Tuluzdagi qotilliklarda gumon qilingan Muhammad Merah o‘ldirilgan

Image copyright BBC World Service
Image caption Муҳаммад Мераҳ "Фаластинда ўлдирилган болалар ва Франция армиясининг Афғонистондаги жиноятлари учун ўч олгани"ни айтган

Франция жанубида "Ал-Қоида"дан руҳланиб 7 кишини ўлдирганликда гумон қилинган қуролли шахс ўлдирилган. Тулуздаги хонадонга бостириб кирган полиция махсус бўлинмаси Муҳаммад Мераҳни отиб ўлдирган. Отишма пайтида 3 полиция ходими яраланган.

Франция Ички ишлар вазири Клод Геан айтишича, Муҳаммад Мераҳ ўқ отиб ўзини деразадан ташлаганидан кейин ўлик топилган. Мераҳ жойлашиб олган бино чоршанба кунидан буён ўраб олинган эди. У уч яҳудий бола, руҳоний ва уч аскарни отиб ўлдирганини тан олган.

Бундан олдин Франция полицияси яҳудийлар мактабида болаларни отиб ўлдирган шахснинг тирик эканлигига шубҳа қилаётганини айтган, 23 ёшли Муҳаммад Мераҳ билан охирги марта чоршанба куни кечқурун алоқага чиқилганини маълум қилган.

Ички ишлар вазири Клод Геаннинг айтишича, айбланувчи қўлида қурол билан ўлишга аҳд қилган.

Мераҳ яширинган уй икки кун давомида қамал қилинган.

Аҳоли яшайдиган туман ўраб олинган, одамлар бошқа ерга кўчирилган.

Би-би-си мухбири Кристина Фрейзернинг хабар беришича, кечқурун қамал қилинган уй томондан портлаш ва отишма овозлари эшитилган, одамлар саросимага тушганлар.

Олдинроқ Мераҳни қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган, лекин расмийлар буни тасдиқламаган.

Вазирлик расмийсига кўра, портлаш Мераҳни қўрқитиш ва таслим бўлиши учун уюштирилган.

Муҳаммад Мераҳ билан олиб борилган музокаралар бесамар тугаган.

Мераҳ деразадан "Кольт" 45 тўппончасини улоқтирган.

Полиция унда бошқа қуроллар, жумладан Калашников автомати ва гранатаси борлигидан хабар топган.

23 ёшли Муҳаммад Мераҳнинг фотосурати Франция телеканалидан кўрсатилган.

Мераҳнинг қўшниси уни жуда хушмуомала одам деб таърифлаган.

Унинг мотоцикл ва футболга қизиқиши баланд бўлганлиги, ўзи жуда ҳам диндорга ўхшамаганини айтган.

"У сиз тасаввур қилганингиздек соқолли ҳам эмас. Бирор кишини яхши танисангиз, унинг шундай ишларга қодир эканлигига ишонолмайсиз",- деб айтган қўшни.

Яҳудийлар жамиятининг вакили Николь Ярдени президент Николя Саркози билан учрашувдан сўнг журналистларга Мераҳнинг яна бир ҳужумни кўзлаганини билдирган.

Франция прокурорига кўра, Мераҳ чоршанба куни бир ҳарбий ва икки полициячини ўлдирмоқчи бўлган.

Мераҳнинг билдиришича, Афғонистонда "Ал-Қоида" жангарилари билан ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

Чоршанба куни полиция айбланувчининг уйига бостириб киришга уринганида қуролли қаршиликка учраган, икки полициячи яралангани хабар қилинган.

Шунингдек, Қандаҳор шаҳридаги қамоқхона бошлиғи Ғулом Фаррухнинг Би-би-сига айтишича, гумон қилинаётган Муҳаммад Мераҳ Афғонистонда портловчи моддаларни тайёрлашда айбдор топилиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бироқ 2008 йил ҳибсдаги Толибон аъзолари билан бирга қамоқдан қочишга муваффақ бўлган.

Франция телевидениесида чиқиш қилган Николя Саркози Франциядаги мусулмон ва яҳудий жамияти аъзолари билан учрашгани, терроризм жамиятларни ажрата олмаслигини билдирган.

"Биз бирлашишимиз ва қасд олишга ҳаракат қилмаслигимиз керак",- деган президент жаноб Саркози.

Француз журналисти Пьер Хаски полиция назорати остида бўлган шахсда қандай қилиб шунча қурол бўлиши мумкин, деб айтган.

Муҳаммад Мераҳ етти кишини ўлдирганликда гумон қилинмоқда.

11 ва 15 мартларда Тулуз ва Мантобанда Шимолий Африкалик ҳарбийлар отиб ўлдирилган.

Душанба куни 19 мартда Тулуздаги яҳудийлар мактабида уч ўқувчи ва бир ўқитувчи ўлдирилган.

Бу қотилликлар битта қуролдан содир этилгани ва ҳаммасида мотоцикллик кишининг бўлгани маълум бўлган.

Асли жазоирлик Франция фуқароси Муҳаммад Мераҳ бундан олдин терроризмга алоқаси бўлмаган жинояти учун полициянинг назорати остида бўлган.

Франция расмийларига кўра, Мераҳ "Фаластинда ўлдирилган болалар ва Франция армиясининг Афғонистондаги ҳаракатлари учун ўч олгани"ни айтган.

У ўзининг ислом аскари ва "Ал-Қоида" аъзоси деб ҳисоблаган.

Франция телеканалининг хабарига кўра, гумонланувчи Францияда таъқиқланган Forsane Alizza исломий гуруҳига алоқадор бўлган.

Франция мусулмонлар кенгашининг бошлиғи Муҳаммад Мусо " бундай ҳаракатлар ислом талабларига зиддир. Франциялик мусулмонлар айбланувчи ўзини мусулмон деб атаганидан ўзларини ҳақоратланган деб ҳис қилганлар",- деб айтган.

Ички ишлар вазири Клод Геаннинг журналистларга айтишича, гумон қилинган одамни топишда қурбонлардан бири франциялик ҳарбийнинг интернетдаги рекламаси ёрдам берган.

Ҳарбийнинг "мотоцикл сотаман"деган эълонига 575 киши жавоб берган.

Жавоблардан бири гумонланувчининг онасига тегишли компьютердан жўнатилган.

Унинг радикал исломга алоқаси учун полиция назоратида эканлиги маълум бўлган.

Муҳаммад Мераҳнинг икки укаси ва икки синглиси ҳам ҳибсга олинган.

Воқеа жойига айбланувчининг онаси у билан музокарага ёрдам бериши учун олиб келинган.

Бироқ Муҳаммад Мераҳнинг онаси ўғлига таъсир ўтказолмаслигини билдирган.

Францияда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, кўчаларга полиция ва ҳарбийлар назорати ўрнатилган.

Уларга машиналарни тўхтатиб текшириш ва зарур вазиятда мактабларни ёпиш ҳуқуқи берилган.

Радиотингловчиларимиз диққатига: 25 мартдан бошлаб Би-би-си Ўзбек хизматининг дастурлариниҳар куни Тошкент вақти билан соат 18 00дан 19 00гача 15330, 17510, 21590 қисқа тўлқинларда тинглашингиз мумкин.

Bu mavzuda batafsilroq