Махсус лойиҳа: 'Ленин авлоди' ёки 'Алвидо Ленин'

Мен Совет Тожикистонида вояга етганман. Ўн етти ёшимгача мамлакат шимолидаги Бобожон Ғафуров тумани, Исфисор қишлоғида яшаганман.

Қаерда бўлмай ҳар йили қариндош-уруғлар дийдорига тўйиш учун ватанга сафар қиламан. Камида бир марта, баъзан икки марта...

Бир икки ҳафтага чўзиладиган бу сафарларимда ҳеч қачон қариндошлардан, дўстлардан ва меҳмондорчиликдан ортмайман.

Аммо бу ёз бошқача бўлди.

Август охирлари ва сентябр бошларида BBC World, BBC Persian TV ( форс тилидаги телевизион канал) ҳамда BBCUZBEK.COM учун СССР қулаганининг йигирма йиллигига бағишланган ҳужжатли филм олиш учун сафарда бўлдик.

Ҳужжатли филмни инглизчада ‘Lenin’s Children’, форс тилида “ Фарзандони Ленин” ва ўзбек тилида “Ленин авлоди” деб номладик.

Тожикистон Шўролар даврида кичик ва камбағал бир мамлакат саналган.

Аммо тўқсон фоиздан ортиқроқ ва шимоли жанубдан тоғлар билан ажралиб турган Тожикистоннинг айрим минтақалари ободликда Шарқий Оврўпони эслатса, айримлари эса ғарбликлар тили билан ҳақиқий “учинчи дунё” эди.

Тожикистон журналистлар учун жуда қизиқ бир мамлакат. Фақатгина Афғонистонга қўшни бўлгани ва ё фуқаролар урушини бошидан кечиргани учун эмас, балки бошқа қатор сабаблар билан жозибалидир.

Шўролар Иттифоқи миллионлаб ғарбликлар учун “ ёвузлик салтанати” бўлган, аммо миллионлаб шўро фуқаролари учун ягона ва муқобили бўлмаган ширин бир туш эди.

Шўролар даври ҳақида гап кетганида қайта қуриш давридаги бир латифа эсга тушади.

Мактаб. Ўқитувчи Шўролар Иттифоқи ҳақида дарс ўтмоқда.

- Энг бахтли болалар қаерда яшашади?

- СССРда!

- Энг зўр мактаблар, боғчалар ва ўйингоҳлар қаерда?

- СССРда!

- Қайси мамлакатда инсонлар учун ҳар нарса муҳайё?

- СССРда!

Шунда охирги партада ўтирадиган Вовочка қўлини кўтариб, “мен СССРда яшашни истайман”.. дейди.

СССРда яратилган бу туш шунчалар қудратли эдики, ўсмирлик йилларим, СССР шунчалар яхши мамлакат, нимага барча дунё давлатлари бизга қўшилмайди, деб чин дилдан куйикардим.

Биз филмда сўз борган Чкаловск шаҳарчасидан атиги икки – уч чақиримча узоқда яшаганмиз.

Бу шаҳарча СССР Мудофаа вазирлигига қарашли Ленинобод Кон ва Кимё комбинати учун бунёд этилган эди.

Шу комбинатда ишланган уран билан Шўролар илк атом бомбасини яратишгани айтилади.

Аммо биз бу корхонада нима ишланиши ҳақида хабаримиз бўлмаган.

Бутун шаҳар тўғридан тўғри Москва томонидан бошқарилган ва таъминланган.

Биз учун Чкаловск биз билмаган Оврўпонинг бир бўлаги эди.

Гўзал бинолари, кўнгилочар боғи ва ўйингоҳлари... Кўчалар ёғ томса ялагудай...

Шаҳарда яшайдиганларнинг том аксарияти руслар эди.

Шаҳардан чиқишингиз билан эса яна Тожикистонга “қайтардингиз”.

Лойдан бино бўлган уйлар, қишда тутун кўкка ўрлайдиган қора мўрилар...

Бугун эса...аксарият руслар Чкаловскни тарк этишган. Қолган қарияларнинг деярли барчаси СССР яратган ширин тушнинг барбод бўлганидан аламда...

Мени энг даҳшатга солгани бошқа нарса эди...

Қаҳрамонларимиздан бири Виктор Бутенко Чкаловскдаги Уран комбинати қошидаги Маданият Саройида “Шарқ Юлдузи” аталмиш хорда хонандалик қилган.

Етмишдан ошган Виктор амаки ўтган асрнинг олтмишинчи йилларда Тожикистонга келади.

Мен ундан дўстларингиз орасида тожигу ўзбеклар бор эдими, деб сўрайман.

У, "Йўқ", дейди.

“ Маҳаллийларни (националы) заводга ишга олишмаган…Улар боғбонлик, қассоблик қилишар, кабоб ва паловни зўр пиширишарди! “

Менинг кўз ўнгимда Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган юз минглаб ўзбегу тожик гавдаланади.

СССР ва ё “ катта оғаларнинг “ ширин тушига чин дилдан ишониб юрган ватандошларим, қариндошларим ва филм қаҳрамонларидан бири аммам ҳақида ўйлайман.

Виктор Бутенконинг бу кутилмаган иқрори 17 йиллик умримнинг энг ёруғ болалик лаҳзаларига ҳам соя солади.

Тожигу ўзбек бу “ёвузлик салтанати”ни қанчалар севмасин, қурбон бўлмасин, Россия ва ё рус коммунистик режими ҳеч қачон “националлар”га ишонмаган...

Орадан йигирма йил ўтди.

Собиқ Иттифоқдаги энг баландларидан бўлган Лениннинг ҳайкали кўчирилди.

Тожикистон ҳамон Россия сояси остида... қарийб бир миллион тожикистонлик бугун Россияда ишлайди.

Аммо ким билан сўзлашманг, Тожикистонда ҳамма келажакка некбинлик билан қарайди.

Филм қаҳрамонларидан бири олтмишни қоралаб қолган имом Аҳмаджон ака Раҳматуллаев уч ойлик компютер-интернет курсларини тамомлаганини айтади.

Бугун Аҳмаджон ака Тожикистонга дунёни очиб қўйган интернетни шавқ билан ўрганади. Изланади.

Келажак албатта порлоқ, дейди Аҳмаджон ака жилмайиб. Олтмиш ёшида компютеру интернетни ўрганиб олган қишлоғимизнинг таниқли имоми Аҳмаджон аканинг бу гапига шубҳа қилиш осон эмас...

Давоми бор

Бу мавзуда батафсилроқ