Euro 2016: Португалия Оврўпо чемпиони

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Португалия ўз тарихида биринчи бор Оврўпо чемпионлигини қўлга киритди.

Пойтахт Парижнинг машҳур "Стад де Франc" стадионида бўлиб ўтган финал учрашуви 1:0 ҳисоби билан якунланди.

Ўйиннинг асосий вақти ягона ғолибни аниқлаб бера олмади.

Қўшимча вақтнинг 109-дақиқасида киритилган ягона тўп финал учрашувининг тақдирини ҳал қилди.

Эдер финал ўйини қаҳрамонига айланди.

Мезбон Франция эса, ўз тарихида учинчи бор Оврўпо чемпиони бўлиш имкониятини бой берди.

Миллий терма жамоада финал учрашувини ўз фойдасига ҳал қилишнинг бир эмас, қатор имкониятлари бўлди.

Аммо Франция юлдуз Погбаси билан бўладими ёки Гризманнни, уларнинг ҳеч биридан фойдалана олмади.

Португалия миллий терма жамоасига, бошқа томондан, юлдуз сардори ва ишонган тоғи Криштиану Роналдунинг тиззасидан олган жароҳати сабаб, ўйинни 1-бўлим ўртасидаёқ тарк этгани ҳам панд бермай қолмади.

Аммо, шунда ҳам, Португалия майдонда матонатли ўйин намойиш этди.

Қарши ҳужум уюштириш баробарида яхши ҳимояланди. Дарвозабони ҳам бехато ўйнади.

Бошқа томондан, Португалия бу йилги Оврўпо чемпионатини бирор бир мағлубит аламини татимай якунлади.

Бу йилги финал учрашувини стадионнинг ўзидан бевосита 80000 киши томоша қилди.

Четдан туриб эса, камида 300 миллион ишқибознинг бу ўйиндан баҳраманд бўлгани ишонилади.

Финал олдидан башоратлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Францияга қарши тўп суриб кўрган ўзбекистонлик футболчи Сардор Собирхўжаевга кўра, мезбон миллий терма жамоада чемпион бўлиш имконияти катта.

"Бу йил Франция ва Португалиянинг финалга чиқиши ҳамма учун кутилмаган бўлди, деб ўйлайман. Чунки кўпчилик Испания, Германия ва Италияни фаворит, деб ўйлаган. Шу боис бу - ҳақиқий сенсация бўлди, деган фикрдаман", - дейди Тошкентдан Сардор.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, Франция миллий терма жамоасига мезбонлиги, яъни маҳаллий ишқибозларининг қўллаб-қувватлови қўл келган бўлса, Португалиянинг жонига юлдузи Криштиану Рональду оро кирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоаси 2010 йилги жаҳон чемпионати чорак финалида айнан бугунги юлдузи Пол Погба сардорлик қилган франциялик рақибларига қарши майдонга тушган.

Аммо улардан 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Бу - Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоасининг ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқиши бўлганди.

"Ўшанда Франция ёшлар миллий терма жамоасининг ўйини нафақат менда, балки бутун жамоамизда жудаям катта таассурот қолдирган. Мана, ҳозир ўша таркибдан иккита-учта ўйинчиси миллий терма жамоа таркибида ўйнаяпти... Менда, айниқса, Погбанинг ўйини жуда катта таассурот қолдирган. Погба жамоа сардори эди ўша пайт. Бизларга пенальтидан гол урган...", - дейди суҳбатдошимиз ўша чорак финал учрашувини хотирларкан.

"Менимча, Франция-Португалия миллий терма жамоаларининг бугунги финал учрашувида ғалаба қозониш имкониятлари 70-30 бўлса керак. Франциянинг имконияти юқорироқ, деб ўйлайман. Чунки Рональду қанақа ўйнаса, қандай кайфиятда бўлса, Португалия ҳам шунақа ўйнайди. Францияда эса, кўпроқ жамоавий ўйин. Гриззман, Пайет, Сиссоколар ўйнайди. Шунинг учун ҳам Франциянинг имконияти юқори...".

Сардорнинг айтишича, бугунги финал учрашувида ҳам, собиқ рақибларига эканига қарамай, айнан Франция миллий терма жамоасига мухлислик қилмоқчи:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Финал учрашувига мезбонлик қилувчи Париждан ўзбекистонлик суҳбатдошимиз Тўрабекнинг айтишича эса, юлдуз Криштиану Рональдунинг Португалиясига ишқибозлик қилаётганлар сони ҳам озмунча эмас...Франция пойтахтининг ўзи эса, бутунлай ҳал қилувчи якуний ўйинолди кайфиятида:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Кайфият кўтаринки даражада, аъло даражада. Чунки Франция футбол мухлисларининг қарийб ярми финалга қадар кела олишларига ишонишмаган эди. Бу нарса кутилмаган воқеа бўлди, деб айта олишимиз мумкин. Агар, 2014 йил Бразилияда бўлган жаҳон чемпионатини эслайдиган бўлсак, айнан Олмония билан ўйинда Франция 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйиб, орқага қайтишга мажбур бўлганди. Шу сабабли, ҳозир кайфият жуда кўтаринки. Жуда кўпчилик аъло кайфият билан финал учрашувини кутишмоқда", - дейди суҳбатдошимиз.

Криштиану Рональду

Криштиану Рональду жаҳоннинг номи қолиб, ўзи ҳам Ўзбекистон футбол аҳлига яқиндан таниш энг машҳур ўйинчиларидан бири бўлади.

Юлдуз футболчи 2009 йилда пойтахт Тошкентга ҳам ташриф буюрган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ўша йили Фонд Форум Самуэл Это'О қаторида Криштиану Рональду билан ҳам ҳамкорликка оид меморандумлар имзолашга муваффақ бўлганини эълон қилган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Васийлик кенгаши раиси ҳисобланган жамғарма буни Ўзбекистондаги ёш спортчиларнинг маҳоратларини ошириш мақсадида қилганини айтганди.

Криштиану Рональду тўп сурувчи “Реал”(Мадрид) Испаниянинг номдор “Барселона”си қаторида катта сондаги ўзбекистонлик футбол ишқибозлари жон куйдириб мухлислик қиладиган саноқли хорижий клублардан бўлади.

Euro 2016: Португалия-Франция

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бу икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги финал учрашуви эса, британ вақти билан бугун кеч соат 20:00 да бошланади.

Амалдаги Оврўпо чемпиони Испания, жаҳон чемпиони Олмония, дунёнинг энг кучли иккита миллий терма жамоасидан биттаси бўлган Бельгия ва Оврўпонинг яна бир забардасти Италия бу йил финалга етмай пастга қулашган.

Аксарият футбол экспертлари ва мухлисларининг бирдек эътироф этишларича эса, бу икки миллий терма жамоанинг финалга чиқиши ўзлари учун кутилмаган бир иш бўлган.

2012 йилги сўнгги Оврўпо чемпионатида Франция миллий терма жамоаси чорак финалданоқ биринчилик билан хайрлашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Португалия эса, пенальтилар сериясида Испанияга енгилиб, ярим финалдан ортга қайтишга мажбур бўлган.

Аммо Франция икки карра Оврўпо чемпионлигини қўлга киритган миллий терма жамоа саналади.

Ўз тарихида беш марта ярим финалга чиққанига қарамай, Португалияга ҳалича Оврўпо чемпиони бўлиш насиб қилмаган.

Бугунги финалчилар шу пайтгача бир-бирларига қарши 24 бор майдонга тушишган.

Шундан 18 тасида Франция миллий терма жамоасининг қўли баланд келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Икковлон бир марта дуранг натижа қайд этишган.

Қолган беш учрашувда эса, Португалия ғалаба нашидасини сурган.

“Стад де Франс”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Янги Оврўпо чемпионини аниқлаб беражак якуний ва ҳал қилувчи ўйин Парижнинг машҳур “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.

“Стад де Франс” Франциядаги бу йилги Оврўпо чемпионатига мезбонлик қилаётган энг йирик ва бирор бир таъмирга эҳтиёж сезмаган биттаю битта стадиони бўлади.

Бу стадионда биринчиликнинг битта чорак финали ва финали дохил жаъми етти учрашуви бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

“Стад де Франс” - Франция мезбонлик қилган футбол бўйича 1998 йилги жаҳон чемпионати учун хосан қурилган биттаю битта янги стадион бўлади.

Стадион ўша йили чемпионатнинг 9 учрашувига мезбонлик қилган.

Мезбон Франция Бразилияни 3:0 ҳисобида мағлуб этган финал учрашуви ҳам худди шу стадионда бўлиб ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аммо, эслатиб ўтиш жоиз, ўтган йил ноябр ойида учта худкуш ҳужумчи ташқарисида ўз портловчи моддаларини портлатиб юборган стадион ҳам айнан “Стад де Франс” бўлади.

Франциядан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, финал учрашуви чоғида пойтахт Париж хавфсизлигини таъминлаш учун 3500 га яқин полициячи ва ҳарбийлар сафарбар этилишади.

Улардан бир ярим мингга яқини фақат "“Стад де Франс" стадионини қўриқлаш ишлари билан банд бўлишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Яна шунча сондагиси Эйфел минораси атрофи ва Елисей далаларида минглаб футбол ишқибозлари учун ташкил қилинган махсус сатҳларни назорат қилишлари айтилмоқда.

Бу йилги футбол бўйича Оврўпо чемпионати шундоқ ҳам хавфсизлик, ёмон об-ҳаво ва оммавий иш ташлашлаш билан боғлиқ жиддий хавотирлар манзарасида очилган.

Оврўполик футбол масъуллари бирор бир йирик спорт тадбири шу пайтгача Франциядаги қитъа чемпионати каби жиддий таҳдид остида эмаслигини шахсан ўзлари эътироф этиш даражасигача боришганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.