM маркази йўлга қўйганди.

Янги бепул электрон почта хизматининг муҳим янгилиги унинг интерфейси ўзбек тилида эканлиги қайд этилган.

Йиллар давомида халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни сўз эркинлигини буғишда, интернет саҳифаларига тўсиқ қўйишда танқид қилиб келадилар.

Янги электрон почта хизматининг жорий этилиши хам хукуматнинг Ўзбекистон ичкарисидаги интернет фойдаланувчилари устидан назоратни кучайтириш амалларидан бири сифатида қаралган.

Шундай экан, янги таклиф қилинаётган электрон хизмат қанчалик ишончли ва тадбиркорлар ишончини қай тарзда оқлаши мумкин?

Қозоғистондаги ўзбекистонлик бизнесмен Акбар Ҳусаиновга кўра, янги очилган "Фактура.уз" сайти тадбиркорларнинг ишончини қозониши учун, унинг хавфсизлигига ишонишлари учун бироз муддат керак бўлади.

Ўзбекистонда интернет орқали бизнес ҳамкорлик қилиш бироз янги бўлса ҳам, бу жаҳон тажрибасида самарали йўллардан бири, дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02